Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - Жавлон Жўраев - Страница 8

Душанба – Шахсият
Мазмунли жонзот

Оглавление

Яхши-ёмон ҳақидаги ёлғонга эргашиб, бизда бир зарарли одат авж олади: биз ўз борлигимизга асос қидирамиз. Одамзот ўз мавжудлигини аҳамятсиз, оддий ҳолат деб қабул қила олмаслигига сабаб – мазмунсиз ҳаёт ёмон, мазмунли ҳаёт яхши деб билишидир.

Аммо биз ўз борлигимизга муҳимлик тусини беришга қанча ҳаракат қилмайлик, табиатда бир сир ўзгармас қолади – дунёда ҳеч нарса мазмунга эга эмас. Инсон мазмунли ёки мазмунсиз ҳаёт яшаб ўтмайди – инсон оддий ҳаёт яшаб ўтади.

Умрдан мазмун излаш – муҳимлик белгиси. Жамият ёки шахсий комплекслар таъсирида ақл ҳаётга мазмун беришга уриниши инсоннинг инсонийлик мағрурлигидан келиб чиқади. Биз ўзимизни бошқа жонзотлардан муҳимроқ деб билганимиз учун, бу дунёдаги тутган ўрнимизга ортиқча аҳамят берамиз.

Табиатни ҳолис кузатсангиз, унда мазмунга эга ҳеч нарса топа олмайсиз. Йиртқичнинг ўлжасини тутиб ейишида ҳеч бир чуқур маъно йўқ. Триллионлаб жонзотлар туғилади, яшайди ва бу дунёни тарк этади. Уларнинг бу ҳаётида алоҳида бир аҳамят ёки мазмун йўқ: улар яхши ёки ёмон ҳаёт яшамайди. Улар, шунчаки, яшайди.

Одам ҳам ҳудди шундай: бизнинг борлигимиздан ҳам қандайдир бир яширин илоҳий мақсад ёки мазмун мавжуд эмас. Яшашнинг яшашдан бошқа маъноси йўқ.

Менга мазмунли ҳаётни таърифлаб бера оласизми? Илм чўққиларини эгаллаб, оламшумул кашфиётлар қилиб яшаш мазмунли ҳаётми? Балки, худони танишга интилиб, авлиёнамо ҳаёт тарзини юритиш мазмунлироқдир? Ўзидан моддий ёки маънавий мерос қолдирмаган одам ҳаётини чиндан ҳам мазмунсиз дейиш мумкинми? Бундай одам ёмон ҳаёт яшади дея оламизми?

Одам яхши ёки ёмон яшамайди. Одам кучи етган, ўзи уддалаган усулда яшайди. Одам шахсий кучи имкон берган даражада бахтли яшайди. Бунда кучи кўплар муҳимликка берилмасдан, хотиржам яшашни танлайдилар; бунда ожизлар комплекс ва ёлғонлар таъсирида курашиш ва бир умр ўз ҳаётларини мазмунли қилишга интилишни танлайдилар. Бу танловда ҳам ҳеч бир маъно йўқ – бу, шунчаки, бир танлов.

Бу гапларим сизда норозилик уйғотаётган бўлса – демак, сиз ҳали ҳам муҳимлик таъсиридасиз. Ҳаётингизга сунъий муҳимлик бериб, дунёга шунчаки келмаганингизни таъкидлашга сизни нима мажбур қилаётганини яхшилаб таҳлил қилиб кўринг.

Яхши-ёмон ўйини биз – одамларга ўзимизни бошқа жознотларга таққослашга, бу қиёслашда ўзимизни юқори ҳисоблашга имкон беради. Одамлар ҳайвонларни «ёмон» деб билгани учун, бир-бирини ҳақорат қилиш учун шу ҳайвон номларидан фойдаланди.

Аммо энди сиз бу дунёда устун-қуйи, яхши-ёмон мавжудот йўқлигини билдингиз. Энди сизда инсоний ғурурга берилиш, ўз борлигингизни оламшумул бир ҳодиса эканини айтиб, оламга жар солиш илинжи йўқ.

Агар одамзот шунчалик муҳим мавжудот бўлганда – уни Худо биринчи бўлиб яратмасмиди? Етти иқлимдаги борки тирик жон пайдо бўлгандан кейингина одамзот вужудга келган – бу ҳам бизга камтар бўлишга, ўз борлигимизга ортиқча баҳо бермасликка бир ишорадир, балки?

