Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 134

ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ДЕҲҚОН МАДҲИЯСИ

Оглавление

Тун чоғида томингга

Томчилаган ёмғирдир.

Бир томчиси – севинчу,

Бир томчиси – оғриқдир.

Дастасига сиғмайин

Ерни қўмсар кетмонинг,

Умринг – дашту далангнинг

Меҳнатлари оғирдир.

Ўзбекистон, онажон,

Мангу иссиқ бағирдир.


Чопонингда тупроғу

Заҳматларнинг иси бор.

Юзларингда минг ташвиш,

Қисматларнинг изи бор.

Одам Атодин қолган

Ҳикматларнинг изи бор,

Бу ҳикматни билмаган

Ўз юртига сағирдир.

Ўзбекистон, онажон,

Мангу иссиқ бағирдир.


Ким ўйлади оламни,

Сен ўйладинг далангни.

Даланг бирлан ўтказдинг

Ёмғир, селу жалангни.

Этагингда ўстирдинг

Шунча қизу болангни.

Тўйларига Темурдек

Султонларни чақиртир,

Ўзбекистон, онажон,

Мангу иссиқ бағирдир.


Нонуштанг – гоҳи юлдуз,

Ой бўлди нону ошинг.

Пайкалларга ўтидан

Базм бергай қуёшинг.

Бу бир қизғин базмким,

Синалгайдир бардошинг.

Терларинг шароб бўлгай,

Кўк чойларинг чоғирдир,

Ўзбекистон, онажон,

Мангу иссиқ бағирдир.


Кишнаб юрган тойлар ҳам

От бўлгай, саман бўлгай.

Элим деган элдошлар

Бир жону бир тан бўлгай.

Гул бўлгай, чаман бўлгай,

Бул Ватан Ватан бўлгай.

Эзгуликда ўтмаса

Тақдирлар ҳам тахирдир,

Ўзбекистон, онажон,

Мангу иссиқ бағирдир.


Тупроқ билан дардлашмоқ

Бу – қадимий бурч, шараф.

Сен-чун асли бу даврон,

Сен-чун асли юрт – шараф.

Ким етишди, ким етди,

Ким бўлмади мушарраф.

Юртни юрт айламоқнинг

Заҳматлари оғирдир,

Ўзбекистон, онажон,

Мангу иссиқ бағирдир.


2002, 2010

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх