Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - Жавлон Жўраев - Страница 6

Душанба – Шахсият
Ёмонликдан омонлик

Оглавление

Сизга, ҳар доимгидек, бир ажойиб саволим бор: Сиз яхши инсонмисиз?

Жавоб бериш қийин-а? Балки, осонгина жавоб бергандирсиз. Нима бўлганда ҳам, шу саволни ўқиб, хаёлингиздан ўтган фикрларни эслаб қолинг – биз уларга ҳали яна қайтамиз.

Бизнинг дунё – қарама-қаршиликлар дунёси. Унда ҳамма нарсанинг акси – зидди бор. Ёруғликка қарши зулмат, иссиққа қарши совуқ, меҳрга қарши қахр. Табиат ҳам мукаммал зиддиятлардан ташкил топган – борлиқни ташкил қилган зарраларда ҳам қанча манфий қувват бўлса, унга қарши шунча мусбат қувват бор. Баъзи олимлар бугун ҳатто модданинг ҳам зидди – антимодда (антиматерия) мавжудлигини таъкидлашмоқда.

Биз бу бир-бирига зид кескинликларни бир-бири билан таққослаб ўрганамиз. Оқ нима эканини фақатгина уни қорага солиштириб айтишимиз мумкин. Ақлимиз ҳамма нарсани таққослаб, ҳамма нарсага номлар, сифатлар бериб чиққан. Биз дунёни ана шу сифатлар асосида кўриб, қадрлаб яшаймиз.

Бу йўлдаги энг катта ютуғимиз – «яхши» ва «ёмон» сифатларини ўйлаб топганимиз бўлган. Бу икки сўзнинг асл қудратини биз ҳар доим ҳам билавермаймиз – аммо бу икки сўз бизнинг ҳаётимизга жуда кучли таъсир қилади.

Биргина «яхши» ёки «ёмон» сифатига эргашиб, биз қарорлар қабул қиламиз. «Яхши» ёрлиғи илинган одамлар, буюмлар ва ғояларга эргашамиз – «ёмон»ларини ўзимиздан нари тутишга уринамиз. «Яхши» деб билган ишларимизни қиламиз, «ёмон»ларидан тийинамиз. Буларнинг барини биз ўзимиз «яхши» бўлиш учун – ўзимизга «яхши» бўлиши учун қиламиз.

Нима деб ўйлайсиз: қўлингиздаги китоб яхшими? У сизни яхши инсон бўлишга чорлаяптими? Яхшилик қилишга ундаяптими? Уни ўқиб, ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?

Бу саволлар ичида чалкашиб қолмай туриб, сизга аввал айтган гапни эслатай: яхши ва ёмон тушунчалари – одамзотнинг бахтли бўлишига қаршилик қиладиган энг катта ёлғондир. Ҳа – дунёда яхши ва ёмон одамлар, нарсалар ва ҳодисалар йўқ.

Тарбия билан онгингизга сингдирилган қоидалар ҳозир талвасага тушган бўлса керак. Лекин бунга ишониш қанчалик қийин бўлмасин – яхшилик ва ёмонлик бор-йўғи нисбий ҳақиқатлар. Уларни одамзот ўз-ўзини бахтдан айириш учун билмасдан ўйлаб топган.

Яхшилик ва ёмонлик – ижтимоий тушунчалар. Табиатда бундай тушунчалар мавжуд эмас. Табиат бундай сунъий тушунчаларни тан олмайди, уларга қараб яшамайди. Қўрқоқ ва оқкўнгил қуёнлар-у, кучли ва ёвуз бўрилар фақат эртакларда бўлади. Табиатда эса қуёнлар ҳам, бўрилар ҳам бир хил ўринга эга.

Айтайлик, шоқол кийиклар тўдасидан айнан нимжон кийик боласини танлаб, ҳужум қилди ва ўлжасига эришди. Хўш, шоқол ёмон иш қилдими? Унинг тўдадоши қари ва касалванд, ҳеч нарсага ярамай қолган кийикни ўлдирди. Хўш, буниси-чи?

Иккала шоқол яхши ҳам, ёмон ҳам эмас – улар оддий. Улар яхши иш ҳам, ёмон иш ҳам қилмадилар – улар табиий иш қилди. Иккиси ҳам ортиқча куч сарфламай, ўлжага осон эришиш йўлидан борди. Чунки бугун кучини тежаса, эртага ҳам кучукларини боқишга қуввати етади.

Бу воқеани четдан кузатиб турган одамзот эса дарров «яхши-ёмон» ўйинини бошлаб юборади. У дарров ожиз кийикчага ҳамла қилган шоқолни қоралашга тушади. Боласини қаровсиз қолдирган она кийикни ҳам айблаб қўяди орада.

