Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - Жавлон Жўраев - Страница 6

Душанба – Шахсият
Онг дастурлари

Оглавление

Биз тўплаган билимларни онгимиз хотирамизга дастурлар сифатида киритиб боради. Ҳар қандай янги маълумот билим сифатида хотирага киритилишидан аввал бир неча марта такрорланиши лозим. Қайта-қайта амалда қўлланилиб, хотирага дастур сифатида киритилган билимларгина – ҳақиқий билимдир.

Мендан кўпчилик тил ўрганувчилар бир муаммони ҳал қилишда маслаҳат сўрайдилар – улар чет тилидаги янги ёд олган сўзларини эслаб қола олмаётганларидан шикоят қиладилар. Бунинг сабаби жуда оддий – улар ўша янги сўзларни, шунчаки, маълумот сифатида ёдлайдилар, амалда эса уларни кам қўллайдилар. Бунда маълумот билим сифатида доимий хотирага киритилмайди – у маълум муддатгача қисқа хотирада тутиб турилади ва сўнг унутилади.

Қисқа хотира – янги олинган маълумот билим сифатида доимий хотирага ёзилгунча уни такрорлаш учун маълум муддат тутиб турадиган онг қисми. Баъзида биз уни муддатли маълумотларни сақлаш учун ҳам ишлатамиз. Масалан, ишдан уйга қайтаётганда йўлда дўконга кириб, нон ҳарид қилишни ўйлаб қўйдингиз. Бу маълумот қисқа хотирага ёзилади ва сиз режалаштирилган ишни бажаргунингизгача сақланади. Дўкондан нон сотиб олгандан кейин эса, уни тутиб туришга ҳожат қилмайди ва у ўчирилади.

Қисқа хотира сиғими ҳар хил одамда ҳар хил бўлади. Унинг ҳажми одамнинг сергаклик даражасига боғлиқ – одам қанча сергак бўлса, унинг қисқа хотираси шунча катта маълумотни тутиб тура оладиган бўлади. Аста-секин сергакликни ошириб бориб, қисқа хотира сиғимини ҳам кенгайтириш мумкин.

Қисқа хотирани компютернинг оператив хотирасига қиёсласа бўлади – унинг ҳам сиғими чекланган бўлгани сабабли, у тўла турганда янги маълумот кириб келса, у энг биринчи ёзилган маълумотларни ўчириб ташлаб янги маълумот учун жой ажратади. Айтайлик, дўкондан нон олишни ният қилгандан кейин ҳам сиз кўп нарсалар ҳақида ўйладингиз. Бунда қисқа хотирангизга янги кирган маълумотлар эскисини суриб чиқаради ва сиз нон олишни унутиб қўясиз.

Қисқа хотирада тутиб турилиб, амалда қайта-қайта қўлланилган маълумот билим сифатида доимий хотирага жойланади. Ана шу билим – ҳақиқий. У ҳеч қачон сизни тарк этмайди. Узоқ пайт ишлатилмаса, хотиранинг улар жойлашган қисмига борадиган йўлни йўқотишингиз мумкин – лекин озгина машқ билан буни дарҳол тузатиб оласиз.

Доимий хотирадан жой олган дастурлар – бу фақат мактаб ёки олий ўқув юртида олинадиган билимлар эмас. У ерга бизнинг одатларимиз, хулосаларимиз, тажрибамиз, комплексларимиз ва ҳатто қўрқувларимиз ҳам дастур сифатида киритилган бўлади.

Ундан кейин, доимий хотира фақат онгда жойлашган бўлмайди – доимий хотиранинг ўзига хос тана хотираси деб аталувчи қисми бор. Бу ерда тананинг турли ҳолатларда ўзини қандай тутиши, алоҳида ҳаракатларни қандай бажариш кераклиги ҳақидаги дастурлар ёзилган бўлади. Масалан, ҳали юришни билмаган гўдак аста-секин атта-поя қилишни бошлаганда, унинг танаси янги тур ҳаракатларга аввал кўникади. Қайта-қайта такрорлангандан сўнг эса бу ҳаракатлар тана (ёки мускул) хотирасига дастур сифатида ёзилади ва бола юришни ўрганиб олади.

Онг дастурлари жуда-жуда фойдали нарса. Улар бизнинг аралашувимизсиз ҳам керакли хатти-ҳаракатларни ва жараёнларни амалга оширади ва бизни ҳамма нарсани мунтазам назорат қилиб туриш мажбуриятидан ҳалос қилади. Бу ҳудди замонавий тайёралардаги автоматик бошқарувга ўхшайди.

