Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 45
Шеърлар
ДИЛ ФАСЛИ
УЛУҒРОҚ ИШ БОРМИ ЭЛНИНГ ТИНЧИДАН
Оглавление(“Постда” газетасига)
Ёмонлик – ёмонда,
Меҳр – дўстдадир.
“Постда” газетаси доим постдадир.
Адолатнинг қўли баланд келса гар,
Разолат доимо тубан, пастдадир.
Бизлар Ватан қурдик – муҳташам, кўркам,
Қадду камолингдан айланай, ўлкам.
Ҳар қизинг синглимдир, ҳар боланг – укам,
Бари очиқчеҳра ҳам орастадир.
Бизни бу дунёда кўролмаганлар,
Бир зум ёмонликсиз юролмаганлар,
Умрида бир кўприк қуролмаганлар,
Бири – ҳасад қилар, бири қасддадир.
Токи фарзандларнинг бедор диллари,
Эзгулик боғининг эсар еллари.
Эй сиз, келажакнинг генераллари,
Сизга ким ҳайрату ким ҳавасдадир.
Сўранг ҳар чўпону ҳар ўтинчидан,
Улуғроқ иш борми элнинг тинчидан,
Қуёш ҳар тонг берган нур суюнчидан,
Қаранг, қандай жавлон хору хасдадир.
Бир гул япроғига тушса гар титроқ,
Шоирнинг қалби ҳам титрагай шу чоқ,
Сўзлари ҳам уйғоқ,
Ўзи ҳам уйғоқ,
Шоир ҳам бир умр асли постдадир.
2005