Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 82
Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ХАВОТИР
ОглавлениеҚуллик ҳам қарамлик палла йўқолди,
Оқу сариқ, қизил, малла йўқолди.
Жаллодлар ўқ отган эди бир пайтлар,
Саллалар йўқолган эди бир пайтлар.
Қанча селу ёмғир, жала йўқолди,
Саллалар келдию – калла йўқолди.
Яъни мачитларинг босган хазонлар
Тўзди кетди бари – қайтди азонлар,
Жума намозларинг тўла айвонлар.
Лекин қандай қилиб, айтгин, инсонлар,
Шунча улуғ нурдан тола йўқолди –
Эгри йўллар аро бола йўқолди?
Фожиамас агар ғалла йўқолди,
Қўю қўзи, эчки – гала йўқолди.
Ўзбек, айланайин номингдан сенинг,
Қурган баланд-баланд томингдан сенинг,
Қасрингни бошингга кўтариб дод сол,
Ахир Ҳаё деган қалъа йўқолди.
Сенинг учун озод бўлди-ку ўлкам,
Омадинг кўркамдир,
Қоматинг кўркам,
Сенга ҳавас қилиб яшайман, укам.
Замон парвозига улгур, интил, ет,
Сенга қанот бўлар учқур интернет.
Фақат қалбинг аро лола йўқолди,
Китоб деган яшил дала йўқолди.
Тарақ-туруқлару
Даранг-дурунглар,
Қайга борсанг фақат пулдан гурунглар.
Узоқ яшанглар-ў,
Узоқ туринглар,
Ўзбек болалари, сергак юринглар:
Бугун энг қадимий ялла йўқолди,
Кўнгил бешигидан алла йўқолди.
2007