Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - Жавлон Жўраев - Страница 4

Душанба – Шахсият
Табиий ва орттирилган

Оглавление

Бугун мен сизга шахсиятимиз ўзагида турадиган тушунча ҳақида айтиб бермоқчиман. Сиз бугун онг ва унинг таркибий қисмлари билан яқиндан танишасиз. Аввалига, онг нима эканини таҳминан бўлса ҳам билиб олайлик.

Онг – бирор жараённи кузатиш, англаш ва унга тегишли муносабат билдириш қобиляти. Қорин очса – овқатланиш, чарчалса – дам олиш, ҳавф туғилса – химояланиш ёки қочиш кераклигини айтиб турадиган «маслаҳатчи» – бу онг.

Одамни бошқа мавжудотлардан фарқлаш учун уни «онгли мавжудот» деб аташади – бу бир оз нотўғри. Барча тирик мавжудотларга онг берилган – табиат барча тирик организмларни яшаб қолиши ва ўзидан насл қолдириши учун зарур билимлар заҳираси билан тақдирлаган. Дарахт ҳам қачон куртак ёзиб, қачон гул очишни, қайси пайт мева тугиб, қачон уларни ерга тўкишни билади. У ҳам атрофни кузатишни, у яшаётган муҳитдаги ўзгаришларга монанд хатти-ҳаракат қилишни уддалаши учун онг билан яратилган. Ёввойи кийик ҳам бир марта ҳавфга дуч келган жойига қайтиб бормасликка, борса ҳам эҳтиёт бўлиш кераклигига онги етади.

Онг ўз фаолиятини олиб бориши учун, унга атроф муҳитдаги жараёнлар ҳақида маълумотлар зарур бўлади. Тирик организмларда бу маълумот таъминоти турли хил сезги органлари орқали амалга оширилади. Фақат, у турли жонзотларда турлича бўлади – унисига кучли ҳид билиш қобиляти берилган бўлса, бошқасига ўткир кўз берилган бўлади. Ўсимликларда ҳарорат, ёруғлик, ҳаво намлиги ва бошқа нозик белгилар ўзгаришини аниқ сезиш қобиляти бор. Онг айнан шундай сезгилар орқали олинган маълумотни қайта ишлайди ва шунга қараб иш тутади.

Биз одамлар ҳам бундан мустасно эмасмиз – бизнинг онгимиз ҳам ҳудди шу тамойилда ишлайди. Аммо бошқа жонзотлардан бизнинг бир фарқимиз бор – бизнинг онгимиз озгина мураккаброқ тузилишга эга. Бизнинг сезгиларимиздан келаётган маълумотлар онгимизга боришида бир воситачи иштирок этади – бу, албатта, ақл. У маълумотлар оқимини тинимсиз кузатиб, тафтиш қилиб, саралаб, баҳолаб, бошқариб туради.

Одамзотга табиат мувазанатни тиклаш учун ақл ато этган. Ўз мавжудлигининг бошида одамзотнинг ҳеч бир сезгиси бошқа мавжудодларникичалик кучли бўлмаган. Бу ибтидоий одамнинг тирик қолиши учун етарли эмас эди – керакли ҳолатда зарур қарор қабул қилиш учун инсон онгига етарлича маълумот етказилмаган. Шу тақчилликни тўлдириш учун, бизга сезгиларимзидан келаётган оз маълумотни таҳлил қилиб, ундан қарор қабул қилиш учун етарли хулосани чиқариб берадиган «мослама» берилган.

Кийикнинг эшитиш қобиляти анча кучли – у атрофида бирор кескин товуш эшитса, орқа-кетига қарамай қочади. Бунда унинг эшитиш сезгисидан келган маълумот тўғридан-тўғри унинг онгига боради ва у эҳтимолдаги ҳавфдан узоқлашишга қарор қилади. Ваҳоланки, бу товушни кийик учун беозор бирор жонзот келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Ёки, айтайлик, қуриган дарахт шоҳи синиб тушган бўлиши ҳам мумкин.

Одамнинг эшитиш қобиляти кийикникичалик эмас. Бироқ атрофида бирор товуш эшитса, у дарҳол қочишга тушмайди – унинг қулоқлари илғаган товушни аввал унинг ақли таҳлил қилиб беради. Кейин шу таҳлил натижалари онгга қарор қабул қилиш учун етказилади. Бу жараён жуда тез кечади – шунинг учун ақл эшитилган товушни ҳавф белгиси деб баҳоласа, онг керакли чораларни кўриш учун танага буйруқ беришга улгуради.

Инсон ақли ривожланиб боргани сари, у ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқарган. энг биринчи, ақл турли сезги органларига турлича аҳамят бера бошлаган (шу ерда ҳам муҳимлик!) – у ўзи учун қулай бўлган сезгиларни юқори қўйган ва онг эътиборини шу сезгилардан келган маълумотларга қаратган. Масалан, одам атрофдан маълумот олишда кўпроқ кўзларига таяна бошлаган. Бунга сабаб кўриш орқали олинган тасвирий маълумот қайта ишлаш учун осон эканидир. Одамзот бошқа сутемизувчилар каби тўрт оёқда эмас, икки оёқда қаддини тик тутиб юра бошлаган. Бу атрофни узоқроқ масофада кузата олиш имконини берган. Кўпроқ маъсулият кўриш қобилятига топширилгандан кейин, бошқа сезгилар кам ишлатила бошлаган ва вақт ўтиши билан улар яна ҳам сусайган. Масалан, бошнинг ердан узоқлашиши сабаб, ҳид билиш қобиляти деярли керак бўлмай қолган.

Бугунгача биз асосан икки сезги аъзога тобемиз – кўз ва қулоқ. Бошқа сезгилар сусайиши ёки йўқотилиши бизда кўриш ёки эшитиш қобилятини йўқотиш каби катта ҳавотир уйғотмайди.

Одамзотда ҳам, бошқа тирик мавжудодларда ҳам табиатдан берилган бошланғич билим бўлади. Бу табиий билимлар дунёга энди келган жонзот тирик қолиши учун заур. Чақалоқ ҳам оч қолса ёки бирор жойи оғриса, йиғлаш кераклигини билади, қаттиқ товушдан ва йиқилишдан қўрқади. Бундай табиий билимлар хотиранинг ҳар қандай таъсирдан ҳоли қисмида сақланади ва улар ҳеч қачон бизни тарк этмайди.

Ҳаёт давомида эса тирик мавжудод турли вазиятларга дуч келади, уларга онгли равишда муносабат билдиради ва шу муносабатларини хотирасига киритиб боради. Шу йўл билан у ўзига қўшимча билим орттиради – ва бу орттирилган билимлар кейинчалик ишлатиш учун хотирага ёзилади. Аммо улар қандайдир омил таъсирида йўқотилиши, янгиланиши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Ҳайвон ва ўсимликлар хотираларидаги орттирилган билимга вазият тақазо этганда мурожат қиладилар. Бошқа пайт уларнинг бунга, шунчаки, вақтлари бўлмайди. Улар мунтазам сергак турадилар – атроф дунёдан барча сезгилари орқали маълумот олишдан тўхтамайдилар. Чунки уларнинг ҳаёти шунга боғлиқ.

Одамзот эса ўзини турли хил йўллар билан мудофа қилиш чораларини олдиндан кўриб қўйишни ўрганган. Шу боис у мудом атроф дунёдан хабардор бўлиб туриши шарт эмас. Бундай бекорчиликдан нима қиларини билмай қолган ақл сезгилардан келаётган маълумотларни тўхтатиб қўйиб, хотирадаги эски маълумотларни қайта таҳлил қилишга тушади. Шунинг учун ҳаёлларига чуқур кириб кетган одам ёнига биров келганини ҳам сезмай қолиши мумкин.

Сезгилар – деҳқончилик ускуналарига ўхҳайди. Улар бизнинг ихтиёримизга фойдаланиш учун берилган. Ҳудди ишлатилмай турган меҳнат қуроллари занглаб қолгандай, улар ҳам қанча кам ишлатилса, шунча ўтмаслашиб, ожизлашиб боради. Шундан, минглаб йиллар мобайнида ақл ўсгани сари, одамзот сезгилари сусайиб келган.

Барча жонзотлар ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида сезгилари етказаётган маълумотларни билим қилиб тўплайди, бу билимларни ўз турини мукаммалроқ қилиш учун ишлатади. Шу билимлар сабаб, атроф муҳитга мослашувчанроқ бўлади, яшовчанлиги ошади. Бир сўз билан айтганда, ривожланишдан тўхтамайди.

Бошқа мавжудотлардан кўпинча ўзини юқори ҳисоблайдиган одамзот эса минг йиллардан бери ўз наслининг сезгилари ўлишига, турли хил ҳатарларга қарши туриш қобиляти, иммунитети сусайишига – одамзот деган турнинг табиий ривожланишда орқага қараб кетишига эришмоқда, холос. Ёввойи табиатда ҳеч бир жонзот ўз турига тажоввуз қилмайди – лекин табиий илдизларидан узоқлашган одамзот тарих давомида бир-бирини қириб келади. Бу ҳам бўлса, ақл ҳукмронлиги остида биз тараққиётда орқага қараб кетаётганимиздан дарак эмасми?

Табиий билимлар – яшаб қолиш учун етарли, холос. Тараққиётда илдамлаш учун кўпроқ орттирилган билим даркор. Бунинг учун эса онгимизни ақл ясаб берган олтин қафасдан чиқариб, унга ҳар бир лаҳзадан билим олишга имкон беришимиз керак. Ақл анойи эмас – у ўз тахтидан осонликча воз кечмайди. Лекин, унутманг, уни ҳам биз орттирганмиз – демак, жиловлаш ҳам ўз қўлимизда. Табиий ривожланишда илгари силжишга хизмат қиладиган билимлар – илмдир. Ақлнинг билим устидан тўлиқ ҳукми бор – лекин илм устидан унинг ҳеч бир ҳукми йўқ. Шундай экан, кучли шахс бўлишнинг энг самарали усули – илм орттиришдир.

Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…

Подняться наверх