Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - Жавлон Жўраев - Страница 7

Душанба – Шахсият
Шахсий ожизлик

Оглавление

Бу қанақаси – демак, ҳаётда ёмон инсонлар бўлмас экан-да? У ҳолда ҳаётда содир бўладиган шунча бузғунчи ишларга нима сабаб?

Аввалги бобдаги таъкидлар билан мен сизга одамлар ҳеч қачон хато қилмайди, уларнинг ишлари ҳеч кимга зарар етказмайди – ҳеч ким бузғунчи иш қилмайди демоқчимасман. Албатта, ҳаётда тубан ва ёвуз ишлар содир бўлади. Мен сизга ана шу ишларга ёмонлик аломати деб қарамасликни тавсия қиляпман, холос.

Нима деб ўйлайсиз – одамлар нега ёлғон гапиради? Нега фирибгарлик қилади? Нега бировнинг ҳақига ёки мулкига тажоввуз қилади? Нега оғир жиноятлар содир этади? Ёмон одам бўлгани учунми?

Йўқ. Одамлар ожизлиги сабаб бузғунчи ишлар қилади. Мен сизга одамларнинг хатти-ҳаракатларини яхши-ёмонга эмас – бунёдкор ва бузғунчи ишлар тоифасига бўлиб баҳолашни тавсия қиламан. Фақат бунда бунёдкор ишни ёки шу ишни қилган одамни улуғлаш (илоҳийлаштириш) ва бузғунчи ишни ёки шу ишни қилган одамни қоралаш (гуноҳкор санаш) илинжидан қутулиш зарур. Одамлар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолашда муҳимлик иштирок этмаслиги лозим.

Шундай қилиб, одамлар ўз ожизликлари сабаб бузғунчи ишларга қўл уришади. Мен ожизлик деганда жисмоний ёки ижтимоий ожизликни назарда тутмаяпман. Бузғунчи ишлар қилиш учун катта жисмоний куч ёки ижтимоий таъсирдан қисилган бўлиш шарт эмас. Ва аксинча – жисмоний ёки ижтимоий кучга эга одамларнинг ҳаммаси ҳам бунёдкор шахслар эмас.

Ҳамма гап шахсий (маънавий) кучда. Ҳаётий қуввати кам бўлган одам ўз мақсадларига интилишда ҳар доим бузғунчи йўлдан боради. Бунга ҳаётий мисоллар келтирсак, тушунарлироқ бўлади.

Масалан, бир жамоада икки спортчи бор: бири иккинчисидан анча тажрибали ва жисмонан чиниққан. Аммо тажрибаси кам спортчи муҳимликдан ҳоли ва у катта шахсий кучга эга. Дейлик, шу иккисидан бири жамоа сардори этиб тайинланиши кутилмоқда. Катта жисмоний кучига қарамай, шахсий кучи кам бўлган спортчи шу мавқега эришиш учун бузғунчи ишлар қилади: рақиби обрўсини тушириш учун ёлғон гапиради, керак бўлса ўз мақсади учун жисмоний кучини зўравонлик йўлида ишлатади.

Бир қарашда бу спортчининг ҳаракати мантиқсиз туюлади – у шундоқ ҳам кучлироқ ва тажрибалироқ, сардорлик унга насиб этиши эҳтимоли катта. Нега у шунда ҳам курашни қўймаяпти? Жавоб жуда оддий: унда ўз имкониятларига бўлган ишонч кам. Унда сардорлик уники эканини айтиб турган хотиржамлик йўқ. Унинг ўзига ишончини ва хотиржамликни таъминлайдиган шахсий кучи йўқ. Бор-йўғи шу.

Одам катта мавқе ва давлатга эришиб ҳам, шахсий ожизлигини йўқотмаслиги – натижада бузғунчи ишлар қилишда давом этиши мумкин. Шунинг учун қўлида катта бойлиги ва қудрати бўлган одамлар ҳар доим ҳам бунёдкор иш қилавермайдилар.

Келинг, шу ерда икки хил куч ҳақида эслаб олайлик. Одамзотга (ҳудди бошқа ҳар қнадай жонзот цингари) икки хил куч берилган: моддий ва маънавий. Моддий куч – атроф дунёга тўғридан-тўғри моддий таъсир қиладиган кучдир. Бизнинг жисмоний кучимиз – моддий куч. Бойлигимиз ва ижтимоий таъсиримиз – моддий куч. Мантиқий фикрлаш қобилятимиз – моддий куч.

Маънавий куч эса – биздаги ҳаётий қувват даражаси билан белгиланади. Оғир қалтис вазиятларда ўзини йўқотмаслик – маънавий куч. Қўрқувлардан ҳоли яшаш – маънавий куч. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хотиржамликни ва сергакликни сақлай билиш – маънавий куч. Одамларга маънавий завқ ва озуқа берадиган ижод намуналарини яратувчи илҳом – маънавий куч.

