Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 145

Достон
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…
“ТЕМУРБЕК СОЛҒОН ИМОРАТЛАР…”

Оглавление

* * *

“Темурбек солғон олий иморатлардин бири Кўксаройдурким, Самарқанднинг аркида воқиъ бўлубтур. Ажаб хосиятлиқ имораттур. Темурбек авлодидин ҳар ким бош кўтариб тахтқа ўлтурса ҳам мунда ўлтурур, ҳар ким тахт доияси била бош қўйса ҳам мунда қўяр…”

(Тўққиз юз биринчи (1495-1496) йил воқиалари)

* * *

“Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Бешинчи иқлимдандур… Шаҳри Самарқанддур, вилоятини Мовароуннаҳр дерлар… Темурбек пойтахт қилиб эди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур…”

(Тўққиз юз учинчи (1497-1498) йил воқиалари)

* * *

“Темурбекнинг ва Улуғбек мирзонинг имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур. Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошёнлиқ, Кўксаройға мавсум ва машҳур ва бисёр олий имораттур. Яна Оҳанин дарвозасиға ёвуқ қалъанинг ичида бир масжиди жумъа солибтур, сангин, аксар Ҳиндустондин элтган сангтарошлар анда иш қилибтурлар. Масжиднинг пештоқи китобасида бу оятни “Ва из ярфау Иброҳимал-қавоида (ило охириҳи)”28 андоқ улуғ хат била битибтурларким, бир куруҳ ёвуқ ердин ўқуса бўлур. Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқроқтур, Боғи Бўлдудур, ёвуқроғи Боғи Дилкушодур. Андин Феруза дарвозасиғача хиёбон қилиб, икки тарафида терак йиғочлари эктурубтур. Дилкушода ҳам улуғ кўшк солдурубтур, ул кўшкта Темурбекнинг Ҳиндустон урушини тасвир қилибтурлар. Яна Пуштаи Кўҳакнинг доманасида Конигилнинг қора суйининг устидаким, бу сувни Обираҳмат дерлар, бир боғ солибтур. Нақши жаҳонға мавсум. Мен кўрган маҳалда бу боғ бузулуб эрди, оти беш қолмайдур эди. Яна Самарқанднинг жанубида Боғи Чанордур, қалъаға ёвуқтур. Яна Самарқанднинг қуйи ёнида Боғи Шамол ва Боғи Биҳишттур. Темурбекнинг набираси Жаҳонгир мирзонинг ўғли Муҳаммад Султон мирзо Самарқанднинг тош қўрғонида – чақарда бир мадраса солибтур.

Темурбекнинг қабри ва авлодидин ҳар кимки Самарқандга подшоҳлик қилибтур, аларнинг қабри ул мадрасададур”.

(Тўққиз юз учинчи (1497-1498) йил воқиалари)

* * *

Темурхондин ҳикоят айлагайлар бу иморатлар,

Замонлардин ривоят айлагайлар бу иморатлар.


Фалак, гумбазларингни Ерда кўрдим мен шу маъвода,

Ажаб сеҳру синоат айлагайлар бу иморатлар.


Буюк бу салтанат донғи қаритгай минг асрларни,

Асрларни бидоят29 айлагайлар бу иморатлар.


Тамоми етти иқлимни шараф овозаси кезгай,

Муқим ҳолда саёҳат айлагайлар бу иморатлар.


Тамаддун пойтахти, ору номуснинг қароргоҳи,

Жаҳон бирлан рақобат айлагайлар бу иморатлар.


Жаҳонда шону шавкат, куч ва қудрат таъна қилганлар,

Қаранг, недин сиёсат айлагайлар бу иморатлар.


Ётибдур бунда хоқонлар, улуғ беклар ва султонлар,

Жаҳон бор то – ҳимоят айлагайлар бу иморатлар.


Фалакки қанча ранж этмиш, иморатларга ҳам тегмиш,

Фалакдин кўп шикоят айлагайлар бу иморатлар.


Самарқанд, рубъи маскунда қаён борсам, соғингайман,

Дилимда зўр қиёмат айлагайлар бу иморатлар.


Валийлар бунда ётмишдир, риёзат бирла келгай ким,

Зиёратга иноят айлагайлар бу иморатлар.


Азим пештоқлари Қуръон зиёсидин мунаввардир,

Эшит, сокин қироат айлагайлар бу иморатлар.


Тизилмишлар қатор, гўёки тарих жойнамозида

Садо этмай, ибодат айлагайлар бу иморатлар.


Тавоф этсанг агар дилдан – дилинг кўкка этар маъво,

Дилинг соҳибдиёнат айлагайлар бу иморатлар.


Минора, қуббаларга боқ – ғуруринг юксалиб боргай,

Сени уйғоқ иморат айлагайлар бу иморатлар.


Келибсан, қошига бошинг эгиб, оятларин ёд эт,

Таололлоҳ, ҳидоят айлагайлар бу иморатлар.


28

“Эсланг, Иброҳим (ўз ўғли) Исмоил билан биргаликда уй (Байтуллоҳ)нинг пойдеворини кўтарганларида, (шундай дуо қилдилар): “Эй, раббимиз, биздан (ушбу ишимизни) қабул эт. Албатта, Сен эшитувчи ва доно зотдирсан”. (Қуръони карим, Бақара сураси, 127-оят). Абдулазиз Мансур таржимаси.

29

Бидоят (араб.) – бошланиш, ибтидо, аввал.

АСАРЛАР (III жилд)

Подняться наверх