Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 95
ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
НИГИНА ВА АФСОНА
ОглавлениеБалки олти ёшдир, балки етти ёш,
Бир-бирини кўрса – кўзларида ёш.
Ўтар олти ойми, ёки етти ой,
Бир-бирин қўйишга тополмагай жой.
Бири учиб юрар мисли капалак,
Бири – шириндан ҳам ширин ҳандалак.
Ширмой кулчадайин икки қизалоқ,
Икки бойчечакдир, икки қизғалдоқ.
Бири Истанбулдан келар соғиниб,
Буниси Тошкентда кутар орзиқиб.
Оллоҳ кўнгилларга сеҳр бермишдир,
Шу мурғак жонларга меҳр бермишдир.
Тириклик боғининг мўъжизалари,
Янгроқ қўнғироғи, куй, жилғалари.
Ҳаёт китобидан гўзал фасона,
Бири Нигинадир, бири – Афсона.
Булар сўйлашсалар – ғунча кулгандай,
Худди фаришталар суҳбат қилгандай.
Дунё ишларининг бари – бир тараф,
Буларнинг соғинчли бағри – бир тараф.
Бир-бирини қўмсаб, интилиб яшар,
Шулардан ўргансин дўстликни башар.
2007