Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - Жавлон Жўраев - Страница 5

Душанба – Шахсият
ОИТС

Оглавление

«Орттирилган Илм Танқислиги Синдроми ёки ОИТС – одам шахсиятидаги унинг тўғри ва баркамол ривожланишига тўсқинлик қулувчи жихатлар фаолияти натижасида келиб чиқувчи ижтимоий зарарли ҳолат»

(шахсий изоҳли луғатимдан)

Тан олиш керак – иммунитет тизимига зарба берувчи ОИВ (одам иммунитети вируси) ўтган асрнинг энг ҳавфли касаллиги «унвони”ни олишга тўла ҳақли. Бу вирус организмнинг энг муҳим таркиби – химоя воситасига зарар етказади. У ҳудди қамалда тутилаётган шаҳарга яширинча кириб, унинг дарвозаларини босқинчиларга ичкаридан очиб берган жосусларга ўхшайди: у танага тушиб, унда бошқа касалликларнинг кириб келиши ва ривожланиб кетишига қаршилик қиладиган «аскар» қон доначаларига зарба беради. Натижада одам оддийгина грипп ёки бошқа енгил юқумли ҳасталикдан ҳам ҳалок бўлиши мумкин.

Аммо бу бўлимда биз унинг оғаси бўлган илм танқислиги синдроми ҳақида суҳбатлашамиз. Иммунитет танқислиги каби илм танқислиги ҳам алоҳида шахс ва бутун жамиятга катта ҳавф туғдиради.

Келинг, аввал билим ва илм тушунчаларини фарқлаб олайлик. Биламизки, одам икки метафизик дунёни ўзида жамлаган – моддият ва маънавият. Моддий дунёга ақлимиз, маънавий дунёга қалбимиз ҳукмрон. Бундан келиб чиқадики, моддий дунёни бойитиш учун тўпланадиган маълумот ва тушунчалар – билимдир. Маънавий юксалиш учун зарур тушунча ва қадриятлар – илмдир. Ҳар қалай, мен шундай тушунаман. Уларни моддий билим ва маънавий билим деб ҳам аташ мумкин.

Бугунги кунда моддий билимдан тақчиллигимиз йўқ, Худога шукр. Нима бўлса ҳам, маълумот асрида яшаймиз – бутун бир кутубхоналарни бармоғимиздек келадиган ускунага солиб юрса бўлади. Ўзимизда борини ўзимизда оляпмиз – ўзимизда йўғини замон имкон бергани учун чет элларга бориб эгаллаб келяпмиз. Хуллас, замон талабидаги моддий билимларни эгаллаяпмиз.

Аммо бу билимлар, ўз таърифига кўра моддий дунёни бойитишга хизмат қилади. Иқтисодчи миллатнинг моддий бойликларини кўпайтириш сирларини ўрганяпти, мухандис моддий жиҳоз ва ускуналар яратяпти, меъмор моддий бинолар қуряпти. Тиббиёт сирларини ўрганиб, жисмоний соғлигимизни мустаҳкамлаяпмиз – кимё ва физика орқали моддий дунё сирларини кашф этяпмиз.

Бироқ маънавий билимлар ҳақида ҳам шу даражада қайғуряпмизми? Маънавий билим учун дунё кезяпмизми? Илм учун ҳаётнинг бошқа фароғатларидан кечяпмизми? Талаб ва таклиф, элементар зарралар, шифобахш гиёҳлар ҳақидаги билимларга чанқоқмиз – инсонийлик, бунёдкорлик, ватанпарварлик каби хислатларга эга бўлишга етарлича ошиқяпмизми?

Албатта, билимга ўчлик қатори, илмга чанқоқлик ҳам ҳар замонда бўлган – ҳозир ҳам бор. Лекин моддият ортидан қувиб, маънавият кўп ҳолларда қаровсиз қолиб кетяпти. Боғимизнинг кўркини очиб тургани гуллар экиладиган жойга ҳам моддий фойда келтирадиган мевали дарахт экиб ташлаяпмиз.

Моддият ва маънавият ҳақида бир сирни очайми? Маънавий дунё бирламчи, моддий дунё эса иккиламчидир. Аслида, бу сир эмас – фалсафада идеализм ғояси айнан шу фикрни илгари суради. Сизнинг маънавий дунёйингиз қанча юксак ва мустаҳкам бўлса – моддий дунёйингиз ҳам шунга монанд бой ва сурурли бўлади. Бу таъкидни қанчалик тўғри тушунишингиз шахсий кучингиз даражасига боғлиқ.

