Читать книгу Сукут суиқасди ёҳуд Сталиндан Саддамгача - - Страница 4
2. Муртад этилган авлиё ёхуд подшоҳ фармони билан халқ душмани эълон қилинган даҳо
Оглавление…Немис ҳаммадан ҳам ёмонроқ, ҳаммадан ҳам қаттиқроқ, ҳаммадан ҳам баттолроқ такаббур бўлади. Чунки у ўзи ўйлаб чиқарган, ўзи учунгина мутлақ ҳақиқат бўлган илмни билгани учун ўзидан кетиб керилади. Француз шунинг учун такаббур бўладики, у ақлу идроким ва жисмим билан эркак ва аёлларни маҳлиё эта биламан, деб ҳисоблайди. Инглиз шунинг учун ҳам такаббур бўладики, ўзининг энг обод ва маъмур давлатнинг фуқароси деб ҳисоблайди ва шунинг учун инглиз сифатида ҳамиша нима қилиш кераклигини билади ва нимаики қилмасин, инглиз сифатида, сўзсиз яхши бўлади деб билади. Итальян шунинг учун такаббур бўладики, у ҳамиша жонсарак, ўзини ҳам, ўзгани ҳам дарров унутиб қўяди. Рус шунинг учун ҳам мутакаббирки, у ҳеч нарсани билмайди, билишни ҳам истамайди, чунки бирон нарсани мукаммал билиб олиш мумкинлигига ишонмайди.
Лев ТОЛСТОЙ
…Йигирманчи асрнинг бошига келиб, Россиядаги ижтимоий-сиёсий фикр, айниқса ёшларнинг буюк шахслар ижоди ва тақдирига муносабати ва боқишида туб бурилиш юз бера бошлади. Халойиқ “Халқлар турмаси”нинг ижодкори подшоҳга ҳам, унинг истаган номаъқулчилигига фатво берувчи руҳонийларга-да шубҳа ила боқа бошлади.
Бу адолат туйғусини ҳокимият ва унинг югурдаги, жоҳил диндорлар аслида авлиёсифат Лев Николаевич Толстойни муртад дея эълон қилишганда кўрсатган қаршилиги ва муносабатида кўриш мумкин эди.
…Гимназиянинг саккизинчи синфига кирган дин ўқитувчиси Савелий ота худди куни кеча худо ёки Исо пайғамбарнинг қабулида бўлиб, таълимот олиб келгандек, жиддий қиёфа ва оҳангда муқаддас Синод ҳайъатининг минг тўққиз юз биринчи йил йигирманчи февралида қабул қилган қарорини ўқий бошлади.
– Муқаддас Синод ҳайъати худо бехабар Лев Толстойни муртад дея эълон этди…
Бутун бошли синф ўқувчиларини бирданига электр токи ургандек бўлди. Кимсадан садо чиқмас, ҳаволарда учиб юрган, тасодифан Лев Толстойни кўриб қолганидан мақтанишадиган ўспиринларнинг дамига ичига тушиб кетганди.
– Муртад дегани нима, ота? – сўради орқароқда ўтирган, дарсларни яхши ўзлаштиролмайдиган деҳқон боласи.
– Муртад дегани диндан қайтган, худога шак келтирган, душман томонига ўтган одам демакдир, – ўша совуқ ва жиддий оҳангда жавоб қилди ўқитувчи. Жаҳонга машҳур шундай буюк ёзувчи… Худога безбетларча қарши чиқди… Адабий фаолиятини Масиҳ ҳамда черковга зид таълимотни халқ орасига ёйишга бағишлади…
Синфга яна қабристон сукунати чўкди.
– Ахир, Лев Николаевич ҳаққа етмоқ, худони топмоққа интилганимдагина, изтироб чекканимдагина ҳаёт гўзал ва бетакрор кўринади дейдилар-ку?! – ўрнидан туриб сўради ўқувчилардан бири.
– Худодан сўраладиган саволларни мендан сўрама! У бизнинг худомиз ҳақида гапирмаётир! – овозини баландлатди домла Савелий.
– Худолар ҳам ҳар хил бўладими, ота? Мен англамадим! – хокисор нигоҳини руҳонийга тикди ўқувчи.
– Мен сенларнинг устиларингдан гимназия директорига арз қиламан! – узун соқоли титради ўқитувчининг.
Эртаси кундан бошлаб гимназияда бир асар қўлдан-қўлга ўтиб ўқиларди. Бу Лев Толстойнинг “Синодга жавоб” битиги эди. Бундан хабар топган директор ўқувчиларни сафга тизиб, гимназия залига олиб кирди.
– Дин сабоғи ўқитувчиси Савелий сизларнинг таъқиқланган адабиётларни ўқишингизни айтди. Шуни яхши билингки, кимки минбаъд ясоқланган китобларни ўқир экан, сўзсиз гимназиядан ҳайдалади ва бошқа бир гимназияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади!
Ота навбатдаги дарс учун яна ўша саккизинчи синфга кирди-ю, ҳайкалга айланди. Бўр билан чизилган тахтада сичқонлар арслон ёлли каттакон мушукни дафн этаётгани тасвирланган бўлиб, расм тагбитигида “Сичқонлар мушукни қандай дафн этишди?” дея ёзилганди.
Сичқонлардан бири отага ўхшарди…
Бу ҳали ҳолва эди.
Кўп ўтмай синф ойналари талабаларнинг залворли, жарангдор овозидан зириллай бошлади. Улар жўр бўлганча Синод ҳайъатининг Лев Толстойни муртад дея эълон этиш ҳақидаги қарорини тескарисига ўқишарди.
– Парвардигорнинг борлигини инкор этувчиларнинг, дунё ўз-ўзича мавжудлигини, ундаги барча нарса-ҳодисалар худои таолонинг ихтиёрисиз юз бермоғини таъкидловчиларнинг, муқаддас учликни инкор этувчиларнинг, муқаддас руҳга, жоннинг ўлмаслигига ишонмовчиларнинг, православ давлатпаноҳга қарши исён кўтариш ниятида юрганларнинг умри боқий бўлсин! Норасидалар қонини сўриб уларни йўлдан ургувчи чақимчи Савелийга лаънатлар ёғилсин! У муртад дея эълон этилур! Яшасин, Лев Толстой! Унинг умри ва ижоди боқий бўлғай!
Бу – Герцен, Чернишевский ва Писаревлар орзу этган, ўз элини шаклланган, кўзи очиқ, бутун бир халқ, миллат ўлароқ кўрмоқ ниятининг дастлабки мевалари эди.
Чернишевскийни дор остида хўрлаб сазойи этганларида сукунат ботқоғига ботган бефарқ ва бепарво оломон авлодларининг кўзи очила бошлаган, ўзида миллат виждонининг акси сифатида адолатсизликка қарши тура билмоқ жасоратини топаётган эди.
Зотан, миллатнинг миллатлиги унинг ҳақу ҳақиқат, адли адолатни кўра олиши, унга қай даражада амал қилиши билан белгиланади.
Айнан Лев Толстой ўша пайтда ўз халқининг асл виждони, ҳақу ҳақиқат, олий адолатнинг қамров етмас мезони эди. Фақат бу юксак чўққини кўра билажак кўзлар, хайрихоҳ нигоҳлар кўп эмас, борлари эса шерни кўриб думини қисиб, ин-инига уриб кетадиган жониворлар каби пана-панада шивирлашиб, шундай буюк шахсиятнинг инқирозини кутишарди…
У мутаассиб, жоҳилу ботиллардан, кўриб турган бир парча нон, бир десятина ер ва от аравада бошқани англамайдиган гумроҳ оломондан черковдан четлаштирилиш, муртад этилиш билан қутулмади.
У мусовий ва насронийларнинг тўрт муқаддас китобини олиб, бу китоблардаги ўқувчи ишониши мумкин бўлмаган ёлғон-яшиқ мўъжизалар қисмини олиб ташлаб, фақат Исонинг юракка етиб борувчи сўзларини жамлаб “Толстой библияси”ни яратди.
Рўдапо ва пахмоқсоқол руҳонийлар унинг бу хатти-ҳаракатини кечира олмасдилар. Бу ишонч ва эътиқодларга дарз кетган куни оч қоладиган мутаассиблар уни қоралаш ва маҳв этмоқ учун ҳеч нимадан тоймадилар.
Мансур Ҳаллож “Аналҳақ!” “Оллоҳ мендадир!” деганидек “Худо – ибодатхоналарда эмас, хос инсонларнинг кўнглидадир!” деган эди Толстой ўз мурожаатида. Бахт – борига қаноат этиб, одамларга яхшилик қилмоқдир деган ишончу мақсадда бор-будини фақиру фуқарога тарқатиб берганди.
Ҳамфикр дўсти Чертков билан подшоҳ қўшинида хизмат қилиб, урушга қатнашиш ва одам ўлдиришдан бош тортган духоборларни ҳимоя қилиб чиқди.
Бу бегуноҳ одамлар ҳаётини қутқариш учун мужодала этиб, уларни Николай Иккинчининг дору кундаларидан омон сақлаб қолиб, жонларини асрамоқ учун Канадага жўнашга ҳукмдорни кўндирди.
Ўзининг аҳволи маълум бўлса-да, сафар масрафларини тўплашга бош-қош бўлди.
Подшоҳ ва черков ёзувчини ерга ургани сари эрку озодлик, адли адолатга ташна халқ Толстойни бошига кўтарар, бешинчи йил инқилобидан сўнг Толстой революцияси юз беришини орзу этарди.
Буни яхши билган Ленин ҳам бежизга Лев Толстойни рус революциясининг ойнаси дея эълон этмади.
Инсоният тарихи, халқларнинг онгли ҳаётга юз буришидан бошлаб, инсонларда фикрламоғу тасаввур этмоқ кўникмаси турлича шакллана бошлаган.
Худди ана шу – келажакка интилиш ва уни яратиш ҳис-туйғуси ва идроки такомиллашгани сари даҳо шахсиятлар инсоният учун нима қилиш керак бўлса, шуни амалга оширганлар. Истеъдодли кишилар эса билган ва ақллари етган у ёки бу ишни бажарганлар.
…Оғир қиш шароити туфайли Ясная Полянада яшаш мумкин бўлмаганлиги боис Москвага кўчиб келган Толстой Любян майдонида нафас олиш учун айланиб юрарди….
– Қаранглар! Инсон қиёфасидаги иблис! – дея бақирди бир серсоқол мужик Толстойни кўрсатиб. – Уни уриб ўлдирамиз!
Ёвуз оломон ҳайрат-ла қотиб қолган ёзувчига ташланди. Уриб, йиқитиб, дўппослай кетдилар.
Полиция етиб келмаганида уни парчалаб ташлардилар.
Шундан сўнг даҳо ёзувчини халқ душмани дея эълон этдилар.
Бу – ҳақиқий халқ душманларининг фармойиши эканлиги эса эндиликда ҳеч кимга сир эмас.
Бир буюк даҳо – Фёдор Достоевский йигирма йилдирки ҳукм этилган ўлим жазосини кутиб ётарди!
Иккинчи даҳо – Лев Толстой халқ душмани деб эълон этилган, ватансиз ва шарафсизлар уни таҳқирлаб мақолалар ёзишар, бунинг эвазига подшоҳнинг суяк ташлашини беклашарди.
Султон таниган итлар суяксиз, таниб тан олмаганлари эса таёқсиз қолмасди.
Толстой ва Достоевский каби даҳолардан эса аҳмоқона, саводсизларча эшак ўғриси ясашга уринишарди…
Улар инсониятни, борлиқ дунёни инсонларга бўлган меҳр-муҳаббат, оқибату садоқат қутқаради дея қўлига қалам олиб, йўлга чиққан эдилар.
Бироқ ёзувчи севган, бошига кўтарган, улар учун ҳаётини тиккан яратиқлар эса уни ҳақоратлаб, тепкиладилар.
Беш минг киши уни Ясная Полянага, сўнгги йўлга кузатиб борар экан, бу халойиқнинг юзда тўқсон тўққизи на “Уруш ва тинчлик”, на “Анна Каренина” ёхуд “Тирилиш”ни ўқимаган эдилар.
Мудом шоҳдан нажот кутиб, бир башорату каромат билан ҳаётлари ўзгариб кетишига ишонган бу тепаси ўйиқлар тупроққа айланган авлиё ғояларидан умиду илинж, адли адолат беклардилар.
Бироқ славян отасўзида айтилганидек, самимият тақдирланмайди, жазоланади.
Буни бизда савобнинг таги тешик дейдилар.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳасрату армон ила оҳ ургани каби…
Ким кўрибди, эй кўнгил,
Аҳли жаҳондин яхшилик…
Буни англаб етган даҳо шахсият ўзини ҳеч қачон англаб етиши мумкин бўлмаган одамлар, ҳатто энг яқин кишиларидан ҳам қўлини ювиб, қўлтиғига урди. Одам зотидан безиб, бош олиб чиқиб кетди ва бир темир йўл бекати навбатчисининг уйида омонатини топширди…
Ёзувчи ва файласуф Эмерсон ҳақ эди. Ҳақиқий даҳони у пайдо бўлганида атрофидаги барча нодонлар унга қарши фитна уюштирганидан билса бўлади.
