Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 64
Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ЭСКИ ЭРТАК
ОглавлениеПодшоҳ ишга келмоқдадир,
Йўл беринглар, акалар.
Хабар берар учиб, қўниб,
Зийрак, ҳушёр ҳаккалар.
Подшоҳ ишга келмоқдадир,
Қаранг ўнгу сўлларга.
Кўча-кўйлар супурилган,
Сув сепилган йўлларга.
Таъзим айлаб турар гўё
Дарахтлару гулзорлар.
Гўё бир зум тиниб қолар
Ғала-ғовур бозорлар.
Миршаббоши, мингбошилар,
Ясовуллар югурган.
Миноралар тўрт тарафда
Соқчилардай ғоз турган.
Оппоқ-оппоқ саллаларда
Каллалари иш бошлар.
Қозикалон югурмоқда,
Югурмоқда пешволар.
Вазирлару муҳрдорлар
Ҳовлиқмоқда, елмоқда.
Подшоҳ ишга келмоқдадир,
Подшоҳ ишга келмоқда.
Бут бўлсин деб рўзғорлару
Асбоблару анжомлар.
Ишласин деб темирчилар,
Ҳаммоллару ҳаммомлар.
Янги қасру кошоналар
Шаҳарларга берсин зеб.
Тинч бўлсин деб гадойлар ҳам,
Бойлар ҳам тинч бўлсин деб.
Подшоҳ ишга келмоқдадир,
Шундоқ ўтар ой, кунлар.
Солиқчилар ишласин деб,
Ишласин деб ҳокимлар.
Қаллоблару ғаразгўйлар
Юрак-бағрин тилмоқда.
Муттаҳамлар пичирлайди:
Подшоҳ ишга келмоқда.
Бир-бирининг пинжларидан,
Енгларидан мўралар,
Хушомадгўй мирзолару
Лаганбардор тўралар.
Баъзиларнинг кўнгли дарров
Об-ҳаводай айнийди:
Бир кунгина подшоҳ ишга
Келмасайди, қанийди.
Мамлакатни маҳкам тутган
Белидаги белбоғдай.
Подшоҳ ишга келмоқдадир,
Подшоҳ ишга келмоқда.
Подшоҳ ишга келмоқдадир,
Соатини тўғрилар.
Қолмасин деб мамлакатда
Каззоблару ўғрилар.
Ғайратию ҳафсаласи
Юз минг таҳсинга лойиқ.
Олампаноҳ ишдадир деб,
Ишлар халқу халойиқ.
Подшоҳ ишга келмаганда
Не бўларди салтанат?
Тўхтаб қолар эди ҳаёт,
Тўхтар эди мамлакат.
Яратган ҳам соям деган,
Бўлсин деган огоҳлар.
Минг йиллардан буён шундоқ
Ишга келар подшоҳлар.
Ҳар бир элга Ўзи карам,
Ўзи айлар иноят.
Адлу инсоф бўлсин токи,
Бўлсин токи диёнат.
Сиз ҳам олам аҳволидан
Огоҳ бўлинг, дилхоҳлар.
То дунё бор экан – ишга
Келаверсин подшоҳлар.
Токи хаёл, токи ҳаёт,
Тириклик бор одамда,
Ҳар бир уйда тинчлик бўлсин,
Тинчлик бўлсин оламда.
2007