Читать книгу Мавлоно - - Страница 2
МАВЛОНО
Хом эдим / Пишдим / Ёндим
I БЎЛИМ
БАЛХ ШАҲРИДА БИР ОЛИМ: ОЛИМЛАР СУЛТОНИ БАҲОУДДИН ВАЛАД
ОглавлениеБугунги кунда шимоли-ғарбий Афғонистонни ҳам ўз ичига олган Ўрта Осиёнинг Туркистон ҳудудида деярли барча аҳоли туркий тилда гаплашади. Орол денгизига қуйилган Амударёнинг бу қисмида, Эрон чегарасига яқин эски тижорат йўли устида Балх шаҳри қад кўтарган. Хуросоннинг ушбу кекса шаҳри ўзининг неча минг йиллик тарихи давомида озмунча сиёсий ва ижтимоий воқеаларга гувоҳ бўлмаган. Асрлар оша турли истилолар остида эзилган ҳамда турли дин ва маданиятлар таъсирида қолган Балх шаҳри уммавийлар давридан бошлаб Ислом давлатлари назоратига ўтгач, ҳудуддаги бутпараст, маъжусий, шомон, буддавий, насроний ибодатхоналари ўрнига жоме масжидлар қурилиб, шаҳарга “қуббат ул-ислом” (Ислом қуббаси) сифати берилади. Баъзи арабча манбаларда Балхни “ум мул-билод” – “шаҳарлар онаси” деб ҳам аташади.
Маълум бир даврдан сўнг Балх салжуқийлар давлати ҳукмронлиги остида етакчи илм ва урфон марказига айланганини кўрамиз. Салжуқийлар давлати бош вазири Низомулмулк қурдирган мадраса, кутубхона ва расадхоналар Балхда улкан мавқега эга бўлади. Йиллар давомида олиб борилган доимий истилолар халқни қаттиқ ҳолдан тойдирган эди. Бу дунёда ҳузур-ҳаловат топа олмаган омма энди бутун диққат-эътиборини нариги дунё ҳақидаги тушунча ва эътиқодга қаратган эди. Чунончи, турли бўҳрон ва инқирозлар ҳукм сурган мана шундай кунларда тасаввуфий тушунчаларнинг кенг ёйилишига замин яратилади. Балхда тўпланган бир қатор сўфийлар “ваҳдат ул-вужуд” фалсафасининг турли дунёқараш ва тушунчадаги вакиллари сифатида халқ ўртасида кенг эътибор қозона бошлайдилар. Ислом дини доирасида турфа тасаввуфий суҳбатлар ташкил этиларкан, Тангри вуслати йўлида маънавий гўзалликка интилиш тобора кучая боради.
Салжуқийлардан сўнг Хоразмшоҳлар қўлига ўтиб пойтахтга айланган Балхнинг мадрасалари машҳур олимлар, шайхлар ҳамда уларнинг муридлари-ю дунёдан қўлини ювиб, қўлтиғига урган ва таваккулга бўйин эгган дарвешлар, дарбадар сайёҳлар, талабалар билан тўлиб-тошмоқда эди.
Баъзан олимлар, шайхлар ўртасида ҳам дунёқараш ва эътиқод масаласида турли зиддиятлар, низолар ўртага чиқмоқда эди. Ана шундай мураккаб вазият ҳукм сурган Балхда бир олим бор эдики, у жозибали сўзлари ва сабоқлари билан инсонларни ўз эътиқоди атрофига тортмоқда эди. Қолаверса, унинг халқ ўртасидаги мавқеи юксаклиги туфайли мадрасаси нафақат муридлари билан тўлиб-тошмоқда, балки у қайси бир жамоада пайдо бўлмасин, ўша ер маҳшар1га ўхшарди. Сўзлари дарҳол ёд олинар, қоғозга битилиб, қўлма-қўл бўлиб кетарди. Бир бор тинглаган кимса ойлар давомида унинг таъсирида юрарди. Хуллас, унинг нуфузи ҳатто шайхларни ҳам қизғантирадиган даражада тобора ортиб бормоқда эди.
