Читать книгу Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография - Исмоил Каримов - Страница 5

I боб. УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИДА ТЕХНОЛОГИЯ ФАНИ ДАРСЛАРИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ВА УНИНГ ТАҲЛИЛИ
Биринчи боб бўйича хулоса

Оглавление

Маълумки, Республикамиз давлат мустақиллигига эришгандан кейин барча соҳалар каби таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди ва ошириб келинмоқда. Жумладан умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган ўқув фанларни ўқитиш ишларида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Шу жумладан технология фанини ўқитиш ишлари ҳам мазмунан модернизация қилинди, янги ўқув дастурлари ва ДТС лари, янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди, ҳатто фаннинг номи ҳам ўзгарди. Шу сабабли мазкур бобда умумий ўрта таълим мактабларида технология ўқув фанини ўқитишнинг ҳозирги аҳволи, амалдаги ўқув дастурлари ва ДТСлар мазмуни мухтасар ҳолатда таҳлил қилинди. Чунки бирор соҳада тадқиқот олиб боришдан аввал шу соҳадаги сўнгги ўзгаришларни, уларнинг самарасини ўрганиш, ҳисобга олиш катта аҳамията эга.

Ҳеч иккиланмасдан шуни алоҳида айтиш мумкинки, ўқувчиларни касб танлашга йўналтиришда, мустақил ҳаётга тайёрлашда технология ўқув фанининг аҳамияти катта. Чунки бу фанни ўрганиш жараёнида ўқувчилар турли материаллар (ёғоч, пластмасса, метал, газлама, озиқ-овқат маҳсулотлари) нинг турлари, хусусиятлари, уларга ишов бериш усуллари, ишлов беришда қўлланиладиган асбоб-ускуна ва мосламалар билан танишадилар, амалий машғулотларда улардан қандай фойдаланишни ўрганиб оладилар. Бундан ташқари халқ ҳунармандчилиги, электротехника ишлари ва электроника асослари, таъмирлаш ишлари билан ҳам танишадилар, бу соҳаларда ҳам зарару блган билим ҳамда кўнималарга эга бўладилар.

Мана шу мулоҳазалардан келиб чиқиб ва биринчи бобда ёритилган материаллар асосида қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

1. Технология фани ўқувчиларни амалий ишлашга ўргатишда, ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришда, касб танлашга йўналтиришда, ўзларига мос касбларни танлашда, шу орқали уларни мустақил ҳаётга тайёрлашда катта имкониятларга эгадир. Шу сабабли технология ўқув фанини ўқитишнинг мазмунини, методикасини фан-техника ва ишлаб чиқариш (технология) тараққиётига мос равишда ўзгартириб бориш – бир томондан давр талаби бўлса, иккинчи томондан ижтимоий буюртмадир.

2. Юқорида таъкидланганидек, технология ўқув фани узоқ муддат, яъни биринчи синфдан то охирги синфгача бўлган давр ичида ўқитилади. Бундан кўзланган асосий мақсад – ўқувчиларни ақлий ва жисмоний томондан тўғри ривожлантириш, меҳнат олами ва меҳнат кишилари, меҳнат қуроллари ва амаллари, асосий ишлаб чиқариш соҳалари ва касблар билан таништириш, иш қуролларидан фойдаланиш, оддий буюмларни ясашга оид меҳнат малакаларини ҳосил қилиш, онгли равишда касб танлашга йўналтиришдан иборат. Бу ишларни мактабда шартли равишдв уч босқичда амалга оширилади, бу босқичларнинг ҳар бирини олдига қўйилган аниқ вазифалар мавжуд бўлади. Жумладан, 1-босқичда 1-4-синфлардаги технология фани дарсларида ўқувчиларга кишиларнинг ҳаётида меҳнатнинг тутган ўрни, энг содда меҳнат амаллари ва иш қуроллари, улардан фойдаланишга оид дастлабки маълумотлар берилади. Қоғоз, елим, газлама, ип, пластилин каби материаллардан игна, қайчи, пичоқ каби меҳнат қуроллари ёрдамида содда буюмлар, ўйинчоқлар ясаш, тайёрлаш орқали уларда дастлабки меҳнат кўникмалари шакллантирилади.

