Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - Жавлон Жўраев - Страница 3

Бошладик

Оглавление

«Атиргул айтади очиламан деб,

Чиройлилар чаккасига санчиламан деб,

Чиройлилар чаккасига санчилиб бўлиб,

Бевафолар оёғида янчиламан деб,

«йнанг, қизлар, ўйнанг – кўргони келдик,

Сизлар билан даврон сургони келдик…»

(Тўй лапаридан)

Биз нимага келганмиз? Айнан сиз нимага келгансиз? Давру даврон сургани келганмисиз бу дунёга? Ёки бошқалар ўйнабкулишини кўрганими? Ҳа бу, ҳеч нарса ҳақида ўйламай, маза қилиб яшагани келган бўлсангиз – нима қилиб ўзингизни, ўзлигингизни кавлаштириб юрибсиз? Бу сизга нимага керак?

Ана холос, китобнинг бошланиши ажойибку деб камида ҳайрон бўлаётганингизни билиб турибман. Лекин хулоса қилишга шошилманг – хулосалар учун китоб сўнгида алоҳида бир боб ажратганман, хотирингиз жам бўлсин.

Сиз билан иккинчи суҳбатдан олдин мен сиздан юқоридаги каби саволларга жавоб олиб олишим керак. Бу галги суҳбат мазмуни қандай бўлиши – ёки, умуман, унинг бўлиш-бўлмаслиги кўп жихатдан шунга боғлиқ.

Хўш, ўзлигингиз – ўз шахсиятингизни тўлиқ ёки деярли тўлиқ англаш сизга нима учун керак? Ҳар қалай, буни сизга мен ёки яна кимдир айтгани учун қилмаяпсизку? Бу саволга турлича китобхон турлича жавоб беради. Майли, бошқаларни қўйинг – сиз бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз? Баённинг давомини ўқишдан аввал, илтимос, шу ҳақида бир оз мулоҳаза қилиб кўрсангиз…

Албатта, барчамиз бу дунёга шунчаки бахтли бўлиш учун келамиз. «Шунчаки» деб соддалаштиришимга сабаб бахт жуда оддий тушунча деб ҳисоблашимдир. Бироқ бошқалар бошқача ҳисоблайди.

Аввалги суҳбатимиздан маълумки, бахт – бу инсон ўз кўнгли истакларига монанд яшаши. Ҳаётингиз қалбингиз ардоғидаги одамлар ҳамроҳлигида ва кўнглингиз тусаган нарсалар иштирокида кечса – бундан ортиқ яна қандай бахт бор, шундай эмасми? Ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлайман. Бироқ бошқалар бошқача ўйлайди бу борада.

Мана энди данагини ҳам ёриб, мағзига етиб келдик. Агар ҳаёт ўз истакларимизга эришиб, лапар айтганидек даврон сургани бағишланиши керак бўлса, биз энг аввало ўша истакларни аниқлашимиз керак. Мана шу ерда ўз шахсиятини тўғри ва етарлича одил баҳолай олиш қобиляти инсонга жуда аз қотади. Чунки истаклар тўғри аниқлансагина уларга эришиш жараёни ва натижасида одам ўзини бахтли ҳис қилади.

Бу ерда мантиқ жуда оддий: истакни тўғри аниқлаш учун ўша истак эгасини яхши билиш керак (ўзингизни яхши билмасангиз – нимани исташингизни қандай биласиз?). Агар бунда кишининг ўзлигини англаш қобиляти кетмони билан ерни сескантириб ҳосил оладиган деҳқондек абжир ва таб тортмас бўлса – марра уники. Агар у ўзини аксинча «менга тегма ва мен сенга тегмайман» йўсинида иш кўрувчи кекса бюрократ каби тутса – унда… унда нима бўлишини айтиб нима қилдим. Бари бир, буларнинг бари шунчаки менинг нуқтаи назарим, холос. Бироқ бошқалар бошқача назарда қарайди бу нарсаларга.

Демак, биз ўзлигимизни англашга ҳаракат қилиб, ўз бахтимизни ҳис этишга, унинг қўлидан тутганча, бутун ҳаёт йўлини босиб ўтишга интиляпмиз. Кимдир айтиши мумкин – эҳ-э, ўзликни англаш, кўнгилга қулоқ солишни ўрганиш жуда қийин иш, унга бутун умрингни сарфлаб қўйишинг ҳеч гап эмас. Бундай ҳақиқат эгаларига мен фақат бир сирни очибгина жавоб қайтаришим мумкин: бахт бу натижа эмас – жараёндир. Истакка эришишнинг ўзидан кўра, унга бориш йўлидаги қадамлар бахтнинг юқорироқ чўққилари, умрнинг мазмуни. Ахир, асл бахт натижа бўлган ўлим эмас – унгача борадиган сафар йўли бўлмиш ҳаётдир.

Ҳа, яна бир гап – сизга мен билан киитоб орқали суҳбат қилаётганингизда ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, бу суҳбатдан воз кечинг деб бежиз айтмайман. Бу ўзимни катта олганимдан ёки сизни бу нарсаларни тушунишга ноқодир деб билганимдан эмас. Шунчаки, бу каби китобларни ўқиш сизнинг истакларингизга зид бўлиши мумкин – мен эса сизни асл истагингизга ва натижа ўз бахтингизга олиб борадиган йўлингиздан чалғитмоқчи эмасман. Бор-йўғи шу.

Бу суҳбатлардан мен сиздан кўра кўпроқ янги илм ўрганишим ёдингизда бўлсин. Сиз менга мен сизга ўргатгандан кўпроқ нарсаларни ўргатасиз – гарчи буни баъзида билмасангиз ҳам…

Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…

Подняться наверх