Яхши ва ёмон сифатлари бизга аслида бизники бўлмаган «қозилик» ҳуқуқига даъво қилишга асос бўлади. Биз нафақат табиатдаги жараёнларни – балки бир-биримизни ҳам ана шу элакдан ўтказамиз. Бировни яхши, бировни ёмон, бир ишни яхши, бошқасини ёмон дейишдан олдин чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.

Биз ҳатто ўз танамизни яхши ва ёмон нимталарга ажратамиз. Ўнг қўл – яхши, чап қўл – ёмон. Ўнг қўл билан қилинган иш – яхшилик, чап қўл билан қилингани – қинғир. Бундай яхши-ёмон ёрлиқлари мақол ва удумларимизгача сингиб кетган. Фарзандларимизни ёшликдан ўнг қўлда овқатланишга, ёзишга, чизишга ўргатамиз.

Аммо соф табиий жиҳатдан бу жуда зарарли. Одам танасининг ўнг ярмини миянинг чап ярми бошқаради. Миянинг чап ярми эса мантиқий ва танқидий фирклашга жавобгар. Танамизнинг ўнг ярмига кўпроқ эътибор бериб, уни кўпроқ машқ қилдирсак – миямизнинг ҳам фақат чап ярми ривожланади. Яни, болангизга «яхши» бўлган ўнг томонни кўпроқ тарбиялашни айтиб, сиз унинг фақат бир ёқлама ривожланишига туртки берасиз.

Миянинг ўнг ярми – мавҳум фикрлаш ва ижодий фаолиятга жавобгар. Мона Лиза ва Шашмақомларни буюк даҳоларнинг айнан ўнг мия қисми яратган. Инсоният барпо қилган барча гўзал нарсалар – мия ўнг ярми маҳсулоти.

Кўпчилик иқтидорли одамларнинг чапақай бўлгани бизга маълум. Аммо бунда улар иқтидорли бўлганлари учун чапақай бўлиб қолмаганлар – аксинча, улар болаликдан чап қўлларини ҳам тарбия қилганлари учун, уларнинг ўнг мияси яхши ривожланиб, улар истеъдодли бўлиб етишишган.

Шундай экан, фарзандингиз чап қўлда қошиқ ёки қалам тутса – уни койишга шошилманг. Ким билсин – у келажакда буюк ижодкор бўлиб, инсониятга завқ берувчи асарлар яратар. Санъат йўлидан бормаган тақдирда ҳам, у тўлақонли камол топган – миясининг икки ярмини ҳам тенг ривожлантирган кучли шахс бўлиб етишади.

Бола миясининг икки ярми мутаносиб ўсиши учун, унинг танасини ҳам чап, ҳам ўнг томондан тарбиялаш лозим. Мисол учун, унга чап қўлда сурат солиб, ўнг қўлда ёзишни ўргатиш мумкин. Қошиқни ҳар икки қўлда тутишни ўргатса ҳам бўлади – ишонинг, чапақай бўлса «ёмон» бўлмайди.

Кимдир боласига ёмон болалардан нарироқ юришни тайинлаганини эшитсам – ҳайрон бўламан. Ёмон бола қанақа бўларкин? Наҳотки, боланинг ҳам ёмони бўлса? Балки, улар бу билан ёмон тарбияли болани назарда тутар? Унда «ёмон тарбия» қанақа бўлади? Ким боласига «ёмон бола бўлгин, қулоқсиз, одобсиз, қайсар бўлгин» деб тарбия беради ахир?

Айтайлик, битта «ёмон» болага иккита «яхши» бола қўшилиб қолди. «Яхши» болаларнинг бири «ёмон» бола таъсирига тушди – иккинчиси ўзгармади? Шундай бўлиши мумкин-ку. Демак, гап аслида «ёмон» боланинг «ёмон» тарбиясида эмас экан-да?..

Болалар бир-бирларини яхши-ёмонга ажратмайдилар. Бунга сабаб ёш бола яхши-ёмоннинг фарқига бормаслиги эмас – болалар аслида дунёда яхши ёки ёмон одам бўлмаслигини, ҳар қандай бола дўстлашиб, бирга ўйнашга муносиб эканини биладилар. Одамларни яхши-ёмонга ажратишни эса уларга биз – катталар ўргатамиз.

Яхши ва ёмон сифатлари бизга яшашга ҳалал беришига мисоллар жуда кўп. Ўз шахсиятимиз, бошқа одамлар ва ҳаётий вазиятларга яхши ва ёмон сифатини бериб яшаш билан биз ўзимизни кўп нарсадан чеклаймиз. Бу билан биз ўзимизни шахсий ўсишдан – шахсий куч тўплашдан чеклаймиз. Мана шу ростан ҳам ёмон.

Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон

Подняться наверх