Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - Жавлон Жўраев - Страница 7

Душанба – Шахсият
Сохта шахсият

Оглавление

Онгимизга турли хил дастурларни киритувчи қурол – бу, албатта, ақл. У сизнинг ягона дастурчингиз деса ҳам бўлади. Тўғри – онгимизда ақл киритмаган дастурлар ҳам бор. Булар туғма дастурлар ва улар бизга табиатдан ато этилган. Бахтимизга, ақл уларга даҳл қила олмайди – улар ақлдан аввал яратилган.

Турли дастурлар қатори ақл онгимизда бизнинг шахсиятимизни белгиловчи дастурларни ҳам шакллантириб боради. Улар бизнинг у ёки бу нарсага ёки, умуман, ҳаётга муносабатимизни, ўзимизга бўлган ишонч ва ҳурмат ҳиссини, шахс сифатида атрофдагилар билан муносабатларимизни ва бошқа жихатларни белгилайди. Ана шу дастурлар йиғиндиси – одам феъл-атворини ёки характерини ташкил қилади.

Афсуски, ақл номукаммаллиги сабаб, бу дастурлар орасида ҳам «чала» ёки зарарлилари мавжуд. Ақл тузган шахсият кўп ҳолларда асл шахсиятдан анча йироқ бўлади. Буни одам турли ҳаётий вазиятлар таъсирида ақл ҳукмидан вақтинча қутулганда сезиш мумкин. Масалан, қаттиқ қўрқитилган ҳолатда ёки ўта иложсиз қалтис вазиятларда одамнинг ақл ясаб берган сохта табиати яшириниб, унинг ҳақиқий характери юзага чиқади.

Одамнинг асл табиати уч хил сабабга кўра юзага чиқиши мумкин. Биринчиси – ўлим ҳавфи: одам ўлим билан юзмаюз келганда ақл бошқарувидан айрилади. Бунда одам онгига табиат киритиб қўйган дастурлар одамни ҳавфли вазиятдан омон олиб чиқиб кетиш учун ақлни атайлаб «ўчириб» қўядилар – ўлим ҳавфи туғилган ҳолда ақлга фикр ўйинини давом эттиришга имкон берилса, тана вақтида керакли ҳаракатларни бажаришга улгурмай қолиши мумкин. Ўлим билан юзмаюз келган ҳар қандай одам бу лаҳзани «фикрсизлик» ҳолати деб атайди – диққатни бир фикрга қаратиб турувчи ақл чекингач, бирданига ҳамма хотиралар диққат доирасига кириб қолади ва одамга ҳудди бутун умри кўз олдидан ўтгандек туюлади.

Катта ҳавф таъсирида ақл бошқарувни қўйиб юборган ана шу ҳолатда одамнинг асл шахсияти намоён бўлади. Кучли шахс бунда бошқача, ожиз одам мутлақо бошқача йўл тутади. Ваҳоланки, кучли шахсият эгаси бутун умри давомида ақлининг гапига ишониб, ўзини ожиз деб билган бўлиши, ожиз шахсият эгаси эса ўзи ҳақида асоссиз юқори фикрларга бориб юрган бўлиши мумкин.

Одамни ақл ҳукмидан озод этиб, унинг асл табиатини намоён қиладиган иккинчи ҳолат – бу чин севгидир. Бу кўпчилигимиз севги деб биладиган, аслида эса кўнгил эмас ақлнинг буйруғи билан юзага келган тобеълик муносабати эмас – айнан ҳақиқий табиий севги бўлиши лозим. Ана шундай соф муҳаббат одам шахсиятини ақл таъсиридан олиб чиқиб кета олади. Шунда севиб қолган одам мутлақо бошқача табиат эгаси экани юзага чиқади. Севги таъсирида одамларнинг кескин ўзгариши ана шундан. Зўравон кўча безориси бўлиб юрган йигит севиб қолса – у аслида жуда кўнгилчанг ва раҳмдил романтик экани ошкор бўлади.

