Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - Жавлон Жўраев - Страница 5
Душанба – Шахсият
Бошланғич синф
ОглавлениеАқлимизнинг ажойиб хусусияти бор – у дунёдаги ҳамма нарсани тавсифлашни билади. Кузатади, ўхшаш ва фарқли белгиларни аниқлайди, баҳо беради. Ана шу белгиларга қараб ҳамма нарсани синфларга ажратади.
Тарих мобайнида ўзининг дунёда тутган ўрнини англашга интилиб келган одамзод ўзлигини ҳам таснифлаш орқали аниқлашга уринган. Аввалига бу таснифлаш табиий белгиларга асосланган бўлса, жамият ривожланиши билан туркумлашга ижтимоий омиллар ҳам қўшила бошлаган.
Биз – аввало тирик мавжудотмиз. Тирик мавжудотларнинг иссиққон жонзотлар турига мансубмиз. Улар орасида ақлли жонзотлар гуруҳини ташкил қиламиз. Бу ақлли жонзотлар икки жинсга ажраладилар.
Мана шу ерда бизнинг табиий таснифланишимиз тугаб, ижтимоий таснифлаш бошланади.
Ақлли жонзотлар ташқи кўринишига қараб ирқларга ажратилади. Бу синфлар одамлар ер куррасининг қайси ҳудудида яшашига қараб келиб чиққан тана тузилиши ва тери рангидаги фарқлар орқали аниқланади. Бир жиҳатдан ирқларни табиий синф белгилари дейиш мумкин. Лекин бугунги кунда ирқ тушунчаси ўта ижтимоийлашиб кетган.
Бир ирқ вакиллари ўз навбатида халқларга бўлинади. Булар маълум ҳудудни ўз ватани деб атаб, ана шу ҳудудда истиқомат қилаётган одамлардир. Бир халқ вакилларини умумий тарих ва қонунлар каби ижтимоий омиллар бирлаштириб туради.
Халқлар турли миллат ва элатлардан ташкил топган бўлади. Миллатлар ижтимоий синфлар ичида энг кўп учрайдиган ва таснифланишда кескин тус оладиган фарқли гуруҳлардир. Миллат вакиллари бир маданият, тил ва фикрлаш услуби атрофига бирлашадилар.
Бир миллатдаги одамлар ҳам кичик ижтимоий синфларга бўлинадилар. Миллатни зиёлилар ва саводсизлар, бойлар ва ночорлар, шаҳарликлар ва қишлоқликлар ташкил қилади. Бу ички гуруҳлар ҳам бир-бирларидан кескин фарқ қиладиган жиҳатларини топа биладилар.
Бундан ташқари майда-чуйда бошқа синфлар ҳам борки, уларга бағишлаб бутун бир рисола ёзилса ҳам, адоғи бўлмайди.
Аслида дунёни яхшироқ англаш учун қўлланилган таснифлаш бугунги кунда катта ижтимоий офатга айланиб қолган. Одамлар ижтимоий омилларга қараб бир-бирларини синфларга бўлишга шу қадар кўникиб қолишганки, буни баъзида юксак маънавият белгиси деб билишади.
Зиёли одамларга саводи кам одамлардан кўра кўпроқ эҳтиром кўрсатсам, ким ҳам мени нотўғри иш қиляпти дейиши мумкин? Зиёли бари бир зиёли – ҳурматини қилиш керак. Жуда кўп ҳолларда бошқалардан кўра кўпроқ эътиборга лойиқ эканини ана шу зиёлиларнинг ўзи тўғри деб ўйлайди.
Жуда қизиқ. Мен бир кун келиб, бу дунёни тарк этсам, кимнинг мен учун аҳамияти кўпроқ бўларкин? Саводи бор мулла жонсиз танам устида керакли тиловатни қилмаса – Яратган у дунёда мени қабул қилмаслиги эҳтимоли бор. Лекин саводсиз гўрков менга қабр қазимаса, жонсиз танам шу дунёда хор бўлиши тайин.
Ғоят совуқ мисол келтирдимми? Буни атайин қилдим. Сизнинг одамларни синфларга ажратиш ҳақидаги маҳкам ўрнашиб қолган ҳақиқатларингизни бир оз силжитиш учун шундай кескин мисол келтирдим. Бу ерда қайсидир одам қилаётган хатолар ҳақида эмас – сиз ва мен қилаётган хатолар ҳақида гап кетяпти.
Сиз ўзингизни қайси синфларга мансуб деб биласиз? Шиллиқурт эмас, инсон бўлиб дунёга келганингиздан қанчалик хурсандсиз? Бошқа одамлардан фарқли жиҳатларга эга синфга мансуб эканингиздан қанчалик фахрланасиз? Сиз ва мен бир миллий синфга мансубдирмиз – лекин маҳаллий синфимиз, ғоявий синфимиз, фалсафий синфимиз бошқа-бошқа эканини қанчалик осон қабул қиласиз?