Хўш, илм тақчиллигини нима келтириб чиқаради? Ҳар замонда илм тарқалиши ва одамларнинг маънавий юксалишига жахолат тўсқинлик қилган. Бу ақл тимсолида бизда яшайдиган шайтоннинг инсон манфатига қарши қўллайдиган энг тубан қуроли.

Жахолат – моддий билимлар тақчиллиги эмас. Моддий билимлар етишмаса – саводсизлик келиб чиқади. Бундан одам ва жамият моддий зарар кўради, холос. Аммо жахолат – бу маънавий билимлар, яъни илм тақчиллигидир. Бунинг оқибатида одам ва жамиятнинг маънавий соғломлигига зарар етади. Саводсизликдан кўрилган моддий талофатни бартараф этиш нисбатан осон – аммо маънавий йўқотишнинг ўрнини тўлдиришга кўп вақт ва куч керак бўлади.

Илм олишни истамаслик, илмнинг асл баҳоси ва аҳамятини тўла англамаслик, билимни илмдан устун қўйиш кабилар жахолатнинг аломатлари. Кўпчилик тўлақонли бахтли ҳаёт учун кучли ва кенг қамровли билимларнинг ўзи кифоя деб ҳисоблайди. Лекин, гап шундаки, билим қанча кўп бўлмасин, уни керакли ўзанга солиб турадиган илм тақчиллиги моддий билимлардан олиш мумкин бўлган самарани туширади.

Жахолат – ўзидан кўпайиш хусусиятига эга. У одам атрофидаги жараёнларни сергак баҳолай олмаслигига сабаб бўлибгина қолмай, одамнинг шахсий ўсишига хизмат қилиши мумкин бўлган илмларни ундан нари тутишга интилади.

Айнан шунинг таъсирида биз илм манбаининг «сифатини» аниқалшга ҳаракат қиламиз. Тўғрида – ҳар ким айтган гапни илиб кетавермайдику одам деган. Йўқ – илиб кетавермасин, ахир, унга фаросат, мантиқ шунчаки совға қилинмаган. эшитсин, кўрсин, таҳлил қилсин, ҳаётга солиштирсин – кейин хулосасини чиқараверсин. Аммо кўп ҳолатда бизга келаётган билимнинг манбаи арзимас туйилгани учун, ундан олдиндан юз ўгирамиз.

«Фалончи жуда маънили гапларни айтибди» – «Ким экан ўзи у?» – «Аниқ билмайман, аммо ёшгина – ҳали ўттизга ҳам кирмаган» – «Ҳа, ҳали муштдек бола экан, қанақа маънили гап гапириши мумкин?» – «Лекин сиз бир эшитиб кўринг» – «Э, қўйинг. Ундан кўра, пири комил Фалоний нима деганини айтинг. Ана шундай кўпни кўрган одамларгина маънили гап айтиши мумкин»…

Бу билим манбаини ёшга қараб ажратишга мисол, холос. Одамлар ихтиёрида илминг «нави» қандайлигини аниқлаш учун бошқа кўплаб мезонлар бор: ирқ, миллат, эътиқод, насл-насаб, жинс. Аслида эса илмни ҳар ким ва ҳар нарсадан ўрганса бўлади. Мен кўп нарсани табиатдан – ўсимликлар, ҳайвонлар, табиатдаги турли жараёнларни кузатиб, уларнинг асл моҳиятини англашга ҳаракат қилиб ўрганаман. Шунинг учун фикрларимни асослашда табиатдан мисоллар тез-тез учрайди. Шунингдек, мен ҳеч бир айирмачиликсиз турли одамларни кузатаман, уларнинг мақсад ва интилишлари, ҳаётий фалсафалари ва муаммолари билан қизиқаман.