Ақлнинг сунъий шахсиятини эмас, табиат берган асл шахсиятни таниб олишнинг яна бир йўли – шахсий ривожланишда анча илгарилаб, ақл таъсиридан чиқиш учун етарлича аҳд кучи жамлашдир. Бунда эркинликка ўлим ҳавфи ёки севги қудрати турткиси билан эмас, меҳнат-шижоат билан эришилади. Одам сергак ҳаёт кечириб, ўз шахсиятини мустаҳкамлаб боради ва бир кун келиб ўзида ақл тазийқидан озод бўлишга етарли куч топа билади. Тўғри, бу ўлим ҳавфи ёки севги иштирок этган ҳолатдагидек тез содир бўлмайди – бунга кўп йиллар кетиши мумкин. Лекин бу усулда эришилган эркинлик узоқ муддатли, агар сергаклик йўқотилмаса – доимий бўлади. Ўлим ҳавфидан келган эркинлик шу ҳавф бартараф бўлиши билан одатда барҳам топади ва ақл қайта ўз ўрнини эгаллайди. Севгида ҳам шундай – севган одамга нисбатан кўнгил совуши билан, муҳаббатнинг эркинлик ато этувчи кучи йўқолади ва саҳнага яна ақл чиқиб келади. Қалб эса нобуд бўлган ишқнинг азасини тутиб, парда ортига чиқиб кетади.

Ақл сиз учун яратган сохта шахсиятни сизга рол қилиб бириктириб қўяди. Бу ролдаги қаҳрамон бахтли ёки бахтсиз, кучли ёки ожиз, муҳим ёки қадрсиз бўлиши мумкин. Бу рол сизга ёқмаслиги, унинг яшаш муҳити, шароити, усуллари, тамоиллари сизга мос келмаслиги мумкин. Лекин сиз бу ролдан воз кеча олмайсиз – чунки ўзингиз сиз учун рол танлаш ҳуқуқини ақлга берадиган шартномага имзо чеккансиз.

Бу бузғунчи шартномани бекор қилиш учун сизга озгина сергаклик ва анчагина шахсий куч керак. Сергакликнинг бадали – муҳимликдан қутулиш бўлса, шахсий кучнинг асоси бўлган ҳаётий қувватни ошириш – яшаш тарзи ва ҳаёт билан олди-бердиларни маромга келтириш ҳисобидан бўлади.

Суҳбатимиз мазмуни нотўғри ўзанга кетиб қолмасидан, сизни бир нарса ҳақида огоҳлантириб қўяй. Ақл келтириши мумкин бўлган зарарларни сизга етказиш илинжида уни таърифлашда ишлатган ибораларимга алданиб, ақл мутлақо шум нарса экан деган ҳаёлга бориб қолманг. Ақл – жуда ҳам фойдали ва керакли қурол. Баён бошида у бизга табиатдан бошқа заифликларнинг ўрнини тўлдириш учун атайин берилганини айтганимни эсланг.

Лекин, ҳар нима бўлганда ҳам, ақл қуроллигича қолиши лозим. У – бошқарувчи эмас, бошқарув қуроли, воситаси. Агар у керакли жойда ва керакли йўсинда ишлатилса, жуда катта ва бунёдкор ишларни қилиши мумкин. Аммо уни бошқарувга яқин келтирилса – у каттагина ишкалларни ҳам келтириб чиқаради. У ўзи табиатдан бошқарувга мойил. Шу боис, унга у аслида бир қурол эканини эслатиб, уни сергакликка қайтариб туриш керак.

Мен эса сизга бу асов отни ўз измингизга солиш учун зарур амалларни баҳоли қудрат баён этаман. Фақат, шуни унутмангки – мен айтаётган усуллар атиги юзлаб усуллар орасидан танлаб олинган намуналар, холос. Умумий тамоилни билиб олсангиз – усул танлаш ҳеч гап эмас. Сиз ҳатто ўзингиз янги усул ишлаб чиқиб, уни самара билан қўллашингиз мумкин.

Адолат юзасидан айтишим мумкин – сизга баён қилаётган барча сирларимни кашф қилишда менинг ақлим бевосита иштирок этган. Мен ундан жуда ҳам мамнунман. Мамнунман – лекин уни қаттиқ назорат остида тутиб тураман. Тан оламан – ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқмайман (менга асов отларнинг ҳам энг асови берилган), лекин у издан чиққанда ҳам сергаклик уни яна жойига қайтаришга ёрдам беради. Шу катта хизмати учун ҳам сергакликни доим ҳаммага тавсия қиламан.

Ҳудди ана шу сергакликни йўқотмаган ҳолда, ўзлигимизни тадқиқ этишда давом этамиз. Навбатда ақлнинг энг оғир ҳасталиги – муҳимлик ҳақидаги суҳбат. Қани, ўзларидан бўлсин.

Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…

Подняться наверх