Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - Жавлон Жўраев - Страница 6
Душанба – Шахсият
Шахсий эркинлик
ОглавлениеИнсон ўзлигини англаши – олий бахт. Лекин ана шу олий бахтга эришишда бизга тўсқинлик қиладиган омиллар борки, уларни яхши танимай туриб, кучли шахс бўлиш қийин.
Кучли шахс эгаси бўлишнинг якуний мақсади – шахсий эркинликка эришиш. Кўпчилигимиз ўзимизни шундоқ ҳам эркин шахслар деб биламиз. Аммо бизни фикрлашимизда, ҳаёт ва ўзимизга муносабатимизда чеклаб турувчи омиллар бор. Улар ички (ёки психологик) ва ташқи (ёки ижтимоий) чекловлардир.
Психологик чекловлар, ўз номи билан психологик: улар одамнинг ақлида қўним топган бўлиб, йиллар давомида тарбия ва дунёқараш натижасида шаклланади. Ўз имкониятларига шубҳа билан қараш, ўзини у ёки бу ишга қодир эмасман деб ҳисоблаш кабилар ички чекловлардир.
Ташқи чекловлар – одам яшаб турган жамият ва табиий шароит хусусиятларидан келиб чиққан чекловлардир. Ижтимоий андозаларга тобелик, модага тобелик, пулга тобелик ана шулар жумласидан.
Энг катта тобелигимиз – албатта, пулга тобеликдир. Ким молиявий муаммолардан ҳолиман деб айта олади? Биз ҳар қандай олди-бердилар пул орқали амалга ошириладиган муҳитда яшаймиз – бунда пулга тобе бўлмаслик иложсиз туюлиши мумкин.
Пульсиз кўчага чиқишни истамаган вақтларингиз бўлганми? «Ҳар эҳтимолга қарши» бўлса ҳам киссамизда қанчадир пул бўлади бари бир. Лекин ҳаётда ҳар нима бўлиши мумкин. Пулингизни йўқотиб, оғир вазиятда қолсангиз, ундан чиқиб кетишга шахсий кучингиз етадими? Бегона одамдан ёрдам сўрашга ҳаддингиз сиғадими?
Ҳаммамиз ҳавас билан томоша қиладиган шпионлар ҳақидаги филмлар қаҳрамонлари – эркин шахс эгаларидир. Улар ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета оладилар. Бунда уларга юқори даражадаги тайёргарликлари ёрдам бермайди (одамни ҳаётда учрайдиган ҳамма вазиятга олдиндан тайёрлаб бўлмайди). Уларнинг сири – шахсий эркинликда. Улар жуда кўп ижтимоий ва психологик тобеликлардан қутулишган. Жеймс Бондни пул ташвиши қийнаётганини, ёки у ўзига ишонмаганидан бирор ишни қилишга ҳадди сиғмаётганини, иккиланаётганини тасаввур қилиш қийин. Бондни бизга қаҳрамон қилиб кўрсатган жиҳат ўткир зеҳн, жисмоний қувват ёки чиройли ташқи қиёфа эмас – шахсий эркинликдир.
Бизни тобе қилишга қаратилган омиллар жуда кўп. Биз бошқалар фикрига тобемиз, ижтимоий андозаларга тобемиз, ўз қўрқув ва шубҳаларимизга тобемиз, ижтимоий ва иқтисодий шароитга тобемиз. Бу чекловлар бизни ҳатто олдимизга мақсад қўйишда ва уларга интилишда ҳам кўп нарсадан маҳрум қилади.
Шахсий эркинликка эга одам ҳеч қачон мода бўлган мақсадларга интилмайди. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар орасида шахсий эркинликка эгалари жуда кам. Уларнинг аксари ўз ҳаёт йўлларини ўзлари эркин танламайдилар – балки омма маъқул кўрган йўлдан борадилар. Ахир, нега кўпчилик иқтисодчи, ҳуқушунос ёки шифокор бўламан дейди-ю, ҳеч ким астроном, мухандис ёки физик бўламан демайди?
Бир нарсани унутмаслик керак: мутахассислар ҳам маҳсулотдек гап – бозорда қанча кўп бўлса, нархи шунча тушаверади. Ўртамеёна иқтисодчи ёки ҳуқуқшунос бўлгандан кўра, моҳир агроном ёки мухандис бўлган афзал. Тўғри, агар иқтисод ёки ҳуқуқ соҳаси айнан сизнинг кўнглингиз тусаган фаолият тури бўлса – бу соҳаларда ҳам юксак маҳоратга эришасиз. Аммо камчилик ўз касбини кўнгли мойиллигига қараб танлайди. Бунга кўп маротаба ўзим гувоҳ бўлганман.