Кимдир менга «китобларингизда айтаётган ҳамма тамоилларга ўзингиз амал қиласизми?» деб савол берди. Мен, табиийки, «йўқ» деб жавоб бердим. Ўша одамнинг мендан кўнгли қолди. Мен ҳайрон бўлдим – ўқувчилар мендан нимани кутаётганини тушунолмай ҳайрон бўлдим. Муҳимликнинг зиёни ҳақида шунча гапирсам ҳам, одамлар шахсий муҳимлик туйғусига эргашаверганига ҳайрон бўлдим. Агар мен айтганларимнинг ҳаммасига амал қилсам – одам эмас, мукаммал мавжудот бўлиб қоламан. Мен ҳам фазилат ва нуқсонлардан иборат оддий одамман. Агар айтаётган тамоилларининг ҳаммасига амал қиладиган мавжудот ёзган китобнигина жиддий қабул қилишга – фақат ундан илм ўрганишга аҳд қилган бўлсангиз, қўрқаманки, илмсиз ўтиб кетасиз. Шахсий муҳимлик туйғуйингиз оддий одам улашмоқчи бўлган илмни сизга раво кўрмаса… мен бу борада бир нима дейишдан тийинаман, холос.

Мен илм дўконимни очиб, бисотимдаги бор молларни расталарга териб қўйяпман – кимга нима ёқса, олаверсин деб. Бу моллар турлича – бири кимгадир мос келади, бошқаси – яна кимгадир. Бунда ҳаридорнинг кўнгли ўзи танлаб олаверади. Бироқ агар мен фақат ўзим ишлатадиган молларнигина дўконга қўйсам, расталарнинг ярми ҳам тўлмайди. Мен бу билан ҳаридорни танловдан чеклаб қўйган бўламан. Ундан кейин, бу бир жихатдан манманлик бўлади – фақат ўзим ишлатган молларни таклиф қилиш «менга ўхшаб, мендан ўрнак олиб яшанг» дейиш бўлмайдими? Ундан кўра, энг сифатли молларимнинг барини тортиқ этай – ҳар ким ўз диди, дунёқараши, эътиқоди ва шахсий кучига қараб ўзига мосини, айнан унинг учун фойдалисини танлаб олаверсин.

Илм ҳақида яна бир гапни айтиб ўтишим жоиз. Бошқаларнинг яшаш тарзи ва тамоилларини танқид тарозисига солиб кўриш – илмлилик белгиси эмас. Балки, бу билим кўплигидандир – лекин зинҳор илм кўплигидан эмас. Илмли одам ким ҳақу, ким ноҳақлигини ажратиш учун моддий билимлар етарли эмаслигини яхши англайди.

Менга кўпчилик илм ўргатишни илтимос қилиб мурожат қилади. Лекин уларнинг аксари илм эгаллашга моддий манфатни кўзлаб интиладилар. Шуни билган ҳолда мен уларга рад жавобини бераман – илмнинг асл мақсадини аниқлаганингизда таклифингизга рози бўламан деб уларни қайтараман. Табиийки, улар бу таъкидимни тушунмайдилар – бунга уларнинг илм ва шахсий куч даражалари етмайди.

Билим кўплиги ҳам жахолатга олиб келиши мумкин. Агар одам ўз муҳимлигини мустаҳкамлаш учун билим тўплаган бўлса, у борган сари кўп ва етарли нарса билишига ишониб қолади – бу эса янги билимлар унга келишини қийинлаштиради. Олаётган маълумотларини фойдали-фойдасизга ажратиш учун етарли билимга эгаман деб ўйлашлари уларни кўп ҳолларда энг фойдали билимлардан маҳрум этиб қўяди. Шунинг учун, ҳар доим билимларингиз сақланадиган омбор эшигини очиқ қолдиринг – уни ёпмасангиз ҳам, сизнинг билимларингиз у ердан чиқиб кетиб қолмайди. Қайтамга, янги билимлар ҳеч бир тўсқинликсиз сизнинг измингизга кириб келади. Янги билимлар баъзи эски билимларнинг нотўғри ёки номукаммал эканини кўрсатиб бериши мумкин – шунда бу эски билимларни очиқ эшикдан хотиржам кизатиб қўяверасиз. Бунинг номи очиқ фикрлилик дейилади.

Энди сиз моддий билим ва маънавий илм ўртасидаги фарқни биласиз. Ўз шахсиятингизни маънавий юксакликка кўтарадиган илмлар ортидан қувиш тадбирини ўз ихтиёрингизга қолдираман. Илмнинг ҳам ўзини ўзи ошириш хусусияти бор – унга шундай қилишга имкон берилса бўлгани.

Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…

Подняться наверх