Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 28

ШЕЪРЛАР
ДИЛ ФАСЛИ
БЕВАФОЛИК

Оглавление

Кўзни кўзнинг зиёсига вафоси йўқ,

Зиёсининг қаросига вафоси йўқ.


Ўсма кетар, эгма қошлар қариб қолгай,

Икки қошнинг ўз “ё”сига вафоси йўқ.


Хинолари ташлаб кетгай тирноғини,

Тирноғининг хиносига вафоси йўқ.


Гул тўкилар, хазон бўлар, баҳорининг

Гулнинг қадди раъносига вафоси йўқ.


Вафо истаб ёт йўлларга кетгай кўнгил,

Кўнгилнинг ўз садосига вафоси йўқ.


Бир дўст учун қонлар ютар бир умр дўст,

Дўстни дўстнинг вафосига вафоси йўқ.


Инсон токи бино бўлмиш, бино қурмиш,

Биносининг биносига вафоси йўқ.


Бутун умр дунё йиғар, лек умрининг

Йиққан молу дунёсига вафоси йўқ.


Ҳаёт йўлин меҳнатлари, жафоси кўп,

Бироқ нечун давосига вафоси йўқ?


Султонлари султонини сотган дунё,

Гадосининг гадосига вафоси йўқ.


Суқротини ейди охир суқротлари,

Синосининг Синосига вафоси йўқ.


Диёнатнинг уйи куйиб кетгай, агар

Муллосининг дуосига вафоси йўқ.


Қай шоирким, бобосига ихлоси йўқ,

Навоийнинг навосига вафоси йўқ.


“Вафо” сўзин ўзгартириб ёзаверар,

Даврнинг ўз имлосига вафоси йўқ.


У не янглиғ халқ бўлгайдир, миллат бўлгай,

Элнингки ўз пешвосига вафоси йўқ?


Биз Ватанни она деймиз, лекин нечун

Фарзандининг оносига вафоси йўқ?


Бандасидан кутмагилким, бандасинким

Ўз яратган Худосига вафоси йўқ.


2005

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх