Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - Жавлон Жўраев - Страница 5

Душанба – Шахсият
Буюк ёлғон тарихи

Оглавление

Яралиш аввалида Ер юзи жаннат бўлган. Унда ҳамма жонзотлар ўзаро мувозанатда яшаганлар. Улар орасида бир жонзот бўлганки, у ўз қизиқиши билан бошқа мавжудотлардан кескин ажралиб турган.

Қизиқиш уни ймоғир нималигини билишга, дарахт тепасига чиқишга, бошқа ҳайвонлар уясига кириб кўришга ундаган. Қизиқиш уни турли меваларни еб кўришга, чақмоқ уриб ёниб кетган дарахт танасидан қолган чўғни ушлаб кўришга чорлаган.

Айнан қизиқиш орқали одамзотда ақл ривожланган. Биз айнан қизиқувчанлигимиз сабаб ман қилинган мевадан еб кўрганмиз ва бизга ақл битган. Илм-фан ҳам, дин ҳам бир ҳақиқатлар ҳақида сўзлайди – фақат иккиси буни ўз усулида, ўз воситаларидан фойдаланиб қилади.

Ақл – инсонда қизиқувчанлик ортидан шаклланган. Қизиқувчанлик сабаб аччиқ мевани еб қўйган одамзот онгида буни қайтиб қилмаслик кераклиги ҳақидаги хулоса шаклланган. Чўғни ушласа қўл куйиши, айни бир ўтни чайнаса сарҳуш бўлиши, дарахтга чиқса атроф яхшироқ кўриниши ана шундай хулосалар шаклида одам онгидан жой ола бошлаган. Ақл ана шундай шаклланган.

Фақат ақл бунда бир муаммога дуч келган: ширин мевани еб кўргандаги роҳатни аччиқ мева егандаги азобга солиштириш ва уларни бир-биридан фарқлаш учун шартли белгилар керак бўлган. Шунда ақл унга ёққан ҳамма нарсани «яхши» – унга ёқмаганларини эса «ёмон» ёрлиғи билан белгилай бошлаган.

Биз улуғлайдиган «яхши» ва «ёмон» сифатлари ана шундай пайдо бўлган. Бу иккиси шучаки шартли белги – улар одам хулосаларини таснифлаш учун керак бўлган, холос. Аммо таъми аччиқ бўлган мева аслида танага шифо эканини ақл билмаган. Чўғ тўғри ишлатилса, совуқда тафт, зулматда нур мериши мумкинлигини ҳам ақл билмаган. У бу нарсаларни билмай туриб аччиқ мева ва чўғга «ёмон» ёрлиғини осган.

Ақл атрофдаги нарса, жонзот ва ҳодисаларга яхши ва ёмон сифатини беришга шу даражада киришиб кетганки, тез орада у бутун дунёни икки хил турга ажратиб ташлаган. Аммо вақт ўтиб, у аввал яхши деган нарсалар аслида зарарли, у аввал ёмон деб атаган нарсалар аслида фойдали эканини билиб қолган. У катта қийинчиликлар билан бу нарсаларга берган баҳосини ўзгартиришга мажбур бўлган.

Яхши ва ёмон – тарихдаги энг катта ёлғон. Дунёда яхши ва ёмон нарсалар, жонзотлар, одамлар йўқ. Ҳаётда яхши ёки ёмон ҳодисалар содир бўлмайди. Ақлимиз у ёки бу нарса яхши ёки ёмон эканига бизни алдаб ишонтиради. У буни бизнинг қарорларимиз устидан эга чиқиш учун – бизнинг шахсиятимизни қамалда сақлаш учун қилади.

Бу дунёда яхши ёки ёмон нарса йўқ – бу дунёда оддий нарсалар бор. Бу дунёда яхши-ёмон жонзот йўқ – табиатда ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни бор. Бу дунёда яхши-ёмон одам йўқ – бу дунёда сиз ва мен каби оддий одамлар бор.

Хўш, бу буюк ёлғонга қандай ишонганмиз? Ақлнинг яхши ва ёмон ҳақидаги найрангига қандай учганмиз?

Буни англаб етиш учун биз аввалги китобларда муҳокама қилинган табиий ва орттирилган (ижтимоий) билим тушунчаларига мурожат қилишимиз лозим.

Ҳайвоннинг боласи атрофидаги ҳавф-хатардан бохабар туғилади. У нимадан қочиш, кимга талпиниш, қандай тирик қолишни билади. Бу билимларни унга табиат берган. Бу билимлар унга ота-онасидан қон билан – жон билан ўтган. Бу билимлар унинг генида ёзилган.

Одамзот боласи ҳам ҳудди шундай табиий билимлар билан яралади. Биз ҳам ота-онамиздан тирик қолиш, яшаш ва ривожланиш учун зарур ҳамма билимларни олиб дунёга келамиз. Бу билимлар (ҳақиқатлар) бизга яралиш пайтида берилган.

