Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 133

Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН

Оглавление

Шаънингга оятлар ўқилганида,

Гувоҳ бўлган эди қуёшим, ойим.

Хирмонга шувиллаб тўкилганингда,

Жимирлаб кетдим-ку мен ҳам, буғдойим.


Одам Атолардан ёдгор зироат,

Момо Ҳаволарим боққан ҳавойим.

Тингласам, ҳар майсанг айлар қироат,

Илоҳий шеъримсан ўзинг, буғдойим.


Мен сўзга гоҳ нўноқ, гоҳо моҳирман,

Қалбим чайганларим ариғим, сойим.

Буғдой бошоғидан унган шоирман,

Бошоқдошингдирман мен ҳам, буғдойим.


Ҳандалакбўй тупроқ, буғдойбўй Ватан,

Бугун ҳар деҳқонинг – мўътабар бойим.

Ризқу насибамни бутун айлаган,

Ору номусимсан асли, буғдойим.


Бир ушоқ нонинг ҳам бўлмагай увол,

Қошу қабоғимдир асраган жойим.

Менинг ёруғ юзим, меҳнатим ҳалол,

Тинчлик замонимсан ўзинг, буғдойим.


Тупроқ кафтларингга юзимни босай,

Эй менинг заҳматкаш элим – фидойим.

Олтин уфқлардан ранг олиб ёзай,

Уфқларга қадар кетган буғдойим.


Ижобат топгайдир дил айвонида,

Нақшбанд бобода қилган дуойим.

Сомон йўлларининг нур осмонида

Сенинг сеҳринг бордир ахир, буғдойим.


Шу эл, шу уйлар, шу хонадонларни

Балою қазодан асра, Худойим.

Юртимда отгувчи заррин тонгларни

Мунаввар айладинг, заррин буғдойим.


2010

АСАРЛАР (III жилд)

Подняться наверх