Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 134
Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ФУКУСИМА, 2011.11.03
ОглавлениеЭй одамзод, ўксима,
Чернобил, Фукусима –
Қаттол қалъаларингдир,
Оғриқ яраларингдир.
Бағрингда минг ўра бор,
Аҳволига қара, бор:
Қора қути, қора ғор,
Реакторинг ярадор.
Наҳотки тараққиёт,
Бу тамаддун, бу ҳаёт –
Сенинг хом хаёлингдир,
Камолинг – заволингдир?
Шом қаро, субҳинг қаро,
Денгиз аро, Ер аро –
Бу ларзалар, бу дарзлар
Сенга бўлмади дарслар.
Юнонмизми ё ёпон,
Барчамизга бир чўпон:
Сурувни суриб тургай,
Ҳаммани кўриб тургай.
Бир офат келмагунча,
Фалокат келмагунча –
Каслигингни билмадинг,
Хаслигингни билмадинг.
Шундай жазо билан ҳам,
Бало-қазо билан ҳам
Онажонинг Табиат
Айлар баъзан тарбият.
Ўзинг буюк меъморсан,
Гоҳ нураган деворсан.
Фожиангга гувоҳ бўл,
Огоҳ бўлу огоҳ бўл!
2011