Читать книгу Бадиият жозибаси - - Страница 6
I фасл. Маънавий санъатларнинг сеҳрли олами
I БОБ. Сўзнинг кўпмаънолигига асосланган бадиий санъатлар
Тажнис санъати
ОглавлениеКўпчилик ривожланган адабиётлар тажнис санъатига анча бойдир. Бу орада туркий халқлар адабиётидаги тажнисчилик икки жиҳати билан улардан ажралиб туради: биринчидан, кўп қўлланилиши билан; иккинчидан, тажнис санъатининг ранг-баранглиги боис. Илм аҳлига сир эмаски, тажнисчилик ёзув нави билан бевосита боғлиқдир. Бу “боғлиқлик” шу даражада кучлики, агар биз эски ёзувга асосланган тажнис намуналарини тасниф этиб, уларнинг хилларини ўндан оширсак, ҳозирги кирилл ва лотин ёзувида тажнис санъатини тасниф этсак, беш хилга ҳам етказа олмаймиз. Бунинг иккинчи сабаби ҳозирги бадиият илми мутахассисларининг янгича – европалашган назарий қарашлари билан ҳам изоҳланади. Чунки олимларимиз ўқиган мактаблардаги “Адабиёт назариясидан қўлланма” рус олимлари луғатлари ва назарий қарашлари маҳсули сифатида яратилган эди. Тил фани борасида ҳам шу гапни такрорлашга мойилмиз. Ана шунинг учун ҳам тажнис санъатини янгича тасниф этиш муаммоси анча долзарбдир.
Илми саноеъга доир китобларнинг кўпчилигида тажнис нисбатан мукаммалроқ ишланган, баъзиларида анча-мунча тасниф ҳам қилинган. Қизиқки, форсий адабиётдаги тажнисчилик кўпроқ мумтоз адабиёт таъсири ва анъаналари туфайли ривожланган бўлса, туркий адабиётларда бу манба иккита эди: халқ оғзаки ижоди ва мумтоз адабиёт. Шунинг учун ийҳом ва тажнисни кўпроқ қўллаган Мавлоно Лутфий ижодий услубида халқ ижодиётидан баҳрамандлик, лутфкорликда халқоналик аниқ сезилиб туради.
Туркий мумтоз адабиётнинг тажнис санъати билан бойлиги унинг таснифининг ҳам кўптармоқлилигига сабаб бўлган. Чунончи, 1998 йилда Туркияда нашр этилган “Адабий санъатлар” (муаллифи доктор Лутфи Байрақтутан) номли китобда тажниснинг қуйидаги навлари кўрсатилган: жиноси том; жиноси басит; жиноси мураккаб; жиноси муташаббиҳ; жиноси мафруқ; жиноси марфу жиноси мумосил; жиноси муставфа; жиноси мутақорип; жиноси лоҳиқ; жиноси музори; жиноси ноқис; жиноси мутарраф; жиноси мушавваш; жиноси музаййал; жиноси мукаррар; жиноси муҳарраф; жиноси хат. 98Лутфи Байрақтутан бу таснифни мумтоз бадиият илмига асосланиб бажарган ва кўриниб туриптики, бу тасниф асосидаги матнлар эски араб ёзувида бўлган. Биз атайлаб туркий бадиашуносларнинг энг мукаммал таснифини бу ерда келтиришга уриндик. Чунки бошқа манбалардаги тажнис таснифлари бу даражада бой эмас. Бироқ бу таснифни ҳам мукаммал деб бўлмайди. Аминманки, Туркияда нашр этилаётган адабий терминлар жилдларида бу тасниф янада бойитилади…
Тасниф истилоҳларидан кўриниб туриптики, туркий адабиётшунослар таснифда форс адабиётшунослари қўллаган арабча истилоҳларни қўллаб келадилар. Ана шу анъана ўзбек адабиётшунослигида ҳам қабул қилинган. Бироқ тажнис ҳақидаги ўзбек олимларининг қарашлари қисман анъанавий – Лутфи Байрақтутан қабул қилган атамаларга эргашадилар ва қисман бунга янгича ёндашишга ҳаракатлар борки, бу гуруҳга камина ҳам мансуб. Чунки тажнис таснифига энди эскича ёндашиб бўлмайди. Ҳарфимиз янгича – кириллча ва лотинча. Агар илмий жиҳатдан жуда чуқур кириб кетишимиз керак бўлса, таснифни ҳар бир ёзув бўйича алоҳида-алоҳида бажариб чиқишга тўғри келарди. Биз мумтоз адабиёт намояндалари маҳоратини тадқиқ этганда Лутфи Байрақтутан илмий таснифидан фойдалансак маъқул бўлади. Чунки мумтоз адабиёт бадииятини ўша мумтоз поэтика мутахассислари назари билан баҳолаш лозим, негаки мумтоз шоирларимиз ўша усулларни маҳорат кўрсаткичлари деб билишган ва ўшаларга амал қилишган. Буни инобатга олмай ҳозирги янги таснифимиз билан улар ижодига баҳо бермоқчи бўлсак, инсофсизлик қилган бўламиз.
Мумтоз поэтика ва замонавий адабиётшунослик тажнисга нисбатан назарий қарашда талай тафовутларга эга. Аввало қайд этиш керакки, аслида ҳозирги қарашлар ўша мумтоз поэтика маълумотларига асосланган. Фарқига келсак, ҳарфлар табиатига кўра ҳар қандай сўзнинг қўшилмай ёзилган қисми эски ёзувда тажнис кўрсаткичи бўлаверади. Ҳолбуки ҳозирги назарий қарашда сўз бутунлигига эътибор берилади, сўзнинг бир қисми тажнис кўрсаткичи ҳисобланмайди. Эски назарий қарашда шаклдош сўзлар охиридаги ҳарфлар бошқа-бошқа бўлса ҳам тажнис ҳисобланаверади. Ҳозирги назарий қараш бундай сўзларни тажнис ҳисобламайди.
Қисқаси, биз тажнисга ҳозирги назарий қарашга мос келадиган таснифни бажаришга ҳаракат қиламизки, буни Лутфи Байрақтутан таснифи билан қиёслашнинг ўзиёқ фарқ ва тафовутларни яққол кўрсатиб қўяди.
Тажнис санъатининг анъанавий таснифи:
∙ Том тажнис;
∙ Мутлақ тажнис;
∙ Тажниси акс.
∙ Мураккаб тажнис;
∙ Тажниси зоид (орттирма тажнис);
∙ Мукаррар тажнис;
∙ Тажниси ноқис (нуқсонли тажнис);
∙ Хат (ёзув) тажниси;
∙ Мутарраф тажнис;
∙ Тажниси мужаннаҳ;
∙ Тенгсиз ёки номувофиқ тажнис;
∙ Шевадан олинган тажнис;
Том тажнис. Том тажнисни тажниси мутлақ ёки тажниси сареҳ ҳам дейишади. Илми саноеъда бу тажнисга: ҳарфлар ва унлилари бир хил, бироқ маъноси ҳар хил бўлган сўзлар деб қаралади. Тажнис туркий тиллар учун ўта ўзига хос ҳодиса бўлиб, бу санъат аввало бизда халқ оғзаки ижодида пайдо бўлган. Мумтоз адабиётда ҳам кенг тарқалган.
Мунисдан:
Соқий, хумор ранжида қолдим аёғдин,
Тут бир аёғ, то чиқайин мен аёғланиб.99
Мазкур байтнинг биринчи мисрасидаги “аёғ” сўзи “оёқ” маъносида, иккинчи мисрасидаги “аёғ” эса “қадаҳ” маъносида қўлланилган.
Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонидан:
Гарчи бало баҳрида топмон канор,
Жонимадур ҳасрати бўсу канор.100
Биринчи мисрадаги “канор” сўзи “бир четда”, иккинчи мисрадагиси “қучоқ” маъноларида келган.
Тажнис матнни жуда безайди. Сўз ўйинининг бу хилига мурожаат этганда тажнис сўзларининг такрорланавериб сийқаси чиқаёзган намуналаридан фойдаланавермаслик (Чин-чин, Хито-хато), ўт (уч маънода), от (уч маънода) зарурдир. Бугина эмас, сунъий тажнислардан фойдаланишни ҳам ушбу санъат ютуғи деб бўлмайди. Сунъий тажнис одатда бир сўзнинг турдош ва атоқли от бўлиб юзага чиқишида кўринади. Масалан, Ширин-ширин, Шакар-шакар, Башар-башар, Азиз-азиз ва бошқалар. Бундай тажнислар жаҳон адабиётида тез-тез учрайди. Мисоллар:
Эшитгач ушбу сўз наврўзи Фаррух,
Айиттиким: “Зиҳи хуш, юзи фаррух”.101 (Ҳайдар Хоразмий)
Форс-тожик адабиётидан:
Дар ишқ ягона шав чу Мажнун,
Мажнуни замона шав чу Мажнун.102 (Ҳилолий).
Уйғур адабиётидан:
Уруб бошини тошқа Ширин дебон,
Кечиб жони шириндин ул замон. (Низорий).
Рус адабиётидан:
У бахчи сарай –
Не Бахчисарай! (Яков Козловский).
Мутлақ тажнис. Воҳид Табризий мумтоз поэтикада мутлақ тажнис номи билан юритиладиган ушбу тажнис номи “Таржумон ул-балоға”да тилга олингани ва мисол тариқасида “Чин” ва “чин” сўзлари кўрсатилганини эслатади. Бизнингча, мутлақ тажнис ни шу санъатнинг махсус бир хили сифатида кўрсатиш унчалик мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, бу атамани қабул қилсак, тилнинг доимий тараққиётда – ўзгариш ва бойишда эканлиги билан яхши ҳисоблашмаган бўлиб чиқамиз. Зотан ҳозирги пайтдаёқ “Чин” тажниси эскириб қолганини сезмаслик мумкин эмас. Қолаверса, ҳозир “чин” сўзига тажнисларнинг янги-янги намуналари келиб қўшилгани билан ҳам ҳисоблашмоқ керак.
Муҳаммад Родуёний “Чин-чин” тажнисларининг маъносини Хитой ва бурама соч (жингалак) маъносида тушунганини ҳисобга олсак, иккинчи “чин” ҳам ҳозир эскириб, истеъмолдан чиқиб кетган. Демак, мутлақ тажнис кўрсаткичлари фақат эскирган элементлар сифатидагина тилга олинмоқда. Тарих ҳукми ўз-ўзидан мутлақлик атамасини рад этган. Аёнки, тилнинг ички тараққиёти ва бошқа тиллар билан доимий алоқаси натижасида луғат таркиби ва шу жумладан тажнислар таркиби ўзгариб, эскириб, янгиси қўшилиб, кўпайиб ва камайиб бораверади.
Тажнис бадиий асар учун шаклий ва маънавий зийнатдир. Сўз шаклининг бирлиги, маъноларнинг кўп ва хилма-хиллиги тилнинг ўзига хос ажойиб ҳодисаси бўлиб ҳисобланади. Жинсдошлик ва маънавий тафовутлар кишиларнинг тилни билишга бўлган майлини кучайтиради; тилнинг бойиб бориш йўллари билан ошно қилади; шакл ва маъно муносабатидан изчилроқ воқиф этади.
Тажниси акс. Тажниси акс атамасининг маъноси тескари тажнисдир. Шоир байтда бир сўзни ўнг ва тескари шаклда ёзган бўлса, тажниси акс санъатини қўллаган бўлади. Чунончи, қуйидаги сўзлар: роз-зор, баҳор-роҳиб. Кох-хок, ғоб-боғ тажниси акс жинсдошлари бўлиши мумкин. Бу ҳолатнинг тажнис дейилишига асос шуки, ҳар икки ҳолатда бир хил ва бир миқдордаги ҳарфлар қатнашади.
Муҳаммад Ниёз Нишотий “боғ” ва “ғоб” сўзларини тажниси акс кўрсаткичи сифатида ишлатган.
Ғоблари қалбида бор эди боғ,
Тоғлари сийнасида лола доғ.103
“Ғоб” сўзининг “ўрмон” ва “чирик, бузилган” маънолари борки, юқоридаги байтда иккинчи, учинчи маъноларида келган.
Ёки шу достонда “мард” сўзи “дирам” тарзида тескари ёзилиб, тажниси акс ҳосил қилинган:
Мард элидек қалби дирам фош эди
Лаълу гуҳар оллида чун тош эди. (Нишотий, 45-бет).
Эслатма: Илми саноеъ мутахассислари асарларида бу санъат қалб санъати билан бирдай моҳият касб этган. Шунинг учун биз тажниси акс хили ва атамасидан ҳозирги замонда воз кечиш, яъни қўлламасликни маъқул кўрамиз. Кейинчалик, тажниснинг бу нави – қалб санъати дейиладиган бўлди.
Мураккаб тажнис. Мураккаб тажнисда иштирок этаётган жинсдош сўзларнинг бири алоҳида, иккинчиси бирикмадан иборат бўлади. Бироқ, мураккаб тажниснинг айрим намуналарида ҳар иккала қисм икки сўзли бўлиши ҳам мумкин. Бу хил тажнисларнинг мураккаб деб ном олишига сабаб, жинсдошларнинг бири ёки ҳар иккисининг таркиблилигидир:
Ўт қўйинг ва ўтиринг:
Ўғлон айтти: “Эй эранлар, ёт черикка ўт урунг”,
Ё бориб аврат қумошин кийиб, эвда ўтурунг. (Сайфи Саройи).
Камол ва оз ол:
Хўшачинедур камоли мазраида ою кун,
Кунга ул берди камолу, ойға ул деди: кам ол! (Нишотий, 395-бет).
Қилни ёрасан ва қилавер ярайсан:
Маони ичра, шоҳим, қил ёрарсан,
Ажунда ҳар не қилсанг қил ярарсен.104
Куйди ва бир тараф:
Фироқ ўтинда бағрим бўлди бирён,
Қачон бўлғай фироқинг иши бир ён. (Хўжандий, 51-бет).
Зебоча ва зеб очади:
Кўзларинг орзусида туздим наво, зебо санам,
Настарин кўз очиб айтсин, шеъри ҳам зебочадир
Балки у зебоча эмас, балки у бир ғунчадир,
Ҳуснинг офтобида аммо кун сайин зеб очадир.105
Тажниси зоид ёки орттирма тажнис. Орттирма тажниснинг компонентларидан бирида бир ҳарф орттирилади, навбатдаги жинсдошда бир ҳарф кам келади. Тажниси зоид (зиёд) атамасининг моҳияти ҳам бир жинсдошнинг ўзига бир ҳарф орттириб олишидан иборатдир. Нишотийдан:
Кўз ва булоқ:
Чашм ёзар онида аҳли карам,
Чашма ёзибдур ани, эй муҳтарам. (Нишотий, 77-бет).
Ёки:Қурум ва тутун:
Тийралиғин бахтиминг этгил сиёҳ,
Ёзки анинг дудасидур дуди оҳ.
Аҳли назар кўзларин ул дуд ила,
Йиғлатибон дарди ғамандуд ила. (Нишотий, 42-бет).
Мукаррар тажнис. Буни тажниси маздуж, тажниси мардуд деган атамалари ҳам бор. Мукаррар – такрор дегани. Демак, мукаррар тажниснинг маъноси такрорли тажнисдир. Бунда шаклдош ва маънолари ҳар хил сўзлар ёнма-ён келади. Тажнис назариётчиларининг фикрича, олдинма-кейин келган тажнис компонентларининг бири (одатда сўзлар боғланиши қўшимча талаб қилганидек), иккинчисидан бир ёки икки ҳарф ортиқча бўлишига йўл қўйилади. Сайид Аҳмаддан.
Гулзор ва гулнинг зорлиги:
Бўлур ўз хижлатидин ҳайрат олиб,
Кўруб ҳуснингни дар гулзор гул зор.106
Лутфийдан. (исм ва от):
Эй мунажжим, ёр оти бирла мени такбир қил,
Отим оти бирла ёндошсун, манга худ йўқ висол.107
Ушбу мисолдаги тажнис лутф билан қоришган ҳолда келган. Биринчи мисрадаги “оти” сўзи “исми” маъносида бўлиб, “отим оти” сўзларини ҳам “исмим исми билан”, ҳам “отим оти билан” деган тенг мазмунда англаса бўлади.
Лутфийнинг қуйидаги туюғи мукаррар тажнисга яхши мисолдир:
Эй кўнгул, ёрсиз санго не бор, бор. (нима бор ва кет)
Қайдаким ул зулфи анбар бор, бор. (анбар ҳидли ва боргин)
Чек жафову жавру нози борини,
Бир кун ўлғайким, дегайдур: бор, бор.108 (қабул ва бор, кет).
Мукаррар тажнисларнинг бир қисми аслида том тажнис сўзларининг ёнма-ён келишидан ўзга нарса эмас. Бироқ иккинчи хили жинсдошларнинг ҳарфда тенгсизлиги: ортиқ ва қисқалиги том тажнисдан кескин фарқ қилади. Мукаррар тажнисларнинг кейинги намуналарини акс-садо тажнис деб атаса ҳам бўлади. Айниқса, чўзиқроқ жинсдошдан сўнг бир бўғинли сўз олдингисининг акс-садосидай бўлиб туюлади. Масалан:
Аҳмад Торозий “Фунун ал балоға” китобида бу тур тажнисга яхши мисол келтирган:
Қоматинг савдоси ёлғуз сарвни куйдурмади,
Ол янгоқинг ҳайратидин йиғлади гулзор зор109.
Байтнинг ажузинда икки лафз келтурур бири-бирига пайваста ва аввалғи лафз сўнғи лафздин бўлур ё бўлмас. Нетокким: гулзор-зор.
Мавлоно Саккокий айтур:
Солди куйган кўнглума ул энглари гулнор нор,
Бўлмади ҳаргиз манга ул дилбари айёр ёр. (А.Торозий, 90-бет).
Тажниси ноқис ёки нуқсонли тажнис. Бу хил тажнисни муҳарраф (ҳарфли) деб номлаш ҳам расмдир. Уларнинг бундай ном олишига сабаб: жинсдош компонентларнинг ўзаро тўлиқ тажнис бўлмаслигидир. Нуқсонли тажнисларнинг араб ёзувидаги ҳарфлари бирдай бўлиб ҳаракатли ҳарфлар (унлилар)да тафовутли ҳамда маънолари турличадир. Шунга кўра, талаффузда ҳам фарқ яққол сезилади. Аҳмад Торозийдан мисол келтирамиз:
Бизга бор жаврунг вафодин яхшироқ,
Қилмоғил,эй турк, бу одатни тарк. (А.Торозий, 87-бет).
Байтдаги “турк” ва “тарк” сўзлари шаклан фақат унли ҳарфлари билан фарқланади, мазмунан эса турличадир. Нуқсонли тажнислар ҳарф тажниси (тажниси хат)га бирмунча ўхшаб кетади.
Хат тажниси. Ёзув ёки хат тажнисини (араб ёзувидаги ифодаси назарда тутилади) тажниси хат деб аташади. Бунинг моҳияти шундан иборатки, жинсдош сўзлардаги ҳарфлар ўзаро мувофиқ бўлиб, нуқталардагина (зеру забар) фарқ бўлади ва уларнинг маънолари ҳам ҳар хил бўлади.
Тажнисларнинг бу тури жуда кўп учрайди. Чунки араб ёзувида сўз шаклларининг бир-бирига ўхшашлиги ҳодисаси ғоят кучлидир. Маълумки, эски ёзувда нуқталар асосий ролни ўйнайди: б, п, ч, х, ж, н, т, ш, ф, қ каби ҳарфлар маълум ҳарф белгиларига нуқталарни турлича қўйиш воситасида вужудга келади. Шунга кўра, сўзнинг ҳарфий ифодасидаги ўхшашликлар жуда кўпдир. Хат тажнисида талаффузнинг ҳар хиллиги яққол сезилиб туради:
Балки фалак андин олиб тошини,
Захм қилур эрди жаҳон бошини.110
Нишотийнинг ушбу байтини эски ёзувда ёзиб боқсак, “бошини, тошини” сўзларининг айнан шаклдош эканлигига амин бўламиз. “Тош” ва “бош” сўзларининг ҳарфлари эски ўзбек ёзувида фақат остки ва устки нуқталар билан фарқланади, холос.
Айни шундай ҳодисани биз Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонининг кириш қисмида кўрамиз. Муаллиф араб ёзувидаги сўзларнинг шаклдошлик хусусиятлари билан ҳисоблашмай, маънолари ҳар хил сўзларни бузиб, тескари маънода ўқийдиган кишилар устидан кулади. Бизга кераги – хат тажниснинг кўрсаткичи бўлиб, хато ва тўғри деб уқдирилган сўзларнинг шаклдошлигидир:
Чунки кўруб мушк ила бўйи гулоб (гулоб – ширин сув).
Ани ўқур машк ўйла пўйи килоб.111 (килоб – ит) .
Муаллиф айтмоқчики, нўноқ китобхон сўзларнинг зеру забарига эътибор бермай, “гулоб ҳиди” деган тушунчани бузиб, “итнинг чопиши” тарзида нотўғри ўқийди ва шоир фикрини бузади. Ёки:
Кўрса муҳаббатни дегай меҳнат ул,
Раҳмати кўргач топибон заҳмат ул. (Нишотий, 34-бет).
Демак, ўшандай нўноқ китобхон “муҳаббат”ни “меҳнат”, ”раҳмат”ни “заҳмат” деб ўқийверади.
Мутарраф тажнис. Мумтоз шеъриятда тажниснинг яна бир неча кўринишлари тилга олинади. Шулардан бири мутарраф тажнисдир. Тараф – сўзнинг охирги ҳарфи дегани бўлади. Шунга кўра, мутарраф тажнисдаги жинсдош сўзларнинг сўнгги ҳарфлари, худди маъноларидаги тафовутдек, бир-биридан фарқ қилади. Бироқ, ҳозирги замон поэтикаси бундай нав тажнисларни тажнис сифатида тан олишга мойил эмас. Хат тажниси ҳақида ҳам шу фикрни айтмоқ керак бўлади. Дарҳақиқат, ўйлаб қаралса, бундай мутаррафларни тан олиш поэтикада шаклбозликка ён беришдек бўлади. Мутарраф тажниснинг жинсдошлари: бод-бор; зоҳир-зоҳид; шароб-шарор; ниҳол-ниҳон кабилардан иборат бўлиши мумкин. Мунисдан:
Ҳам эрур омили махсуси авон бирла авом,
Чекиб эл моли учун зулм била тиғи ситам.112
Ёки:
Эй кўнгул, алданма зоҳид донаи ашкиғаким,
Муштариға жав сотар, зоҳирда гандум кўргузуб. (Мунис, 97-бет).
Унутмаслик керакки, мутарраф тажнислар бир ёқлама жинсдош бўлади.
Тажниси мужаннаҳ ёки қанот тажнис. Мумтоз поэтикада сўзнинг шакли ва ўрнига алоҳида диққат қилинганидан тажнисларнинг бу хили ҳам алоҳида ажратилган. Аслида эса, бундай тажнисларнинг кўпини том тажнис деб ҳисобламоқ лозим. Атаманинг маъноси бундай тажнисларнинг байт ёки мисранинг боши ва охирида қанотдай икки ёқдан келиши билан изоҳланади. Масалан:
Юз хатосиз қонини гар тўкса кўзи ҳашрда,
Ҳеч ким эрса келмагай ул номусулмон юзига.113
Ёки:
Тош ичра сийм музмар эрур, йўқки тоша сийм,
Ҳайратта қолмишам мен анинг ичу тошина. (Лутфий, 19-бет).
Тенгсиз ёки номувофиқ тажнис. Тажнисларнинг бу хилида жинсдош сўзларнинг бири иккинчисига шаклан тенг келмайди: бири озлик, бири кўплик қилади. Лекин тажнис ҳолати сезилиб туради. Масалан, қуйидаги шоир Низорий байтида “Ҳай” ва “ҳай-ҳай” сўзларида тажнис вазияти бор, биринчиси қабила номи, иккинчиси “ўлан бошланг” маъносидадир:
Аё, Лайли, сиз Ҳай йўлин бошлангиз,
Доғи Ширин ҳай-ҳай йўлин бошлангиз. (Низорий).
Диалектал (шевадан олинган) тажнис. Диалектал тажнисларнинг моҳияти шундаки, жинсдош сўзларнинг бири адабий тилдан, иккинчиси шевадан олинган бўлади. Бундай тажнислар ўзбек мумтоз ва ҳозирги замон шоирлари ижодида ҳам учрайди.
Бермагил дерлар вафосизга кўнгил,
Ким анинг нўшиндин ортиқ неши бор. (ниш).