Масалан, сиз бирор зинапояга яқинлашганингизда аввал қайси оёғингиз билан унга қадам қўйишингизни ўйламайсиз – буни танангиз ўз-ўзидан қилаверади. Тана хотирасидаги дастур зинагача масофани таҳминан ҳисоблаб, қайси оёқ биринчи зинага қадам ташлашини олдиндан аниқлаб бўлади ва шунга монанд иш тутади.

Аммо, афсуски, доимий хотирадаги барча дастурлар ҳам бу каби фойдали эмас. Биз ўзимиз билмаган ва истамаган ҳолда у ерда зарарли дастурларни ҳам ёзиб қўямиз. Булар, одатда, ижтимоий қўрқувлар ёки комплексларга тегишли дастурлардир.

Масалан, биз катталар бола тарбиясида кўпинча бир зарарли дастурни унинг онгига ёзиб қўямиз – қулоқсизлик қилса, уни доктор билан қўрқитамиз. Натижада, болада шифокорларга нисбатан ижтимоий қўрқув ҳосил бўлади ва у оқ кийим кийган ҳар қандай одамни кўрганда шу зарарли дастур таъсирида ваҳимага тушаверади.

Бахтга қарши, болаликда бизга сингдирилган зарарли дастурларни ўзгартириш ёки ўчириб ташлаш жуда қийин. Яхшиси, бола тарбиясида унинг онгида бундай дастурлар пайдо бўлишига йўл қўймаган маъқул. Агар бу дастурлар кейинги ҳаётда катта муаммога айланса (масалан, болаликда орттирилган ижтимоий қўрқув кейинчалик фобияга айланиб кетса), бунга психолог ёрдамини жалб этишга тўғри келади. Бунда икки усулдан бири қўлланилади: биринчиси – одамни қўрққан нарсаси билан юзлашишга мажбурлаб, унга ўз қўрқувини енгиб чиқишга ёрдам берилади; иккинчиси – одам онгида зарарли қўрқув дастурининг таъсирини енгиб кетадиган янги бир дастур яратилади (бошқача қилиб айтганда, одам фобия таъсирига қарши эмланади). Биринчи усул бир оз ҳавфли, лекин анча самарали. Иккинчисида самара камроқ – аммо киши саломатлигига зарар етиши эҳтимоли ҳам кам.

Болаликдан қолган дастурлардан фарқли ўлароқ, ўсмирлик ва катталикда орттирилган зарарли дастурлардан қутулиш анча осон. Бунинг учун одамдан озгина жасорат ва сергаклик талаб этилади. Шахсиятдаги турли зарарли комплекс ва қўрқувлардан ҳалос бўлиш учун, одам юқорида таърифланган икки усулдан бирини қўллаши мумкин. Бунда биринчи усул (яъни муаммо билан очиқ юзлашиш) қўрқувларни бартараф этишда кўпроқ самара беради. Қўрқувлардан батамом қутулмагунча, уларнинг таъсиридан ҳоли бўлиш мушкул – шунинг учун ҳам эмлаш усули бу ерда самара бермайди.

Иккинчи усулни комплекслар билан курашда ишлатса бўлади. Масалан, нуқсонлилик комплексига қарши киши ўз шахсиятини бошқаларга солиштирмаслигини таъминловчи янги дастур киритиш мумкин. Бунда янги шифодастур комплекс зарарини бартараф этади ва одам ҳаётини енгиллаштиради.

Янги дастур яратиш тамоили, аввал айтилгандек, жуда оддий – одам маълум муддатгача қисқа хотирасида янги дастур қоидасини тутиб туради ва онгли равишда уни қайта-қайта ҳаётда қўллайди. Вақт ўтиб, бу қоида дастур сифатида доимий хотирага ёзилади – яъни одам ўзига буни одат қилади. Одатга айланган дастурлар эса диққат назоратисиз ҳам ўз ишини бажараверади.

Мана, сиз ўз онгингизни кераксиз дастурлардан тозалаш ва уни янги фойдали дастурлар билан бойитиш сирлари билан танишиб олдингиз. Бу жараёндаги энг катта ёрдамчингиз – сизнинг сергаклигингиз бўлади. Онгингиз устудан назоратингиз кучли дегани – ўз шахсиятингиз устидан ҳукмингиз катта деганидир. Кучли шахсиятни тарбиялашни онг дастурларини тафтиш қилишдан бошлаш лозим.

Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…

Подняться наверх