Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 66
Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
МАҚСУД ШАЙХЗОДА. ЁЗИЛМАГАН ХОТИРАЛАР
ОглавлениеМен бир бола эдим,
Бу тақдир мени
Минг бир бўлакларга бўлиб ташлади.
Вақтим талош бўлди ҳасратларимга,
Дардларга ем бўлди кўнглим даштлари.
Тонгларим оққушдай учдию кетди,
Мен бир бола эдим – шабнамдай бола.
Тошкент, биноларинг тил чиқарсалар,
Менинг исмим айтиб қилгайлар нола.
Ҳар касу нокаснинг кўнглин кўтариб,
Юрдим гоҳ мисоли беғам шаҳзода.
Букун айтинг энди – номардлар аро
Қандай кун кўрганди Мақсуд Шайхзода?
Қаттол рақиблару баттол рафиқлар
Гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон тазйиқ этгану,
“Чорак аср девони”нинг асл нусхасин
Ёзолмайин олиб кетган у.
“Тоғдай одам эди…” дея эслайсиз,
Айтинг ўшал тоғнинг йиғлаганини.
Нураганларини айтинг,
Айтинг ортидан
Ҳеч ким кузатгани чиқмаганини.
Мен бир бола эдим.
Болалик қолдими?!
Замон виждон томон буткул ўзгарди.
Қаранг: “Халқ душмани” бўлганлар дўсту,
Душман бўлиб чиқди халқнинг “дўстлари”.
Айтса гап кўп дейсиз…
Йиллар қораяр,
Шом жом чалар Шошнинг курантларида.
Жанглар тинди, лекин тинмади ғийбат
Адабиёт фронтларида.
Сиз узоқ яшайсиз, худбин жасадлар,
Бироқ абадият буни билади:
Шайхзода ўлмаган,
Ҳозир достондан
Султон Улуғбекдай чиқиб келади.
1988, 2007