Узмагаймен лаълидин ўлсам умид,
Жон менинг жоним, кишининг неши бор?! (нима иши).114
Бу ерда иккинчи байтдаги “неши” (нима иши) сўзи шевадан олинган.
Тажнис санъатининг табиатида жинсдошлик – шаклий ва товуш ўхшашлиги жиҳатларига асосланилади. Сўзлар миқдорига кўра тажнислар:
1. бир сўзли;
2. икки сўзли;
3. уч сўзли бўлиши мумкин;
4. сўзлар миқдори аралаш ҳам бўлади:
а) бир сўзга икки сўзнинг тажнис бўлиши;
б) бир сўзга уч сўзнинг тажнис бўлиши;
в) уч сўзнинг икки сўзга тажнис бўлиши сингарилар…
Бир сўзли тажнислар:
а) бир байтда бир сўз жинсдоши билан қатнашади, яъни байтда иккита жинсдош сўз бўлади:
Юз фотиҳани юзунга ҳар субҳ ўқурман,
Чун “Лайлатул қадр” оятини зулфинга ҳар шом.115
б) бир байтда бир сўз уч карра уч хил маънода қатнашиши мумкин:
Тонг эмас бу тонгда бўлсам
Мен хаёл обида ғарқ,
Тонг қилибдур чунки кўнглим
Бу хаёлдек обида.116
в) икки гапда биттадан жинсдош сўз қўлланилиши мумкин. Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асаридан:
“Иблис алайҳилаъна ўтға қуванди… Ложарам ёниши ўтға бўлди. Одам мавлоға қуванди, ложарам ёниши мавлоға бўлди”.117Биринчи “ёниши” куйиши маъносида, иккинчиси қайтиши маъносидадир.
Икки сўзли тажнислар.
а) шоир байтда икки сўзга икки сўзни тажнис қилиб келтиради:
Кўнглум қарори қолмади, бир оқча юз тилар,
Ул оқча юзки мен тиларам, оқча юз тилар. (Лутфий. 340-бет).
Биринчи “оқча юз” танга юзли, яъни юзи кумушдай маъносида бўлиб, иккинчи “оқча юз” юз тилла маъносидадир.
б) икки ҳар хил сўзларнинг икки ҳар хил сўзга жинсдош бўлиши:
Фурқатингдин бўлмишам асру заиф,
Тангри учун, мундин ортуқ қилма зор.
Чун менинг қонимни тўктунг ҳажр ила,
Ўз эшигинг теграсинда қил мазор. (Лутфий, 351-бет).
Уч сўзли тажнислар
а) Уч сўзнинг икки сўзга жинсдош бўлиши:
Кўрмади инсон мунингдек нозанин,
Кўргузур гўё малак юз ё пари.
Барча жон девонау шайдо қилур
Зулфи анбарбор ила юз ёпари. (Лутфий, 352-бет).
б) уч сўзга бир сўзнинг жинсдош бўлиши:
Жаннатки ризои мо дар он аст,
Дар зери пои модарон аст. (Абдураҳмон Жомий).
Қалбга истарсан шифо гар
Бўл ёмон сўздин йироқ.
Карвалол ичмоқ керакмас,
Кар ва лол бўлмоқ керак.118
Содда ва мураккаб тажнислар ҳам бўлади. Бундай тасниф асосида тажнис сўзлар таркиби туради. Бир сўз бир сўзга тажнис бўлса. содда тажнис, бир сўз икки ёки уч сўзга тажнис бўлса, мураккаб тажнис ҳисобланади.
Бадеъшунослик илмида Т.Н.Зеҳнийнинг бир таснифига мулоҳаза билдиришга тўғри келади. Ушбу олим фикрича, “Лафзий тажнисда сўз, маънавий тажнисда эса, маъно такрорланади”.119 Олимнинг юқоридаги фикрга келишига сабаб шуки, унинг бадиий санъатлар ҳақидаги китобида тажнис “икки йирик гуруҳга – маънавий ва лафзий тажнисларга бўлинади”120деб махсус тасниф таклиф этган. Ҳатто китобнинг биринчи ярмида, маънавий тажнисни маънавий санъатлар рукнида, лафзий тажнисни китобнинг иккинчи ярми – лафзий санъатлар қисмида алоҳида-алоҳида ўрганган. У “Тажниси маънави” мавзусида тубандаги мисоллардан фойдаланган ва қуйидаги фикрларни билдирган:
“Ман, агар риндам, агар шайх, чи корам бо кас,
Ҳофизи рози худу орифи вақти хешам.
“Ҳофиз” сўзи икки маънода келган: биринчиси, сир сақловчи, иккинчиси – тахаллус. Халқ тилида сўзларни бундай икки маънода ишлатишни лутф деб атайдилар. Хожа Имод Фақиҳнинг ушбу байтида:
Дил акси рухи ҳуби ту дар оби равон дид,
Вола шуду фарёд баровард, ки моҳи!”
“Моҳи” сўзи тўртта тенг ҳуқуқли маънони ифодалаган: 1) осмоннинг ойи; 2) арабча сўз (мо – сув); 3) балиқ; 4) араб тилидаги “бу нима?” бирикмасининг мураккаб шакли.
Бизнингча, бу мисоллар ийҳом ва ийҳоми зулвужуҳ санъатлари намуналаридир. Адабиётшунос Т.Зеҳний таснифига мулоҳазамиз шуки, тажнис тушунчасида жинсдошлик маъноси борки, бунинг учун байтда шаклдош сўзлар иккита бўлмоғи керак. Байтда шалдош бўлмаган сўзни қандай қилиб тажнис деб эълон қилиш мумкин? Зеҳний қарашларига қўшилсак, ийҳомни тажнисдан қандай қилиб фарқ этамиз? Шунинг учун биз тажнисни маънавий ва лафзий санъатлар сифатида иккига бўлиш таснифига қўшилолмадик. Тадқиқотчининг “Ҳофиз” сўзи қатнашган байтдаги “Ҳофиз” сўзи икки маънода келган, деган фикри мулоҳазаталабдир. Биз бу мисрадан Ҳофиз тахаллусини тополмадик. Тўғри, бу тахаллус ялт этиб эсга келади, бироқ матн мазмунига тахаллуснинг ҳеч бир алоқаси йўқ. Бу тахаллус иттифоқига мисол бўлаолади.
Тажнислар шеър ва мисралардаги иштирокига кўра:
а) тажнис номалар;
б) тажнисли ғазаллар;
в) тажнисли қитъалар;
г) тажнисли туюқлар;
д) тажнисли фардлар;
е) тажнисли байтлар ва мисралар
бўлиши мумкин.
Тажнис номалар. XIV-XVI асрларда туркий тилда ўнга яқин шеърий номалар – достонлар яратилдики, бизнинг адабиётимизда бунга Хоразмий ўз “Муҳаббатнома”си билан асос қўйган эди. Саййид Аҳмаднинг “Таашшуқнома”, Хўжандийнинг “Латофатнома”, Амирийнинг “Даҳнома”, Исмоил Хатоийнинг “Даҳнома” сингари асарлари шулар жумласидандир. XIV асрда туркий тил ва туркий адабиётнинг ўсиши тажнисчиликка жуда кенг йўл очиб берди. Ўзбек тили хусусиятларини, хусусан, унинг тажнисбоплигини билган сўз санъаткорлари бу соҳада маҳорат мўъжизаларини намойиш эта бошладилар: тажнисли номалар, ғазаллар, туюқларнинг яратилиши адабиётимиз учун янгилик эди. Қуйида Саййид Аҳмаднинг “Таашшуқнома” достонидан тажнисли номасини келтирамиз. Ортиқча изоҳ-талқинлардан тийилиш учун матннинг ўзида тажнис сўзлар луғатини қайд этиб борамиз:
Нигоро, олди кўнглим юзинг оли (қизиллиги),
Қилодур қасди жон ҳам кўзинг оли (сеҳри, ҳийласи).
Отиб ғамза ўқин пайваста (тинимсиз) қошинг,
Юрагим қон қилур пайваста (туташ) қошинг.
Жамолинг шамъиниким ёндурурсен (кўрсатасан),
Қамуқ оламни ўтқа ёндурурсен (ёқасан).
Энгингда менгларинг мушки Хитодур (Уйғуристон),
Қаро зулфинг сари бормоқ хатодур (хато, нотўғри).
