Читать книгу Хотира саодати - - Страница 10
БОБОМ МУҲАММАД ИМИН ВА БУВИМ БИБИХОЖАР
ОглавлениеХХ асрнинг бошларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида пахта етиштириш негизида саноатлашган ишлаб чиқариш таркиб топа бошлаган. Бир ёқда пахта дехқончилиги, бир ёқда эса пахтани қайта ишловчи пахта тозалаш ва чигитдан ёғ олувчи заводлар тармоғи шакллана бошлаган. Бу тармоқлар дадил фаолият юритиши учун эса зарур молия, кредит-банк тизимлари пайдо бўлган. Дадамнинг ота томондан бобоси Исмоилжон кредит тизими вакили, она томонидан бобоси Содиқжон эса пахта етиштириб сотувчи тадбиркор бўлган эканлар.
Албатта, у замондаги кредит тизими ҳозиргига нисбатан ўта оддий бўлиб, кредит олувчи одатда баҳорда кредит берувчидан пахта экиб етиштириш учун қарз олар ва пул олганлик ҳақида бир варақ қоғоз берарди. Бу қоғозда одатда икки кўрсаткич: кредит миқдори ва уни қайтариш муддати кўрсатилиб, бу қоғоз “вексаль” деб аталар, қарз берувчини “вексаль олувчи”, иккинчи томон эса “вексаль берувчи” деб айтилар эди.
Эшитган ҳикояларимдан шунга амин бўлганманки, бундай “вексаль” олди-бердиси, айниқса пахта етиштириш учун қулай имкониятлар яратган. Шу сабаб ҳам аср бошида Туркистонда пахтачилик жуда яхши ривожланган. Бизнинг Эскиликдаги Исмоил бобомиз ўғиллари билан бирга вексаль асосида қарз бериш билан машғул бўлган экан. Аммамларнинг эслашича, Исмоилжон бобомнинг уйида бир хона бўлиб, унинг деворлари бўйлаб темир жавонлар думалоқ қилиб ўралган ва бойланган қоғозлар билан тўла бўларкан. Бу хонага болалар киритилмас экан.
Бу касбдан ташқари катта бобомнинг ҳозирги “Бобур” сиҳатгоҳи ўрнидаги дарё ўзанида шоличилик ерлари, боғ-роғлари бўлган. Махбубахон опамнинг эслашича, Отикахон аммам билан Завроқ қишлоғи ёнидаги Меҳмонивалий номли ерлардан машинада ўтаётганларида “шу ерлар дадамларга қарар эди, у киши бизни пахта теримида шу ерларга отига миндириб, бирга олиб чиқарди”, деб айтган экан. Бобомиз ўз ерларида фарзандлари ва хизматкорлар кўмагида деҳқончилик, боғдорчилик ҳамда чорвачилик билан ҳам шуғулланган.
Вексаль орқали қарз олиш усули ўта содда бўлган, ҳозиргидай бунда гаров, бизнес-режа ва бошқа қатор ҳужжатлар талаб этилмаган. Қарз олишнинг жуда кўп шартлари оғзаки келишилиб, “лафз” тушунчаси – ўзаро ишонч, томонлар ўртасида жуда юқори баҳоланган. Бу борадаги кўп йиллик муносабат эса томонлар ўртасидаги ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаган, улар ўртасидаги алоқаларни дўстлик даражасига кўтарган.
Хуллас калом, бизнинг катта боболаримиз Исмоилжон ва Содиқбойлар ўртасида ана шундай дўстлик шаклланиб, оилавий борди-келдилар қарор топган экан. Исмоилжон хонадони Андижон шаҳрининг ҳозирги Алишер Навоий кўчасидан Педуниверситетга темир йўл бўйлаб боришда чапда жойлашган Эскилик маҳалласида яшар, Содиқбой хонадони эса ҳозирда Хўжаобод тумани марказига боришда ўнгда келадиган Шаҳрихон сой бўйидаги Кўтарма қишлоғида истиқомат қилган. Қисқаси, аждодларим Иминжон ва Бибиҳожарнинг бир-бирлари билан турмуш қуришлари, оталари ўртасидаги дўстлиги ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлиги меваси бўлган.
