Читать книгу Бадиият жозибаси - - Страница 5

I фасл. Маънавий санъатларнинг сеҳрли олами
I БОБ. Сўзнинг кўпмаънолигига асосланган бадиий санъатлар
Махласнома

Оглавление

Саноеъ илмида махласнома санъати бор. Бунинг моҳияти шундаки, шоир ўз шеърларининг бири ёки бир нечтасида ўз тахаллуси мазмунини, имкони борича унинг сабабларини ҳам кашф этиб боради. Тахаллус аслида махлас сўзидан ясалган бўлиб, ҳар иккала сўз қадимда синоним сифатида қўлланилган. Кейинчалик унинг тахаллус шакли қўлланила бошлаган. Махлас сўзининг маъноси: халос топмоқ, қутулмоқ тушунчаларини ифодалайди. Бунинг сабаби, гўё тахаллус қўллаган киши ўз номидан “қутулган” бўлади.

Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида: “Тахаллус – нозимнинг тамғосидур” деган эди. Дарҳақиқат, тахаллус олиш, уни қўллаш, оз ёки кўп тахаллус ишлатиш масаласи ҳам қизиқ. Чунки тахаллус нима учун асосий ҳолатларда исмдан бошқа қўйилади? Балки номдошлар (адаш)нинг кўплиги бунинг сабабидир? Ундай десак, тахаллусдошлар ҳам оз эмас-ку? Кўплаб Машраб, Навоий, Фоний ва Муқимийлар бор-ку?

Янада диққатга сазовори, бир шоирнинг бир неча тахаллус олишидир. Масалан, Фаттоҳий Нишопурийнинг Туффоҳий, Себак, Хуморий ва Асрорий сингари беш тахаллуси бўлган. Ҳолбуки унинг ўз номи Яҳъё эди.

Ўзбек мумтоз адабиётида тахаллус ва уни қўллаш масаласи алоҳида мавзу сифатида шаклланган. Маълумки, ўз исмини тахаллус ўрнида ишлатганлар нисбатан озчиликдир. Чунончи, Муҳаммад Солиҳни олайлик, Алишер Навоий Нурсаидбек ўғли Муҳаммад Солиҳ тахаллуси ҳақида сўз юритиб: “Номи муносабатила Солиҳ тахаллус қилур” дейди.

Бироқ, асосан, тахаллус исмдан бошқа танланади ва кўпинча махсус анъанавий талабларга риоя қилинади. Масалан, ҳофизаси (хотираси) кучли шоир Ҳофиз Шерозий, хожалар авлодидан бўлган шайхулислом Подшоҳхожа ибни Абдулваҳҳобхожа – Хожа, навосиз улуснинг навобахши Алишер: Навоий, жанг-жадаллар моҳири, эпчил ва ботир Заҳириддин Муҳаммад Бобур (бабр-йўлбарс), демократик қарашда собит турган, “бошимга қилич келса ҳам ростини дейман” деган бир сўзли Муҳаммад Аминхожа – Муқимий, севгилиси висолига етолмаган Зокиржон – Фурқат тахаллуслари муҳокамаси масалага анча аниқликлар киритади.

Фурқат асарлари орасида иккита махласнома шеър учради. Шоирнинг “Адашганман” радифли ғазали ва унга боғланган мухаммасида тахаллус олиш қонуниятлари ҳақида яхши фикрлар бор.

Мухаммаснинг лейтмотиви – лирик қаҳрамоннинг ватан, хонумондан, меҳрибон дўстларидан, севгилисидан адашган – ғариблик, кимсасизлик ва сарсонликка юз тутиш фожиасидан иборат. Асарнинг биринчи бандида бу фикр жуда ёрқин ифода этилган:

Киши ҳолимни билмас меҳрибонидан адашганман,

Ватан оворадурман, дўстонидан адашганман.

Ватансиз бенаводурман, маконидан адашганман,

Ғариби кўйи ғурбат хонумонидан адашганман,

Басони мурғи ваҳший ошёнидан адашганман.96

Мухаммаснинг сўнгги бандида фикрий хулоса-ечим келади. Муаллиф шунинг учун ҳам ўзига, қисматига ҳамоҳанг ва дахлдор Фурқат (айрилиқ) тахаллусини олган. Шу банднинг ўзида шоир тахаллус олиш ҳақида сўзлаб, буни халқ орасидаги лақаб олиш сингари ҳодиса сифатида баҳолайди:

Лақаб ҳар кимсага мардум ба қадри одатий дерлар.

Мазмуни: кишилар лақабни одамнинг одатга айланган хатти-ҳаракатига қараб қўядилар.

Ушбу мисрада шоир “одатий” сўзига кенгроқ маъно юклайди. Бу сўз “одатдаги” сўзининг маъносидан кўра кўпроқ ўша киши шуғулланадиган доимий иш, вазифаси, машғулоти, феъл-атвори тушунчаларини ҳам англатиб келмоқда. Демак, тахаллус кўпроқ асосий иш, вазифа ва машғулотига, характер-сажиясига яқин бўлмоғи керак. Ушбу фактни шоир бир неча кишилар тахаллуси ва унинг сабаблари билан изоҳлай бошлайди. Шуниси характерлики, Фурқат тахаллус, лақаб ва махлас сўзларини бир хил маънода тушунади. Бир ўринда лақаб деса, кейин махлас дейди ва учинчи бир ўринда тахаллус сўзини қўллаб кетаверади. Муаллифнинг фикрича, умри маърака, мажлис, улфатчиликларда ўтадиган кишиларга одамлар “Суҳбатий” лақабини берадилар:

Ўшалким анжуманда ўтса умри Суҳбатий дерлар.

Ёки фонийлик орзусида ўзини узлатга (хилват гўша) тортган кишиларни Хилватий дейдилар: Фано кўйида кимки муътакифдур Хилватий дерлар.

Фурқат ана шундай лақаб олиш ҳодисаларини бирма-бир тизиб келтирар экан, энди ўз тахаллуси масаласига ҳам келади:

Замон аҳли бу боисдин тахаллус Фурқатий дерлар,

Бунинг сабаби:

Неча йилдур бир ошуби замонидин адашганман.

Ошуби замон, офати жон каби тушунчалар севимли маҳбубани назарда тутади. Энди иккала мисрани байт ҳолида ёзайлик-да:

Замон аҳли шу боисдин тахаллус Фурқатий дерлар,

Неча йилдур бир ошуби замонидин адашганман.

Матн мазмунини ёритишга ҳаракат қилайлик: “Бир неча йиллар бўлдики, (ўз ҳусни билан) замонга шов-шув солган гўзалимдан адашиб қолганман, яъни жудо бўлганман. Шунинг учун ҳам замондошлар менинг тахаллусимни Фурқатий дейдилар”.

Фурқатнинг машҳур “Манам шўрида булбул бўстонидан адашганман” мухаммаси ҳам махласнома бўлиб, бунда аввалги мухаммаснинг тўрт мисраси такрорланган. Негадир нашрга тайёрловчи олим матн мазмунини бузиб кўчирган:

Замона аҳли мухлис бу сабабдин Фурқатий дерлар,

Неча йилдур бир ошуби замонидан адашганман.

Ношир замон аҳлини Фурқатнинг мухлиси қилиб кўрсатмоқчи бўлган. Бундай бўлиши мумкин эмас, шоир бундай деб ёзмайди, чунки бундай дейиш мақтанчоқлик бўлади. Фурқатнинг ўзи бу фикрни бошқа бир шеърида рад этади:

Дардима бечоралиғдин чорае қилмасмуди

Бўлса эрди Тошкандда бир қадрдоним мани?!97

деб жонига ора кирувчи қадрдон мухлислари йўқлигидан дод солиб, чет элларга бош олиб кетган эди. Муаллиф мана бундай ёзган эди:

Замона аҳли махлас бу сабабдин Фурқатий дерлар:

Неча йилдур бир ошуби замонидин адашганман.

Демак, шоир “мухлис” эмас, “махлас” (тахаллус) деган экан.

Махласномалар шоирнинг ғоявий-эстетик кредосини аниқлашда ғоят муҳим роль ўйнайди. Чунки шоирлар махласнома усулидан фойдаланиб, ўз тахаллуслари маъносини ўзлари шарҳлайдиларки, бу ҳол шоир тахаллусларини нотўғри талқин қилиш ҳолларидан сақланиш имконини беради. Демак, санъаткор тахаллусини шарҳлашга бел боғлаган олимлар тахаллус луғавий маъноси билангина чекланмай, шоир ижодидаги махласномаларга ҳам аҳамият беришлари жоиздир. Акс ҳолда тахаллусларни нотўғри ёки бирёқлама изоҳлаш каби нуқсондан қутула олмаймиз.

96

Фурқат, Танланган асарлар, Т., 1975, 241-бет.

97

Фурқат, Танланган асарлар, Т., 1975, 97-бет.

Бадиият жозибаси

Подняться наверх