Қуёшдур оразинг, ё Муштаридур (Юпитер),
Ки жон бирла жаҳоне муштаридур (талабгор, харидор).
Висолинг завқин истаб, эй дилором (севгили),
Тан ичра топмади мискин дил ором (юрак тинчи).
Кўнгул қушини ишқинг қилди шунқор (ов қуши, лочин),
Бу ғамдин муддаилар ўлди шунқор (ҳалок бўлди).
Карашма қилмоқ ичра қил ёрарсен (моҳирсан),
Неким жонимға қилсанг, қил, ярарсен.
Анингким ол юзинда холи бўлғай (хол-менг),
Қачон фитна қилурдин холи бўлғай (бўшайди).
Айитсалар сенга ғамзангдин ўқ от (камон ўқи),
Ани ўзгага отма, бизга-ўқ от (-гина қўшимчаси).
Турубтурмен ўқунгнинг қаршисина (рўпарасида),
Отар бўлсанг, тутармен қарши сина (кўксимни қаршисига тутаман).
Чу тортарман ҳамиша ҳажр борин (юкини),
Сенга айтай кўнгулди ҳар не борин (ҳаммасини).
Билурсенким, қулунгдурмен камина (“мен”),
Карам қил, боқмағил қулнинг камина (озлигига).
Тўкар ҳар дам фироқинг дийда қони (қон),
Менингдек бир дағи ғамдида қони (ғам кўрган қани).
Кўнгулда гарчи ҳажринг доғи бордур (доғ, жароҳат).
Ва лекин васл умиди доғи (ҳам, яна) бордур.
Нечаким ғамдамен, эй қадди шамшод (дарахт),
Бўлурман ҳар қачон кўрсам сени шод (қувонч).
Тараҳҳум бу гадоға қилгин охир (ахир),
Йўқ эрса, ўлгуси қайғудин охир (оқибат).
Ўлодур Сайди Аҳмад қил яроғин (тараддуини кўр),
Анинг бори бир ишига яроғин (ярагин).
Эшитгил бу ғазални чун Ироқий (ироқликдай),
Ажам созин тузиб, айтай “Ироқий” (“Ироқ” – куйининг номи).121
Шоирлар бутун бир шеърий мактуб бўйлаб узлуксиз тажнис қўллашнинг нечоғлик мураккаб ва мушкул иш эканлигини яхши билишади. Китобхон ҳам сўз жинсдошлигининг – шаклан бир хил, аммо турфа маънолар намойишига мафтун бўлади. Кўрганимиздек, мактуб бўйлаб тажнис санъати ўқувчи фикрини шаклий муштараклик ва маъно тафовутларига йўналтиради.
Тажнисли ғазаллар. Мумтоз шоирларимиз Атойи ва Лутфий ҳамда Саккокийлар тажнисчиликнинг мислсиз имкониятларини намойиш этиш учун тажнис ғазаллар ҳам ёздиларки, уларнинг бу ижодий жасоратларига ўқувчи маҳлиё бўлмай иложи йўқ. Саккокийдан:
Гар ҳажр ўти жону жигарга ёқа келди (куйдирди),
Жонимға не хуш шарбати васлинг ёқа келди (маъқул бўлди).
Ҳажр ўти неча мажруҳ этиб бўлди жигарни,
Васлинг бу шифо марҳами не хуш ёқа келди (қўйди).
Девона бикин тишлаб эмас югра-югурда,
Жон пора қилур ҳолда элимга ёқа келди (ёқам).
Дарё бўлуб оллимда кўзум ёши ҳамиша,
Сайёд менгизлик менинг ўрнум ёқа келди (соҳил).
Зулфунгни қачон солдинг ўшул ол ёнғоқ узра,
Жонимға менинг ийласи ул ўт ёқа келди (ўт ёқди).
Девона-у Саккокий зулфунг анга занжир,
Ҳинду чу акас фил бошиға чун қоқа келди (урди).122
Атойи:
Десангким: “Жон сипар қилғил, Атойим”,
Турубмен ушмуноқ ўлдур, от ойим.
Қулунгмен соқласанг, жоним борича,
Агар соқламасанг, сен бил, сот ойим.
Неча сархуш эсанг ҳуснуннг майиндин,
Вафо жоми майидин ҳам тот, ойим.
Бақосиздур бу беш кун умри фони,
Боқойин ой юзингга бот-бот ойим.
Фалактин ўткарурман меҳринг ўқин,
Десангким: “Қойдасен, оё, Атойим?”123
Лутфийдан:
Дедингки: “Боқойим санга”, лутф ила боқ, ойим,
Ул ваъда вафосиға, бегим, неча боқойим?
Чўлпон кўзунинг ул дамки қиё боқса ўларман,
Инонмасанг, ул фитна кўзунг бирла боқ, ойим.
Лаълинг ғамидин икки кўзум қон била тўлди,
Оғзинг ҳаваси бирла фано бўлди бақойим.
Шатранжи жамол ойки хублардин утубтур,
Рози дурур ул икки кўзунг бирла боқойим.
То Лутфий қилур жоду кўзунинг васфини тақрир,
Ондин оладур соҳири Бобул сабақ, ойим.124
Тажнисли қитъалар. “Сўз маликул каломи” Мавлоно Лутфий тажнис қитъалар ҳам ижод этгани маълум:
Зоти покингни кўруб айтур фалак:
“Ҳусн дарёсида йўқтур бўйла дур”.
Чун тишинг васфини дурга сўзладим,
Бошини тебратди дурким: “Бўйладур”. (Лутфий, 289-бет).
Ёки:
Эй қароқчи кўзли дилбар, ўйла бил,
Жон аёман сен каби жононадин.
Ҳусну лутфу сурату маъни била,
Туғмағай сентек яна жон онадин. (Лутфий, 362-бет).
Тажнисли туюқлар. Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг назарий қарашларига қараганда, тажнисли туюқ ҳам бўлиши мумкин экан. Тажнисли туюққа намуналарни табарруклиги учун даҳо шоиримизнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасидан икки туюқ ва уларнинг муаллифлари ҳақидаги Навоий сўзларини келтирамиз: “Абобакр мирзо – Шоҳрух мирзога набира бўлур. Баҳодурлуғи ва қиличи зарби Чиғатой улусида машҳурдур. Чун табъида назм чошниси бор эрмиш. Ҳамул баҳодурлуғ таврида бу туюқ андин машҳурдурким:
Эр керак ўртанса ёнса ёлина
Ёра еб ётса отининг ёлина.
Ит ўлуми бирла ўлса яхшироқ,
Эр отониб душманиға ёлина.
Агарчи баъзи алфози турконароқдур, аммо тажнисини яхши топибдур.
Султон Искандар Шерозий ҳам набирадур. Салтанат тажаммулини дерларким, салотиндин ози онча қилмиш бўлғай… Султон Искандарни дерларким, табъи назм эрди. Ва бу туюқни андин нақл қилурларким:
Тўлун ойға нисбат эттим ёруми,
Ул хижолатдин кам ўлди ёруми.
Тори муюнгнинг закотин мен берай,
Ё Мисрни, ё Халабна ё Руми.
Бурунғи туюқдин бу турконароқдур”.125
Тажнисчиликда таждидга ҳаракат қилиш, сўзнинг янги-янги жинсдошларини топиш ёки маҳорат билан уни яратиш нафақат профессионал шоирлар, ҳозир кўрганимиздек, шоҳ ва шаҳзодаларимиз учун ҳам хос эдики, Навоийнинг фикри тажнисчиликдаги оҳорлилик ва новаторликка ишораси билан янада қимматлидир.
Тажнисли фардлар. Гўзал тажнисли фардлар ижод қилган мумтоз шоирларимиздан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Унинг девонидан икки намуна келтирамиз:
Бу дунёдин фараҳ йўқтур мени маҳзунға жононсиз,
Жаҳондин ким десун, биллоҳ, керакмас манга жон онсиз.126
Ёки:
Қовун бирла узумнинг ҳажрида кўнглумда ғам ҳар сў,
Оқар сувнинг фироқидин кўзумдин ҳардам оқар су. (Бобур, 137-бет).
Тажнисли байтлар ва мисралар.Таснифларимизнинг шунгача бўлган қисми рубобий жанрлар билан боғлиқ эди. Байтлар ва мисраларни алоҳида олганимизнинг боиси шуки, бундай тажнисда байт ва мисралар рубобий жанрларнинг ва эпик асарларнинг барчасига хос бўлиб, бадиий асарлар таркибида айрим байт ва мисраларда учраб қолади. Фард бир байтли бўлса-да, мустақил рубобий жанрдир. Шунинг учун уни ҳам алоҳида ажратдик. Мумтоз адабиётимизнинг шеърий эпик асарларида, ғазалларда, кичик ҳажмли маснавийларда тажнисли байтлар борки, улар мутолаа давомида китобхон диққатини сўзга, унинг маъносига тортишга хизмат қилади. Эпик асарлар орасида тажниснинг ўндан ортиқ навлари учрайдигани Муҳаммад Ниёз Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонидир:
Том тажнис:Гарчи бало баҳрида топмон канор,
Жонимадур ҳасрати бўсу канор.127
Тажниси зойид:
Хорға гул, хорага берди гуҳар,
Найга шакар берди, шажарга самар. (Нишотий, 303-бет).
Хат тажнис:Гарчи етибдур санга ҳоло газанд,
Ақл элига панд эрур ушбу банд. (Нишотий, 303-бет).
Мураккаб тажнис:Бу бори бир ёну, бу бир ён эрур,
Ишқ ўтиға сийнаси бирён эрур.128
Мумтоз шоирларимиз ғазаллар таркибида кўпроқ тажнисли байтлар яратадилар. Бу соҳада Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий ва айниқса Заҳириддин Муҳаммад Бобур девонлари диққатга сазовордир. Мавлоно Лутфий:
Савдойи бўлубмен, чу кўнгул зулфина бердим,
Савдо бўлур ондаки харидор топилса.129
Ҳофиз Хоразмий:
Тош эшигингдин ўшанинг тош не теб булойим,
Чун кўрармен лаълу маржон эшигининг тошидур.130
Алишер Навоий:
Жунун тоши уруб ҳар ён янги доғимни афгор эт,
Ичимдин лоладек ишқ ичра тошимни намудор эт.131
Бобур:
Дўстлар, кўнглумдагин қабрим тошиға ёзғасиз,
Токи бирдек бўлғай ул ой ишқида ичу тошим.132
Мавлоно Лутфий:
Тош ичра сийм музмар эрур, йўқки тоша сийм,
Ҳайратга қолмишам мен анинг ичу тошина. (Лутфий, 19-бет).
Тажнисли қофиялар. Мумтоз шоирлар китобхонни ҳайратга солиш ва шеър жозибадорлигини кучайтириш учун қофиядош сўзларда тажнис кўрсаткичларини ишлатадилар. Тажнисли қофиялар рубоийдан ташқари деярли барча рубобий жанрларда қўлланилиши мумкин. Тажнисли қофияларни кўпроқ достон, маснавий, ғазал, туюқ ва фардларда учратамиз. Бундай қофиянинг ажойиблиги шундаки, юзаки қараганда байтда радифдай туюлган сўзлар қофиядош сўзлар бўлиб чиқади:
Эй жон чамани ичра бўйи сарви равоним,
Вола эрур ул суратинга руҳи равоним. (Бобур, 148-бет).
Бундай ҳодисанинг радифли тарзи ҳам бўлиши мумкин. У чоқ тажнисли қофия радиф сўзидан олдин келади, албатта:
Фарёд этарам тушгали мен ёлғузун ондин,
Ҳеч ўлди таним, қолди ҳамин ёлғуз ун ондин. (Бобур, 198-бет).
Бу анъана ҳозирги адабиётимизда ҳам давом этаётир. Кечагина қўлига қалам олган лобар қизгина Дилрабо ҳам илк китобчасида тажнисли қофия қўллашга ботинган:
Шодлигу ташвишга тўла бу дунё,
Ҳар инсон кўнглида орзу бир дунё.133
Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидан тажниси зойид навига бир намуна:
Муз айлаб ер юзин ойина ойин,
Ғалат қилдим, дегил ойинаи Чин.134
Хўжандийнинг “Латофатнома” маснавийсидан том тажнис намунаси:
Қаро зулфунг ичинда чин кўрармен,
Хато йўқтур бу сўзда, чин кўрармен.135
Байтдаги ўрнига кўра тажнисларни қуйидагича тасниф этиш мумкин:
* тажнис қофиялар;
* тажнис радифлар;
∙ тажнис тасбелар;
∙ тажнис тасдирлар;
∙ тажнис қайтариқлар;
∙ раддул садри илал ибтидо тажниси;
∙ раддул садри илал ҳашв тажниси;
∙ раддул ҳашви илал ҳашв тажниси;
∙ раддул ҳашви илал аруз тажниси;
∙ раддул ҳашви илал ибтидо тажниси;
∙ раддул ҳашви илал ажз тажниси.
Тажнис қофиялар. Мумтоз ва ҳозирги замон шеъриятида тажнисли қофиялар сийрак ҳодиса эмас. Қофияда жинсдош сўзларни келтириб, жиддий маъно тафовутига китобхон диққатини торта билиш катта маҳорат маҳсулидир. Бир байтдаги тажнис қофия.
Аҳмадийнинг “Созлар мунозараси”дан:
Оқибати кор ўшал жамъи соз
Қилдилар оҳанги ярашмоқни соз.136
Тажнис қофиянинг байтлараро намунасини Бобур “Девон”идан ўқиймиз:
Не суд андин пой дар гиллиғим,
Чу ал дўстлардин ул ой юб эмиш.
Ўзин фориғу бизни қилғон асир,
Ким, эрмиш бу янглиғ ул Айюб эмиш.137
Ҳозирги замон шеъриятида ҳам тажнис қофиялардан фойдаланиш анъанаси муваффақиятли равишда давом этмоқда. Байтда тажнис қофия қўллаш усули намунаси:
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бу доғларим мени буткул доғлар-ей.138
Тажнис қофиянинг байтаро қўлланилиши:
Олдда сайхонлик,
Нариёғи – жар.
Ҳеч ким чинқирмас,
Ҳеч ким солмас жар. (Сирожиддин Саййид, 31-бет).
Тажнис радифлар. Радиф санъатпардозлигида шоирлар сўз ўйини қилиш учун қофиядан сўнг тажнис радиф ҳам қўллайдилар. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги истиорали тажнисли радиф қўллаш намунаси:
Дема ёлғуз бўлуб сўздин гуҳарпош,
Ки, сўзча юз ики кўздин гуҳарпош.139
Иккинчи мисрадаги “гуҳарпош” (кўздан ёш оқизувчи) сўзи биринчи мисрадаги “гуҳарпош” (ширин сўзлар айтувчи) сўзига жинсдош, маънолари эса, қайд этилганидек ҳар хилдир. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан фард:
Неча ул ёр ёд этмай мени ағёр соғинғай,
Не кун бўлғай мени дилхастани ул ёр соғинғай.140
Келтирилган мисолларнинг биринчисида “сўздин-кўздин”, иккинчи байтда “ағёр-ёр” қофияларидан сўнг тажнисли радифлар келган.
Ўзбек мумтоз адабиётидаги энг фаол сўз санъатлари – лафзий санъатлар: такрирлар бўлиб, улар биринчи навбатда байтдаги сўз такрорларидир. Улар бир сўзнинг байтдаги икки такрори (тўққиз хили бор) ва уч, ҳатто тўрт такрори ҳолатлари ҳам борки, мумтоз шоирларимиз ўша сўз такрорлари билан бирга, ўша такрорларни тажнис орқали уюштиришда ҳам маҳорат кўрсатганларки, уларни таснифимиз юзасидан қисман кўздан кечиришга ҳаракат қиламиз.
Тажнисли тасбеъ. Шоир тасбеъ санъатини қўллаганда: байтда биринчи мисра охиридаги сўзни иккинчи мисра бошида такрорлайди. Демак, тасбеъ бир сўзнинг байтда икки маротаба такрорланишидир. Фақат тасбеънинг ўрни худди қофия ва радифникидек аниқдир. Тажнисли тасбеъда санъаткор шоир тасбеъ кўрсаткичлари сифатида жинсдош сўзлардан фойдаланади:
Ухлаб қолдинг ўқариқлар бошида,
Бошинг қўйиб маломатлар тошига.141
Бу ерда шоир “бош” сўзларини шаклан муштарак – жинсдош, маъносини эса ҳар хил қилиб қўллай олган. Шу мисолдаги такрорни раддул арузи илал ибтидо тажниси деб аташ мумкин. Негаки раддул арузи илал ибтидони ўз тилимизда ифодалайдиган бўлсак: биринчи мисра охиридаги сўзни иккинчи мисра бошида такрорлаш демакдир.
Тажнисли тасдир. Тасдир санъати ҳам бир сўзнинг байтдаги икки такрори бўлиб, бунда байт бошидаги сўз байт сўнггида яна бир карра такрорланади. “Рад” сўзи такрор маъносини англатгани учун тасдирнинг истилоҳий такрорга хос атамаси: раддул садри илал ажз бўладики, бунинг мазмуни байт бошидаги сўзнинг байт охирида қайтариш, демакдир. Тажнисли тасдир таркибидаги такрорланаётган сўзлар жинсдош бўлади.
Мавлоно Лутфийдан ажойиб туркий сўз асосида яратилган тажнисли тасдир намунасини келтирамизки, адабиётимизда биринчи марта бу сўз тажнис кўрсаткичи қилиб олинганига кўра, шоир новаторлиги ҳамдир:
Қочарини кўрай десам қочадур,
Мени куйдурди, вой, анинг қочари.142
Муҳаммад Шайбоний қуйидаги туюғининг иккинчи байтида ҳам тажнис тасдирини қўллаганки, бундаги тажнис кўрсаткичлари оҳорлилиги, янгилиги, Навоий сўзлари билан айтганда “турконалиги” билан диққатга сазовордир:
Суғд ичинда ўлтурурлар ёбулар,
Ёбуларнинг минган оти ёбулар.
Ёбуларнинг илгидан эл тинмади,
Ё булар бўлсин бу ерда, ё булар.143
Тажнис қайтариқлар. Қайтариқ деб сўзнинг мисра боши ва мисра сўнгидаги такрорини тушунамиз. Қайтариқ, демакки, биринчи мисрада ҳам, иккинчи мисрада ҳам бўлиши мумкин. “Рад”лар атамаси билан биринчи мисрадаги қайтариқни раддул арузи илал садр; иккинчи мисрадагини раддул ажзи илал ибтидо дейилади.Чунончи, Шайбонийнинг юқоридаги туюғи иккинчи мисрасида тажнис қайтариқ бор эди.:
Ёбуларнинг минган оти ёбулар.
(Мазмуни: Ёбу қавмининг минган отлари кишнайдилар).
Мавлоно Лутфийдан:
Гаҳи юзни қароқи оли била
Жигарим қонидин қилур жигари.144
Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан:
Ёз бўлдию бўлди яна жаннат каби ёзи,
Хуш ул кишиким, айш ила ўткай қишу ёзи.145
Тажнисли қайтариқлар ҳозирги замон адабиётида ҳам бор. Сирожиддин Саййиддан:
Тарих, ажинларинг – ажриқларингнинг
Юз минг илдизи бор юзингда.146
Раддул садри илал ибтидо тажниси. Раддул садри илал ибтидо деганда биз байт бошидаги сўзнинг иккинчи мисра бошида такрорланишини тушунамиз. Тажниснинг бу турида байтнинг мисралари бошида бир сўз такрорланади ва у жинсдош сўзлардан иборат бўлади:
Савдойи бўлубмен, чу кўнгул зулфина бердим,
Савдо бўлур ондаки харидор топилса.147 (Лутфий, 151-бет).
Ёки:
Юзга келиб чақар мени оламға кўз ёши,
Юз дарди сарға қўйғон онинг можаросидур. (Лутфий, 101-бет).
Бундай анафорик тажнислар ҳам кўзга яққол ташланади, ҳам маъно хилма-хиллиги билан китобхонни қизиқтиради.
Раддул садри илал ҳашв тажниси байт бошидаги сўзнинг байт таркибида такрорланишидир. Бунда такрор сўзлар ўрнида жинсдош сўзлар бўлиши назарда тутилади. Мавлоно Лутфий ўз тахаллуси ва унга асос бўлган сўзлардан раддул садри илал ҳашв тажнисини бунёд этган:
Лутфи ашъорингни Лутфий, Бойсунғурхон билур,
Ким, аруси мулк кўрмайдур анингдек шоҳ-шоҳ. (Лутфий, 237-бет).
Ёки:
Юз фотиҳани юзунга ҳар субҳ ўқурман,
Чун “Лайлатур-қадр” оятини зулфинга ҳар шом. (Лутфий, 155-бет).
Бир-бирига анча яқин бундай жинсдош сўзларнинг турфа маънолардаги талқини ҳар қандай заковатли ўқувчини ҳам қизиқтирмай қўймайди.
Раддул ҳашви илал ҳашв тажнислари. Тажнисчилик амалиётида энг кўп учрайдигани раддул ҳашви илал ҳашв тажнисларидир. Чунки тажнис санъати кўрсаткичларини байт таркибида исталган жойда орада келтиравериш қулайдир. Бу тажнис навини бир-биридан фарқлаш учун уни уч навга бўлиш мумкин:
а) биринчи мисрадаги раддул ҳашви илал ҳашв тажниси;
б) иккинчи мсирадаги раддул ҳашви илал ҳашв тажниси;
в) биринчи ва иккинчи мисрадаги раддул ҳашви илал ҳашв тажниси.
Биринчи мисрадиги раддул ҳашви илал ҳашв тажнисига хат тажнисидан мисол келтирайлик. Мавлоно Лутфийдан:
Кўзум хаёл хайлина равшан ҳарим эрур,
Оре, пари булоқ бошинда муҳим эрур. (Лутфий, 40-бет).
Иккинчи мисрадаги раддул ҳашви илал ҳашв тажниси том тажнис:
Навбаҳор ўлди, вале ҳижрон жафолар қилғуси,
Жон қуши ёрнинг ҳавосида ҳаволар қилғуси. (Лутфий, 319-бет).
Байт таркибидаги биринчи ва иккинчи мисраларда такрор келадиган жинсдош сўзлар раддул ҳашви илал ҳашв тажниси деб аталади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан:
Ишрату айш вақти етган чоғ,
Меҳнату ғусса оти йитган чоғ.148
Раддул ҳашви илал аруз тажниси. Биринчи мисрада садрдан (биринчи мисра) кейин келадиган сўз ўша мисра сўнгида қайтарилса, раддул ҳашви илал аруз тажниси бўлади. Раддул ҳашви илал арузда қатнашувчи сўзлар жинсдош бўлиб, маънолари ҳар хил бўлади. Бобурдан:
Мен кўрубмен хублар жаврини хуб,
Мен билурмен хублар таврини хуб. (Бобур, 117-бет).
Тажниси музоре қатнашган раддул ҳашви илал аруз тажнисини Саййид Қосимийнинг “Ҳақиқатнома” маснавийсидан келтирамиз:
Қазоға суд қилмас зўру зори,
Ажал келганда бермас ихтиёре.149
Раддул ҳашви илал ибтидо тажниси. Шоир биринчи мисра таркибида (садр ва аруз ораларида)ги сўзни иккинчи мисранинг бошида такрорласа ва бу сўз жинсдошлик хусусиятига эга бўлса, раддул ҳашви илал ибтидо тажниси бўлади. раддул ҳашви илал ибтидо истилоҳининг мазмуни: биринчи мисра оралиғидаги сўзнинг иккинчи мисра бошида такрорлаш демакдир. Аёллар рўмоли ҳақидаги Бобур ғазалида қуйидаги байт тажниснинг ушбу навига яхши намунадир:
Ёғлиғинг токим юзу кўзингга тегмиш, бор дурур,
Юз менингдек зору юз минг мен каби бемор анга.150
Раддул ҳашви илал ибтидо тажнисига яна бир мисолни наманганлик шоир Хилватий “Девон”идан келтирамиз. Моҳир санъаткор шоир ўз қишлоғи Кафа номини тажнис кўрсаткичи қилиб олиб, “капа” сўзнии ҳам шевага мос фонетик ўзгариш билан “Кафа”га жинсдош қилиб олган:
Тикибмиз жигда шохидин кафа йўлингда, эй барно,
Кафадин токи сан азми Намангон айладинг кетдинг. 151
Раддул ҳашви илал ажз тажниси. Раддул ҳашви илал ажз деганда, биз биринчи мисра сўзлари орасидаги бир сўзнинг иккинчи мисра сўнгида такрорланишини тушунамиз. Агар шу такрор сўзлар жинсдош ва турфа маъноли бўлсалар, раддул ҳашви илал ажз тажниси бўлишади. Мавлоно Лутфийнинг тубандаги байтида таъкидланган сўзнинг биринчиси “боқай”, иккинчиси “кутай, интизор бўлай” маъноларини беради:
Дедингки: “Боқойим санга” – лутф ила боқ, ойим,
Ул ваъда вафосиға, бегим, неча боқойим?152
Тажнислар туб ва ясама тарзида яна тасниф этилади. Олимлар тажнис излаганда кўпроқ омонимик хусусиятга эга бўлган сўзларга эътибор берадилар. Кузатишлар шуни кўрсатдики, туб – шаклдоши мавжуд бўлган сўзлардангина тажнис ясаш кўпинча анъанавийлик кўрсаткичи бўлиб ҳам ҳисобланади. Маҳорат ва таждид намунаси эса, кўпинча ўша туб сўзларга ясама тажнис ижод қилишда яққол кўзга ташланади. Бу ҳолат мумтоз адабиёт намуналарида ҳам, ҳозирги замон шеъриятида ҳам қайта-қайта исботлангандир. Қизиғи шундаки, китобхон омонимларга асосланган тажнисдан кўра, кўпроқ ясама тажнис ҳодисаларига қойил қоладилар. Чунончи, Ҳофиз Хоразмий девонида тажнислар кўп. Бироқ қуйидаги ҳолатда шоир мураккаб тажнис яратишда синтактик усулдан шундай фойдаланганки, анча-мунча шоирлар ҳам бу кашфиётга қойил қоладилар. Биринчи “жонбоз” сўзи фидойи, йўлида жон тиккан маъносида бўлса, иккинчи мисрада бунинг жинсдоши икки сўздан иборат бўлиб, биринчи сўз ундалма ҳолида, кейинги “боз”дан алоҳида ажралиб турибдики, бу “боз”нинг маъноси “очмоқ, юз очмоқ”дир.
Санга ман ошиқи жонбоз эркин,
Назар ўзгага, эй жон, боз қилма.153
Замонавий шоирларимиздан Сирожиддин Саййид тажнис кўрсаткичи бўлган “оҳу”га янги ясама жинсдош топа олган:
Оҳудай йўқолди
Оҳу зорларим.154
Тажнисларни байтдаги жинсдош сўзлар иштирокига кўра:
а) икки кўрсаткичли (икки сўз жинсдошлиги);
б) уч кўрсаткичли (уч сўз жинсдошлиги);
в) тўрт кўрсаткичли (тўрт сўз жинсдошлиги) тажнислар тарзида ҳам тасниф этиш мумкинки, булар орасида энг асосийси икки кўрсаткичли тажнислардир. Ҳозиргача ўрганган мисолларимиз асосан ана шу икки кўрсаткичли тажнис намуналари эди. Қуйида уч кўрсаткичли тажнис намуналари билан танишамиз. Мумтоз адабиётда уч ва тўрт кўрсаткичли тажнислар ўта сийрак ҳодисалардир. Чунки бундай уриниш, шоирона айтганда, эъжоз – мўъжиза намунаси ҳисобланган ва ҳар қандай шоир ҳам бунга ботинмаган. Бироқ туюқчиликда бу ҳодиса одатдаги ҳол тарзида қаралган.
Ҳофиз Хоразмийнинг қуйидаги уриниши анъанавий кўрсаткичдан фойдаланиш эвазига бўлса-да, жуда муваффақиятли чиққан деб айта оламиз:
Чин санинг чини сари зулфунга чин етгай эдим,
Шона бирла солмасанг чин зулфунга юз инқилоб.155
Қуйидаги байтда Ҳофизнинг кўпроқ бу соҳага киритган янгилиги гувоҳи бўламизки, бу маҳорат шоир новаторлиги далилидир:
Жон кўзина хоке тиласам сурма қилурға,
Сурма эшикингдин мани, чун сурма аёндур.156
Ҳозирги ўзбек шоирлари ҳам байтда кўп тажнис қўллаш мусобақасида мумтоз шоирлардан ортда қолишмаяпти. Чунончи, Эркин Воҳидов бу соҳада ҳамиша ғолиб:
Тонг эмас бу тонгда бўлсам
Мен хаёл обида ғарқ,
Тонг қилибдур чунки кўнглим
Бу хаёлдек обида.157
Бу байтда иккита жинсдош сўздан бешта тажнис кўрсаткичи бор: шоир “тонг” сўзини уч маънода уч тажнис кўрсаткичи қилиб олган ва “обида” жинсдош сўзларини “сувида” ҳамда “ҳашаматли бино, қаср” тарзида икки тажнис кўрсаткичи қилган.
Уч ва тўрт кўрсаткичли тажнис намуналари туюқларнинг асосий қисмида учрайдики, бунга тўхталиб ўтириш ортиқча бўлса керак.
98
Лутфи Байрақтутан, Адабий санъатлар, Баликесар, 1998. 121-бет.
99
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 89-бет.
100
Нишотий, Ҳусн ва Дил, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 21-бет.
101
Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 389-бет.
102
Осори мунтахаб, Душанбе, 1958, 238-бет.
103
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ. номидаги БАН, 1967, 23-бет.
104
Хўжандий, Латофатнома, “Муборак мактублар” тўпламида, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 45-бет.
105
Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд,“Шарқ”, 2000, 180-бет.
106
Сайид Аҳмад, Таашшуқнома, “Муборак мактублар” тўпламида, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 135-бет.
107
Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 145-бет.
108
Ўша асар, 348-бет.
109
Аҳмад Торозий, Фунун ал балоға, “Хазина”, 1996, 89-бет.
110
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 74-бет.
111
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 34-бет.
112
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 21-бет.
113
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 17-бет.
114
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 351-бет.
115
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 155-бет.
116
Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, “Шарқ”, 2000, 122-бет.
117
Рабғузий, Қисаси Рабғузий, “Ёзувчи” нашр., 1990, 21-бет.
118
Эркин Воҳидов, Сайланма, 3-жилд, 120-бет.
119
Т.Н.Зеҳний, Санъати сухан, Душанбе, 1967, 84-бет.
120
Т.Н.Зеҳний, Санъати сухан, Душанбе, 1967, 84-бет.
121
Саййид Аҳмад, “Таашшуқнома”, “Муборак мактублар” китобида,Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 126-127-б-р.
122
Ҳаёт васфи, Ўша нашр., 1988, 274-бет.
123
Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 384-бет.
124
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 289-бет.
125
Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, Мажолис ун-нафоис, “Фан”, 1997, 165-бет.
126
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 138-бет.
127
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1967, 21-бет.
128
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1967, 43-бет.
129
Лутфий, Сенсан севарим, Ўша нашр., 1987, 21-бет.
130
Ҳаёт васфи, Ўша нашр., 1988, 64-бет.
131
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 83-бет.
132
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 39-бет.
133
Дилрабо, Райҳон иси, “Истиқлол” нашр., Т., 2001, 5-бет.
134
Алишер Навоий, МАТ, 8-жилд, “Фан”, 1991, 104-бет.
135
Муборак мактублар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 55-бет.
136
Муборак мактублар, Ғ,Ғ,номидаги АСН, 1987, 172-бет.
137
Бобур, “Девон”, “Фан”, 1994, 108-бет.
138
Сирожиддин Саййид, Куйдим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1994, 116-бет.
139
А.Навоий, МАТ, 8-жилд, “Фан”, 1991, 275-бет.
140
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 138-бет.
141
Сирожиддин Саййид, Куйдим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1994, 42-бет.
142
Лутфий, Сенсан севарим, Ўша нашр., 1987, 254-бет.
143
Б.Қосимов, Н.Жумахўжа, Ўзбек адабиёти, 10-синф дарслиги, 1999, 16-17-бетлар.
144
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 254-бет.
145
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 63-бет.
146
С.Саййид, Куйдим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1994, 51-бет.
147
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 21-бет.
148
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 120-бет.
149
Муборак мактублар, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1987, 165-бет.
150
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 18-бет.
151
Хилватий, Девон, “Фан”, 2001, 191.
152
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 289-бет.
153
Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 30-бет.
154
С.Саййид, Куйдим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1994, 29-бет.
155
Ҳаёт васфи, 1988, 31-бет.
156
Ҳаёт васфи, 61-бет.
157
Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, “Шарқ”, 2000, 122-бет.