Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 58
ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ИЗҲОР
ОглавлениеБир тилим ҳандалак, бир тилим ҳилол
Минг йил кўз ўнгимдан кетмагай ҳаргиз.
Сен – мангу халқдирсан, ризқ-рўзи ҳалол,
Мен – сендан тарқаган, кўкарган илдиз.
Одам атолардан нишоним дедим,
Сени бобом дедим, деҳқоним дедим.
Элин билмаганлар юртин қарғарлар,
Миннат қилганлар бор берган ош-нонин.
Кетди боғларингни босган қарғалар,
Азал булбулларга гўзал ошёним.
Тўрғайларга ўнғай маконим дедим,
Сени бағрим дедим, осмоним дедим.
Амир Темурлардан қолган номус-ор,
Бир синиқ ғишти ҳам шараф-шон юртим.
Сен – ўлмас ғурурсан, сўнмас ифтихор,
Суви ҳам, қуми ҳам зарафшон юртим.
Асрлар жўш урган дил қоним дедим,
Туғи абад баланд қўрғоним дедим.
Сен – ўн бешга тўлган отажонимсан,
Бешигинг ислари кетмаган ҳали.
Тожу тахтим менинг, зўр имконимсан,
Бори тириклигим, умрим сайқали.
Сени – қошу кўзим, мижгоним дедим,
Ўз уйимда ўсган султоним дедим.
Менинг бу дунёда бошқа онам йўқ,
Онажоним ўзинг – танҳо, ягонам.
Сен борсан – сўзимнинг бошоқлари тўқ,
Сен борсан – тинмагай тилдан таронам.
Сенга садқа бўлсин бу жоним дедим,
Сени жоним дедим, жаҳоним дедим.
Халқ бўлиб заминда кўз очган кундан
Қанчалар меҳнату миннат кўрдик биз.
Асли Истиқлолнинг ғояси шундан,
Жон чекиб, муҳташам давлат қурдик биз.
Эзгулик даргоҳим, майдоним дедим,
Оламга очилган айвоним дедим.
Дунё ҳам бўлиниб тулпор, отларга,
Қувончу ғам деган тарафлар бўлгай.
Лекин эл-юртим деб ёнган зотларга
Абадият қадар шарафлар бўлгай.
Бир тонгда ушалган армоним дедим,
Кетмас бўлиб келган давроним дедим.
2006