Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 103

ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
МИР ТЕМУРИЙ ҚОВУНЛАР

Оглавление

“Сайҳун суйининг шимоли тарафидаги қасабалар: бир Ахсидур. Китобларда Ахсикат битирлар… Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эди. Сайҳун дарёси қўрғонининг остидин оқар… Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовундирким “Мир Темурий” дерлар, андоқ қовун маълум эмаским оламда бўлғай”.

(Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Бобурнома”, саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқеалари).

Мен бахтимдан мудом юрдим илгари,

Ўтди яна рамазону ийдлари.

Димоғимдан ҳаргиз кетмади нари

Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.


Ўз бобомдан ёдгор қолган зироат,

Англармиди буни Ҳирот, ҳиндлари.

Бу не соғинч эрур, не сир-синоат –

Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари?


Ғурбат отим жиловини қўйвормай,

Байрам қилди дарду ҳасрат итлари.

Эсиб турди қай ергаким мен бормай,

Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.


Аччиқ чоғир берди менга давроним,

Коса тутди доим ҳижрон риндлари.

Бу дунёда энди ёлғиз армоним –

Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.


Паст кетса чарх, кўрсатса-да минг ўйин,

Баланд бўлган султонларнинг дидлари.

Тарк этмасин сени, ўғлим Ҳумоюн,

Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.


Салтанат ҳам тутаб битди оҳимдан,

Дуо айланг беклари, сайидлари.

То қиёмат анқир энди хокимдан

Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.


2007

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх