Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - Жавлон Жўраев - Страница 8

Сешанба – Муҳимлик

Оглавление

Беқиёс таққослаш

«Бағриторлик – бошқа одамларнинг ютуқ ва хатоларини, фазилат ва камчиликларини, диний ирқий миллий жинсий ёки ғоявий хусусият ва ўзига хосликларини борича қабул қила олмаслик ҳолати»

(шахсий изоҳли луғатимдан)

Муҳимлик – жуда бадавлат туйғу. У ақл қарамоғи остида жуда кўп куч-қудрат ва тарафкашлар орттирган. Унинг шахсият салтанатидаги таъсири жуда катта. Лекин ҳар қандай кучли туйғуни ҳам унинг қудратини таъминлаб турадиган васийларидан маҳрум қилиб енгиш мумкин. Биз ҳам шундай йўл тутамиз – бу бўлимда муҳимликнинг энг яқин ва содиқ тарафкашларидан бирини ўзимиз томонга оғдириб оламиз.

Танишинг, таққослаш – шахсий муҳимлик туйғусининг арзандаси. Унинг мавжуд бўлишдан биргина мақсади – муҳимликни ошириш. Бирор ким ёки нарсага берилган ортиқча ёки ўта паст баҳоларга айнан унинг тамғаси босилган. У ақлнинг қозихона бўлимида ўтириб олиб, ҳамма нарсанинг «асл» баҳосини аниқлаш билан шуғулланади.

Биз ҳар доим бирор одам, нарса ёки воқеага уни шунга ўхшаш ёки қарама-қарши шахс, буюм ёки ҳолатга таққослабгина баҳо берамиз. Бунинг натижасида ҳаётимизда иштирок этаётган (баъзан эса умуман мавжуд бўлмаган) тушунчалар аҳамятлилик, кераклилик, диққатга ёки ҳурматга арзишлик, қадрлилик, муқаддаслик ва бошқа минглаб мезонларга асосан турли токчаларга сараланади. Бунда таққослаш баҳосидан яхши ўтган тушунчалар муҳимликнинг кўз олдида бўлган юқори токчалардан, тасдиқдан ўтолмаганлари эса биз аҳамят ҳам бермайдиган энг қуйи токчалардан жой олади.

Уйингиздаги буюмлар ёки жавонингиздаги китобларни кўп ишлатишингиз ёки қийматига қараб шундай тартиблаб қўйганингиз жуда яхши – бу сизга керакли нарсани керакли жойдан топишга ёрдам беради. Албатта, энг кераклилар шундоқ қўл остингизда бўлади, сиз ҳам тез-тез уларни кўриб, чангларини артиб турасиз.

Лекин, нимагадир, биз ҳаётимиздаги одамлар ва қадриятлар билан ҳам ҳудди шу йўсинда иш тутамиз. Бизга керакли ва қадрлилигига қараб биз муомалада бўладиган шахслар шундай токчаларга сараланган бўлади. Бу бизга нимага керак экан? Тез-тез «ишлатиб» турадиган одамлар «қўл остида» бўлиши учунми? Ёки умуман «ишлатилмайдиган”ларини кўздан нари қилиш учунми?

Бу синфларга ажратиш ўша одамларни бир-бири ёки ўзимизга таққослаш йўли билан амалга оширилади. Кимдир бизга ёки кимгадир нисбатан ақллироқ, бойроқ, обрўлироқ, кучлироқ ёки қандайдир бошқа афзалликка эга – демак, ўша кимдирнинг баҳоси ва аҳамяти юқорироқ. Ҳа буниси эса ҳеч бир устунликка эга эмас – унинг борлигини ва муносабатини унча муҳим ҳисобламаса ҳам бўлаверади.

Таққослаш якка одамда шахсий муҳимлик туйғусини авж олдирса, бир гуруҳ одамларда ўзига хос ижтимоий муҳимлик туйғусини ривожлантиради. Бу бир гуруҳ ёки тоифа одамлари бошқа гуруҳ ёки тоифадан ўзларини юқори ҳисоблашларига олиб келади. Маҳаллийчилик, миллатчилик, ирқчилик ва бошқа ҳар қандай турдаги айирмачилик ана шундай ижтимоий муҳимлик туйғусидан келиб чиқади.

Миллий ғурур деган жуда нозик тушунча бор. Уни ҳар хил одам турлича тушунади. Лекин ким нима деб тушинишидан қатъий назар, агар миллий ғурур ўз миллатини бошқа элатларга таққослаш асосида шакллантирилган бўлса – бу миллий ғурур эмас. Бу миллий муҳимлик, бу – миллий манманлик. Сиз ўз миллатингиздан фахрланишингизга уни бошқа милларлардан устун ҳисоблашингиз сабаб бўлмаслиги керак. Агар шундай бўлса – Адолф Гитлердан кўп нарса ўргангансиз демак.

Ўз миллатидан фахрланиш учун таққослашсиз ҳам асос жуда етарли. Аввало, мен шу миллат яшайдиган гўзал ва мен учун қадрли заминда дунёга келганим. Ўз қарашларим ва орзуларимни шу миллат тилида айтишни ўрганганим. Шу миллатнинг бунёдкор бўлишга ундайдиган маданияти ва урф-одатлари таъсирида ўсибулғайганим. Ва бошқа кўплаб асослар. Агар ўйласа, қайсидир миллат вакили бўлишдан ғурурланиш учун қиёслашсиз ҳам кўплаб асослар топса бўлади.

Лекин, бундоқ олиб қараса, сизга ўз миллатингиздан фахрланиш учун асос бўлиши шартмикан? Шунчаки, шу миллат вакили бўлиб туғилганингиз етарли эмасми? Агар миллатингизни шартсиз сева олсангиз – ана шунда шу миллатнинг асл вакилиман деб ғурурланишга тўла асосингиз бўлади.

Ўз миллатини шартсиз сева билмаган ва ўз миллатидан уяладиганлар ҳам бор. Бу танганинг бошқа томони – ўз миллатидан норози бўлиш ҳам уни бошқа элатларга таққослаш натижасида келиб чиқади. Қайсидир миллатнинг ўзларига ёққан одатларини ўз миллатида топа олмаган (ёки, энг ёмони, кўра билмаган) одамлар билан ҳамсуҳбат бўлганман. Улар одамларда ҳам, бутун бир миллатларда ҳам замон тақазоси билан мавжуд бўлган камчиликларни борича қабул қила олмайдилар.

Миллий муҳимликка ўхшаб, ирқий муҳимлик, маҳаллий муҳимлик (шаҳарликлар қишлоқликлардан ўзларини муҳим ҳисоблашлари ёки аксинча қишлоқ аҳолисининг шаҳарликларга салбий муносабати) каби ҳолатлар ҳам кўплаб номаъқул натижаларга олиб келади. Диний муҳимлик ҳақида эса умуман гапирмаган маъқул – ўтмишда Усмонли туркларнинг Европа халқларига қилган зуғмларию, Салб юриши рицарлари мусулмон халқлари бошига солган кунлар бу турдаги муҳимлик нималарга қодир эканини кўрсатиб улгурган.

Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…

Подняться наверх