Нега биз яхши ва ёмон нима эканини билиб туғилмаймиз? Чунки «яхши» ва «ёмон» тушунчалар фақат жамиятга тегишли. Чунки бу табиий билим эмас. Чунки «яхши» ва «ёмон» деган ҳақиқатлар йўқ аслида. Бу – одамлар дунёни борича қабул қила олмаганидан келиб чиққан сароб. Улар бу ёлғонни ўзларига қарши ўйлаб топишган. Бу ёлғонни ақл одамзот устидан бўлинмас ҳукмга эга бўлиш учун ўйлаб топган. Биз ўз ақлимиз ёлғони ташлаган қопқонда яшаймиз.

Бу таъкид кимдадир норозилик уйғотиши мумкин. Бизга эсимизни таниганимиздан бир гап уқтирилади: яхши-ёмонни билмаган яшай олмайди, бахтли бўлмайди. Бу гап ҳам ёлғон – бизга яшаб қолиш ва бахтли бўлиш учун бу дунё, унинг таркибий қисмларини, бошқа жонзот ва одамларни яхши ва ёмонга ажратиш шарт эмас. Аниқроғи – бундай қилиш бизга яшашга – бахтли яшашга ҳалал беради.

Жуда кўп ҳолларда яхши ва ёмон сифатлари шунчаки андозага таяниб айтилади. «Ўғлим, бу ишни қилиб бўлмайди – Нега? – Ёмон бўлади» каби тарбия болада зарарли яхши-ёмон тушунчасини шакллантиради. Тарбия пайтида у ёки бу ишни яхши ёки ёмон эмас – фойдали ёки зарарли, бунёдкор ёки вайронкор, керакли ва кераксиз каби таъриф орқали етказган маъқул. Бунда айнан шу иш нега ижобий ёки салбий жиҳатга эга эканига етарлича асос бериш лозим.

«Ўғлим, ана бу болаларга қўшилмагин. – Нега? – Чунки улар ёмон болалар – Нега? – Чунки улар сени ёмон одатларга ўргатади…» Болага «яхши» тарбия бериш важи билан бировнинг боласини ёмон дейишнинг ўзи тўғримикан? Бундай таъкид болада бу дунёда ҳамма тенг эмаслиги – кимлардир дўстларшишга ва ишонишга лойиқ, кимлардир бунга муносиб эмаслиги ҳақидаги асоссиз хулосани шакллантиради. Яъни яхши-ёмон тушунчалари фарзандингизни ҳаётдаги асл қадриятлардан чалғитади.

«Ўғлим, ҳар ким билан дўст бўлиш яхши. Фақат у ёки бу ишни қилишдан аввал бу сенга чиндан керакми-йўқми – ўйлаб кўргин. – Нега? – Чунки одамлар қиладиган ҳамма иш ҳам фойдали бўлавермайди. – Фойдасиз ишни қилсам, кимга зарар? – Энг аввало ўзингга, кейин бошқаларга…»

Бу таъкидда, содда тил билан айтганда, «одам ажратиш» йўқ. Болада одамлар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини яхши-ёмонга ажратиш илинжи пайдо бўлмайди. Ҳар кимнинг шахсиятини тенг ҳурмат қилиш ва ўз танловлари учун маъсулиятни сезиш шаклланади. Болани бузғинчи ишлардан «ёмон» одамлардан нари юриши эмас – ўз қарорлари учун жавобгарликни билиши тежаб қолади.

Яхши ва ёмон ҳақидаги ёлғон шу қадар қадимги ва улканки – унинг аслида ёлғон эканини кўпчилик унутган. Ақлимиз шу буюк ёлғон асосида кўплаб бошқа «ёлғончалар»ни ўйлаб топиб, ҳаётимизга киритган. Бу ёлғончалар баъзида бир-бирига зид фиркларни таъкидлайди: бири бу дунёда ҳар доим яхшилик ғалаба қозониб, ёмонлик жазога маҳкум эканини айтса – бошқаси «яхшига кун йўқ, ёмонга – ўлим» дейди.

Бу ички зиддиятларни биз одатда сезмаймиз – чунки ақл ҳар бир ёлғончани ўз жойида ишлатади: яхшилик устунлигини ўтказсиҳ керак бўлганда биринчи ёлғонча кор келади, адолатсизликка урғу бериш керак бўлганда иккинчи ёлғонча ишга тушади. Аммо сергак туриб, ҳамма ёлғончаларни бир сафга қўйса – уларнинг кўпчилиги бир-бирига зид экани ошкор бўлади.

Яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги буюк ёлғон қўл остидаги кичик ёлғончалардан куч олиб яшайди. Ёлъгончалар фош бўлса – уларнинг бобоси буюк ёлғон ҳам ошкор бўлади. Ҳар хил нарсага бўлган муносабатингизни астойдил ўрганиб чиқсангиз – бунақа ёлғончалар сиз умуман кутмаган жойларга яширинганини билиб оласиз.

Келинг, биз ана шу ёлғончаларни фош қилишга уриниб кўрамиз.

Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон

Подняться наверх