Демак, буюклар, даҳолар бор экан, ҳасадгўй, чаласавод ва нодонларнинг фисқу фужури, фитнаю фасодлари давом этаверади. Бошқа бир файласуф, Плутарх насиҳат этганидек, агар эшак сени тепса, тепиб жавоб қайтариш шарт эмас. Миллат томонидан ўлимга ҳукм этилганларнинг кўпчилиги унинг буюк вакили ҳисобланишади. Тарихчи Ренан бунга қўшимча қилади. Қўрқоқлик деярли доимо тақдирланади. Мардлик ва яхши фазилат кўпинча ўлим билан жазоланади.
Ҳинд файласуфи Бхартрихари битганидек, пасткаш ва тубанлар қораламайдиган бирор-бир яхши фазилатли киши бормикан? Улар камтарни – нодон, қатъий ишончлини – манман, ҳалолни – фирибгар, мардни – шафқатсиз, самимийни – тентак, хушмуомала кишини – ожиз, гапга чечанни – вайсақи дейишади.
Зотан, бошқа бир фикр, янги бир ғояга қотиллик, душманлик кўзи билан боқиш, инсоният мавжуд бўлганидан бери бор ҳақиқатдир.
Коперник ва Мансур Ҳалложни ўтда ёқгувчи понтийпилатчилар ўз ишларини Исо Масиҳни Голгота тепалигига олиб чиқиб, чормихга тортмоқдан бошлаган эдилар. Чернишевскийни сазойи қилганлар, ҳабашлар озодлиги учун курашган Жон Браунни дорга осганлардан кўра инсофлироқ эди.
Ўз фикр қобиғини ёриб чиқа олмаган, тасаввур дунёси чегараланган, ҳаёт ва ўлим ҳақиқатини англаб етмоққа уринмаган нодонлар ер юзида мавжуд экан, боши юмалоқ бути айри яратиқлар бир-бирининг кушандаси бўлиб қолаверади.
Ҳар бир қавму қабила, элу элатнинг дину диёнати, ахлоқ ва ҳақ-ҳуқуқ мезонлари ўз йўлига. Инсон аталмиш яратиқнинг барча уринишу чирпинишлари охир-оқибат бир ярим газ ер ва икки газ бўз ила барҳам топади.
Ақлнинг йўли бир деганларидек, адолатнинг олий шоҳсупаси ҳам, бу шоҳсупага элтадиган қоронғу сўқоқларни ёритгувчи даҳолар закоси, ақлисалимликнинг тўраю тузуги ҳам текдир.
…Бир гуруҳ ёш ёзувчилар саксонинчи йилларнинг бошида Тула губерниясига, Лев Николаевичнинг Ясная Полянадаги ғоят оддий ва камтарона сўнг манзилини зиёрат этмоқликка бордик.
Бу чексиз-чегарасиз, учи қуйри йўқ, илоҳий гўзал ўрмонларда Толстойона сокинлик, теранлик ва улуғворлик ҳукмрон эди. Бу табиий иқлим ва адабий муҳит, адабиётни англаб етган киши учун сўз ила ифодалаб бўлмас бир сабоқ эди. Бу яшил кенгликларда фақат кезиш, хаёл суриш, табиат билан тиллашиш ва инсониятнинг энг буюк бир даҳосини хотирлаш мумкин эди.
Лев Николаевич Толстой уй музейининг ходимаси ҳайрат ва ҳаяжон, завқу шавқ-ла авлиёлик мақомига юксала билган санъаткор ҳақида ҳикоя қиларди.
Унинг бир фикри хотирамга ўрнашиб қолган.
– Ҳозир Тула областида қирқ бир нафар СССР Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси бор. Инқилобгача эса фақат Лев Николаевич Толстой бўлганлар…
Сукут суиқасди… Бу жумлани сўйлаганимда туппа-тузук ҳамкасбларим ҳам бирданига фаҳмлаб, ҳазм эта олмадилар. Бир оз тер тўкиб англатмоғимга тўғри келди.
Қодирийу Чўлпон, Усмон Носиру Файзулла Хўжаев, Акмал Икромову Элбекларнинг “судланиб” отилишига кимлардир “хизмат” этган бўлса, тўп-тўп, тўда-тўда кишилар, кўйу қасабалар, овулу қишлоқлар сассиз-садосиз сукут сақлаган. Бу қотиллигу қатағоннинг асл қиёфасини тушунганлар ҳам оғиз очмаган. Сукут ризолик аломатидир. Худди ана шу нарса сукут суиқасди дейилади.
