Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - Жавлон Жўраев - Страница 4

Душанба – Шахсият
Иккаламиз ўртоқмиз

Оглавление

Бу галги суҳбатни ажойиб эртак билан бошласак. Нима дедингиз?

Бир куни бир болакай зерикканидан акасининг расм дафтарига расм чизиб ўтирган экан. Ҳамма болалар каби у ўз ўйинқароқ машғулотини қоғозга митти одамча расмини чизишдан бошлабди. Бола бари бир болада – мўжизаларга ишонгани туфайли, унинг тасаввурида у чизган одамчага жон кириб, у билан суҳбатга киришибди:

– Салом. Мен кимман? – деб сўрабди одамча.

– Сен митти одамчасан, – жавоб берибди болакай, – Мен сени зерикканимдан чиздим.

– Зерикканингдан? У нима дегани? – тушунмабди одамча.

– Зерикиш – бир ўзинг қолганингда нимадир қилишни қаттиқ хоҳлаш.

– Унда мен ҳам зерикар эканман-да, – хўрсинибди одамча, – Ахир, мен ҳам ёлғизман.

– Нега энди, – дебди болакай, – мен сен билан ҳар доим бирга бўламан. Иккимиз энг яқин ўртоқ бўламиз.

– Ростданми? – хурсанд бўлибди одамча, – Яшасин! Лекин, – яна хомуш тортибди одамча, – мен сени кўра олмасам, фақат овозингни эшитсам, қандай қилиб сен билан ўртоқ бўламан? Демак, мен барибир ёлғиз бўлар эканман…

– Майли, ҳафа бўлма, – дебди болакай, – Мен сенга дўст бўлиши учун яна бир одамча чизиб бераман.

Шундай деб, болакай митти одамча ёнига яна бир одамча чизибди. Бола тасаввури унга ҳам жон ато этибди.

– Салом. Мен кимман? – деб сўрабди янги одамча.

– Сен ҳам митти одамчасан, – деб жавоб берибди болакай севиниб, – Ёнингдаги сенинг дўстинг. У ёлғиз бўлмаслиги учун сени чизиб бердим. Иккингиз танишиб дўстлашиб олинглар. Ҳаммамиз яқин дўст бўламиз.

Бола кўз ўнгида икки одамча дўст тутиниб, бир-бири билан сўзлаша бошлабди. Болакай икки одамчани яна-да хурсанд қилиш учун, улар тепасига қуёш, атрофига гуллар, капалаклар чизиб берибди.

– Бу нарсалар нима? – ҳайрон бўлибди одамчалар, – Улар жуда чиройли экан.

– Булар гуллар, – жавоб берибди болакай, – Мен уларни сизлар учун чиздим. Гаплашиб зерикканда, иккингиз улар орасида бекинмачоқ ўйнашингиз мумкин.

– Сен истаган нарсангни чиза оласанми? – ҳайрон бўлишибди одамчалар, – Биз нега чиза олмаймиз?

– Истасангиз, мен сизларга ўргатаман, – дебди болакай, – Бу жуда осон.

– Истаймиз, албатта истаймиз, – севинчдан сакрашибди одамчалар.

Шунда болакай икки одамчага расм чизишни ўргатибди. Одамчалар аввалига ўзларига ўхшаш одамчаларни чизишни ўрганибдилар. Бу янги одамчаларга ҳам болакай тасаввури жон ато этаверибди. Одамчалар ўзлари чизган одамчаларнинг «Мен кимман?» деган саволига ўзлари билганча жавоб беришибди. Аста-секин улар уйчалар чизишга ўтишибди. Бир зумда расм дафтар вароғи митти одамчалар ва уларнинг уйчаларига тўлиб кетибди.

Одамчалар истаган нарсаларини чизиш ва бир-бирлари билан гаплашишга шу қадар берилиб кетибдиларки, болакай ҳақида тамоман унутишибди. Болакай уларнинг ўйинига қўшилишни истаб айтган гаплари тинмай вижир-вижир қилаётган одамчалар шовқинида эшитилмай қолибди.

Вақт ўтиб одамчалар кўп нарсани ўрганишибди. Энди оддий уйчалармас, катта-катта шаҳарлар чизишни билиб олишибди. Баъзи одамчалар нафақат чизишни – чизилган нарсани ўчиришни ҳам ўрганибдилар.

