Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 65
Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ҲАҚ СЎЗ. АБДУЛЛА ҚАҲҲОР
ОглавлениеУлуғ Ватан адабиёти
Улуғ Ватан каби – улуғ қурбонлар
Эвазига рўёбга келган.
Эҳ, бунда ҳам тўкилган қонлар,
Лахта-лахта дилларнинг қони.
Дўстим, бу китобни авайлаб ўқи,
Бу – Абдулла Қаҳҳорнинг жони.
“Ёшлар билан суҳбат” эмас, кўр,
Ниҳол истеъдоднинг тилагидир бу.
Дўстим, бу китобни кўзларингга сур,
Абдулла Қаҳҳорнинг юрагидир бу.
Шартмас ёзувчини бадарға қилмоқ,
Уни зиндонларда чиритмоқ шартмас.
Унинг атрофига наслу насаби
Номаълум нокаслар урчитилса – бас.
Фисқу фужурларга фаровон тузум,
Каттасидан тортиб кичигигача –
Душман деб санаган Қаҳҳорнинг ёзган
Асаридан тортиб кучугигача.
Замон шундоқ эди –
Мустабид замон
Адибнинг ҳақ сўзин кемиролмади.
Тоғдай вужудини емирдию, лек
Унинг иймонини емиролмади.
Ҳақ сўзни ҳар ким ҳам айтавермаган.
Ҳақ сўз алал-охир муҳтарам айлар.
У сўзлар ҳозир ҳам уйқу бермагай
Адабиётдаги муттаҳамларга.
“Чорак аср ҳамнафас” эмас,
Чорак аср дилдош, оғриқдош
Бўлиб яшагансиз, Кибриё опа.
Ёш шоирлар ўқир – кўзларида ёш.
Миллатни кўтаргай баъзан бир асар,
Озод мамлакатнинг осмонидир бу.
Адабиёт нима десалар агар –
Абдулла Қаҳҳорнинг виждонидир бу.
1987, 2007