Лоқайдлигимиз, ҳақу ҳақиқатнинг, адли адолатнинг моҳиятига етмаганимиз, оч ўлдирма тўқ ўлдир, қиш ўлдирма ёз ўлдир психологиясига амал қилиб ўрганганимиз учун, бир ватандошимиз ҳақсизликка учраса, уни ҳимоя этмай, томошабин бўлиб туришимиз, қорани оқ дейишимиз-ла сукут суиқасдчисига айланамиз.
Шуни азобу алам ила қайд этмоқ жоизки, кечмиш режим ва тузумларнинг асил миллат фидойилари ҳамда ватанпарварлардан халқ душманлари ясашдек ғайри ахлоқий ва ғайри инсоний, маънавий қатағонлик сиёсати ҳали-ҳануз яшаб келмоқда.
Чор императорлари Романовлар, Нодирабегиму Жунайдуллоҳ Ҳозиқларни қатлга етказган амир Насруллоҳлар, Қодирийу Чўлпонларни ўққа тизган коммуфашистлар бугун ҳам мулойимхунук қиёфаларини ниқоблаб, маънавий террор шамчироғига ёғ қуйиб, ўтмиш устоз қотилларнинг жирканч тирикчиликларини шарафсизларча давом эттирмоқдалар.
Одам отлиқ ноқис яратиқ бор экан, номуслиларга кўра чексиз даражада кўп бўлган бундай номуссизлардан қутулмоқ мумкин кўринмайди.
Лев Толстой, Эрнест Хемингуэй…
Ҳаётлари мутсиз ва бахтсизларча якун топган даҳолар.
Шиллер ҳақ эди. Уларнинг буюклиги шон-шавкатли, бетакрор ижодларида намоён бўлган эди. Кишилар назарида улардан машҳур ва бахтли шахслар йўқ эди.
Аммо ҳақиқий улуғлик, улуғворлик эса фақат бахтсизликда намоён бўлар экан.
Буюк даҳо ҳаётининг сўнгги они, даму дақиқасида ҳам олий ақл-идрок, доҳиёна қалб ва ҳақиқий улуғвор виждон сасига қулоқ тутди. Толстой курсдоши Николай Романовга шарққа нисбатан қилаётган адолатсиз босқинчилик ва мустамлакачилик сиёсатидан қайтишни, акс ҳолда абад ул-абад чексиз тавқи лаънат остида қолажагини огоҳлантириб, мактуб ёзди.
Одатда авлиёлик сифатига соҳиб шахсиятлар келажакни олдиндан кўра биладилар. Тавқи лаънат кундаси нафақат оқ подшоҳнинг бошига тушди. Балки бутун авлоди билан ўққа тизилди ва жасадлари оҳак суви билан куйдирилиб, ёқиб юборилди (тавқ, тавқи лаънат жазо тариқасида гуноҳкорнинг бўйнига кийгизиб қулфлаб қўйиладиган кунда).
Декабристлар отилдилар ва сургун қилиндилар.
Деформачи бош вазир Столибин суиқасдга қурбон кетди.
Пушкин ва Лермонтов дуэлга чиқишга мажбур қилинди ва ҳалок бўлдилар.
Чернишевскийни сазот қилиб, эътиборсизлаштириб, Сибир тайгасига сургун этишди.
Лев Толстойни мурдат ва халқ душмани эълон этиб, эл назаридан қолдирмоқчи эдилар.
– Всегда в истории Россиа, послушные собаки были почёте, – деди ўзи ҳам ўлимга ҳукм қилиниб, сўнг дамда олий жазоси Сибир сургуни билан алмаштирилган Фёдор Михайлович Достоевский.
Мустабид ва тоталитар режимларда ҳақиқий қаҳрамонларни элнинг кўзидан пана қилмоқ учун барча соҳаларда сохта қаҳрамонлар ясайдилар.
Бу каби фожеавий қисмату қадарлар кечмишдан бизга маълум эди. Ўз халқи ва ватани бағрига сиғмаган Беруний Ғазнада, Ибн Сино Хамадонда, Фарғоний Мисрда, Хўжандий Табризда, Бобур Кобулда тана тупроқларини қаро тупроққа топширмоқ мажбуриятда қолдилар.
Зотан…
Манфур манфаат қули,
Мудом кунда шундалар.
Кеча-кундуз фарқ этмас,
Топишарлар тундалар.
Фосиқлар фатвосига,
Донишмандлар кўндилар.
Абдаллар томир отиб,
Арпа бўйи ундилар.
Ёлғонни ҳақ-ҳақиқат,
Адолат деб сундилар.
Эл ҳисоб сўрган куни,
Харсанг каби тўнгдилар.
Бир азобу уқубат,
Пок қалбларни тимдалар.
Болталар сопи синган,
Шох чиқарар кундалар.