Одамлар ўзларини алдашни бунчалик яхши кўришларига сабаб нимада экан? Биз нимага ўзимизга ўзимиз, атроф дунё, бутун борлиқ ҳақида тинимсиз ёлғон гаирамиз? Буюк ёлғон таъсирида узоқ муддат яшаб, шундай одат чиқарганмизми, дейман.

Мен ўзим узоқ муддат ўзимни алдаб яшаганман. Шахсиятим, уни ҳаётда тутган ўрни, борлигим мазмуни ҳақида ўйлашни, жиддий саволлар беришни эрта бошлаганман. Балоғат ёшимгача ҳаётимдан мазмун топишга – топа олмасам, уни ўзим ёлғондан яратишга уринганман. Ва бу муҳимлик учун бахтсиз ҳаёт кечирганман.

Бундай тажриба ҳар кимда бор. Мен бу борада ҳаммадан бошқача эмасман – ҳар ким умрининг бошида «ҳаёт мазмуни» қопқонига бир марта тушади ва азобланади. Бу ҳам яхшиликка – биз шу баҳона ўзимизга жиддий саволлар берамиз ва жавоб излаймиз. Аммо, афсуски, жавоб топишга кучимиз ёки аҳдимиз етмаса – ўзимизга ёлғон жавоблар ўйлаб топамиз.

Мана энди «ҳаёт мазмуни» мавзусидаги изланишларингиздан «яхши-ёмон» омилини чиқариб ташланг. Ҳаммаси анча соддалашади ва ойдинлашади. Сиз аслида оддий бўлган гўзал ҳаётга мажбурлаб мазмун пардозини беришга уринганингизни англаб етасиз.

Ҳаётда мазмун йўқ деган таъкидимни кимдир мақсадсиз ҳаётдек тушуниши мумкин. Яшашдан мақсад бор – бу бахтли яшаш. Бизнинг ҳаётимиз мазмунли бўлиши керак эмас – бахтли бўлиши керак. Аслида аҳамяти нольга тенг ҳаётга мазмун бағишлашга интилиш муҳимликдан келиб чиқади ва бизни кўнгил хотиржамлигидан айиради.

Ҳеч эътибор берганмисиз: «мазмунли» ҳаёт тарзини юритганларнинг ҳар доим душмани бўлади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Нега мазмунли ҳаёт яшашдек олий йўлдан бораётганларга қарши чиқувчилар кўп бўлади? Ҳасадгўйлар кўпмикан дунёда шунчалик?

Гап ҳасадда эмас. Гап «мазмунли» ҳаёт эгасининг муҳимлигида. У тўғри яшаш тадбирига қанча катта аҳамят берса, атроф мувозанатни шунча бузаверади. Мувозанат бузилишига эса атрофдагилар, табиийки, қаршилик билан жавоб қайтаради.

Мен юқоридаги таъкидларим билан одам илм излашдан қайтиши керак демоқчимасман. Илм бизнинг шахсий ўсишимизга хизмат қилади. Фақат бунда мазмун топишга уринмаслик керак.

Қайтанга, қанча кўп нарсани билсак, бу дунёда тутган ўрнимизни шунча яхши англаб борамиз. Бу эса бизга атроф дунё билан келишиб яшашга, ҳаётни мазмун учун курашга айлантирмасликка имкон беради.

Атроф-дунёни ўрганинг, ёввойи табиатдаги ҳаётга қизиқинг. Ўз танангиз, онгингиз ва қалбингиздаги жараёнларни тушунишга, уларга тўғри баҳо беришга интилинг. Бу интилишларингизга муҳимликни аралаштирманг – токи у ҳар нарсадан мазмун излаб, ишнинг белига тепмасин.

Динёдаги ҳар қандай жонзот ҳаётини ҳурмат қилинг, табиатни севишни ўрганинг. Табиат – ҳар қанча меҳрга арзийдиган гўзаликка эга. Унинг ақлни шоширадиган мўжизалари жуда кўп. Дунёга «инсонийлик ғурури» деган шоҳсупа устида туриб назар ташлаганлар табиатнинг ҳар қандай гўзаллигидан маҳрумдирлар.

Инсоний манманлик – яхши-ёмон ҳақидаги ёлғондан куч олади. Энди сиз бу ёлғондан – бунинг ёлғон эканидан бохабарсиз. Шундай экан, ғурур ва манманлик шахсиятингизни ожиз қилишига, кўнглингиздаги тинчликка рахна солишига, сизни мазмунли – лекин бахтсиз мавжудотга айлантиришига имкон берманг.

Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон

Подняться наверх