Читать книгу Бадиият жозибаси - - Страница 1

Кириш

Оглавление

Миллий истиқлол ғоялари маърифий қадриятларимизда олға сурилган ғоялар бошбулоғидан баҳраманддир. Шўролар мафкураси миллий тил ва адабиётлар тараққиётини сунъий ўзанга буриб юбориб, уларнинг маҳсулларини умрбоқийликдан деярли маҳрум қилаёзди. Негаки миллий бадиий қадриятларни менсимаслик қаторида миллий мумтоз адабиётшунослик назар-эътибордан соқит қилинди. Рус-европа адабиётшунослиги, адабиёт назарияси ўрта ва олий мактабларимизда асосий ўринни олди. XX асрнинг 70-йилларигача “Илми саноеъ” ҳақида ҳеч ким оғиз очолмасди. Ундаги бадиий тасвир воситалари хусусида сўз борса, улар формалистик, схоластик адабий унсурлар сифатида қораланарди.

Рус-европа адабиётшунослиги метин деворига дастлаб иккита катта дарзни бир буюк тилшунос олимимиз Алибек Рустамов ва бир истеъдодли мумтоз адабиёт мутахассиси Ёқубжон Исҳоқовлар очдилар. Академик Алибек Рустамовнинг “Сабъаи сайёр” бадииятига бағишланган ТошДУ илмий асарларида босилган рисоласи ва Ёқубжон Исҳоқовнинг “Классик поэтикадан маълумотлар” туркумидаги мақолалари “Илми саноеъ”нинг Ўзбекистондаги икки ғалаба байроғи бўлди. Бу илм истиқболининг аниқлиги ва адабиётшуносликда нақадар кенг уфқлар ва теранликларга эга эканлигини олим ва шоир Мақсуд Шайхзода “Устоднинг санъатхонасида” туркум мақолалари билан узил-кесил исботлади.

Ушбу сатрлар муаллифининг 1972 йилда Хўжандда босилган “Шеър санъатлари” қўлланмаси ҳам шу соҳадаги ишларнинг маълум маънодаги кенгроқ умумлашмаси, хусусан, талаба ва илмий ходимларга яроқли ҳамроҳ бўлиб келди. XX асрнинг 90-йилларига келиб бу соҳа мутахассислари кўпайиб кетди, дея қувонч билан айтиш мумкин. Профессор Анвар Ҳожиаҳмедовнинг тўрт китоби: “Шеърий санъатлар ва мумтоз қофия”, “Мумтоз бадиият малоҳати” ва “Шеър санъатларини биласизми?”, “Ҳусни таълил санъати” рисолалари Ўзбекистондаги ўрта ва олий мактаб ўқувчи ҳамда талабалари учун жуда катта хизмат қилди, дейиш мумкин. Профессор Тўхта Бобоевнинг “Адабиётшунослик асослари” фундаментал китоби ҳам бу фанга катта ҳисса қўшди.

Мумтоз адабиётшуносликнинг ўзига қайтсак, бу соҳадаги йирик китоб 1438 йилда Улуғбек мирзога аталиб ёзилган Аҳмад Торозийнинг “Фунун ал-балоға” асари бўлиб, профессор Абдуқодир Ҳайитметов хизматлари билан нашрга тайёрланди. Профессор Фитратнинг 1926 йилда босилган ”Адабиёт қоидалари” китоби таълимий мақсадларда, асосан ўрта мактабга мўлжалланган бўлса-да, умуман адабиётчилар учун яхши совға эди.

Юқорида эсга олинган китоблардан ташқари 1993 йилда “Алишер Навоийнинг адабий маҳорати масалалари” (“Фан”)га бағишланган илмий тўплам бу соҳанинг жиддий ютуқларидан бири бўлди.

Қайд этиш лозимки, тилга олинган китобларнинг кўпи луғат-маълумотномалик ва умумий илмий маълумотдан тадқиқот даражасига кўтарила олган эмас. Ҳар бир санъат тадқиқот объекти қилиб олинсагина, унинг таснифи ва адабиётдаги кенг амалиёти тадқиқ этилиши мумкин. Бу соҳадаги қалдирғоч ишлардан филология фанлари номзоди Буробия Ражабованинг “Тамсил” ҳақидаги рисоласини кўрсатиб ўтиш мумкин. Ёқубжон Исҳоқовнинг “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг 1970-1973 йил сонларида эълон қилган шеър санъатларига доир туркум мақолалари, “Навоий поэтикаси” китоби бу соҳадаги йирик ишлардан ҳисобланади. Мазкур монографиядаги бадиий санъатлар билан боғлиқ тадқиқотларнинг қизиқарли ва теранлигини қайд этмоқ даркор. Худди шунингдек, профессор Раҳмонқул Орзибековнинг “Шеърий санъатлар таҳлили” номли рисоласида ҳам бир неча бадиий санъат анча батафсил таҳлил этилган. Талабаларга мўлжалланган ушбу қўлланма илмий ходимлар учун ҳам фойдали тадқиқотдир.

Бизнинг бу мавзу орқали қилмоқчи бўлган ишимиз ва кутган натижамиз “Илми саноеъ”нинг икки жиҳатини ёритишдан иборатдир. Биринчи даражали илмий даъвомиз: қаламга олинган бадиий санъатларни кенгроқ, ҳар томонлама тасниф қилиш. Зеро тасниф ҳар бир санъат амалиёти мавқеини кўрсатадики, кейинги тадқиқотчилар теранликка ҳаракат қилаверадилар. Бизнингча, илми саноеънинг ҳалигача кўпчилик назаридан четроқ қолаётгани бадиий санъатларнинг тасниф қилинмаганлигидир. Биз бу ишни 1972 йилги қўлланмамизда бошлаганмиз. Бироқ у ҳали дастлабки, ўргамчик машқлар натижаси эди. Маълумки, фикрлар фактлардан чиқади. Энди ҳар бир санъатни имкон ва тажрибамиз етганича бажаришга уринамиз. Анъанавий таснифларни инкор қилиш йўлидан эмас, балки тасдиқлаш ва таҳрир этиш йўлидан боришга уринамиз. Шу соҳанинг мутахассиси ишнинг ҳар бир саҳифасидан ўзига бир янгилик топа олсин, деган яхши ниятдамиз. Ижроси ўқиган кишиларга билинади.

Иккинчи масаламиз: илми саноеъ санъатларини қўллашдаги анъана ва новаторлик (таждид). Бизда бу илм тилга олингандан буён уни анъанавий деб қаралади. Қизиғи шундаки, анъанавийликни теран идрок қилмай туриб, анъанавий деб назар-писанд қилмайдиганлар анчагина. Агар улар анъанавийликнинг моҳиятини тушунганларида ва бу ҳодисанинг ижобий ҳодиса, маҳорат белгиси эканлигига амин бўлганларида эди, эҳтимол бу илмга муносабат ўзгарармиди.

Бугина эмас. Биз анъанавийликни ҳам адабий ютуқ байроғи деб кўтарамиз ва айни пайтда бадиий санъатларни қўллашдаги новаторлик анъанавийликдан кам эмаслигини ҳам исботлашга ҳаракат қиламиз. Тўғри, бадиий дид ва анъаналар инсоният тарихида ўзгарувчан бўлгани учун айрим санъатлар бир замонлар фаол, бир пайтлар сийрак учраши, айримлари умуман йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Аммо илми саноеъ ўзак санъатларининг ўзи – юзга яқин олимлар кашф этган бадиий усуллар борки, улар умрбоқийдирлар.

* * *

Асли араб филологиясида шаклланган “Илми саноеъ” Х-ХI асрлардаёқ форс-тожик адабиёти ва адабиётшунослигида асосий бадиий мезон даражасига кўтарилди. Ўзбек адабиётига бу фан асослари қисман араб филологияси орқали, асосан, форс-тожик адабиётшунослиги ва адабиёти орқали ўтди. XI асрнинг 80-йилларида яратилган Унсурал Маоли Кайковуснинг “Қобуснома” асарининг гувоҳлик беришича, ҳар қандай ҳаваскор ва буюк шоир олдига қўйиладиган талаб “Илми саноеъ” асосларини эгаллаш шартлиги бўлган. Мазкур китоб муаллифи ўз фарзандига ёзган насиҳатномасида унинг олдига қуйидаги талабларни қўяди:

“Шоирлик расми зикрида.

Эй фарзанд, агар сен шоирлик қилмоқчи бўлсанг, ҳаракат қил, токи сўзинг осон ва фойдали бўлсин, мавҳум ва мушкул сўздан парҳез қилгил ва ўзинг билиб, ўзгалар унинг шарҳига муҳтож бўлгудек сўзни айтмагил, нединким, шеър айтғон киши халқ учун айтур… Бир хил вазн ва бир хил қофияга қаноат қилмагил, санъатсиз ва тартибсиз шеър айтмагил. Шеърда зарб, яъни оҳанг, яхши садо, мунг бўлса ва шаклда алъал бўлса, яъни вазни тўла бўлса, яхши бўлур. Шоирларнинг расми одатига кўра уларнинг санъатларидан ғофил бўлмагил, чунончи, шоирларнинг зарур усуллари шулардан иборат: музавваж, мужонис, мужонил, мукаррар, мусаммат, муставий, мушобеҳ, музмар, мулавван, мувассал, муқатта, мутазод, мустаор, муздаваж, мувозана, музмин, мусажжа, мувашшаҳ, мавзул, мухалла, мустахиёт, мумтане, зулқофиятайн, ражаз, маклуб, мутобиқ, муташобиҳ, мураддаф ва буларга ўхшашлар”1

Айни шундай фикрларга кейинги асрда яратилган Низомий Арузий Самарқандийнинг “Мажма ун-наводир” асарида ҳам дуч келамиз. 1433 йилда туркий ўзбек тилида битилган Аҳмад Торозийнинг “Фунун ал-балоға” асари, Алишер Навоийнинг “Мажолисун нафоис” тазкирасига назар ташлаганимизда ҳам шеърий маҳорат мезони шеър санъатлари эканлигига қайта-қайта амин бўламиз. Шоирлар истеъдодининг даражаси, маҳорат ва камолот кўрсаткичи сифатида Алишер Навоий ҳам шоирларга баҳо берганида улар қўллаган бадиий санъатларни далил келтиради. Низомий Арузий Самарқандийнинг “Мажма ун-наводир” асарида буюк истеъдод соҳиби Муиззий ҳақида маълумот берар экан, қуйида унинг бир байтини келтириб, нечта бадиий санъат қўллаганига ўқувчи диққатини тортади:

“Ажамнинг ширинсухан ва латиф таъбларидан бири амирушшуаро Муъаззийдир. Унинг шеърлари тароват ва гўзалликда бебаҳодир…

Офарину мадҳ суд ояд ҳаме,

Гар баганж андар зиён ояд ҳаме

Бу байт ичида еттита гўзал санъат бор: биринчиси – мутобиқ, иккинчиси –мутаззод, учинчиси – мураддаф, тўртинчиси – баёни мусовот, бешинчиси – азубат, олтинчиси – фасоҳат ва еттинчиси – жазолат.”2

XII аср адабиётшунослигидаги ана шу мезон ўзбек ва форс-тожик мумтоз адабиётлари учун ХХ асргача ҳукм сурган (Эронда ҳозир ҳам шундай). Мумтоз шоирларимиз Ҳофиз Хоразмий, Атойи, Саккокий, Сайфи Саройи, Гадоий, Лутфий… Муқимийлар даврида ҳам шеъриятга баҳо мезони бадиият юзасидан, бадиий тасвир воситаларига бойлиги нуқтаи назаридан тош қўйилган.

Биз мумтоз адабиёт намуналари байтларини илми саноеъ талаблари юзасидан синчиклаб кузатсак, ҳар бир байтда камида иккита, кўпида ўн бештагача бадиий санъат қўлланилганини кўрамиз. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун XIV ва XIX аср шоирларидан бир байтдан шеър олиб текшириб кўрайлик. Саккокийдан:

Фурқатингда, эй пари, тан куйдию, жон йиғлади,

Дам-бадам, икки кўзум худ қайғудин қон йиғлади.3

1.“Эй пари” да “қиз” назарда тутилиб “пари” дейилгани учун истиорадир;

2. “Эй пари!” – хитоб ва мурожаат бўлгани учун нидо санъатидир;

3. “Эй пари!” – байтда ўқиш оҳанггини кескин кўтаришга хизмат қилгани учун илтифотдир;

4. Тан куйди – муболаға;

5. Жон йиғлади – ташхис, чунки жон шахслантирилган;

6. Байтдаги “тан”, “жон”, “кўз” – таносиб кўрсаткичларидир. Чунки улар инсон аъзо-узвларидир;

7. Дам-бадам – сўзнинг чизиқча орқали такрори мукаррардир;

8. Кўзнинг қон йиғлаши – муболаға;

9. “Йиғлади” сўзининг мисралар сўнггидги такрори радиф, яъни мураддиф санъатидир;

10. Қайғудин қон – сўзларида “қ” ҳарфининг икки такрори тавзидир;

11. Иккинчи мисрадаги кўзнинг йиғлари – ташхисдир.

Энди Мунис ижодидан бир байтни кўрайлик:

Кўз қаро қилма, ғайр қониға,

Қоним ич қона-қона, эй қаро кўз!4

1. Кўз қаро қилма – бировнинг жонига қасд қилма, деган ибора қўлланилгани учун таъбир санъати бўлади.

2. Биринчи мисрадаги “кўз қаро” сўзлари иккинчи мисра охирида ўрин алмашиниб такрорлангани учун тарди акс санъатидир.

3. Байтнинг “кўз” сўзи билан бошланиб, ўша сўзнинг такрори билан байтнинг якунланиши тасдир санъатидирки, буни иккинчи истилоҳда раддус садри илал ажз ҳам дейдилар.

4. Байтдаги “қ” товушининг кўп қўлланилганлиги тавзи санъатидир.

5. “Қона-қона” сўзларининг чизиқчада такрори мукаррар санъатидир.

6. Эй қора кўз! – нидо санъатидир.

7. Шу бирикмадаги “қора кўз” қора кўзли қиз назарда тутилгани туфайли синекдоха санъатидир.

8. Қора кўз – сифатлаш.

9. Қон ва қона сўзларида тажниси зойид ҳодисаси бор.

10. Байтда буюриш оҳангги мавжудлиги туфайли амр санъати бор.

11. Байтда ман этиш буйруғи зоҳирлигидан наҳй санъати юзага келган.

12. Қон ичмоқ – муболаға.

13. Эй қора кўз! – бирикмаси байт ўқилиш оҳангини кескин кўтаргани учун илтифот санъати бўлади.

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ҳам ўз даврининг кўплаб шоирлари ҳақида сўз юритар экан, уларнинг санъаткорлигини алоҳида қайд этади:

“Дарвеш Мансур – Сабзаворлиғдур . Дарвеш ва парҳезгор ва муртоз киши эрди. Кўпроқ авқот сойим эрди, сўз ва саноеъда Мавлоно Яҳъё Себак шогирди эрди. Икки аруз тасниф қилди ва масну қасида айтибдурким матлаъи будур:

Бас давидам дар ҳавои васли ёр,

Кас надидам ошнои асли кор.

Тарсеъ санъати покиза воқеъ бўлубдур.”5

“Мавлоно Муҳаммад Амин – Балхдиндур. Сода киши эрди. Кўпроқ авқот нависанда ва амалдорлар теграсинда бўлур эрди. “Дилбарим” лафзин етти тажнис била айтиб ул ғазални Бобур мирзо тобуғида келтурди. Мустаҳсан тушуб бу байтиниким:

Эй сияҳчашми хитои мурғи жонро бо ту унс

Ба-з сияҳчашмони дигар ҳамчу оҳу дил ба рам.

Ёд тутуб Мирзо ўқур эрди. Мавлоно бу иштин бағоят мубоҳи эрди.”6

Мазкур тазкиранинг саккизинчи мажлиси бутунлай Ҳусайн Бойқаро ижоди таҳлилига бағишланган. Бунда ҳам Алишер Навоий байтлар таҳлилига киришар экан, уларнинг мазмун теранлиги ва шакл латифлиги, нуктапардозлигига баҳо берганда бадиий санъатларнинг қўлланилишига алоҳида аҳамият беради:

“Син” ҳарфи: Васлидин маҳрумлуқ бобида манзурни кўрмак муяссар бўлмаса, анга назари тушгон ерни кўрмак орзу қилибдур. Бу нодир маънидур:

Бир нафас ул ойни кўрмак чун эмасдур дастрас,

Они кўрган ерни, ваҳ, бориб кўройин бир нафас.

Манзурнинг лаби табассумини ва ўзини қоналғон дегани ғунчаи хандон ва лолаи нўъмонға ташбеҳ қилибдур ва маъниси шеър саноеъдин “тажоҳил ул-ориф” услубида хуш воқеъ бўлубдур:

Айлади лаъли табассум, ғунчаи хандон эмас,

Доғини кўнглум қонатти, лолаи нуъмон эмас.”7

Алишер Навоий замон шоҳи ва шоири ижодига баҳо берар экан, бадииятдаги янгилик, ихтирокорликка алоҳида аҳамият беради:

“Айн” ҳарфи: Бу қофия ва радиф ҳазрат Султон Соҳибқироннинг ихтироидурким, ҳеч назм айтилмайдур ва ҳеч девонда битилмайдур:

Оҳким, ҳижрон ўтидин куйди жоним ўзга нав,

Ўртади офоқни ўтлуқ фиғоним ўзга нав.”8

Илми саноеъ ва ҳозирги замон адабиётшунослиги. VIII-X асрларда Мусулмон Уйғониш даврида шаклланган Балоғат илмининг етакчи қисми “Илми саноеъ” бўлиб, унинг тур таснифи ва бадиий санъатларнинг юздан ортиқ истилоҳи шаклланиб бўлган эди. Уйғуристондан Испаниягача чўзилган катта ҳудудда яратилган араб тилидаги филология энди шу ҳудудлардаги мамлакатлар адабиётига, адабиётшунослигига сингмай қолмади. Бу соҳада форс адабиётшунослари фаолроқ бўлди. Туркий адабиёт ижодкорлари, шоиру олимлари ҳам қисман араб филологиясидан ҳамда қисман форс адабиёти ва адабиётшунослиги тажрибаларидан бу илм асосларини эгаллашга муяссар бўлдилар.

Шўролар даврида рус адабиёти ва адабиётшунослиги ўзбеклар учун қандай етакчи ва ҳал қилувчи манба бўлган бўлса, X-XIV асрларда араб тили ва адабиёти, форс тили ва адабиёти ана шундай бошбулоқ эди.

