Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 48
ШЕЪРЛАР
ДИЛ ФАСЛИ
УНИВЕРСИТЕТ МАДҲИЯСИ
ОглавлениеҚанча улуғ зотларнинг мунаввар дарсхонаси,
Ҳар бир кўҳна ғиштингда замонлар афсонаси,
Мангулик қўрғонида сўнмагай нишонаси,
Уйғонгувчи миллатнинг илму фан кошонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Ўзбекнинг бу дунёда тулпори бор, оти бор,
“Қутадғу билик”лардан бошланган бунёди бор,
Сокин деворларингда алломалар ёди бор,
Садоқат пирхонаси, саодат нурхонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Китоблар узра юз минг кечалар кундуз бўлур,
Устозларнинг орзуси – юз минг ўғил-қиз бўлур,
Маърифат осмонида бу юз минг юлдуз бўлур,
Ёшлик ҳам муҳаббатнинг туганмас таронаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Илм олмоқ оламда улуғ неъмат, улуғ эрк,
Бағрингда вижир-вижир қалдирғочлар тўлуғдек,
Кўрса ҳавас қиларди ўзи султон Улуғбек,
Неча бир авлодларнинг ярқироқ пешонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Бир сўз ўрганмоқ учун кетгай қанчалар сабот,
Асли сўнгсиз синовдир, дорилфунундир ҳаёт.
Сен ўзинг парвоз бергил, сен ўзинг бўлгил қанот,
Сендадир камолотнинг юксалур поғонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Бизлар тошқин дарёлар – бир жону тан бўлгаймиз,
Тириклик чечаклари – гул-гул чаман бўлгаймиз,
Улғайиб, камол топиб, буюк Ватан бўлгаймиз,
Истиқлол дурдонаси, истиқбол остонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
2005