Шунга қарамай, у тавозе билан Ҳаққа қуллик қилар, инсонларни Ҳақ ва ҳақиқат йўли: тўғрилик, яхшиликка бошларди. Халқ кўрсатган ҳурмат ва эътиборни яна халқнинг ўзига қайтарарди.
Балх шаҳрининг ҳатиб ўғиллари уруғига мансуб, етти авлоди олим, ўзи, сўзи тўғри ушбу таниқли олимга Ҳусайн Ҳатибий ўғли Баҳоуддин Валад дер эдилар. Баъзи манбаларда унинг онаси хоразмшоҳлар хонадонига мансуб, яъни Султон Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизи бўлгани қайд этилади.
Баҳоуддин Валад отаси Ҳусайн Жалолиддин Ҳатибийдан жуда эрта айрилиб, ниҳоятда маданиятли аёл ҳисобланган онасининг қўли остида таҳсил ва тарбия олади. У ҳали ёш бўлишига қарамай, кучли ҳофизаси, ноёб истеъдоди ва заковати туфайли Балхдаги нуфузли мадрасалардан бирида мударрисликка тайинланиб, тасаввуф йўлида юксак мартабаларга эришади. Ушбу ёш олимдан файз олиш учун мамлакатнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан оқиб келган муриду талабаларнинг ҳад-ҳисоби йўқ эди. Унинг аждодлари дин йўлида саъй-ҳаракат кўрсатиб, охират салтанатига эришган зотлар эди. Энди у ҳам айни шу йўлдан юриб, инсонларга маънавий олам эҳсонларини сочмоқда эди.
Илми ва кароматига биноан ўз пайтида унга “Султон ул-уламо” – Олимлар султони деган ном берилган эди. Бу унвоннинг берилиши манбаларимизда шундай қайд этилади: бир кеча Балхнинг таниқли уч юз олими бир хил туш кўради. Саҳрода қурилган каттагина чодир ичида Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) саҳобалари билан ўтирган бир пайтда балхлик Баҳо Валад одоб ва ҳурмат билан салом бериб чодирга киради. Шунда пайғамбаримиз Баҳо Валадга илтифот кўрсатиб, унга ўнг томонларидан жой берадилар ва у ерда ҳозир бўлган муфтию имомларга қарата:
– Бугундан эътиборан Баҳо Валадга Султон ул-уламо дея хитоб қилинглар! – деб буюрадилар. Тонг отгач, айни тушни кўрган олимлар тўғри Баҳо Валаднинг мадрасасига йўл олишади. Улар ҳали оғиз очмасданоқ, Баҳо Валад уларнинг кўрган тушларини миридан сиригача айтиб беради. Олимлар:
– Оллоҳ ва Расулуллоҳ шоҳиддир, биз ҳам шоҳидмизки, сен Султон ул-уламосан, бугундан эътиборан худди шу ном билан танилгайсан, – деб айтишади.
Шундай қилиб, у халқ орасида Султон ул-уламо сифати билан кенг танила бошлайди. Дастлаб Фахриддин Розий каби уни хушламаган, шуҳратини қизғанган баъзи олимларнинг эътирозига қарамай, бу унвон абадиятга қадар унинг номи сифатида яшаб қолади.
Баҳо Валад вояга етгач, Балх амири Рукниддиннинг қизи Мўминага уйланади. Бир йил ўтиб, уларнинг оиласида фарзанд дунёга келади. Баҳо Валад болага Аълоиддин Муҳаммад дея исм қўяди. Сўнгра иккинчи фарзанд туғилади. Юзида илоҳий нур порлаган ушбу ўғлига отанинг меҳри бўлакча эди. Эндигина туғилган чақалоқни Мўминанинг қучоғидан олган Султон ул-уламо:
– Муборак бўлсин, Муҳаммад Жалолиддин! Бу бола бошқа болаларга ўхшамайди, уни яхши парвариш қил, Мўмина, – дейди. Шу тариқа болага Муҳаммад Жалолиддин дея исм қўйилади.
Ёш Жалолиддин ана шундай улуғ бир олимнинг иккинчи ўғли ўлароқ, онаси ва етук муридларнинг тарбияси остида улғая бошлайди.
1
Маҳшар – қиёмат куни барча тўпланадиган майдон маъносида.