Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - Жавлон Жўраев - Страница 4

Бошладик

Оглавление

«Ёлғон, ҳаммаси ёлғон,

Дунёда ўлимдан бошқаси ёлғон…»

(Юлдуз Усмонова қўшиғидан)

Мен ёлғончиман десам, нима деган бўлардингиз? Бунга ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам мен ёлғончи бўлиб чиқаман. Сиз ёлғончисиз десам-чи?

Аслида, ҳаммамиз ёлғончимиз. Чунки болаликдан бизни кўп алдашган. Ёлғонлар ичида катта бўлган одамда ростгўйлик бўлиши ҳам ёлъгон.

Ёлғонлар бизга яшашга, қийинчиликларни енгишга, кучли бўлишга имкон беради. «Ҳаммаси яхши бўлади» деб алдаймиз ўзимиз ва атрофдагиларни. «Мен сени севаман» деб алдаймиз. «Мен буни ўзим учун қилмаяпман» деб алдаймиз. «Мен бахтлиман» деб алдаймиз.

Хўш, нега буcнҳалик ёлғонларга кўп таянамиз? Наҳотки, фақат ростдан иборат ҳаёт қуриб бўлмаса? Наҳотки, шахсий эркинлигимиз ёлғонларга боғлиқ бўлса?

Инсон ўз тараққиётида ёлғонни четлаб ўтиши имконсиз бўлган. Ақл ўсгани сари, кўнгил билан ақл зиддияти кучайган. Кўнгил самимий ва содда бўлгани учун, ақл унга нисбатан таъсир қуроли сифатида айнан алдовларни ўйлаб топган. Ва аста-секин ёлғонни санъат даражасига олиб чиққан.

Ёлғон бизга шахсиятимиздаги мувозанатни тутиб туриш учун керак. Айнан ёлғон қалб ва ақл зиддиятларини ҳал қилишда беминнат хизмат кўрсатади, ақл зулмидан тана ва қалб тамоман жабр кўришининг олдини олади. Агар бу мослама ишламай қолса, инсон руҳий саломатлиги бузилади. Руҳий касалликларнинг кўпчилиги ана шундай келиб чиқади – одам қалби ақли айтган ёлғонларга ишонмай қўяди ва қўзғолон кўтаради.

Демак, ёлғон бизнинг соғлигимиз учун зарур экан-да? Бир жиҳатдан, ҳа. Аммо ёлғон соясида яшашни танлаган одамда шахсий эркинлик бўлмайди ва у ақл ҳокимятини тан олиб яшайди. Кўнгил бир умр ёлғонлар билан суғорилади ва ўз истакларига эриша олмайди. Ёлғон дорисини ичиб яшаган одам соғлом – бироқ бахтсиз бўлади.

Хўш, ёлғонларсиз яшаб, мустаҳкам саломатликка эришиш учун нима қилиш керак?

Бунинг учун ақлни назоратпарастликдан ҳоли қилиб, уни кўнгил билан дўстлаштириш керак. Ана шунда ақл қалбни ўзига душман билмайди ва унга қарши ёлғондек ҳавфли қурол ишлатмайди.

Ақл билан қалбни дўстлаштириш бир масала – биз биринчи суҳбатимиздан бери шу ҳақида гаплашамиз. Бошқа масала – ақл ишлатадиган ёлғонларни таний билиш. Бу галги суҳбатимиз ана шунга бағишланади. Унда қанчалик самарага эришганимизга суҳбат охирида баҳо берамиз.

Суҳбат давомида биз ҳаётимизга ва шахсий ўсишимизга катта таъсир ўтказадиган ёлғонлар ҳақида билиб оламиз. Ёлғонлар таъсирида қандай муҳимликларга берилишимиз, қандай кемтиклар орттиришимиз муҳокама қилинади. Қайси ёлғонлардан қўрқишимиз ва ёлғонлар соясида аҳд кучимиз қандай исроф бўлиши ҳақида суҳбатлашамиз.

Келинг, суҳбатни тарихдаги энг катта ёлғон билан танишишдан бошлаймиз.

Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон

Подняться наверх