Ёзнинг иссиқ кунларидан бирида, Исмоилжоннинг уйига келган Содиқбой “аёлларингизни бизнинг қишлоққа юборинг, сой бўйида салқинда дам олиб келишади”, деб таклиф қилган. Шаҳарнинг тор шароитида яшовчи аёлларга бу таклиф жуда маъқул бўлган ва эртасигаёқ аравакашликни ўз зиммасига олган Иминжон онаси ва икки акасининг хотинларини аравага ўтказиб, Кўтарма қишлоғига йўлга тушган.
Иминжон етакчилигидаги арава Содиқбой хонадони олдига етиб келгач, ҳали ёш бўлган келинчаклар шарқираб оқаётган сой сувини кўргач, аравадан сакраб тушиб, қийқирганча сой томон югуриб кетишган. Уларни ҳам тушунмоқ керак, шаҳарда ўсган ёшлар бундай гўзал манзара, бундай шарқироқ сувни илк бор кўришлари бўлса керак. Қайнона эса аравада ўлтириб қола берган. Зеро, Қўқон арава ердан анчайин баланд бўлиб, бу ёшдаги аёлга ундан тушиш учун ё биров ёрдамчи ёки нарвонча лозим бўлар эди. Ўғил эса, келин аяларининг болаларча қилмишларидан ҳайрон бўлиб, нима қилишини билмай туриб қолган. Шу дам ҳовлидан пастаккина, аммо меҳнат билан пишиққан бир қиз югуриб чиқиб:
– Вой холажон, келганингларни билмай қолибмиз, бизникига ҳуш келибсиз, – деганча меҳмонни шарт кўтариб, аравадан туширган ва ҳовлига етаклаган.
Шу қиз, исми Бибиҳожар, Содиқбой бобомизнинг беш қизидан иккинчиси бўлиб, шу сафардаёқ она томонидан аравада келган ўғли Иминжонга унаштирилган ва тез кунда Андижоннинг Эскилик маҳалласига келин қилиб, олиб кетилган.
Бобом Иминжоннинг таваллуд йиллари 1890 йилга тўғри келади. Чунки дадам “мени, акамни ва дадамнинг мучал йиллари бир хил – йўлбарс бўлган”, дер эди. Дадам 1926 йил, дадасининг 36 ёшида, яъни мучал йилида дунёга келган экан. Дунёнинг такрорланиши қизиқ, дадамнинг ўн икки фарзанди орасида мен, уч фарзандим орасида катта ўғлим Фарҳоджон, унинг уч фарзанди орасида эса ўғли Каримжон йўлбарс йилида таваллуд топдик. Демак, йўлбарс мучали беш авлодда узлуксиз такрорланди. Бундай такрорланиш давом этармикин, бу фақат Оллоҳга аён.
Бобом уйлангач, отаси уни Эскилик маҳалласидаги йўл бўйига пишган ғиштдан қурилган мўъжазгина бир неча хонали уйга жойлаштирган экан. Кейинчалик, биз кўрган бу бино Эскилик маҳалласи учун каттагина савдо дўкони бўлиб хизмат қиларди. Келин бўлиб тушган жойда қизининг бахтиёр яшаётганидан ҳурсанд Содиқҳожи бобомиз қизи тушган ҳовлининг рўпарасидан катта ер майдони сотиб олиб, уй-жой қурадида, куёви ва қизига ҳадя этади. Бу ҳадя ХХ асрнинг ўнинчи йилларида рўй берган. Бобом ва бувим то ўттиз биринчи йил бошларида қулоқ қилингунча, шу ҳовлида яшаганлар ва шу жойдан большевиклар уларни узоқ Украинага жўнатишган.
Ҳовли бир гектар атрофида бўлиб, бир қисмида гир айланган яшаш учун уйлар, меҳмонхоналар, овқатхоналар бўлган. Иккинчи қисмида омборхоналар, от ва чорва учун зарур бинолар қурилган. Кириш учун бир неча дарвозалар бўлган. Шулардан бири баланд икки табақали роввот 60-йиллар бошида ҳам сақланиб қолган эди. Мен уни Эскиликка борганда кўрар эдим. Яқин қариндошларимнинг бу ҳовлига, айниқса дарвозага бир армон билан қараб қўйишларини кузатганман. Айтишларича, уй эгалари қулоқ қилингач, ҳовлининг биринчи қисмига саккиз хўжалик ва янги тузилган колхоз идораси жойлашган. Иккинчи қисми колхозга омборхона, отхона ва молхона вазифасини ўтаган экан. Кейинчалик 70-йилларда колхоз янги жойга кўчиб, ҳовли, бинолар эскиргани сабаб бузилган ва ер одамларга бўлиб берилган.
Мана шу ҳовли билан боғлиқ айрим хотиралар хонадонимизда кўп эсланади. Шулардан бири, колхознинг сўнгги раиси, шу лавозимда кўп йиллар ишлаган Узоқбой ака билан боғлиқ. Бу инсон дадамга кўп яқин ва меҳрибон эди. У киши бир неча маротаба дадамни Эскиликка чақириб, “шу ерга кўчиб кел, ер ажратиб берай. Ота жойларингга ҳовли-жой қилгин”, деб таклиф қилган экан. Дадам эса:
– Қўйинг Узоқбой ака, ота-онамга насиб қилмаган жойлар, бизга насиб қилармиди, – деб жавоб берган.
Дадамнинг бундай жавобида ҳам жон бор эди. Яқин 80-йилларгача ҳам қулоқ қилинганлар, ҳатто уларнинг фарзандлари ва набираларидан ҳам “қулоқлик” тамғаси олинмаган эди. “Қулоқ боласи”, “қулоқ авлоди” деб қўлини бигиз қиладиган гумроҳлар топиларди. Бир пайтлар “ҳақдор” бўлганларнинг авлодидан айримлари ўзининг “ҳақсизлар” авлоди устидан юқори эканлик-ларини шу йўл билан пасткашларча намойиш этарди. Балки дадам уни яхши биладиган шундай “ҳақдорлар” ичига бориб яшагиси келмагандир.
Укам Азимжоннинг эслашича, дадам бир кун:
– Машинани юргиз, Эскиликка бориб келамиз, Узоқбой ака оғирлашиб қолибди, – деган.
У киши ҳовлисига етганларида Узоқбой аканинг яқинларидан уч-тўрт киши дарвоза олдида турганини кўришган. Дадамнинг:
– Нима гап? – деган саволига,
– Узоқбой ака оғирлашиб қолди, кечадан бери сизни сўраяпти, – деган жавоб олишган.
Ичкари кириб, дуо-фотиҳа қилингач, Узоқбой ака дадамга юзланиб;
– Каримжон, куним битиб қолди шекилли, аммо ер мени олгиси келмаяпти. Сендан қарзим бор, шуни ол, мен хотиржам эгам олдига сафарга кетай, – деб фарзандига юзланиб, – сандиқдагини олиб кел,– деб буюрган.
Ўғли хонадан чиқиб, эркаклар белбоғига тугилган бир чорси пул кўтариб кирганда, отаси имоси билан дадам олдига қўйган. Узоқбой ака дадамга юзланиб:
– Каримжон, отанг ҳовлисининг бир қисмини бузиб, унинг ёғочлари, ғишт-тошларини олиб чиқиб, ўзимга ҳовли қурган эдим. Қолаверса, отанг мулкида шунча йил давру даврон сурдим, авлодимни кўпайтирдим. Ёшим тўқсондан ошди, ўлолмаяпман, ҳадеб тушимга Сўфи акам киради. Шуни олгинда, мендан рози бўлгин, – деган.
Дадам эса:
– Узоқбой ака, пешонамизда бор экан. Украинадан эсон-омон қайтдик. Ҳовли-жойларнинг эгаси бўлган ота-онам эса ўша ёқларда қолиб кетди. Энди уларга ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Биз эса ишлаб, маблағ тўплаб, ҳовли-жой қилиб олдик. Бу пулга менинг муҳтожлигим йўқ.
Узоқбой аканинг илтимослари дадамни юмшата олмаган. Охир-оқибат, “нима қилай бу пулларни? Улар сизларга аталган эди, шунинг учун фарзандларимга ҳам буюрмайди”, – деган сўзларига жавобан дадам:
– Узоқбой ака, мен ҳам бир фарзандингиздекман, ота-онамга бу жойлар буюрмади, энди ундан келган пул фарзандларингиз қатори менга ҳам буюрмайди. Шундай экан, келинг, бу пулларни бева-бечораларга, етим-есирларга тарқатайлик, – деганда, пулни жойида қолдириб, дуо қилиб ўрнидан қўзғалган.
Мусаев Хусанохун. Бобомиз ҳовлиси ҳақидаги яна бир ҳикоя Салимжон акам тилидан кўп айтилган. Бу ҳовлига улар кетгандан кейин кўчиб кирганлардан бирининг фарзанди, Мусаев Хусанохун дадамлардан уч-тўрт ёш катта бўлиб, ўқиб маълумотли бўлган. У киши узоқ йиллар Андижон медицина институтида доцент бўлиб ишлаган, иқтисодчи олим эди. Дадам фронтдан қайтиб келгач, икковлари яхши муносабатда бўлганлар.
Дадам вафотидан уч-тўрт йил кейин, у кишининг хотини таъзиясида Ҳусанохун ака Салимжон акамни ёнига чорлаб:
– Салимжон, бу ҳовлида бобонгнинг излари қолган. Сен менга кичикроқ бир квартира олиб бер, бу уйни сенларга топширай, ахир бобонг, бувинг юрган жойлар, уларнинг чироғини ёқ, савоб бўлади. Сўнгги пайтларда Сўфи дадам тез-тез тушимга кираяпти. Шу ҳовлини сизларга бермасам, тинч ухлай олмайман. Мени шу ташвишдан халос этгин.
Албатта акам бу таклифни рад этган ва бизнинг бобомиз жойларига умуман ҳеч қандай даъвомиз йўқлигини баён этган.
Ҳусанохун ака ҳақида гап кетганда, унинг баъзи бир қирралари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Чунки у киши ва ота-боболари сулоламиз билан яқин муносабатда бўлган экан. Дадам билан Эскиликка борганда, у кишини албатта зиёрат қилиб ўтардик. Дадам билан турли мавзуларда узоқ суҳбатлашар, ўз даврининг етук зиёлиларидан бири эди. У кишининг етук арбобларга хос ташаббусининг ўзим гувоҳи бўлганман.
У пайтда мен Тошкент Халқ хўжалиги институти Андижон филиали директори бўлиб ишлардим. Ҳар беш йилда бир Коммунистик фирқанинг иттифоқ ва республикаларда съездлари бўлар эди. 1990 йил Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Коммунистик фирқаси 22-съездига сайланган иштирокчилар сафида Хусанохун ака билан бирга мен ҳам бор эдик. Съезд бошланиб, унинг мажлислари тугай деб қолганда, раислик қилувчи биринчи котиб Ислом Каримов бирдан, Андижон, Фарғона ва Намангандан келган делегатларнинг қолишини, бошқалар эса залдан чиқиб кетишини сўраб мурожаат этди. Бундай мурожаат нотабиий эди, шу сабаб ҳаммамиз бирдан сергак тортдик. Залда фақат водийлик съезд қатнашчилари қолгач, Каримов бизга юзланиб:
– Қирғизистонниннг Ўш вилоятида катта фожиа юз бермоқда. Бир гала қуролланган кимсалар ўзбек хонадонларига кириб, уларни ўлдирмоқда, уйларини ёқмоқда, мол-мулкини таламоқда. Кўплаб ўшлик ўзбеклардан қурбонлар бор. Аммо бу ишда қирғиз ҳалқининг қўли йўқ, жанжални ташқаридан бошқараётган кучлар қиляпти. Ўшлик биродарларимиздан бизга, ёрдам сўраб, кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Қани, айтинглар, сизлар қўшни халқни ҳаммадан кўра яхшироқ биласиз, қандай чора кўрсак, ўринли бўлади?
Республика раҳбарининг ўта мураккаб вазиятда халқ вакиллари ташаббус кўрсатиши лозимлигини истаётгани яққол кўриниб турарди. Бирин-кетин ёши улуғ делегатлар сўз сўраб, таклиф айта бошладилар. Бири чегарани очиб, қочқинларни қабул қилиш керак деса, бири зудлик билан Москвага мурожаат қилиб ёрдам олиш керак, деди. Бири ҳатто Қирғизистонга қўшин киритиб, у ерлик ўзбекларни қурол кучи билан ҳимоя қилиш лозим, деб чиқди. Бу сўзларни Ислом Каримов жағини муштига қўйганча, жим ўтириб тинглади. Унинг сукути айтилаётган таклифлардан кўнгли тўлмаётганлигини билдирарди. Қўшин киритиш ҳақида гап кетганда, бирдан пастдан “йўқ, бу йўл бўлмайди”, деган овоз келди.