Бу икки куч бир одамда жам бўлган ҳолати жуда кам учрайди. Ҳам моддий, ҳам шахсий кучи катта одамлар тарихда ҳам кам бўлган. Бунга антик давр буюк саркардаси Ганнибал мисол бўла олади. У Африка шимолидаги Карфаген шаҳрида Рим империяси тазийқи остида яшаган. У бу тазийққа барҳам бериш учун аскарларини Гибралтар орқали олиб ўтиб, Римга шимолдан – Алп тоғлари оша ҳужум қилган. Бу саркарда ҳам жисмонан, ҳам шахсан кучли одам бўлган. У римликлар она шаҳрини эгаллаганда ҳам ўзлигини йўқотмаган ва сергак туриб иш қилган.

Ганнибалнинг мантиқий фирклаши ва билимлари ҳам кучли бўлган. Алпдан лашкарларини олиб ўтишда катта қоя унинг йўлини тўсади. Шунда у аскарлар ўзи билан олиб кетаётган сув ва май тўлдирилган мешларни қорга қўйиб, совитишни буюради. Қоя атрофида эса аланга ёқиб, уни қиздиришни тайинлайди. Қоятош етарлича қизиганда, яхдек сув ва майни унинг устига сепишади. Қизиб турган тош кескин совитиш туфайли ички қуввати остида ёрилиб, майда бўлакларга бўлиниб кетади. Лашкар учун йўл очилади.

Инсон ўз интилиши билан катта шахсий куч эгаси бўлиши мумкин. Аввал айтилгандек, шахсий куч етишмаслиги бизни турли бузғунчи ишларга бошлайди. Бу эса одамлар орасида яхши ва ёмон ҳақидаги ёлғон оммалшишига ҳисса қўшади.

Ўз мақсадига тўғри йўлдан бора билмаслик – шахсий ожизлик аломати. Масалан, нега одамлар ўз ниятига эришиш учун, кимгадир пора беради. Порахўрлик авж олишида пора берувчининг ҳиссаси кўпроқ бўлади. Чунки у ўз шахсий ожизлиги сабаб, мақсадига тўғри йўлдан бора олишига кўзи етмайди, ўз имкониятларига – ўзига ишонмайди.

Бундай одамнинг жазоси ўзи билан. У ҳар қанча мақсадига эришиб ҳам, ўзини бахтли ва хотиржам ҳис қилмайди. Ва у ўз шахсий ожизлиги сабаб кўп нарса йўқотади. Айтайлик, бир йигит пора бериб, олийгоҳга шартнома асосида ўқишга кирди. Шахсий ожизлик сабаб, у энди олийгоҳда ўқий ҳам олмайди ва пора бериб, фанлардан баҳо олади. Натижада у ҳам порага, ҳам шартномага пул сарфлайди – ва олийгоҳни ҳеч қандай билим олмасдан битиради. Бундай ҳолатни мен «йирик ҳисобда ютқазиш» деб атайман.

Юқоридаги каби инсонларни ёмон деб бўлмайди. Улар, шунчаки, ожиз одамлар. Уларни қоралаш ҳам, айблаш ҳам – уларга ачиниш ҳам керак эмас. Уларга нисбатан бизда ҳеч қандай салбий муносабат бўламслиги керак. Чунки биз ҳам оддий одаммиз – бизнинг ҳам кўплаб нуқсонларимиз бор. Биз ҳам камчиликлардан ҳоли эмасмиз. Ундан кейин – кучли шахс ҳеч қачон бошқа шахсларни ожизлиги учун қораламйди.

Одамларни яхши-ёмонга ажратиш – муҳимлик белгиси. Ўйлайманки, шахсиятингизни сиз муҳимлик касалидан даволаб улгургансиз. Яхши инсон бўлиш ҳақида қайғуриш керак эмас – чунки «яхши одам» деган тушунчанинг ўзи мавҳум. Ўз шахсиятингизни жамият чизиб берган «яхши одам» қолипига солишга уринманг. Чунки жамиятнинг «яхши» ва «ёмон» қолиплари тинимсиз ўзгариб туради. Ўзингиз билан узоқ курашдан сўнг, яхши одам қолипига кирганингизда – жамият янги қолипни ўйлаб топган бўлади. Бу ҳам «йирик ҳисобда ютқазиш» бўлади.

Бунёдкор одам бўлиб, бунёдкор ишлар қилиш ҳақида қайғурган афзал. Бунинг учун эса сизга биргина нарса – шахсий куч керак. Тўғри – моддий куч ҳам зарар қилмайди: танангизни чиниқтирсангиз, обрў ва бойлик орттириш учун ҳаракат қилсангиз, билим овига чиқсангиз – бунинг ҳеч бир зарари йўқ. Лекин шахсий куч сизнинг энг муҳим ўлжангиз бўлиши лозим. Моддий куч тўплаш йўлида хотиржам ва бахтли яшаш учун сизга айнан шахсий куч керак бўлади.

Асосийси, моддий куч ортидан қувиш учун, шахсий кучдан воз кечиб, охир оқибат йирик ҳисобда ютқазмаслик. Шахсий ожизлик – бизни «ёмон» одамлар сирасига қўшади. Шахсий ожизлик билан биз буюк ёлғоннинг бир қисми – бузғунчи бир қисмига айланамиз. Шахсий ожизликнинг ёмонлиги ана шунда.

Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон

Подняться наверх