Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - Жавлон Жўраев - Страница 3
Бошладик
Оглавление«Дарё тошқин, сувлар тўлқин
Ўтолмайман, ёр-ёр
Отим ориқ, манзил йироқ
Етилмайман, ёр-ёр…»
(Халқ қўшиғи)
Ҳаёт йўлимизда наинки дарёлар – баъзида денгизлар кўндаланг келади. Биз бу тўсиқларни гоҳида заҳмат чекиб кечиб ўтамиз, гоҳида ортга қайтиб, бошқа йўлдан бориб кўрамиз. Билганлардан сўрасанг – бу оддий ҳоллигини айтади: ҳаёт тинимсиз синовлардан иборатлигини, қийинчиликсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини уқтиради улар.
Хўш, сиз бунга кўнасизми? Умрнинг турган-битгани машаққат эканига, орзуларга эришишнинг нархи ҳар доим қиммат бўлишига – бахтли бўлиш учун қурбонликлар келтириш кераклигига ишонасизми?
Шу пайтгача бошдан ўтказганларингизга қараб, бу рост гаплигига амин бўласиз. Қаердадир қийинчиликка дуч келганингизни-ю, уни енгиб ўтиб мукофотга эришганингизни эслайсиз. Ноилож, ҳаёт – бу адоғи йўқ синовлар оқими, улардан ўтсанг – мукофот оласан, йиқилсанг – жазоланасан деган ишонч ҳар биримизга кириб олган.
Кўпчилигимиз ҳаётда йўл қўяётган баъзи хатоларимизни ана шу ишонч соясида яширамиз. Қилаётган ишимиз хато эканини кўнглимиз сезиб турса ҳам – бу ҳаёт ёки замон талаби эканини баҳона қилиб, нафсимизга эргашамиз. Унча-мунча нарсага кўз юмиб кетамиз.
Ана шу ишончдан келиб чиқиб ўз олдимизга мақсадлар қўямиз. Шундан келиб чиқиб, ҳаётимизни режалаштирамиз. Синовлардан осон ўтиш учун қудрат ахтарамиз. Бу қудратни кимдир бойликдан, кимдир амалдан, кимдир шуҳратдан, яна кимдир билимдан излайди.
Орамизда баъзи одамлар шундай қудратни ўз шахсиятларидан қидирадилар. Улар ҳамма нарсанинг тагида турган кучни – шахсият кучини таниган, унинг овига чиққан одамлар. Улар ўз шахсий кучлари билан тўсиқларни енгиб ўтишмайди – уларнинг шахсий кучи, шунчаки, тўсиқлар ҳосил бўлишига йўл қўймайди.
Улар афсунгар, донишманд ёки кучли психолог эмас. Улар ҳеч ким билмайдиган сирларни билмайди ҳам. Улар, сиз-у биз қатори, оддий одамлар. Аммо уларнинг бошқалардан кескин бир фарқи бор: улар ўзига хос мақсадларни кўзлаб яшайди. Улар омма тан олган ва андозага айлантириб қўйган усулда бахтли бўлиш имконсиз эканини билишади. Улар ўзлари ва бошқаларни тенг қадрлашади.
Албатта, мен айтадиган кўп гаплар – мавҳум фалсафадек туюлади. Шундоққина жўшқин ҳаётий жараёнлар ичида юрган одамга бориб шу фалсафий гапларимни айтсам – унинг буни эшитишга вақти бўлмайди. Чунки унинг бошқа арзигулик юмушлари бор. Унинг катта бизнеси бор, ишлари жадал олға силжияпти, фойдали танишлари ва манфаатли ҳамкорлари сафи кенгаймоқда. Пулдан ташвиши йўқ – бемалол ўзига керакли нарсани сотиб олиши мумкин. Соғлиги мустаҳкам, оиласи тинч.
Лекин унинг кўнгли таскин билмайди. У қанча ютуққа эришса ҳам, янада каттароқ марраларни кўзлагиси келаверади. Жиддийлик ва ўйчанлик унинг одатий юз ифодасига айланади. Ундан кўпчилик кўп нарсани кутадиган, ундан умидвор бўладиган – унинг қарорларига қарайдиган бўлади.
Шунча мол-давлати ва обрўси бўла туриб, унда ташвишлардан ҳоли бўлишга етарли қудрат топилмайди. Боласини номдорроқ мактабга бериши керак, уйини обрўсига яраша таъмирлаши керак, мавқеига яраша кийиниши керак, ҳар хил одамлар билан яхши муносабатни сақлаб туриши керак – улгуриши, етказиши, ўтказиши керак… Ҳа айтгандай – шунча иш орасида ҳали яшаши ҳам керак. Тўғрироғи – бахтли яшаши керак.
Бу ташвишлар одамларга нимага керак? Биз айнан ана шу саволга жавоб излаймиз бу гал. Биз интилаётган истаклар, мақсадлар ва натижалар бизга нега кераклигини – умуман, улар бизга чиндан керакми йўқми, шуни англашга уриниб кўрамиз.