– Қани домла, қандай таклифингиз бор? – деб сўради раислик қилувчи.
Хусанохун ака минбарга чиққач, оғирлик билан сўз бошлади:
– Ислом ака, бу ишларда қирғиз халқининг қўли йўқ деб, айтдингиз. Бу икки халқ тарихда ҳеч қачон ўзаро урушган эмас, агар урушса, жуда қаттиқ ва узоқ муддат урушади. Биз турк халқлари қизиққон, жангари халқмиз. Урушсак, бир-биримизни узоқ вақт кечира олмаймиз. Шу сабаб, қўшин киритиш катта урушга, оқибат икки миллатни ўзаро бутунлай ёт бўлиб кетишига олиб келади. Чегарани очиб, қочоқларни Ўзбекистонга киритиб ҳам бўлмайди, бу Қирғизистондаги жанжалнинг Ўзбекистон ички ҳудудларига ҳам ёйилиб кетишига олиб келиши мумкин. Энди Москва ёрдамига келсак, бу ёрдамдан умид қилиб бўлмайди, чунки Москва ёрдам ўрнига бундай жанжални бошидан тўхтата оларди. Зеро, шундай катта ҳарбий, сиёсий кучга эга давлат бу жанжалнинг келиб чиқишига индамай йўл қўйибдими, унга ишониб бўлмайди. Қирғизистонлик ўзбеклар у давлат фуқароси, шундай экан, уларни ҳимоя қилиш Қирғизистон ҳукуматининг вазифаси. Шуниннг учун бирдан-бир йўл қанчалар оғир бўлмасин, чегарани беркитиш, жанжалнинг мамлакатимизга ёйилишига йўл бермасликдир.
Сукутда ўтирган Ислом Каримовнинг чеҳраси бу сўзлардан сўнг бирдан ёришиб кетди.
– Катта раҳмат домла, дилимиздаги гапларни айтдингиз. Сўзларингизга яна бир қўшимча қилмоқчиман. Анавилар, –шундай деб қўли билан Москва томонга имо қилиб, СССР раҳбарларини кўзда тутган бўлса керак, – икки миллат ўртасидаги жанжалдан фойдаланиб, улар ўртасига Европадан мажбуран олиб чиқаётган қўшинларини “тинчлик сақловчи қўшин” сифатида киритиб қўймоқчи. Агар уларнинг қўшини кириб олса, уларни кейин ҳеч қандай йўл билан чиқариб бўлмайди, бунинг оқибати эса юртимиз учун оғир бўлади.
Ҳусанохун аканинг таклифлари шу кун ҳамма томонидан маъқулланди, қолаверса бу таклифлар мамлакат раҳбариятининг бу борадаги сиёсатига ҳам мос бўлиб кўринди. Мажлисдан кейин тунда, биз ўз вилоятларимизга юқоридаги сиёсатни амалга ошириш учун вакил сифатида учиб кетдик. Олдимизга қўйилган вазифа Ўзбекистон ҳудудида яшаётган қирғиз миллатига мансуб фуқароларимизни турли доғули гуруҳларнинг ҳужумидан ҳимоя қилишни ташкиллаштириш, чегарага яқин аҳоли ўртасида миллатчилик, қирғизларга қарши ҳаракатга чорловчиларнинг найрангига учмасликни тарғиб этиш эди. Яратганга шукурлар бўлсинким, ўшанда халқимиз юзага келган мураккаб вазиятдан чуқур асоратларсиз чиқа олди. Тўғри, кейинчалик ўшлик ўзбекларнинг, республикамиз қўшин киритиб, уларни ҳимоя қилмаганини турлича талқин этганликлари ҳақида гаплар келди. Начора, вазият шундай эди, ҳар қандай бошқа қарор бутун Марказий Осиёни уруш гирдобига тортиб кетиши мумкин эди.