Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 50

Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
МЕНИНГ ШОИРЛИГИМ

Оглавление

(Манзума)

Менинг шоирлигим, дўсту ёронлар,

Ёзилмиш манглайимга бир замонлар.


Туғилмиш у ғаройиб паллалардан,

Онам бошимда айтган аллалардан.


Бешикдан сўз қидирган кўзларимдир,

Лабимда оқ сути – илк сўзларимдир.


Отамнинг боғда ҳар пайванд ниҳоли,

Менинг таъбимни бир дилбанд ниҳоли.


Заминнинг супрасида бор замирим,

Фалак кайвониси қормиш хамирим.


Менинг шоирлигим – дашту адирлар,

Қуёшу ой анга ёпмиш патирлар.


Яралмишдир кийиклар ишвасидан

Ва жайрон жилғаларнинг жилвасидан.


Мисоли лоладир – қонлиғ ва жозиб,

Тубинда доғи ҳам ғоят ажойиб.


Менинг ярми хазонлиғ кўкламимдир,

Бу жисмим ҳам умрбод тўпламимдир.


Дилим тўрғай сабоғи бирла чиқмиш,

Тилим буғдой бошоғи бирла чиқмиш.


Менинг шоирлигим – чархи замондир,

Ярим дон бўлса, ярмиси сомондир.


Қачонким ёрни зулфига илиндим,

Ўшал ондин тилиндим мен, тилиндим.


Қаро холин жафоси бунчалар кўп,

Шунинг-чун кўнглима кўпнуқталар кўп.


Менинг шоирлигим – ранжу риёзат,

Ибодат ҳам адо бўлмас зиёрат.


Муҳаббат оламидан бир хабардир,

Муҳаббат мулкига оғир сафардир.


Суйиб, чок-чокларимдан ҳам сўкилдим,

Тўкилдим мен, шу йўлларда тўкилдим.


Ўтиб кетган баҳорим ё дамимдир,

Ўзимнинг ёшлигимга мотамимдир.


Бу – очиқ бир бино, маҳзун иморат,

Видо ҳам айрилиқлардан иборат.


Менинг ҳижронларим – пушмонларимдир,

Бу шеърлар дўст билан душманларимдир.


Юрак-бағримга ҳам қилмай вафолар,

Ҳазин жонимга келтирдим жафолар.


Бу мунглуғ қуш билан йиллар кечирдим,

Дилимнинг қонидан селлар ичирдим.


Унинг мен бирла бир жанжаллари бор,

Юрак-бағрим аро чангаллари бор.


Менинг шоирлигим – дарду балодир,

Мени ўтдин олиб, ўтга солодир.


Қуюнлар ичра ўсган бир қизил гул,

Куйиб кетсам, кўкаргай сўз бўлиб кул.


Танамда бир умрлик яктагимдир,

Умрбод мен тугатмас мактабимдир.


Бу гулфом майни қай кунким симирдим,

Қоронғу кечаларда сўз кемирдим.


Бунинг оти тириклик ҳам ҳаётдир,

Туганмас заҳмату сабру саботдир.


Адо қилдим кўзида ёшларини,

Оқартирдим онамнинг сочларини.


Дилида кимниким бир дарди бордир,

Туғишгандир менга, у менга ёрдир.


Ажинлардан кимингким хатлари бор,

Менинг қалбимда ҳам дастхатлари бор.


Ким ўтган Яссавий бобомдан олдин?

Зиёю завқни шу бобомдан олдим.


Ўзим тупроқману пирим – самовий,

Менинг дорилфунунимдир Навоий.


Бу уммон узра мен бир мисли хасман,

Ҳавасман, бор-йўғи мавжи ҳавасман.


Менинг шоирлигим – рўйи жаҳондир,

Ҳироту Кўнё ҳам Андижондир.


Тамоми Термизийлардан таним бор,

Насафлардан нафаслар олганим бор.


Улуғвор Оқсаройлар узра ойим,

Бу янглиғ фахр бермишдир Худойим.


Мени зор андалиб қилди бу соҳир,

Ўзи шоҳу жаҳонда лек мусофир –


Муҳаммад Бобурим чеккан аламдир,

Менинг оламда саргардон боламдир.


Буюк Бобораҳим Машраб тупуги,

Ўлардим бахтли – тегса бир кўпиги.


Муҳаббат сингари мангу, давомий,

Бу осмонлар, тикилсам – бунча мовий…


Улуғлар хокини кўзларга суртдим,

Ватандай муҳташам сўзларга суртдим.


Буларсиз ҳеч менинг шеърим, тугалмас,

Булар бордир – менинг шеърим туганмас.


Унинг қўрғони – юз минг жон ва тандин,

Ватандин бошланиб битгай Ватандин.


Қаросочу қарокўзу қаламқош,

Тили минг ёшдаю лекин дили ёш.


Баҳорий ҳандалакдан бир тилимдай,

Унинг ҳар шеваси – бир севгилимдай.


Булар бари қароғим, кўзларимдир,

Менинг офтобда ўсган сўзларимдир.


Неча бир мустабид давру замонлар

Қаёндин келдию кетди қаёнлар?


Жаҳонга ўз сўзимни айтдим охир,

Яна мен ўзлигимга қайтдим охир.


Дилим ҳар бир дарахт, боғ бирла ўсди,

Шу эл бирлан, шу тупроқ бирла ўсди.


Менинг хоксор элим, офтобпарастим,

Жаҳонда бор экан-ку қадду бастим.


Жаҳолат бирла кўп носозлигимдир,

Менинг шоирлигим – озодлигимдир.


Она юртим, менинг жону жаҳоним,

Ўзингдирсан, ўзингсан, онажоним.


2006

АСАРЛАР (III жилд)

Подняться наверх