Шу орада одамчалар орасида «Мен кимман?» деган саволга бошқа одамчалар берган жавоб билан қониқмаган, бунга тўлиқроқ ва чуқурроқ изоҳ излайдиган одамчалар пайдо бўлибди. Бундай изланувчан одамчаларнинг баъзилари кўп илмларни кашф қилишибди.

Аммо ҳамма қабул қилган андоза ҳақиқатларни қабул қилишни истамай, олий ҳақиқатни излаган кўплаб илмсевар одамчалар бошқа одамчалар қаҳрига дучор бўлиб, ўчирилиб ташлабдилар.

Баъзи одамчалар «Мен кимман?» деган саволларига «мен митти одамчаман» деган жавобни топибдилар. Шунда улар бу эртакнинг бошида турган болакайни эслабдилар. Унга доим дўст бўлиб қолиш ваъдасини берганликлари ёдларига тушибди. Ва улар атрофларидаги шовқин-сурон ичида болакай гапларини эшитишни ўрганибдилар. Улар болакай билан яна дўстлашиб, бирга ўйнай бошлабдилар…

Эртакнинг якунини билмайман. Чунки у ҳали тугалланмаган. У ҳали ҳам давом этмоқда. Митти одамчалар ҳали ҳам ўз билганларича яшашда, болакай билан дўст бўлиш ваъдаларини бузишда давом этишяпти. Билганларнинг айтишича, бир кунмас бир кун одамчаларнинг бу ишидан тоқати тоқ бўлган болакай расм дафтар вароғини йиртиб олиб, ғижимлаб, уни бир четга улоқтириб ташлар эмиш. Яна ким билсин.

Икки ўлчамли одамчалар-ку майли – «Мен кимман?» деган саволга сиз қандай жавоб топдингиз? Топган жавобингиз сизни қанчалик қаноатлантирди? Топган жавобингиз сизга нималарни англаб етишга ёрдам берди?

Икки ўлчамли одамчаларга «ҳой, миттивойлар, сизларнинг оламингиздан ташқари учинчи ўлчам ҳам бор» десангиз, улар буни тушуна олиши, тушунса ҳам – бунга ишониши жуда қийин. Сиз билан бизга уч ўлчамли фазо тушунчаси жуда оддий туюлгани билан, доимий фикрлаши икки ўлчам доирасида бўлган мавжудотларга буни етказа олмайсиз.

Агар мен сизга бизнинг дунёда биз кўра биладиган уч ўлчамдан ташқари тўртинчи ўлчам ҳам бор десам, бунга қандай қарар эдингиз? Оламимизда чексиз кўп ўлчамлар бор десам-чи? Ахир, болакайнинг расм дафтари кўпвароқли бўлиши мумкин.-ку. Буни тасаввурингизга сиғдиришингиз қийин, шундайми? Икки ўлчамли одамчаларга учинчи ўлчам ҳақида гапирилса, улар ана шу тасаввур қила олмаслик ҳолатини бошдан ўтказадилар.

Ўзликни англаб, кучли шахс бўлишнинг энг олий мукофоти – инсон янги кенгликларни кашф қилишидир. Шахсий куч сизга тўртинчи ва ундан кўп ўлчамлар эшигини очиб беради. Интуициянгиз ривожланиб, дунёга вақт ва фазога тобе бўлмаган ҳолда қарашни ўрганасиз.

Жуда ҳаёлпараст гаплардек туюлмаяптими сизга булар? Агар шундай туюлаётган бўлса – демак ақлингиз мантиқ ёрдамида ҳали ҳам сизни назоратда сақлаяпти экан. Ахир, юқоридаги гапларни имконсиз ҳаёллар сирасига қўшган айнан мантиқ.

Мен интуиция (яъни қалб билими) ҳақида бежиз гапирмадим. Мақсадларимизга осон эришишда интуитив билимларнинг аҳамияти катта. Интуиция эса шахсий кучи кўп одамларда кучли бўлади.

Биз – уч ўлчамли одамлармиз. Аммо бизга шу уч ўлчам чегараларидан ташқарига чиқиш қудрати берилган. Шундай имкониятимизга ишонмаганлар мана шу ерда бизни тарк этишлари мумкин. Инсоннинг чексиз имкониятларига ишонганларга эса мени ҳали айтадиган гапим кўп.

Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг…

Подняться наверх