Табиат (ва менинг фикримча Яратган ҳам) бу оламдаги мавжудотларни ҳеч бир синф ва турларга ажратмайди. Табиат ҳамма фарзандларини бир хил яхши кўради ва асраб-авайлайди. Уларга яшаш шароити яратиб беради ва ана шу муҳитда яшашни ҳам ўзи ўргатади.
Табиат ҳатто қаҳр қилганда ҳам ҳеч бир жонзотни бошқасидан устун қўймайди. Ўрмон ёнганда икки йиллик ниҳоллар ҳам, икки юз йиллик дарахтлар ҳам кулга айланади. Сув тошганда меҳнатсевар чумолилар ҳам, ялқов айиқлар ҳам тенг чўкади.
Табиий офатларда одамлар ҳалок бўлса – ичимиз ачийди. Табиатнинг шу офатда нобуд бўлган ҳамма фарзандлари учун ичи ачийди.
Тенглик ҳақида дин ҳам, қонунлар ҳам тинмай бизга уқтиради. Ҳаммамиз бошқалар билан суҳбатларда бу дунёда ҳамма тенг экани ҳақидаги юксак гапларни айтамиз. Лекин маънавият базми тугаб, кўчага чиққанимизда, садақа сўраган ночорга ачиниш ёки жирканиш ҳисси билан қараймиз.
Ҳўш, сиз қайси синфга мансубсиз? Кимлар билан синфдошсиз? Кимлардан бу дунёда тутган ўрнингиз юқорироқ? Кимникидан пастроқ?
Ўзимизни у ёки бу синфга мансуб ҳисоблаш – шахсиятимизни чеклаш дегани. Бой одамнинг шахсияти бадавлатлик қолипига солинган, ўқимишли одамники – зиёлилик қолипига. Бу каби чекловлар ҳар қандай интилувчан шахсни ҳам ўсишдан тўхтатиш қудратига эга.
Буюкликка борувчи йўл – синфларга ақлан тобе бўлмаслик орқали ўтади. Мен ўзини билимлилар синфига даҳлдор билсам, билимларим доирасидан ташқарига чиққанимда имкониятларим тугайди. Мен саводсиз одам қила оладиган ишни қила олмаслигим тайин.
Ўзимни зиёли санашдан воз кечдим дейлик. Энди мен ўқимишли қишлоқи ёки саводсиз қишлоқи эмас – шучаки қишлоқиман. Қишлоқда яшайдиган одам қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни қилишим мумкин. Бир кун келиб мен яшаш жойим бўйича синфга мансуб эканимдан воз кечаман. Энди мен қишлоқи ёки шаҳарлик эмас – шунчаки ўзбекман. Энди мен шаҳар ҳаётига ҳам, қишлоқ ҳаётига ҳам осон кўникаман, шу икки муҳитда ҳам фаровон яшай оламан.
Шахсиятимни ўз миллатим доирасида тутишим ҳам менинг бошқа миллатларга ҳурматсиз назарда қарашимга сабаб бўлади. Бу чекловдан воз кечаман ва бошқа миллатлар маданиятида ҳам жуда кўп бунёдкор жиҳатлар борлигини кашф қиламан. Янги тилларни ўрганаман. Дўстларим сафида турли миллат вакиллари пайдо бўлади. Энди мен ўзимга ўзбек сифатида эмас – шунчаки инсон сифатида қарайман. Энди инсон қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни мен ҳам қилишим мумкин.
Дунёда шундай одамлар борки, улар ўзларига шучаки тирик мавжудот сифатида қарайдилар. Улар оддий одам қила олмайдиган ишларни қила олишади, оддий одамда учрамайдиган қобилиятларни ривожлантиришади. Кўршапалак каби атроф дунёни товуш орқали кўрадиган, баъзи йиртқичлар каби инфрақизил нурларини пайқайдиган одамлар бор. Улар ўзларини шартли равишда одамлар синфига мансуб деб ҳисобламайдилар.
Барчамизни умумлаштириб турган бир ягона белги бор: бу дунёдаги ҳар бир жонзот Яратганнинг чексиз қудрати махсули. Унинг қудрати ҳар бир майса ва илдизда, ҳар бир нафас, ҳар бир киприк қоқишда, биз ташлаган ҳар бир қадамда намоён бўлаверади. Ҳар бир ҳужайрамиздаги тириклик жараёнлари олий қудрат белгилаб қўйган қонунларга бўйсунади.
Биз ана шу жиҳатдангина бир синфга мансубмиз. Қолган ҳамма тур ва синфга ажратишлар – шунчаки шартли ифодалар, холос. Ўз имкониятларини ана шу шартли ифодалар доирасида баҳолаган одамнинг шахсияти ҳам шартлидир.
Расм дафтар вароғидаги митти одамчалар, гуллар, капалаклар – ҳаммаси турли ҳаёт тарзига эга. Аммо уларнинг барини бир болакай битта қаламда чизган. Уларнинг барига жон киритган куч ягона ва бўлинмас. Яхлит оламни алоҳида синфларга ажратиш, уларнинг бирини бошқасидан устун қўйиш – Яратганнинг бўлинмас қудратини парчалашга интилиш демакдир.