Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 56

ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ОДАМ – ТЕЛЕФОН

Оглавление

Биқинда – бир телефон,

Бўйнингда – бир телефон.

Бир телефон – киссангда,

Қўйнингда – бир телефон.


Қўлингда – қул телефон,

Ўйингда – пул телефон.

Сенга ҳамдамдир – кезсанг

Саҳрою чўл – телефон.


Қизингда – бир телефон,

Ўзингда – сир телефон.

Уйда неча жонинг бор –

Шунча телефонинг бор.


Қўймайди хушторларинг,

Дилбару дилдорларинг.

Баданларинг зириллар,

Телефонинг ириллар.


Камалакни кўрмайсан,

Капалакни кўрмайсан.

Тўхтаб туриб, майсага

Боқдингми бир лаҳзага?


Бир кун ўтсанг, эй одам,

Сенга ким тутар мотам?

Жанозангга нолонлар

Тўпланар телефонлар.


Зирқирайди биқининг –

Буйракдаги тошингми?

Телефонлар охири

Едиларку бошингни.

Маъракангда жам бўлиб

Ейдилар ҳам ошингни.


Кейин дўсту ёрларинг

Йиғлаб бардош, сабрингга,

Мармартош телефонни

Ўрнатишар қабрингга.


2006

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх