Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 63

ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
МАҚОЛ ТАҲЛИЛИ

Оглавление

“Отанг – бозор, онанг – бозор”,

Сен бозорда туғилдинг.

Қўшиғинг, таронанг бозор,

Шу қўшиққа йўғрилдинг.


Болалигинг яллалари –

Ғала-ғовур яллалар.

Тарозининг паллалари

Айтган сенга аллалар.


Бешигингга эгилгандир

Расталари тегрангдан.

Сени бозор эмизгандир,

Сени бозор тебратган.


Бир маҳаллар оёқяланг

Писта чақиб юргандинг.

Улғайдинг сўнг эпчил, фаранг,

Сотишни ҳам ўргандинг.


Ҳам муҳтарам, ҳам муттаҳам,

Ҳаммани безор қилдинг.

Шундай катта дунёни ҳам

Охири бозор қилдинг.


Бозор яшар то бор рўзғор,

Енгу ёқанг ҳам бозор.

Отанг – бозор, онанг – бозор,

Бола-чақанг ҳам бозор.


Кимки кимдан ўзар – бойдир,

Ким бунда ётиб олди.

Битта аканг – Бозорбойдир,

Бир уканг – Сотиболди.


2007

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх