Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 94
ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ШОҲТУТ
ОглавлениеОйбиби момомнинг яшил шоҳтути,
Яхшию ёмонга – бир, дилхоҳ тути.
Невараларига мевасин берган,
Соясини берган – оромгоҳ тути.
Момом шоҳтутига нигоҳбон эди,
Шоҳтут ҳам момомдай меҳрибон эди.
Унинг шохларида катта бўлдик биз,
Шохлардан нарёғи кўк осмон эди.
Тому боғчалари қирмиз, болалик,
Қўл-бет, ёқалари қизил, лолалик,
Биз ҳам шу шоҳтутнинг меваларидай
Ранг олиб улғайдик теварагида.
Бари бир кечада бўлди-ку тамом,
Бизни ташлаб кетди Ойбиби момом.
Кўрдик бу дунёнинг бўшаганини,
Шоҳтутнинг бир тунда букчайганини.
Кейин ариқларга сув келмай қўйди,
Буни биров билиб ё билмай қўйди.
Кейин шаҳарларга биз тарқаб кетдик,
Шоҳтут эмас, гўё биз қақраб кетдик.
Ою йиллар нима – тушдайгинадир,
Бошларингдан учар қушдайгинадир.
Энди келиб кўрсак – у азим шоҳтут
Бужмайган, кичрайган – муштдайгинадир.
Дарахт ҳам тирикдир одамзот билан,
Яшар, видолашар сўнг ҳаёт билан.
Мисли бир хотирот унут дунёдан –
Ўтиб бормоқдадир шоҳтут дунёдан.
Ойбиби момомнинг бетоб шоҳтути,
Бўлмиш гадойдан ҳам хароб, шоҳтути.
Момомдан бизларга ёдгорлик эмас,
Бу дунёда қолган оҳу воҳ тути.
2007