Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 141
ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ЎН ИККИ ЁШЛИ БИР ТЕМУРИЙЗОДА
Оглавление* * *
“Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати бирлан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих секкиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум”.
(Саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқиалари)
* * *
*
Муштарий ярқирар авжи фазода,
Мовароуннаҳр яна низода.
Миррих ва ё Зуҳал тўзғитдими чанг –
Ерда бошланади тўполон ё жанг.
Ҳали хаёллари тиниқ ҳам содда –
Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
Ҳали отаси ҳам жардан учмаган,
Кўнгил полапонин ҳижрон қучмаган.
Хаёли кўкдаги каптарлардадир,
Билмаски, бор умри хатарлардадир.
Билмас, не битилган ҳукми қазода,
Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
Қирда чопиб юрган қулунларки бор,
Дашту кенгликларни айлар ихтиёр.
Ҳали майсадайин ўйловгинаси,
Энди хат чиқармиш мўйлабгинаси.
Қўлдаги ўқ-ёйи ўйнар ҳавода,
Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
Оти эгарланган – асрлар томон
Олиб учмоққа шай уни шу замон.
Бу ном – то жаҳон бор, сарбаланд бўлгай,
Ҳали уч юз йиллик салтанат бўлгай.
Қадду басти расо, ақли расо-да,
Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
Умр тулпор эса – ёллардир йиллар,
Бундан сўнг кечгайдир ёлларда йиллар.
Азал ҳукмдори не қилмиш – ҳақдир,
Тожу тахт тайёрлаб турмишдир тақдир.
Белда – кўркам қилич, ўзи – озода,
Ўн икки ёшли бир Темурийзода.