Шахсияти эркин одамнинг яна бир алоҳида хислати бор. У ҳеч қачон унинг шахсий ривожланиши учун бошқалар шароит яратиб беришини кутмайди. Ўзи таълим олаётган ёки ишлаётган масканидан, устозлари ёки ҳамкасбларидан, шарт-шароитдан кўнгли тўлмаётган одам икки хатодан бирига йўл қўйган: ёки у кўнгли истаган соҳани эмас, унга бегона соҳани танлаган; ёки у ўзининг шахсий ўсиши учун бошқаларни жавобгар ҳисоблайди. Бундай одамни на танлов қилишда ва на ўз танловини амалга оширишда эркин деб бўлади.
Шахсий эркинлик нималигини билмаган одам энг номдор ва тан олинган даргоҳларда илм олиб ҳам, ҳеч нарсага эришмайди. Эркин шахс эса ҳар қандай масканда ва шароитда ҳам ўз билимлари ва илмини оширишга имкон топа билади. Бундай одам унинг ҳаётда тутган ўрнини фақат ва фақат унинг танловлари ҳал қилишини билади.
Айнан биз қилган танловлар бизнинг шахсий эркинлигимиз даражасини кўрсатади. Сиз танлов қилишда қанчалик эркинсиз? Қилаётган танловларингизнинг қанчаси айнан сизнинг қалбингиздан чиққан?
Бир хислат шахсий эркинлик билан бирга юради. Бу – шахсий жавобгарлик. Эркин шахсият эгаси ҳар бир қарорга ўзи сергак туриб келганини билади ва ана шу қарори натижаси учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олади. Ҳаётида содир бўлаётган яхши ёки ёмон ўзгаришлар учун ўзидан бошқани жавобгар деб билган одам – шахсий эркинликдан йироқдир.
Шахсий жавобгарлик одамнинг шахсий эркинлиги барқарор бўлишини таъминлайди. Айтайлик, мен бир қарор қабул қилдим ва унинг натижаси мен кутгандай чиқмади. Агар мен бу хато қарор учун жавобгарликни кимгадир юкласам – мен ана шу одамга менинг ҳаётимга таъсир қилиш ҳукмини берган бўламан. Тўғри-да – кимдир сизнинг ҳаётингизда нотўғри қарор қабул қилинишига масъул бўлса, демак унинг сизнинг шахсиятингиз устидан қудрати бор.
Хатолари учун ҳам жавобгарликни ўзига ола билган шахс ҳар қандай ташқи таъсирдан ҳоли. Унинг хатолари ва шу хатолар натижаси ҳам фақат унинг измида. Шахсиятингизни бўлак-бўлак қилиб, ҳар кимга тарқатгандан кўра, уни бус бутунлигича ўз қўлингизда тутинг.
Унутманг – ҳар қандай тур эркинлик шахсий эркинликдан келиб чиқувчи иккиламчи ҳолатдир. Шахсий эркинликка эришмай туриб сиз моддий-молиявий эркинликка ҳам, психологик эркинликка ҳам эришмайсиз. Миллионлаб пули бўла туриб ҳам ўз шахсияти устидан ҳукми йўқ инсонлар бор – уларнинг миллионлари устидан ҳам ҳукми йўқлиги тайин. Ўнта китобга сиғмайдиган билимларга эга истеъдод эгаси бўла туриб, ўз ақли қолипларидан ташқарига чиқа олмайдиган шахслар бор.
Ўз шахсий кучига ишонган ишбилармон бизнес оламида номи чиқади. Ўз танаси имкониятларини омма тан олган чегаралар орқали баҳоламай, бунга кенгроқ ёндашган спортчи янги жаҳон рекордларини ўрнатади. Ўз шахсиятига эркин қараган одам ҳар қандай мақсадига эришади.
Юқорида айтилганлардан шахсий эркинлик ҳақидаги фикрларни қуйидагича умумлаштириш мумкин. Шахсий эркинлик – ижтимоий андозалар, нисбий ҳақиқатлар, қўрқув ва комплекслар таъсиридан ҳоли мустақил қарорлар қабул қила олиш ва шу қарорлар натижасини тўла жавобгарлик орқали назорат қилиш кўникмасидир.
Шахсий эркинлик – бизни олдимизга қўйган ҳар қандай мақсадимизга олиб борадиган энг қисқа йўлдир. Албатта, бошқа йўллар ҳам бор. Аммо улар йўналиши бизнинг измимизда эмас. Шахсий эркинлик очиб берган йўл – фақат бизники. Омма танлайдиган тирбанд йўллардан бориб, манзилингизга кечикиб боргандан кўра – кучли шахсиятингиз сиз учун очиб берган эркин йўлдан хотиржам ва вақтида манзилган етган афзал.
Шахсий эркинлик бизга яна бир нарса тақдим этади: унинг ёрдамида биз аслида ким эканимизни англаб етамиз. Айнан шахсий эркинлик расм дафтар вароғига гўзал суратлар чизишни, нуқсонли чизилган суратларга зарур тузатишлар киритишни, чизган суратларимиз учун жавобгарликни ҳис қилишни ўргатади. Шахсий эркинлик митти одамчаларни болакайга яқинроқ қилади.