Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 27

ШЕЪРЛАР
ДИЛ ФАСЛИ
АҲМАД ФЕРМЕР

Оглавление

Аҳмад фермер деганлари Деновдадир,

Ҳар бир куни меҳнат билан синовдадир,

– Бойлик нима? – дейди фермер. – Қўлнинг кири,

Бугун сенда, эрта эса бировдадир.

Жийрон отдай учқур умр ўтаверар,

Яхшилик қил, токи қўлинг жиловдадир.


Саҳар туриб даласида ўйлар сурар,

Ҳар ғўзанинг ниҳолида бўйлар кўрар,

Куй-қўшиғи унинг – тарғил, говмишлари,

Қўйларининг кўзида ҳам тўйлар кўрар.

Ўзи учун кошоналар солмади у,

Қурса фақат болаларга уйлар қурар.


Тошканда ҳам ном қозонган пишлоқлари,

Яшнаб борар униб-ўсган қишлоқлари.

Болакайлар, қўзиларга тўлсин дейди,

Она юртнинг қирларию қирғоқлари.

Аҳмад фермер бу дунёда кам ухлайди,

Зар бўлгайдир шунинг учун тупроқлари.


Тойчоқ бўлиб кезиб юрган чоғим Ватан,

Йироқ тушсам – соғинчим, титроғим, Ватан.

Боболарим синггиб кетган муқаддас ер,

Осмон десам, кўксимдаги тоғим, Ватан.

Токи шундай фарзандларинг заҳмат чеккай,

Завол билмас, мангу сўлмас боғим, Ватан.


Аҳмад фермер деганлари Деновдадир,

Ҳар бир куни меҳнат билан синовдадир,

– Бойлик нима? – дейди фермер. – Қўлнинг кири,

Бугун сенда, эрта эса бировдадир.

Жийрон отдай учқур умр ўтаверар,

Яхшилик қил, токи қўлинг жиловдадир.


2004

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх