Читать книгу Хотира саодати - - Страница 6
ОТА АЖДОДЛАРИМИЗ ТАРИХИ
ОглавлениеУзоқ ўтмишда дадамнинг ота авлодлари андижонлик бўлиб, Андижон ва Қашқар ўртасидаги савдо алоқаларида қатнашиб келганлар. Аста секин уларнинг бир қисми Қашқарда ўрнашиб қола бошлаган ва ўша ерга илдиз отган. Оқибат уруғнинг бир қисми андижонлик, бир қисми эса қашқарлик бўлиб қолган, Табиий, қашқарлик уруғларимиз аста-секин уйғурлар сафига қўшилиб кетган. Бу икки уруғ ўртасидаги борди-келди қондошлик ришталари, қолаверса мавжуд савдо алоқалари туфайли ўтган асрнинг 30-йилларига қадар ҳам жуда кучли бўлган. Бир сўз билан айтганда, дадамнинг узоқ боболари Қашқарликлардан, она томони эса Андижон ўзбекларидандир. Она томонимиз ҳам шундай, оналари ўзбеклардан, отасининг аждодлари эса тожикларга бориб тақалар экан. Асли, советлар тузумигача ким ўзбек, ким уйғур ёки тожик, қирғиз, қозоқ, жуда кам суриштирилган. Миллатларни фарқлаш, уларни бир-биридан ажратиш ва алоҳида бошқариш большевикларга хос иш услуби эди.
Советлар тузумигача Фарғона водийсида ўзбек, уйғур, қирғиз, тожик аралашиб яшайверган. Бу миллатлар учун ўзаро оилалар қуриш одатий ҳол бўлган. Андижонда, айниқса, ўзбекларнинг уйғурлар билан яқинлиги кучли бўлган. уларни бир довон ажратиб турган. Довон у томонидаги шаҳар Қашқар бўлган, бу томони эса – Андижон. Шу сабаб ҳам ўзбеклар барча уйғурларни “Қашқарликлар” деб атаса, барча уйғурлар ўзбекларни “Анжанликла” деб номлаган. Борди-келди шу даражада бўлганки, ҳозирги Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида уйғур миллатига мансуб аҳолининг салмоғи сезиларли даражада кўпайган. Бу ҳолни Хитойнинг Шин Жонгида ҳам кузатиш мумкин. У томонларда ўзбек, қирғиз, қозоқлар анчагина.
Асли ягона “Туркистон” деб номланган ҳудуднинг “Шарқий” ва “Ғарбий” қисмларга ажратилиши, Чор Россияси ва Хитой императорларининг бу ўлкани иккига бўлиб босиб олиш мақсадида тил бириктиришлари сабаб рўй берган. Икки давлат ўртасидаги бундай келишув 1851 йил имзоланган Кулжа шартномасида ўз аксини топган. Натижада миллатлар чегаранинг икки томонида бўлиниб қолган. Фақат, борди-келди тўхтамаган, чунки чегарадан ўтиш имконияти бўлган. Бу имконият ХХ асрнинг ўттизинчи йилларига келиб беркитилган.
Болалигимдан ёдимда, Андижоннинг Алишер Навоий кўчасидан бошланадиган “Эски Ўш йўли” кўчаси бор. Шу йўлнинг бошини халқ содда қилиб “Хитойкўнси” деб атарди. Бу жойни яхши билишим, акам билан Кўтармага, аммамникига йўл олганимизда, шу жойдан машинага ўтирардик. Ўша жойда Хитой услубида қурилган чиройли бино бўлиб, у Хитойнинг Россия империясидаги консулхоналаридан бири экан, қолганлари Владивосток, Иркутск ва бошқа шаҳарларда бўлган. Ўша бино ҳозир ҳам сақланиб қолган. Яъни, Андижон орқали Хитой билан жуда кўп борди-келди бўлгани учун консуллик бизнинг шаҳарда ҳам жойлашган экан.
Туркистоннинг бўлиниши натижасида чегаранинг у томонида қолган бизнинг ота авлод боболаримиздан бирининг Андижонга келиб, Эскилик қишлоғидаги қариндошларига қўшилишига бир воқеа сабаб бўлган экан. Бу воқеа катталардан бизга қуйидагича ҳикоя қилиб берилган.
Қашқарда бой-бадавлат яшовчи нечанчидир бобомиз, маҳаллий амалдорларнинг кўнглини олиш мақсадида улардан баъзиларини меҳмонга чақириб турар экан. Шундай меҳмондорчиликлардан бирида бўза, шароб ичилган ва сўнгида шошқол ўйналган. Махсус тайёрланган залворли икки сопол коса ичига шошқол тошлари солиниб, силкитиб тошлар ерга ташланган ва улардаги рақамлар сонига қараб, кимнинг ютгани аниқланган. Шу куни омади чопган бизнинг бобомиз амалдорни катта маблағга қарздор қилиб қўйган.
Бундай вазиятни кутмаган амалдор чидолмаслик йўлига ўтиб, қарзидан тонган ва манфаат фақат унга бўлмоғи лозимлигини сурбетларча намойиш қилган. Воқеанинг бундай ривожланишидан жаҳли чиққан бобомиз болахонадор қилиб сўкинганда қўлидаги шошқол косаси билан уни қаттиқ урган. Айтишларича, ҳамма боболаримиз ҳам серсавлат ва бақувват бўлган. Амалдор эса, нимжонгина жуссаси кичик, озғин одам бўлган экан. У бир зарбадаёқ шилқ этиб йиқилиб, жон таслим қилган. Жаҳл аралаш қилинган зарба қаттиқ бўлган, коса ҳам залворлигина экан.
Хитойликлар Шин Жонни босиб олгач, у ерда ўта қаттиқ тартиб ўрнатган бўлиб, бундай ҳолатлар асло кечирилмаган. Шу сабаб ўтиришда қатнашаётган бобомизнинг дўстлари “қочинг”, деб хитоб қилишган. Бобомиз ҳам шошиб, қўйнига олтинли ҳамёнларни солганча, отга тўрт яшар ўғлини миндириб, хайр-хўшни ҳам насия қилиб, Андижондаги қариндошлар ҳузурига кетган. Чунки Андижон бошқа давлат ҳудудида бўлиб, бу ерга хитойликларнинг қўли етмас эди. Бу воқеа, менинг ҳисобларимга кўра 1855-1860 йилларда рўй берган.
Ушбу битикни ёзаётиб, табиий, ўз аждодларимнинг изини яна бир бор қидирдим. Интилишларим натижа бериб, Эскиликда бир қариндошимизникидан акам Салимжон ва Абдураим тоғанинг ўғли Қобулжон ака бир эски дафтар топиб келтиришди. Бу дафтарда 2005 йил январь ойида дадамнинг бўлаваччаси бўлмиш Ҳакимжон аканинг эсталиклари ўз оғзидан ёзиб олинган экан. Ҳакимжон ака (раҳматлик) дадамнинг аммаси бўлган Халима очанинг невараси бўлиб, инқилобдан кейин Қашқарга кетиб қолган қариндошлари олдига тез-тез бориб келар эди. Шу сабаб у кишида ўтмиш аждодларимиз шажараси бўйича маълумотлар тўпланган экан. Ҳакимжон ака Ўша дафтардаги ёзувда бизнинг ота томондан бўлган аждодларимиз шажарасини бир қадар тузиб берган экан. Қуйида дафтардаги ёзувга асосан шаклланган ота авлод шажарамизни келтираман.