Илми саноъга доир ёзилган арабий ва форсий манбаларнинг умумий саноғини чамалайдиган бўлсак, муболағасиз “ўнлаб” деган сўзни ишлатиш мумкин. Аммо бу ҳисоб маъносидаги кўп китоблар сафида улкан чўққилар каби яққол кўзга ташланадиганларини эслаб ўтиш ортиқчалик қилмаса керак: араб тилидаги китоблардан Абу Усмон Умар ал-Жоҳизнинг “Табъён ул-баён”, Наср бинни Ҳасаннинг “Маҳосин ал-калом”, форс-тожик адабиётшуносларидан Муҳаммад бинни Умар Родуёнийнинг “Таржумон ал-балоға” (XI аср), Рашиддидин Абубакр Муҳаммад бинни Муҳаммад бинни Абдужалил котиби Умари Балхий (Рашиддидин Ватвот)нинг “Ҳадоиқус сеҳр фи дақоиқ уш-шеър”, Шамсиддин Муҳаммад бинни Қайс Розийнинг “Ал муъжам фи маоири ашъор ил ажам” (XIII аср), Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Эъжози Хусравий” (уч жилдлик), Ваҳид Табрезийнинг “Жамъи мухтасар” (XVI аср), Аҳмад ибни Муҳаммад Солеҳи Сиддиқии Ҳусайнийнинг “Мажмаъ ус-саноеъ” асари (1650 йил) сингари китобларни кўрсатиш мумкин. Ана шу забардаст китоблар сафида Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг “Бадоеъ ус-саноеъ” асари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг баҳоларига қараганда илми саноеъда санъатларга энг бой ва энг фойдали китобдир:

“Мажилис ун-нафоис”дан: “Мир Атоуллоҳ – Нишопурдандур… Саноеъда китоби тасниф қилибдур. “Бадоеъи Атоийға” мавсумдур. Эмди баёзға борди. Маълум эмаским, бу фанда ҳаргиз ҳеч киши онча жамъ ва муфид китоб битимиш бўлғай.”9

Туркий-ўзбек тилидаги илми саноеъга доир китоб Шайх Аҳмад ибни Худойдод Торозийнинг “Фунун ал-балоға” (1438 йил) асари бўлиб, муаллиф уни Мирзо Улуғбекка бағишлаб ёзган. Асар ўзбек тилида профессор Абдуқодир Ҳайитметов томонидан нашрга тайёрланган.Торозий асарининг аҳамияти бебаҳодир: муаллиф уч тил ва уч адабиёт – араб, форс ва туркий билимдони сифатида қалам тебратади. Туркий адабиёт намуналарини келтиришда ўзбек адабиёти билангина чекланмайди, бошқа туркий халқлар адабиётидан, жумладан, озар адабиётидан мисоллар келтиради.

Тўрт фанни ўз ичига олган ушбу асарда “Илми саноеъ”га ҳам алоҳида ўрин ажратилган ва энг муҳим санъатларнинг жуда кўпи қаламга олиниб, “Қуръон”, Ҳадис, араб, форс ва туркий адабиёт намуналаридан мисоллар берилган. Қизиғи шундаки, ҳар бир туркий мисолдан олдин муаллиф ўз ижодидан шу санъатга мисол келтирган. Бу ҳол, гарчи илмда табрикланадиган ҳодиса бўлмаса-да, биз учун қимматлиси олим Торозий шоир Торозий ҳам экан, деган яхши бир хулосага келишимизга асос бўлади.

Бадиий санъатларнинг айримлари ҳақидаги маълумотлар Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Муҳокамат ул-луғатайн” ва “Мезон ул-авзон” асарларида, Бобурнинг “Бобурнома” ва “Аруз рисоласи”да учрайди.

“Илми саноеъ” – бадиий санъатлар илми – бадиий тасвирий ва ифодалилик воситалари илмидир. Олимлар шеъриятдаги бадиий санъатларнинг саноғини икки юзга яқин чоғласалар, Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Эъжози Хусравий” асарида насрга доир юзлаб бадиий санъатлар ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

“Илми саноеъ” – адабиётга бадиийлик латофати ва фазилатини берадиган, шунга ўргатадиган илмдир, шуни идрок этишга йўналтирилган фандир. Адабий матнга таъсирчанлик, гўзаллик, нафосат, кўп жанрлилик, хушжаранглилик, сеҳрлилик, сирлилик, машғулотбоплик, ҳайрат бағишлайдиган маҳорат мактаби “Илми саноеъ”дир.

Буюк истеъдод эгалари ҳатто айрим шеърлар биносини бирор санъат асоси устига қурадилар. Бу маънода мен Ҳалима Худойбердиеванинг “Бегим” ва Абдулла Ориповнинг “Куз манзаралари” шеърлари хусусида айтмоқчи эдимки, буларнинг биринчисини талмеҳ кўрсаткичларидан маҳрум қилсак, Абдулла Орипов шеъридан инкор қилинган бирикмаларни, яъни тафреъ санъати кўрсаткичларини олиб ташласак, “Куз манзаралари” ўз “жони”дан ажралгандек ҳолсизланади. Бу ҳақда ҳали кейинроқ батафсил сўз юритамиз.

Илми саноеъ шоир ва адиб учун маҳорат мактаби, сеҳргарлик усулларидир: ижодкор ҳар бир гап ёки байтда у ёки бу бадиий санъатни матн ўқимишлилигини, қизиқарлилигини, бадииятини таъминлайди, сўз санъати ва ўз истеъдоди қудратини шу санъатлар орқали намойиш этади. Ўзининг янги фикрий кашфиётини ифодалаш билан матнни безайди. Зотан:

Балоғат эрур шеър оройиши,

Агар бўлса бир нукта кунжойиши.10

Биз, адабиётшунослар, адабиёт илми олимларга аталган, деб ҳисоблаймиз. Ростда, сюжет, композиция, конфликт, фабуланинг китобхонга қизиғи борми? “Илми саноеъ” унақа эмас. Илми саноеъ ижодкорга ҳам, китобхонга ҳам бирдай тааллуқли: шоир ўрганса, “зўр” шеър ёза олади, китобхон бу илмни ўрганса, ўша шеърни ўқиб, “зўр”лигини, “зўрлик” омилларини идрок этиб, унинг шеърдан оладиган лаззати икки баравар ошади. Аввал шеър мазмуни, ғояси, нуктасидан озиқланса, энди ундаги бадиий воситаларни илғаб олиш маҳоратига яна тан беради, қойил қолади.

Чунончи китобхон Фурқат девонини варақлаб ўтириб “Сабоға хитоб” шеъридаги қуйидаги байтга кўзи тушади:

Бу гулшанким насими файзи рабдур,

Гули ҳилму ҳаё бирла адабдур. (Фурқат, 219-бет).

Китобхон мулоҳаза юритади: бир байтда икки фикрий кашфиёт қилинган, биринчиси, Фурқат дунёни (гулшанни) Аллоҳ файзининг эпкини деб кашф этмоқда. Ҳа-ҳа, Аллоҳнинг “Кун!”, яъни “Ярал! Бунёд бўл!” маъносидаги сўз эпкини туфайли ўн саккиз минг олам, жумладан, бизнинг оламимиз (гулшан) ҳам яратилган…

Иккинчи нукта эса, Аллоҳ қудратининг маҳсули инсон экан, шу яратилган гултожининг инсоний фазилат гуллари: ҳаё, ҳилм ва одоб экан. Бир мисрада инсоннинг энг олий фазилатлари деярли жамулжам қилиб берилганки, бу ахлоқ эгасини биз идеал – орзубоп одам деб биламиз.

Бу мулоҳазаларимиз байт нуктаси ҳақида эди. Навбат бадииятга келганда, китобхон: “Ие, шоир шеър матлаида ҳусни ибтидо санъатини қўллабди-ку!” дея ҳайратга тушади. Зотан санъаткор шоир ўз шеърини ҳикматомуз, сермазмун ва таъсирчан фикр билан, “Қуръон” ояти, Ҳадиси шариф билан бошласа, ҳусни ибтидо санъатини қўллаган бўлади. Оламни гулшан дейиш истиора, оламнинг гули инсон ҳам истиорада берилган… Фазилатлар саноғида таъдид санъати қўлланилган. Гул ва Гулшан сўзларида ўзакдошлик – иштиқоқ санъати қўлланилган” дея ижодкор маҳоратига тан беради.

“Сабоға хитоб” шеъри агар Европа адабиётшунослиги илми билан қуролланган олим томонидан таҳлил этилса, бу байтни умуман эсламаслиги ҳам мумкин. У гапни Фурқат саёҳатидан бошлаб, унинг Тошкентдаги дўстлари, уларнинг ким эканликлари, уларга шоирнинг муносабати атрофида узундан-узоқ мулоҳаза юритади ва шеърни қойилмақом таҳлил қилдим, деб ўзидан қониқади. Ҳолбуки, илми саноеъдан воқиф олим шеърнинг ҳар бир байти атрофида, ичида изланишлар олиб боради ва янги-янги фикрлар баён қилиш учун куюнади. Чунки саноеъ илми балоғат илми ўргатганидек, ҳар бир байт зеб-зийнати хусусида “ҳисобот беради”, ютуқ-камчиликларини белгилайди. Европа адабиётшунослиги эса, шеърни бир бутун ҳолда тасаввур этиб, бутунига баҳо беришга ҳаракат қилади, яъни шеър матнининг ташидан туриб унга таҳлилий ёндашади. Илми саноеъ мутахассиси эса, шеър иморатининг ҳар бир ғишти, ҳар бир томчи лойи ҳақида сўз юритишга интилади. Замонавий адабиётшунослик ҳар бир шеърдаги бош фикр, бош ғояни кўрсатиб бериш пайидан бўлади. Мумтоз адабиётшунослик ҳар бир байтдаги кашфиётни топишга ҳаракат қилади, ҳар бир мисра ва байтдаги шеър санъатларини: маънавий, лафзий, эвфоник санъатларни бирма-бир кашф этиб китобхонга кўрсатишга интилади.

Замонавий адабиётшунослик фанида тарбияланган китобхон шеърни ўқиб бўлиб шеър мазмунини, ғоясини, таъсирчанлигини мулоҳаза қилади. Мумтоз адабиётшуносликдан баҳраманд китобхон эса, ҳар бир мисра ва байт мазмунини мулоҳаза қилади ва шеър ниҳоясига етгач, умумий таассурот хаёлига берилади.

Қисқаси, замонавий адабиётшуносликнинг энг яхши намунаси сифатида биз отахон навоийшунос Абдуқодир Ҳайитметов китоблари “Навоий лирикаси” десак, унда шоирнинг уч мингга яқин ғазали ҳақида бир китоб ёзилган. Мумтоз адабиётшунос эса, Навоийнинг ҳар бир ғазали ҳақида ана шундай биттадан китоб ёзган бўларди… Мабодо мумтоз адабиётшуносликда гап кўп гапириларкан, деб ўйламайлик, йўқ, унда фикр кўп бўлади. Келажакда иккала адабиётшуносликдан баҳраманд олимлар етишиб чиқса – мумтоз тадқиқотларнинг гули яратила бошлайди.

Мумтоз адабиётшунослик диққати сўзга, сўзнинг маъно қирраларига, бирикмага, сўзнинг ўз ва кўчма маъноларига, мисра ва байтга кўпроқ қаратилади. Зотан бадиият сўзнинг кўчма маъносидан бошланади. Замонавий адабиётшунослик сўзнинг зоҳирий маъноси билан кўпроқ фикрлашади ва бадиий бутунликни мисра ва байтда эмас, бутун шеър ёки бутун бошли достонда кўради. Замонавий адабиётшунослик китобхонни нима қизиқтиришидан қатъий назар, асар таҳлилида адабиётшунослик муаммолари талқини билан шуғулланади. Мумтоз адабиётшунослик маълумотлари ижодкор ва китобхонга бирдай дахлдор. Замонавий ёки Европа адабиётшунослиги асосан адабиётшунос олим учундир. Бу билимларнинг китобхонга деярли қизиғи йўқ даражада бўлади.

Мумтоз адабиётшунослик эса, китобхонга шеърнинг нимаси қизиқ ва муҳимлигини ипидан игнасигача ўргатади. Олимга ва шоирга эса, ўша қизиқ ва муҳим бадииятни қандай яратиш сирларини ўргатади. Шоир ҳар бир байтда қўллаган санъатларидан мамнуният билан қониқади ва шу таассурот китобхон ўқиганида янгиланади. Ижодкор ҳолати, шоир ижод жараёнида бошдан кечирган илҳомий лаззат китобхонга ўтади.

Шунинг учун ҳам ҳозирги замон адабиёти бадиий жиҳатдан мумтоз адабиёт сингари сернақшу нигор эмас. Негадир ҳозирги китобхон ўзбек мумтоз адабиёти мутолаасидан йироқ юради. Шоирларимиз ҳақида ҳам тортинмай шу гапни айтиш мумкин. Балки зарур ҳам!

Ҳозирги ўзбек шеъриятининг буюк парвозлари сезилмаслиги мумтоз адабиёт заминидан узилиб қолгани натижаси эмасмикан? Ҳалима Худойбердиеванинг “Бегим” шеърий гултожининг, Абдулла Ориповнинг “Куз манзаралари”дай шеърининг яратилиши ўзи мумтоз адабиёт ва мумтоз бадииятнинг самарали таъсири туфайли эмасми ахир?!

Замонавий адабиётшунослик ҳозирги замон шеърини таҳлил этганда бирор муҳим фикр – нукта устида мулоҳаза юритади. Мумтоз адабиётшунос бирор ғазал ҳақида фикр юритса, у етти байтли бўлса, ундан еттита нукта – фикрий кашфиёт топади ва ҳар бир байт бадиияти сирларини кашф этиш йўлидан боради, яъни биринчиси бутун шеърга баҳо беради, иккинчиси ҳар бир байтни ипидан игнасигача текшириш билан машғул бўлади.

Адабиёт назарияси шеър таҳлилида унинг мавзуси, ғояси, лиризм, таъсирчанлик, манзара, лирик қаҳрамон туйғулари ифодаси, замонавийлиги, таржимаи ҳоллик хусусиятлари, шахс ва давр муаммоси, шоир “мен”и кимлиги сингари масалаларни инобатга олади. Балоғат илми бу масалаларнинг байтдаги ифодасига нисбатан қўллайдиган истилоҳи – нуктадир. Нукта:

• фикр;

• янги фикр, фикрий кашфиёт;

• оҳорли бадиий воситалар;

• ақл ва мушоҳада учун манзур этиладиган янгиликлар.

Балоғат илми шеърга ҳар томонлама таҳлил билан ёндошади:

• вазн юзасидан;

• жанр юзасидан;

• нукта юзасидан;

• бадиий санъатлар юзасидан;

• тасаввуф нуқтаи назаридан.

Энди бадиий санъатлар юзасидан ёндашув қандоқ кечишини тасаввур этайлик. Саноеъ илми китобхон диққат-эътиборини:

• ҳарфга;

• ҳарфнинг маъно ифодасига;

• ҳарфнинг товуш ифодасига;

• мисрада ва байтда ҳарф (товушлар) муштараклигига;

• сўзга;

• сўзнинг мисра ва байтдаги ўрнига;

• сўзнинг маъносига (бир хил ёки ҳар хиллигига);

• сўзнинг такрорланишига;

• сўзнинг асл ёки кўчма маънода эканлигига;

• жинсдошлиги хусусиятларига;

• бирикмага;

• бирикма маъно жилосига;

• мисрага;

• мисра хушжаранглигига;

• мисра мазмуни жилоларига;

• байтга;

• байт мазмунига (ийҳомлими, мухтамил аз зиддайнлими…);

• байтдаги сўзлар муносабатига;

• байтнинг эвфоник хусусиятларига;

• байтдаги маънавий санъатлар амалиётига;

• байтдаги лафзий санъатлар иштирокига;

• байтдаги ҳарфий санъатлар ўрнига;

• байтдаги шеър унсурларига;

• байтда нукта – янги фикр бор-йўқлигига;

• байтдаги шаклий ва маънавий қусурларга қаратишни талаб қилади.

Илми саноеъ билимларидан баҳраманд китобхоннинг кўзи байтдаги сўзларнинг ўрнашув шаклидан: қулоғи хушжаранглилигидан; ақл-мушоҳадаси мазмун, нукта ва бадиий санъатлар амалиётидан баҳра-лаззат топади.

Адабиёт назарияси билан қуролланган китобхон шеър юзасидан мулоҳаза юритади. “Илми саноеъ” эса ишни ҳарфдан, товушдан, сўздан бошлаб, бирикма, мисра, байт, байтлар ва ниҳоят шеърга боради. Ҳар бир байтдан бир нукта топишга уринади. Ҳолбуки замонавий китобхон бутун шеърдан бир асосий фикр топиш пайидан бўлади. Замонавий ўқувчи шеърнинг шаклий хусусиятларига деярли эътибор бермайди. Унга шеърдан умумий тушунчага келиш мақсади етакчилик қилади. У шеърни бутунисича қабул қилади, илми саноеъ ўқувчига шеърни майдалаб-бўлаклаб манзур этади, охиридагина бутунлай мулоҳаза юритишга ўрин қолдиради.

Ушбу юзаки мулоҳазаларимиз бизни шундай хулосага келтирадики, янги замон адабиётшунослари балоғат илми билан адабиёт назариясини бирлаштирмоқлари, ҳар иккисининг тараққиёти учун жон куйдирмоқлари даркор. Чунки ҳозиргача балоғат илмига, хусусан, “Илми саноеъ”га тарихий (историческая) поэтика деган муҳр босилган ва унинг санъатлари анъанавий санъатлар тарзида қоралаб, менсимай келинган эди. Натижада адабий таҳлил, хусусан, шеър таҳлили ҳозирги замондагидек бирёқлама, юзаки текшириш ҳолатига келиб қолган.

Биз “Илми саноеъ”ни идеаллаштирмоқчи, унинг истиқболсиз томонларидан кўз юммоқчи эмасмиз. Бу илм ҳам маълум даврда пайдо бўлди, ўзига хос равишда юксалди. Бироқ бу юксалиш санъатларни кўпайтириш эвазига бўлди-ю, санъатларнинг адабий имкониятлари, матнга қиладиган хизмат доиралари чекланганича қолаверди. “Илми саноеъ” шу маънода тараққиётга муҳтождир. Унинг ҳар бир санъатини чуқур ўрганиш, ҳар томонлама тасниф қилиш, ҳар бир санъатни адабиёт тарихида тадрижи билан ўрганиш, анъанавийлик ва новаторлик хусусиятларини кашф этиб бориш ҳозирги адабиётшуносликнинг долзарб муаммоларидандир.

Тан олиш керакки, Ўзбекистонда “Илми саноеъ” луғат-маълумотномалик даражасидан илм даражасига қадам қўя бошлади. Навоий ижоди бадииятига бағишланган тўплам, тамсил юзасидан ёзилган диссертация ва рисола, Р.Орзибеков рисоласи, Ботир Акрамовнинг “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони”, Ия Стеблеванинг “Бобур ғазаллари семантикаси”, Сайфиддин Рафиддиновнинг “Мажоз ва ҳақиқат” китоби сингари ўнлаб тадқиқотларни кўрсатиш мумкинки, булар “Илми саноеъ”нинг Ўзбекистонда ўсиб, тараққиёт йўлига кирганлигидан хушхабарлар тарзида қайд этилгуликдир.

Адабиётдан ёқланаётган номзодлик ва докторлик диссертацияларининг шоир маҳоратига бағишланган қисмларида илми саноеъ тадқиқига жиддий аҳамият берилаётганини таъкидлагимиз келади.

Ушбу тадқиқотдан мақсад. XXI аср бошларига келиб илм аҳли орасида “Илми саноеъ” деган илмий истилоҳ амалдаги тушунча сифатида идрок этилди ва қўлланила бошлади. Ундаги асосий санъатлар ҳақида луғат-маълумотномалар, илмий мақолалар, қўлланма ва рисолалар ёзилди. 70-йилларда ҳозирги поэтика соҳасида эришилган ютуқлар улуғ орзу эди, холос… Олимларимиз Эрон, Туркия олимларининг бу соҳага доир китобларидан тегишлича баҳраманд бўлмоқдалар ва ўз тадқиқотларида фойдаланмоқдалар. Шу соҳанинг ютуғи деб кўрсата оладиган китобларимизда озми-кўпми бадиий санъатларнинг 5-6 тасини тасниф қилишга яхши уринишлар бор. Бу уринишларнинг асосий қисми анъанавий тасниф тарзида, озроқ қисми янгича ёндашув ёки мустақил, янгича тасниф қилишга уриниш билан изоҳланади.

Демак, “Саноеъ илми”ни чинакам тадқиқотлар даражасига кўтариш учун энг биринчи қилиниши керак бўлган иш – таснифдир. Зеро таснифда бадиий санъатларнинг миқёслилиги – амалиёти қамрови ўз ифодасини топади ва ҳар бир санъатнинг адабиёт тарихидаги фаоллик ёки “камсуқум”лик даражасини аниқлаш имкони бўлади. Тасниф орқали ҳатто қайси даврларда қайси бадиий санъатлар кўпайгани ва қайси даврларда қайси бадиий санъатлар озайганини тасаввур этиш мумкин. Тасниф орқали қайси ижодкорда қайси бадиий санъатлар кўпроқ, қайсилари озроқ ишлатилганини ҳам аниқласа бўлади. Тасниф қайси бир фан бўлмасин, унинг мундарижасини белгилайдики, мундарижа қанчалик бой бўлса, ўша фаннинг улуғворлиги, муҳимлиги аниқроқ бўлади. Фақат тасниф орқалигина чинакам теран тадқиқотлар юзага чиқишини қайд этиб ўтиш ҳам ортиқча бўлмаса керак.

Агар таъбир жоиз бўлса, таснифни тасаввур этиш учун ўхшатиш келтирайлик. Айтайлик, талмеҳ санъатини бир қишлоқнинг номи дейлик. Талмеҳ деб кетаверсак бир қишлоқ ҳақида мавҳум тасаввур бўлади, холос. Таснифдачи: унда неча кўча борлиги, неча сой ўтади, неча гузари, неча тор кўчаси, неча хиёбону неча боғи, нечта хонадон борлиги айтилади. Худди шунингдек, талмеҳ санъати деб кетаверсак, унинг мукаммал моҳияти маълум бўлмайди. Агар биз унинг таърифини тасниф билан бошлаб, қуйидагидек маълумот ёзсак: Шоир ёки адиб байти гапда:

• бирор тарихий қаҳрамон исми ёки у билан боғлиқ воқеани эслатса;

• бирор адабий қаҳрамон исми ва у билан боғлиқ воқеани эслатса;

• бирор асотир қаҳрамони ва унга алоқадор ҳодисани эслатса;

• бирор оят, ҳадис, шеър, мақол ёки иборага ишора қилса, талмеҳ санъати бўлади,

деб таъриф берсак, китобхоннинг бу бадиий санъат ҳақидаги тасаввури бойийди. Сўнгра биз уларнинг ҳар бирини мисоллар билан ўрганамиз. Имкони бўлса, шуларнинг ҳар бирини яна ички таснифга тортамиз.

Бундан ташқари, талмеҳни: исмга талмеҳ, воқеага талмеҳ, яширин талмеҳ сингари навларга ҳам ажратиш мумкин. Яна талмеҳ қаҳрамонларини рубобий қаҳрамонга муносабатда уч хил тасниф этса бўлади:

1. Талмеҳ қаҳрамони рубобий қаҳрамонга ўрнак, намуна, идеал қаҳрамон.

2. Талмеҳ қаҳрамони рубобий қаҳрамон билан тенг қўйилади.

3. Талмеҳ қаҳрамони рубобий қаҳрамондан паст қўйилади.

Шунингдек, исмларга талмеҳни аввало ички икки хилга бўлиш мумкин: ижобий қаҳрамонлар талмеҳи ва салбий қаҳрамонлар талмеҳи…

Бирор киши билан боғлиқ талмеҳларни, масалан, Юсуф алайҳиссалом воқеалари билан боғлиқ бўлсин: оддий талмеҳ (байтда биргина Юсуф исми келади); уяли талмеҳ (қонли кўйлак, моҳи Канъон, Миср гўзали).

Кўряпмизки, тасниф гўё мазкур санъатнинг ички бой дунёсини бирма-бир варақлагандай бутун имкониятларини муаммолар тарзида китобхон кўз ўнгида тизиб, талмеҳ санъатининг нечоғлик кенг қамровли ва таъсирчан восита эканлигини кўрсатади.

Турк олими Лутфи Байрақтутан тажниснинг 17 навини кўрсатгани сингари олимлар бирор санъат тадқиқи билан шуғулланганда таснифга жуда катта эътибор бермоқлари керак. Шунинг учун ишимизнинг бош мақсади: бадиий санъатларнинг аввал тур таснифи, сўнг ички хилма-хил таснифларини амалга оширишдир.

Йирик таснифнинг аҳамияти бадиий санъатлар орасидаги айирмага тадқиқотчи диққатини тортади. Мумтоз поэтика донишмандлари “Илми саноеъ”нинг кейинги тараққиётини назарда тутиб, санъатларни турларга бўлиш ишига ҳисса қўшишган. Масалан, Атоуллоҳ Ҳусайний шу илм донишмандлари орасидаги мислсиз асар яратган олим саноеъ илмини дастлаб қуйидаги турларга бўлади:

1) Лафзий гўзалликлар;

2) Маънавий гўзалликлар

3) Лафзию маънавий гўзалликлар.

Олим шу турлар таснифи билан чекланмай, иккинчи санъат: маънавий гўзалликларни яна иккита ички қисмга ҳам тасниф этган.11

1233 йилда оққа кўчирилган Шамс Қайси Розийнинг “Ал мўъжам фи маоири ашъори Ажам” китобида ҳам илми саноеъ асарнинг олти бобида “Яхши шеър ва назму насрда қўлланиладиган гўзал санъатлар” номи остида берилган. Бироқ у ҳали бу илмда тасниф қилишга ботинмаган эди.

Адабиётшунос Т.Н.Зеҳний таъбири билан айтганда, дарий тилида шу илмда илк китобни ёзган киши Муҳаммад Умар Родуёний бўлиб, унинг асари “Таржумон ул-балоға” деб номланган. Атоуллоҳ Ҳусайний асаригача ва ундан сўнг ҳам бу соҳадаги шуҳрат Муҳаммад бинни Абдулжалил Котибнинг “Хадойиқ ус сеҳр фи дақоиқ уш шеър” асарида бўлган. Бу шуҳрат боиси менимча баённинг оммабоп услуби билан изоҳланади. Родуёний асарининг шуҳрати Ватвотникидан ошмагани боиси, афтидан кейинги олимнинг “Хадойиқ ус-сеҳр”нинг бадиий санъатлар бобини деярли айнан ўзлаштиргани бўлиши мумкин, деб тахмин қилади Т.Зеҳний.12 Самарқандлик Т.Зеҳний илми саноеънинг яхши мутахасисси, оригиналликка даъвоси бўлмаса-да, шу соҳада қилинган ишларни маълум маънода умумлаштирган, йиққан ва замон талабларига кўра бироз қисқартириброқ бўлса-да, иккита яхши рисола яратган олимдир. У 1960 йилда эълон қилинган “Санъатҳои бадей дар шеъри тожики” ва 1967 йилда қайта мукаммаллаштирилиб “Санъати сухан” номида босилган китобларида эллик атрофидаги бадиий санъатлар юзасидан баҳс этади ва санъатларни “Маънавий санъатлар” ва “Лафзий санъатлар” тарзида икки йирик туркумга бўлади. Демак, бу тадқиқотчи ҳам анъанавий таснифга янгилик киритишга уринмаган. Муҳими, бу муаллиф барча санъатларга мумтоз ва замонавий форс-тожик адабиётидан мисоллар келтирган.

Алишер Навоий ва Бобурнинг адабий-танқидий қарашлари кузатилганда, улар ҳам санъатларни тасниф қилишмагани маълум бўлади.

Туркий тилда бизгача етган, “Илми саноеъ” бағишланган илк рисала – Аҳмад Торозийнинг “Фунун ал-балоға” асаридир. Унгача ҳали форсий тилда тасниф бўлмагани сабабли бўлса керак, Торозий ҳам бадиий санъатларни йирик туркумларга бўлмаган. Фақат ташбеҳ ва тажнис санъатларида ички таснифлар амалга оширилган, бироқ бу ҳам анъанавий тарздадир.

Профессор Анвар Ҳожиаҳмедов “Шеърий санъатлар ва мумтоз қофия” рисоласида ҳам таснифнинг анаъанавий тарзини келтирган. Профессор Тўхта Бобоев ва Зебо Бобоеваларнинг “Бадиий санъатлар” китобида тасниф янгича амалга оширилган:

Бадиий санъатлар;

Поэтик синтаксис.

Муаллифлар ушбу тасниф моҳиятини қуйидагича изоҳлайдилар: “Бу таснифнинг илмий асослари ҳам йўқ эмас: поэтик кўчимларда, асосан, сўзларнинг кўчма маънолари ҳисобга олинса, бадиий санъатларда сўзларнинг лафзий-маънавий безаклари диққат марказида туради, поэтик синтаксис (ёхуд стилистик фигуралар)да эса, асосан, шеърий нутқда гап қурилишининг ранг-баранг кўринишлари эътиборга олинади”.13

Қайд этиш керакки, ушбу муаллифларнинг бу таснифлари поэтика турларини белгилашга қаратилгандир.

Таниқли олим Ёқубжон Исҳоқов шеър санъатларини ўзига хос усулда тасниф қилди. Олимнинг “Сўз санъати сўзлиги” (“Зарқалам” нашр., 2006) китобида илми бадеъга доир изланишларининг дастлабки намуналари акс этган бўлса (бунда 49 та шеърий санъат ҳақида маълумотлар бор), шу китобнинг иккинчи нашрида (“ўзбекистон”, 2014) буларнинг саноғи 137 га етказилган.

Бу кашшоф тадқиқотчи аввалги изланишларида таснифнинг анъанавий (маънавий ва лафзий санъатлар) деб икки гуруҳга, сўнгра “муштарак” санъатларни ҳам қўшиб уч хил тасниф этган, кейинроқ ўзи мустақил равишда уларни ўн турга тасниф этади:

“Биз асосий санъатларни, шеърий матн доирасидаги вазифаси билан боғлиқ хусусиятини назарда тутган ҳолда, бир неча гуруҳга ажратишни лозим топдик (бу албатта маълум даражада шартли).

1. Истиоравий-рамзий тасвир усуллари (мажоз, истиора, киноя, бароати истиҳлол, ранглар рамзи каби).

2. Қиёсий-ассоциатив усуллар (ташбеҳ, талмеҳ, тансиқ ус-сифот, тамсил кўринишлари, лаффу нашр, мурооти назир каби).

3. Фикрни далиллаш (мотивировка) йўллари (ҳусни таълил, тамсил, ирсоли масал, тасдир каби).

4. Эмоционал-муболағали тасвир усуллари (муболаға [таблиғ, иғроқ, ғулув], ташбеҳнинг айрим турлари [маъкус, измор], ружуъ, мурожаат, саволу жавоб, риторик сўроқ).

5. Синтактик-стилистик усуллар (тарсеъ, тарди акс, радд ул-ажз илас-садр, ташобеҳ ул-атроф, мураббаъ, мудаввар, муздаваж, мумосила, таштир, тажзия, тасреъ, тазмин, тасмеъ, тардид, такрор, радд ул-матлаъ, таждиди матлаъ каба).

6. а) сўзнинг ички, ташқи формаси билан алоқадор санъатлар (тажнис, иҳом, иттифоқ, иштиқоқ, қалб, мутазалзил каби).

б) айрим сўз эмас, умуман тугал матн (мисра, байт) билан алоқадор стилистик усуллар (тавжеҳ, таъкид ул-мадҳ бимо яўбаҳ уз-зам, идмож, таълиқ, тажоҳили ориф, ҳазл ун-муроду баҳил-жидд каби).

7. Контраст (тазод, қаршилантириш) санъати.

8. Мураккаб санъатлар (муаммо, таърих, ҳижои ҳуруф, ҳарфлар билан боғлиқ усуллар).

9. Стилистик мутаносиблик (жам, тафриқ, тақсим, жаму тафриқ, жаму тақсим ва бошқалар).

10. Қофия билан алоқадор санъатлар (эънот, ийто [радд ул-қофия], ҳожиб, тажнисли қофия, зулқофиятайн, мусажжаъ, тасмит каби). Шунингдек, тарсеъ, таштир, тажзия, тарсеъ каби стилистик усуллар ҳам бевосита қофия билан алоқадор”.14

Бизнингча, санъатларни икки гуруҳга бўлиш мақбул усулдир. Уч турга бўлиш шунинг учун мақбул эмаски, “муштарак санъатлар” деб иккита гуруҳга мансублик назарда тутилар экан, демак бу таснифнинг ўзи нотўғрилигини кўрсатади.

Кейинги ўн пунктли тасниф албатта олимнинг жуда катта илмий идроки маҳсули бўлиб, унда санъатлар тасниф пунктларига тақсимланган.

Биз буни маъқуллаймиз. Аммо, биз таснифнинг бошқа йўлидан борамиз: ҳар бир санъатнинг ўз имкониятлари доирасини кенгайтириш, ҳар бир санъатнинг ички таснифи билан шуғулланиш бизнингча муҳимроқ туюлади. Негаки ўнта пунктли тасниф санъатларнинг вазифаларини чеклаётгандек, чегаралаётгандек туюлади.

Ушбу сатрлар муаллифи анъанавий тасниф билан қизиққан пайтлар – етмишинчи йилларда бадиий санъатларни: маънавий, лафзий ва қоришиқ санъатлар тарзида тасниф қилган эди. Орадан кўп йиллар ўтиб яна ўша таснифга қайтишга тўғри келганда, мулоҳаза қилиндики, минг йиллар давомида мумтоз адабиётшунослар маънавий ва лафзий санъатларга туркумлаганда бежиз бу ишни қилишмаган. Чунки тасниф атамалари: маънавий ва лафзий тушунчалари ўша қисм санъатларнинг моҳиятига жуда мос. Менга фақат учинчи қисм тасниф, яъни қоришиқ деган атама маъқул эмас. Чунки маълум маънодаги, яъни санъатларни асосий моҳиятига қарам лафзий ва маънавийга бўлиш ва лозим. Учинчи турига келсак, менимча, моҳияттан ёндашиладиган бўлса, ҳарфий санъатларни бир туркум қилиб олиш ҳарфий санъатлар моҳиятига мосдир.

Демак, камина таснифи:

1. Маънавий санъатлар.

2. Лафзий санъатлар.

3. Ҳарфий санъатлар.

Изоҳлашга келсак: Маънавий санъатлар туркумига қуйидаги санъатлар киритилади:

• кўпмаъноликни юзага чиқарса (ийҳом, иттифоқ, тажнис, талмеҳ);

• маънавий зиддиятларни ифодаласа (тазод, муқобила, мухтамил аз-зиддайн);

• ҳайрат, таажжуб, ҳисларни уйғотолса (тажохули орифона);

• образлилик яратолса (ташхис, ташбеҳ, истиора,);

• ўқувчини ўйлашга рағбатлантирса (муаммао, таърих, лаф ва нашр, тақсим, киноя, таъриз, муболаға, мажоз, ҳусни ибтидо, тафриқ).

Лафзий санъатлар туркумига:

• мисра ва байтдаги, бутун шеърдаги сўз такрорлари (бир сўз такрори, икки сўз такрори, бирикма такрори, гап такрори), такрир, мукаррар, тарди акс, акс, илтизом, тасдир, тасбеъ, қайтариқ, раддул ажзи илал садр, боштакрор (анафора);

• мисра такрори, байт такрори (радди матла, таржи);

• бошқа шоирдан мисра ёки байт иқтибос олиш (тазмин);

• байтда хушоҳанглик яратувчи унсурлар (тавзи, нидо, илтифот, тажзия);

• халқ мақол ва ибораларини шеърга киритиш (ирсоли масал, таъбир, тамсил);

• шеър унсурлари сифатида кўзга ташланиб турадиганлари: қофия, ички қофия, радиф, ҳожиб;

• хушоҳанглик яратишда махсус кўзга ташланиб турадиган санъатлар: тарсе.

Ҳарфий санъатлар туркумига:

• эски ёзувдаги ҳарфлар номланган ҳолатлар (китобат, инсон аъзо-узвларини бирор ҳарфга ўхшатилган пайтлар);

• Сўзни бирор ҳарфни қўшиш ёки олиш орқали маъносини ўзгартириш (тасҳиф);

• Ҳарфлардан бирор сўз ясаш ёки назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясаш (истихрож);

• Бир сўздаги ҳарфларни ўрин алмаштириш ёки тескари ёзиш (ўқиш)га асосланган ҳолатлар (қалб, қалби баъз, қалби кулл);

• Ҳарфларни қўшиб ёзиш санъати;

• Лабланмаган ҳарфлардан сўзлар тузиш ҳолатлари (лабтегмас);

• Фақат нуқтали ҳарфлардан ясалган сўзларни тизиш.