2-босқичдаги технология фани дарсларини V—VII синфлардаги технология фани дарслари ташкил этади. Бу босқичдаги технология фани дарслари Технология ва дизайн, Сервис хизмати йўналишларида ташкил этилади (бўлинмайдиган синфлар эса умумлашган йўналиш бўйича ўқитилади). V—VII синфлардаги бу машғулотларда ўқувчиларга ишлаб чиқаришнинг асосий бўғинлари бўлган ёғоч, пластмасса ва полимер материаллар, металл, газламаларга ишлов бериш ва таом тайёрлаш, электротехник ишлар ва таъмирлаш ишларига оид дастлабки умумий билимлар берилади, меҳнат кўникмалари ҳосил қилинади. Булар ишлаб чиқаришнинг энг муҳим кўринишлари бўлиб, деярли ҳамма соҳаларда қўлланилади. Шу сабабли ўқувчиларга бу соҳаларга оид маълумотлар бериш ва меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш орқали улар келгусида бирор касбни онгли равишда танлашга йўналтирилади.

3-босқичдаги технология фани дарслари VIII—IX синфларда олиб бориладиган технология фани дарсларидан иборат бўлиб, бўлиб, бу халқ ҳунармандчилиги технологияси, ишлаб чиқариш ва рўзғоршунослик асослари, электроника асослари, ижодий лойиҳа тайёрлаш технологияси, касб танлашга йўллаш бўлимларидан ташкил топган. Бунда ўқувчиларга асосан касб турлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, касб танлашда нималарга эътибор бериш зарурлиги ҳақидаги маълумотлар ўргатилади. Бу касблардан қайси бирини танлаш ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола этилади [72; 6-б.].

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, 5-9-синфлардаги технология фани дарсларида ўқувчиларга бирор-бир касб тугал ўргатилмайди. Балки бир неча касблар ҳақида умумий маълумотлар бериш, айрим иш қуроллари, механизм ва станоклардан фойдаланиш орқали, айрим деталь ва буюмларни тайёрлаш жараёнларини ўргатиш орқали ўқувчиларда ўша касблар ҳақида дастлабки тасаввурлар ҳосил қилинади, шулар орқали уларни келгусида онгли равишда касб танлашга йўллаш ишлари амалга оширилади. (Умумий ўрта таълим мактабларининг 11 йиллик таълимга ўтказилиши муносабати билан 4-босқич ишлари ҳам юзага келди. Бунда энди ўқувчиларга маълум бир касбларни ўргатиш назарда тутилади. Шунинг учун бу янги масала бўлиб, бунга энди алоҳида тадқиқот ишлари мавзуси сифатида қараш керак).

3. Ҳозирги пайтда технология ўқув фани мазмуни ва моҳияти ишлаб чиқариш соҳаларига мос келади. Бироқ мактабларда мазкур фанни ўқитишни ҳамма жойларда талаб даражасида олиб бориляпти, деб бўлмайди. Чунки айрим мактабларда ўқув хоналари ва ўқув устахоналари етарли даража жиҳозланмаган. Мазкур ҳолатдан чиқишнинг қулай усул ва воситаларидан бири – компьютер техникаси ва ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳисобланади.

4. Сир эмаски, ҳар қандай соҳанинг ривожланиши шу соҳада фаолият олиб бораётган мутахассиларнинг салоҳиятига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ОТМларда технологик таълим йўналишида мутахассислар тайёрлаш ишларига ҳам эътиборни кучайтириш керак.

5. Айни пайтда технология ўқув фани бўйича ўқув дастурларида айрим

етишмовчилик ва камчиликлар, таҳрир қилиниши ва аниқлик киритилиши зарур бўлган ҳоатлар ҳам мажуд. Жумладан 5-7-синфларда технология ва дизайн йўналишида ўқув режасида халқ ҳунармандачилиги бўйича ёғочга ва металга ишлов беришга оид уйғунлашган буюмлар тайёрлаш мавзуларини ўрганиш белгиланган, лекин айнан қандай буюмлар тайёрлаш кўрсатилмаган. Бундан ташқари уй-рўзғор буюмлари тайёрлаш ишлари ҳам кўзда тутилган. Бунда, биринчидан, қандай буюмлар тайёрлаш кўрсатилмаган. Иккинчидан ҳамма ўғил болалар жува, чекич каби уй-рўзғор бумларини тайёрлашга ҳар доим ҳам қизиқиш билдиравермайдилар. Аксинча улар автомобиль, кема, поезд, смолёт, ракета каби кўринишдаги буюмларни тайёрлашга кўпроқ қизиқар эканлар. Кейинги дастурларни тузишда ва дарсликларни ёзишда мана шу ҳолатларни ҳам ҳисобга олиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Умуман олганда биз ҳозирги бозор иқтисодиётига ўтиш даври талабларидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларни келгусида ижодкор шахс сифатида тарбиялаш бўйича дастлабки зарур ишларни бажаришимиз керак. Кейинги бобда шу ҳақда фикр юритилган.

Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография

Подняться наверх