Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 35
ШЕЪРЛАР
ДИЛ ФАСЛИ
БУҒДОЙЗОРЛАРИМ
ОглавлениеФермер Гулбаҳор Муродовага
Бир парча нонига қаноат қилган,
Буғдой бошоғидан синоат қилган.
Элим бор, юртим бор – номус, орларим,
Олтин далаларим – буғдойзорларим.
Саҳар юлдузлардан тақиб маржонлар,
Дашту қирларимда отгайдир тонглар.
Жимирлаб кетгайдир кўнгил торларим,
Жимирлаб турсалар буғдойзорларим.
Тупроқнинг ишида эрта-индин йўқ,
Қишдан ғимирласанг – ёзда кўнглинг тўқ.
Яшил, олачалпоқ, азиз қорларим,
Қишда ҳам кўкламим – буғдойзорларим.
Ердаги донни ҳам эгилиб тердинг,
Сен буни ризқ билан насиба дединг.
Деҳқоним – заҳматкаш бургут, сорларим,
Кенг ёйган қанотинг – буғдойзорларим.
Эртан ҳаммаёқни қоплар гул, чечак,
Ниш урган ҳар майса у – бир келажак.
Фермер бўлиб чиқса гулбаҳорларим,
Сиз яшнаб кетгайсиз, буғдойзорларим.
Қўлинг буғдойрангдир, юзинг – буғдойранг,
Пайкаллар қўйнида бу нечук жаранг –
Кулгингдан уйғонди эл, диёрларим,
Янграб силкиндилар буғдойзорларим.
Бу юрт нон ислидир, бу юрт – буғдойбўй,
Гулбаҳор, менга ҳам кўк чойингдан қуй!
Ёзилсин дилдаги бор хуморларим,
Менинг акам, синглим – буғдойзорларим.
Бир хас-сомонинг ҳам жонимга пайванд,
Сен менга онасан, мен сенга – фарзанд.
Мени катта қилган чанг-ғуборларим,
Эй ота маконим, буғдойзорларим.
2005