Ижтимоий ҳаётда қолипларнинг мислсиз хизматлари бор, улар бебаҳо. Бироқ санъат бир хилликдан қочади: турфа ранг-баранглик бадиий санъатларга ҳам хос бўлиб, тасниф ана шу турфа ранг-барангликни кашф этишга қаратилади. Шунинг учун биз ҳар бир бадиий санъатни имконимиз қадар турли қирралардан тасниф қилишга уринамиз. Булар гоҳ мавзу, гоҳ рубобий қаҳрамон, гоҳ шакл ва таркиблар… хуллас, ҳар бир бадиий санъатнинг моҳиятидан келиб чиқиб, бу моҳиятни кенг ёритишга хизмат қиладиган таснифлар топишга ҳаракат қилинади. Шундагина ҳар бир санъат ҳақидаги тасаввур бой ва барқарор бўлади.

Ишимизнинг навбатдаги мақсади: анъана ва таждид муаммосидир.

Адабиётшуносликда анъана ва новаторлик энг мураккаб масалалардан биридир. Айниқса, буни мумтоз адабиёт, хусусан, шеърият мисолида кўздан кечириш ва таҳлил этиш ундан-да муаммороқ десам лоф бўлмас. Негаки, матн идроки мураккаблиги ўзи бир муаммо экан, қайд этилган мавзуни тадқиқ этиш бу билан узвий боғлиқдир.

Мавзунинг қизиқарлилиги мени шу ҳақда ўйлашга руҳлантирди. Чунки адабиётда давомийлик нимаю, янгилик нималигининг айирмасига бориш, буни таҳлилда кўриб гувоҳ бўлиш ўта муҳим деб ўйладим. Бизда илми саноеъ санъатлариннг тобора кенг ишланаётгани, унинг адабиёт назариясининг истиқболли бўлими эканлигини тасаввур этиш, ташлаб қўйилган қўриқни ўзлаштириш каби муҳим вазифа бўлиб кўринади.

Назаримда анъанавийлик ҳокимлиги мумтоз адабиётда ҳам, ҳозирги адабиётда ҳам аниқроқ сезилади. Чунки босиб ўтилган йўлдан юриш осон ва қулайдир. Истеъдодлари ўртача бўлган шоирлар новаторликка кўтарилолмай умргузаронлик қиладилар. Айниқса буни мумтоз адабиёт оқимининг бевосита давоми бўлган Собир Абдулла, Чархий, Чустий ва Ҳабибийлар ижодларида кўриш мумкинки, улар анъана қобиғида ижод қилдилар. Ғазалчиликда новаторлик даражасига етолмадилар.

Ҳақиқий замонавий ғазални 70-йилларда Эркин Воҳидов новаторона усулда яратишга муваффақ бўлди. Ва шундан сўнг кўплаб бармоқ ижодкорлари бу усулда ғазал ёзишга киришиб кетдилар. Бироқ ҳеч ким ғалаба байроғини Эркин Воҳидов қўлидан тортиб ололмади ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуров бу ҳақиқатни баралла айтди.

Ғазалчиликдаги, аруздаги бу янгиликка биринчи бўлиб Ғафур Ғулом кўз-қулоқ бўлган эди. Ҳурматли адибимиз Саид Аҳмад ўз эсдаликларида “Ёшлик девони”нинг илк намуналари ҳақидаги академик шоир Ғафур Ғулом сўзларини эслайди:

“ – Биласизми, бу бола (Эркин Воҳидов назарда тутилмоқда) мудраган арузни уйғотиб юборди. Ивирсиқ шоирлар арузни адои тамом қилган эдилар. Аруз баайни пати юлинган товуқ бўлиб қолганди. Эркин уни араб, форс сўзларидан тозалаяпти, соф ўзбек ғазалини яратаяпти. Яқинда бир жузойир ғазалларини олиб келди. Жуда чиройли, маъноли, маҳорат билан ёзилган ғазаллари кўп эди”.15

Биз бу билан Собир Абдулла, Ҳабибий, Чархий ва Чустийлар ижодини камситмоқчи эмасмиз. Уларнинг ғазаллари анъанавийликнинг ҳаётбахш давоми сифатида ўқимишли, қўшиқ тарзида эшитилганда ҳам дилкаш ва ёқимлидир. Улар ўз созларини замонавий мавзулар оҳангларига мослаб чалдилар, шу замон шоирлари бўлиб танилдилар ва тарихда қолдилар. Уларнинг шеърлари ҳали узоқ йиллар ўзбек шеърхонини ўзига мафтун этади. Бу ютуқ айнан анъанавийлик фазилатидандир.

Новаторлик (таждид) эса, ўша тоғлар даражасидан янада юқорироқ чўққига кўтрилиш демакдир. Шу маънода Эркин Воҳидов ғазаллари замонавийлиги, ёшларбоплиги, таъсирчанлиги, бадиий-тасвирий воситаларга бойлиги ва кўнгилга яқинлиги билан ўзгача оҳанрабога эга бўлган бадиият мўъжизаси – новаторлик намунасидир.

Анъанавийликнинг энг кўп сақланган майдони саноеъ илми амалиёти десак бўлади. Чунки юздан ортиқ бадиий тасвир ва ифодалилик воситалари борки, уларнинг асосий қисми ҳозир ҳам худди мумтоз адабиётдагидек бадиий матнларда қўлланилмоқда. Бу ҳам анъанавийликнинг ёрқин бир кўринишидир. Уларнинг айримлари ўта қадимий замонларда (ўхшатиш, сифатлаш, муболаға), айримлари ёзув ва адабиёт тараққий қилаётган замонларда (чунончи ҳарфий санъатлар) пайдо бўлган. Шунга қарамай уларнинг кўпи ҳозир ҳам амалда. Негаки бадиий санъатлар шоирларнинг бадиий ихтиролари бўлиб, олимлар умумий бадиий ҳодиса сифатида илғаб, бадиий санъатлар тарзида аниқлай борадилар. Шунинг учун адабий амалиёт бойиган сари бадиий санъатлар ҳам кўпайиб боради.

Бадиий сўзни ташбеҳсиз, сифатлашсиз, муболағасиз, жонлантиришсиз, савол-жавобсиз, ийҳомсиз, ружу ёки тафреъсиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар ҳаётда, оғзаки нутқимизда ҳам фаол ишлатилади. “Итдай чарчадим!” деб беихтиёр ташбеҳга мурожаат этамиз. Бозорда қовунфуруш харидорга: “Кепқолинг қовунга! Булар қовун эмас, нақ асал, асал!” дея ўзи билмаган тафреъ санъатини қўллайди…

XIII-XX аср шоирлари ижодида айнан бир хил ўхшатишларнинг минг маротабадан ортиқ қўлланилгани, лабни истиорада “лаъл” тарзида минглаб маротаба айтилгани сир эмас. Бироқ адабий қонуният бунга қарши эмас. Чунки мумтоз адабиёт китобхони байт ва унинг мазмунини чақишга асосий эътиборни қаратади. XIV аср шоири Атойи лабни “лаъл” деса, XIX аср шоираси Дилшод Барно шогирди Анбар Отин ҳақида “лаъллаб” радифли ғазалини ёзаверади ва у ўқувчи кўнглига тегмайди. Атойи:

Лаълиға жон берганим ғам тоғинда не фойда,

Гарчи Шириндур, вале парвойи Фарҳод айламас.16

Дилшод:

Исминг Анбар, жисминг анбар, лоларухсан, лаъллаб,

Сўзласанг кўрган ҳар одам айтур аҳсан, лаъллаб.17

Мумтоз адабиётда анъанавийлик қонунияти ҳукмронлик қилади. Бу аввало шеър ва байт ҳақидаги тасаввур билан ҳам боғлиқ. Шеър – янги нозик фикр демакдирки, у бадиий бўёқдорликдан холи бўлмайди. Шеърдаги байтнинг ҳар бири мустақил бир музахона. Унинг ичига кириб ички ва ташқи тузилишини тамоша қилмоқ, маъно қирраларини мулоҳаза қилмоқ керак. Шунинг учун Алишер Навоийдай адабий даҳо шеъриятида китобхон “лаъл” истиорасига бир неча юзлаб маротаба дуч келади. Бироқ ижодкорга: “Нега бир сўзни бунақа такрорлайверасиз?” деб эътироз билдирмайди. Чунки “лаъл” истиораси шундай катта ижодий ихтироки, ундан ўринли фойдаланишдаги такрорлар табиийдир. Навоийдан кейинги шоирлар ижодида ҳам бу истиора ХХ асргача яшаб, такрорланиб келаверди. Нодира, Увайсий, Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқатлар ҳам бу истиорадан кенг фойдаланганликлари боиси мазкур истиоранинг ихтиролик қиймати ва анъанавийлик қонуниятининг ҳукм суриши натижасидир.

Анъанавийлик кучининг беқиёслиги ва умрининг узунлигини ташбеҳ санъати амалиётида кузатиш мароқлидир. Нега инсон ўхшатишни бундай севади? Чунки ташбеҳ оламни билишнинг энг қудратли воситасидир. Ҳатто ҳинд халқида “Ташбеҳ” деган халқ оғзаки ижоди жанри бор. Инсоният минг йиллардан буён юзни лолага, ойга, қуёшга, гулга, анорга ўхшатишни такрорлашдан толмайди. Анъанавйлик туфайли деярли ҳар бир кейинги давр шоири ижодида бу ўхшатишлар дам-бадам учрайверади. Илгари қўлланилган ўхшатишни кейин қўллашни ҳеч ким, ҳеч қайси замонда манъ этмаган. Бунинг боси ўша ўхшатишларнинг мислсиз қимматида, мувофиқлигида, ўринлилигидадир. Бу ўхштишлар ҳусн ва севги сингари умрбоқийдирлар, десак тўғри бўлар…

Лафзий санъатлар қўллашда ҳам анъанавийлик худди маънавий санъатлар сингаридир. Чунончи, Алишер Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонидаги 272-ғазалнинг етти байтидан бештасида “халос-махлас” иштиқоқлари қўлланилган. Ҳозирги китобхонга эриш туюладиган мазкур такрорий усулни Навоий шеърий фазилат ҳисоблаб қўллайверган:

Ҳажрида жондин агар ўзни халос истармен,

Жонға не мумкин эрур истамак ондин махлас.

Яхши эрмас манга сендин тиламак ўзни халос,

Сен муҳиқсен, тилар эрсанг бу ёмондин махлас.

… Кеча итлар унидин гарчи халос истар халқ,

Итининг коми бу фарёду фиғондин махлас.

Бир замон зулмларидин чу халос эрмасмен,

Йўқ ажаб, гар тиласам аҳли замондин махлас.

Гарчи жон меҳнатидин қилди Навоийни халос,

Қатл ила истамак ўлғайму фалондин махлас.18

Инобатга олиш жоизки, у ёки бу санъатни ҳозиргидек “суиистеъмол” қилинишидан мурод фақат зийнат эмас, энг аввало шеърдаги мақсад ва ҳар бир байтдаги бош фикрдир. Умуман ёдда тутиш зарурки, поэтика унсурларидан хоҳ анъанавий тарзда, хоҳ таждид маъносида бўлсин фойдаланиш мақсад эмас. балки мазмун – фикр ифодаси учун восита қулайлиги ва гўзаллигидир.Лекин восита танлашда ҳам заргарона йўл тутилади: шу санъат байт зийнатими, таъсирчанлик омилими, эсда қолдириш имкониятими, хушжаранглилик унсурими, диққатни асосий фикрга йўлловчи таъкид усулими… эканлиги ижодкор диққат марказида туради.

Бадиий санъатлар қўллашнинг тарихини ана шу муаммо кўзгусида кўришга уринамиз. Хўш, бунинг нима ҳожати бор?

Гап шундаки, олимларнинг асосий қисми бадиий санъатларни тилга олганда беихтиёр “анъанавий бадиий санъатлар” деб гап бошлайдилар. Биз бадиий санъатларга ҳам анъанавийлик, ҳам таждид хослигини адабий фактлар орқали исботлашга ҳаракат қиламиз. Очиғини айтиш керакки, таждид бўлмаса, бадиий санъатларга унчалик кучли қизиқиш бўлмас эди. Ҳар бир санъат воқеаси янгилиги билан, ўзгачароқлиги билан кишиларни ўзига ром этади. Тазод кўрсаткичлари, ташбеҳ кўрсаткичлари, истихрож кўрсаткичлари, бир хил бўлса, байт унчалик қизиқарли бўлмасди, бадиияти баланд ҳисобланмасди. Таждид бадиий санъатлар имкониятининг мислсиз хилма-хиллиги ва теранлигини кўрсатади.

Савол туғилиши мумкин: бир хил ташбеҳ кўрсаткичлари “нор янғоқ” Лутфийда ўндан ортиқ маротаба учраганидек, “лаъл” (лаб) истиораси ҳар бир шоирда юз маротаба қўлланилади-ку? – деб. Бу анъанавийлик қудратининг яшовчанлигини кўрсатади, холос. Сиз “лаъл” истиораси иштирок этган ўнта байтни тизиб кўринг-а: ҳар бириси ўз нуктапардозлиги, янги-янги фикр ифодалаши билан сизни ром этади. Чунки бизнинг тушунчамиз бир шеърни бутунликда “асос” ҳисоблайди. Мумтоз адабиётда “асос” – байтдир. У музахонадирки, киши байт устида ҳар томонлама мулоҳаза юритиши, ўйлаб кўриши даркор. Шунинг учун Навоийдай адабий даҳо бир ғазалнинг уч байтида лаъл истиорасини ишлатган ва ҳеч ким бу ҳол муаллиф заифлиги деб даъво қилмайди. Бадиий санъат қўллашда муваффақиятли топилган ҳар бир янги кўрсаткич таждид намунаси бўлади. Ихтирокорликнинг чеки йўқ: шоир шаклда ҳам, мазмунда ҳам ихтирокорлик қилавериши мумкин ва лозим. Таждид тушунчаси остида янгилик, оҳорлилик маъноси ётади. Чунончи, тоғни туя ўркачига ўхшатиш анъана эди. Иккинчи шоир тоғни туялар карвонига ташбеҳ берди. Буниси энди таждид. Кейинги шоир китобхон тасаввурига янгилик олиб кирди. Ёки истихрож кўрсаткичларидан “оҳ”, “адам”, “ано”, “алам” сингарилар анъана сифатида давом этарди. Бир шоир “Оллоҳ” сўзини истихрож кўрсаткичи қила олди. Ана бу янгилик, таждид – шу. Буни мисолларда кўрган киши мулоҳазаларимизнинг тўғрилигига амин бўлади.

Мумтоз поэтикада ирсоли масал бадиий санъати бор. Бунинг моҳияти шуки, шоир гап ёки байтда бирор халқ мақолини келтиради.

Таъбир санъати ҳам байтда ибора қўллаш санъати бўлиб, ирсоли масалдан фарқи шундаки, таъбирда ибора кўпроқ кўчма маънода ва киноя кучлироқ бўлади. Чунончи, “жўжани кузда санайдилар” иборасини олайлик. Буни бирор байтда учратсак, анъанавий тарзда таъбир қўллаш деб баҳолаган бўлардик. Аммо ижодкорнинг қуйидаги усулини биз таждид деймиз ва маҳорат билан новаторлик кўрсатган дея қайд этамиз:

Ором олар, аста хўрсинар,

Жўжасини санаб бўлган куз.19

Шоира Фарида Афрўзнинг ибора қўллашдаги янгилиги шундаки, байтда ташхис санъатини ишлатган: кузни одам қиёфасида шахслантирган. Ҳар қандай китобхон шоиранинг бундай моҳирона ўзлаштириши маҳорат қудрати эканлигини сезади: бундоқ қарасак куз ором олмоқда, бироқ бу ором чинакамми? Унда нега “аста хўрсинади”? Демак, жўжалар баҳорги саноғидан анча озайган, яъни ҳосилнинг чўғи кам…

Бадиият маъносида айтадиган бўлсак, шоира ташхисда таъбир санъатини яратишга муваффақ бўлган, яъни таъбир қўллаш таснифини шу байти билан бойитган.

Шоирларнинг бадиият қўллашдаги ихтирокорликлари чек-чегарасиз бўлади. Ижодкор истеъдоди қанчалик кучли бўлса, бадииятда ҳам унинг ихтирокорлиги шунчалик бой бўлади. Истеъдодлари ўртача, қиёфасиз шоирлар ҳам бу сафдан четда қолмайдилар, улар ижодида ҳам йилт этган бадиий янгилик содир бўлиши мумкин.

Изланишлар шуни кўрсатдики, маҳорати юксак шоирлар, хусусан, Алишер Навоий, Абдулла Орипов сингарилар бадиий санъатлар қўллашда баъзан қоришиқ санъатлар юзага келтирадиларки, бу ҳол китобхонни бадиият олдида лол қолдиришга, ижодкор истеъдодига қойил бўлишига сабабчи бўлади.

Мақсадимиздаги уч нуқтани қайд этишни истардик:

Биринчидан, ҳали ўзбек мумтоз поэтикасида истеъмолга киритилмаган айрим бадиий санъатларни илмий тадқиққа жалб этиш;

Иккинчидан, ҳар бир бадиий санъатни ички таснифга тортиш.

Учинчидан, бадиий санъатлар амалиётида анъана ва таждид муаммосини ёритиш.

1

Кайковус, Қобуснома, “Истиқлол” нашр., Т., 1994, 122-бет.

2

Низомий Арузий Самарқандий, Нодир ҳикоятлар, Ғафур Ғулом номидаги АСН, Т., 1985, 35-бет.

3

Ҳаёт васфи, 1988, 255-бет.

4

Мунис, Сайланма, Ғафур Ғулом номидаги АСН, 1980, 123-бет.

5

Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, “Фан” нашр., 1997, 41-бет.

6

Ўша тазкира, 52-бет.

7

Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, 1997, 182-183-бетлар.

8

Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, “Фан” нашр., 1997, 184-бет.

9

Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, “Фан” нашр., 1997, 118-бет.

10

Фурқат, Танланган асарлар, Ғафур Ғулом номидаги АСН, Т., 1975, 275-бет.

11

Қаранг: Атоуллоҳ Ҳусайний, Бадойиъу-с-санойиъ, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 122-бет.

12

Т.Н.Зеҳний, Санъатҳои бадеиъ дар шеъри тожики, Душанбе, НДТ, 1960, 14-бет.

13

Т.Бобоев, З.Бобоева, Бадиий санъатлар, Т., 2001, 3-бет

14

Ёқубжон Исҳоқов, Сўз санъати сўзлиги, “Ўзбекистон” нашр., 2014, 22-23-бетлар.

15

“Ёзувчи” газетаси, 1999 йил 20 январь сони.

16

Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 359-бет.

17

Зебуннисо, Дилшод, Анбар Отинлар шеъриятидан, 1981, 15-бет.

18

Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, 1990, 188-189-бетлар.

19

Фарида Афрўз, Кўзим маним, Т., 1999, 52-бет.

Бадиият жозибаси

Подняться наверх