Читать книгу Бадиият жозибаси - - Страница 4
I фасл. Маънавий санъатларнинг сеҳрли олами
I БОБ. Сўзнинг кўпмаънолигига асосланган бадиий санъатлар
Иттифоқ санъати
ОглавлениеИттифоқ санъати ҳақидаги энг мукаммал ва энг биринчи мақола навоийшунос олим Ёқубжон Исҳоқовнинг “Итфоқ санъати”70 мақоласи эди. Доцент Зиёдулла Ҳамидовнинг “Навоий бадиий санъатлари” (Ўзбекистон Миллий университети, 2001) рисоласида “Иттифоқ” истилоҳининг қисқача изоҳи берилган, холос. Поэтика соҳасида рисолалар ва мақолалар кўп бўлса-да, негадир кўпчилик бу санъатни четлаб ўтдилар. Иттифоқ санъатини тасниф этишга илк уриниш Ё.Исҳоқов мақоласида сезилади.
Ўзбек мумтоз адабиёти поэтикасидаги маънавий шеър санъатларидан бирининг атамаси бўлган “Иттифоқ” сўзи асли арабча бўлиб, унинг луғавий маъноси қуйидагилардир:
1. Ташқи сабабсиз ва кутилмаган бир ишнинг содир бўлиши, тасодиф.
2. Ўзаро келишмоқ, фикрдош бўлмоқ, розилик, бирлик, бир кўнгиллик, бирлашмоқ.71
Иттифоқ санъати деганда матндаги бир сўзнинг айни бир пайтнинг ўзида икки тушунча ифодасига мосдай келиб қолишини билмоқ керак. Бу адабий усулнинг ўзига хос хусусияти шундаки, икки тушунчага ҳам мувофиқдай бўлган сўзнинг луғавий маъноси асосий етакчи, иккинчи маъноси эслатувчи-кўмакчигинадир, унинг контекстга бевосита дахли бўлмайди. Ҳолбуки ийҳомда икки маънолилик аниқ ва шу икки маънолилик туфайли мисра мазмуни эркин икки хил талқин қилинаверар эди. Бу икки ҳодисанинг нечоғлик ўхшаш ва фарқли эканлигини билиш учун мисолларга мурожаат қилайлик. Тахаллус билан боғлиқ иттифоқ санъати намунасини Амирий ижодидан келтирамиз ва қайд этамизки, тахаллус иттифоқлари асосан шеър мақтаъида содир бўладиган ҳодисадир:
Бор эрди кўнгул мулкини давлатли амири,
Арзимни ўшал шоҳи жаҳондорима айтинг.72
Байтнинг Амирийга тегишли эканлигини қайд этганимиз учун “амири” сўзи китобхонга Амирийни эслатса ажаб эмас. Матндаги “амири” сўзи иттифоқ санъати кўрсаткичидирки, биз бу сўзни матнда оддий амир, ҳукмрон шоҳ тарзида тасаввур этамиз. Буни “Амирий” тарзида тасаввур этиб бўлмайди, шундай бўлса эди, мисрада ийҳом ҳодисаси содир бўларди. Демак, матндаги “амири” сўзи Амирий тушунчасига нисбатан эслатувчигинадир…
Иттифоқ санъати – бадиий асарда китоб номи, шоир тахаллуси, адабий қаҳрамон номини турдош от ҳолида, яъни луғавий маъносида келтириб, ўша китоб, ўша шоир ва ўша адабий қаҳрамонни эслатиш усулидир. Бунда турдош от матнда бирйўла ҳам асл ўз, ҳам атоқли от вазифаларини тенг бажариб келади, деб қарамаслик керак. Атоқли от ҳолати эсга ялт этиб туширилади, холос, бунинг матн мазмунига дахли бўлмайди. Иттифоқ санъатида контекстдаги фикр ўша икки функцияли сўзнинг биринчи вазифасига – унинг турдош от сифатидаги маъносига қаратилган бўлади. Масалан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг қуйидаги байтини ўқиб, “ниҳон” (пинҳон, яширин) сўзига дуч келганимиз заҳоти шеър муаллифининг тахаллуси ёдимизга келади. Чунки Ҳамза “Девони Ниҳоний”нинг соҳибдевонидир:
Ваҳ, сен юрарсан доимо ағёр базмида ниҳон,
Мен қачон васлинга ёлғиз қонаман тонг отқуча.73
Таассуфки, Ҳамза асарларини нашрга тайёрлаган олимларимизнинг иттифоқ санъати моҳиятидан яхши хабардор эмасликлари туфайли Ҳамза асарлари нашрида бу байт келтирилганда “ниҳон” сўзи бош ҳарфда, тахаллус тарзида кўрсатилган. Ҳолбуки, бу ҳол жуда қалтис эҳтиётсизликдир: агар бу сўз бош ҳарф билан ёзилса, гўё ағёрлар базмида Ниҳоннинг ўзи юрган бўлиб чиқади. Асл матнда шоир маъшуқасидан ўпкалаётган эди…
Шу ўринда махсус қайд этгимиз келадики, шоир мақтаъда иттифоқ санъатини қўллаганда шоир тахаллуси қатнашмайди, балки тахаллусга асос-ўзак бўлган турдош от қатнашади, холос. Шу турдош от беихтиёр ўқувчи ёдига шу сўздан ясалган тахаллусни ялт этиб туширади, холос. Буни аниқроқ тасаввур этиш учун яна бир мисолга мурожаат этамиз. Биз, адабиётшунослар, мақтаъда албатта тахаллус қатнашади, деган сўзни ҳамиша айтамиз. Қизиғи шундаки, ушбу санъат ана шу қонуният тарзидаги анъанани рад этади. Мавлоно Муқимийнинг “Бир менму?” радифли ғазалининг хотима байтига кўз югуртирайлик:
Висолинг лаззатидин маззалар топган ҳарифлар ҳам,
Келиб ойлар муқими Янги Қўрғон ўлди, бир менму?
Шу ўринда ийҳом ва иттифоқ санъатлари матн мазмунини теран идрок этиш санъатлари эканликларини таъкидламоқ жоиздир. Чунки юқоридаги байтни қуйидагича нашр этган олим байт мазмунини тўғри идрок эта олган, деб бўлмайди:
Висолинг лаззатидин маззалар топган ҳарифлар ҳам,
Келиб ойлар, Муқимий, Янги Қўрғон ўлди бир менму?74
Агар мазкур нашр талқинига ишонсак, байтдан соғлом мазмунни чиқариш имконсиздир. Нашрга тайёрловчи олим иттифоқ санъатидан воқиф бўлганида эди, байтни кўчиришда тахаллусдан воз кечиб, иттифоқ санъатига асосланган “муқими” (турғун) сўзини кичик ҳарф билан турдош от тарзида ёзган бўлар эди. Бундан шундай аччиқ хулоса чиқадики, иттифоқ санъатини билмаслик мумтоз шоир асарларини тўғри кўчириш имконини ҳам бермас экан.
Ўзбек мумтоз адабиётида тахаллус иттифоқига кўпроқ мурожаат этган санъаткорлар Амирий, Мунис, Мужрим Обид, Фурқатдир. Ҳофиз Хоразмий, Ҳайдар Хоразмий, Лутфий, Атойи, Гадоий, Роқим, Муқимий, Нодим, Комил Хоразмий, Огаҳий, Аваз аҳён-аҳёнда иттифоқ санъатига мурожаат этадилар.
Мумтоз поэтикада иттифоқ ҳақида сўз борганида асосан тахаллус иттифоқи назарда тутилади. Ҳозирги вақтда ҳам олимлар асосан шундай фикрда. Жумладан, адабиётшунос Ёқубжон Исҳоқов “Иттифоқ” номли мақоласида шу санъат ҳақидаги илк тадқиқотлар, санъатнинг моҳияти хусусида мақбул фикрлар айтган, яхши мисоллар келтирган, бироқ олим иттифоқ амалиёти ҳақида сўз юритганда шоир тахаллуси ва унинг луғавий маъноси талқини билангина чекланган.75 Ваҳоланки, бу санъатнинг амалиёт доираси адабиётда жуда кенгдир. Ититифоқ санъатини қуйидагича тасниф этиш мумкин:
1. Тахаллусга тегишли иттифоқ санъати намуналари;
2. Исми шарифга тегишли иттифоқ санъати намуналари;
3. Адабий қаҳрамон исми шарифларига тегишли иттифоқ санъати намуналари;
4. Китоб номлари билан боғлиқ иттифоқ санъати намуналари;
5. Этимологик иттифоқ санъати намуналари.
Тахаллусга тегишли иттифоқ санъати намуналари. Тилшунос олим Зиёдулла Ҳамидов иттифоқ санъатини шундай талқин этади: “Иттифоқ – мувофиқлаштириш. Ушбу санъатда шоир шеърда ўз номи ёки тахаллусини ниҳоятда чиройли кўринишда шундай ўринли ишлатадики, бунда ўқувчининг хаёлига бир пайтнинг ўзида ана шу сўзнинг ҳам истилоҳий, ҳам луғавий маъноси келади”.76
Дарҳақиқат, иттифоқ санъатининг энг кўп намуналари асосан тахаллусга тегишли, дейиш мумкин. Унинг навлари кўп бўлса-да, энг мўл ҳосил берган нави тахаллус билан боғлиқ. Энг жозибали тахаллус иттифоқларини бир мумтоз адабиётимиздан, бир замонавий адабиётимиздан олиб моҳиятини ўрганишга уринамиз. Шермуҳаммад Муниснинг тахаллуси луғавий маъносига кўра “дўст, ўртоқ, улфат” тушунчаларини ифодалагани учун иттифоқ санъатини қўллашга жуда мосдир:
Мен бўлиб ул ойга мунис, оҳким,
Ул бориб ағёрға маънус ўлуб.77
Муаллиф бу байтни яратишда шунчалик маҳорат кўрсатганки, тадқиқотчи иттифоқ санъатини пайқаб, шоир сеҳргарлигига лол қолади. Агар Мунис шеъри демасак, балки шеър муаллифини бу ерда эслаш ҳам жуда орқа планга кўчади.
Ҳозирги замон шоири Эркин Воҳидов ҳам “Рашким” ғазалининг сўнгги байтида ушбу санъатни ана шундай зукколик билан бунёд этган, десак бўлади:
Сенга ўн тўртда боғландим,
Ҳануз эркин бўлолмас дил.
Ўзим доғман, ақл кирмас,
Тўзимсиз ўттизимда ҳам.78
Худди ийҳом санъатида иккинчи асосий маъно ўқувчи ёдига келавермаганидек, ушбу байтда иттифоқ санъати кўрсаткичи бўлган сўз “эркин” ўз ижодкорининг номини ҳа деганда китобхон эсига туширмайди… Бу адабий усул сифатида нўноқлик эмас, балки кучли маҳорат натижасидир.
Тахаллусга тегишли иттифоқ санъати намуналарини яна тубандагича икки хил тасниф этиш мумкин. Биринчиси: тахаллус иттифоқлари ўрнига кўра уч хил бўлади:
а) шоирнинг ўз ғазали мақтаида тахаллус иттифоқини қўллаши:
Фурқат ичра ўлсаму маҳшар аро,
Доманингдин ушласам недур жавоб?79
б) бошқа шоир шеърининг исталган байтида тахаллус иттифоқини бунёд этиш мумкин. Комил Хоразмий ёзади:
Улки огоҳлар огаҳидур,
Фаҳму дониш сипеҳрининг маҳидур.
Сўзи ортиқдурур гуҳардин ҳам,
Фазлу донишда олам ичра алам.
Ушбу мисралардан гап шоир Огаҳий ҳақида кетаётганини аниқ ҳис этиш мумкин.
в) бошқа шоир ёки адиб асарининг бирор эпизодида берилган бўлиши мумкин.Чунончи, Юнус Юсуповнинг Аваз ҳақидаги очеркида устоз шоирлар Мунис ва Огаҳий тахаллусларига тегишли иттифоқ санъати ишлатилгани кузатилади:
“1919 йиллар… Авазнинг боши ёстиқда, у ҳолдан тойган, чарчаган, сўлғин, оғир касаллик унинг жонига чанг солмоқда. Ана шундай кунларнинг бири эди. Эшикдан навқирон, иссиқ табассумли, энди ўн тўртдан ўн бешга қадам қўйган бир йигит кирди-ю, Аваз ҳурматига икки букилиб салом берганча тик турди. Тавозеда турган йигитга кўзи тушган шоир ўз аҳволининг оғирлигига қарамасдан бошини ёстиқдан жадал кўтариб:
– Кел, кел, умидим кел, устодимнинг жигарбанди кел, ҳамкасабам кел, мунисим, огаҳим кел, – дея йигитни бағрига босди ва уни узоқ вақт қўйиб юбормай турди”.80
Кўриняптики, баъзи санъаткорлар бадиий асарда бирор хислат ёки фазилатни зикр этиш бобида шоирлар исми ва тахаллусларининг луғавий маъноларидан фойдаланадилар ва бу иттифоқ санъати зуҳури сифатида намоён бўлади. Юқоридаги адабий парчада шоир Аваз Ўтар ўғлининг ҳузурига Ота Маҳзум Муҳаммад Латиф ўғли Партавнинг боргани ва устоз шоир томонидан алқаниши акс этган. Аваз уни мунисим, огаҳим деганда аввало унинг дўст ва шоир аҳволидан огоҳлигини, воқифлигини уқдириб, айни пайтда Партавни Мунис ва Огаҳий каби ижодий истиқбол эгаси бўлишига ундамоқда.
Тахаллусга тегишли иттифоқ санъатининг иккинчиси: уларнинг миқдорига кўра таснифи ҳам икки хил бўлади:
а) бир тахаллус иттифоқи:
Ибрат олмай бизга ҳар ким кулсалар,
Бул сабабдин доғдурмиз уч киши.81
Биз бу байтни Исҳоқхон Ибратнинг “Ҳикояти уч киши” шеъридан келтирдик. Муаллиф худди юқоридаги мисоллардагидек иттифоқ санъатини шунчалик хаспўшлаганки, китобхон ёдига “Ибрат” сўзининг тахаллус эканлиги дафъатан тушмаслиги ҳам мумкин.
б) икки тахаллус иттифоқи. Бу ҳам икки хил бўлади. Биринчи хилида бир шоирнинг икки тахаллуси ҳам тахаллус иттифоқи тарзида қўлланилиши мумкин. Бунга икки тахалласли шоир Мужрим Обид айниқса жуда мос келади. Қўш тахаллус иттифоқи қуйидагидек алоҳида мисраларда учрайди:
На бир мужрим бўлиб аҳли жаҳон олдига йўл топдим,
На бир обид экан деб ҳам жаҳонға эътиборим йўқ.82
Ёндош ҳолатларда ҳам тахаллус иттифоқи ҳодисаси кузатилади:
Илоҳи обиду мужрим санинг алтофинга рожи,
Нетарсан номаси ёзилиб келса қаро, Мужрим? (Мужрим Обид, 50-бет).
Иккинчи хилида шоир тахаллусининг иттифоқи одатда мухаммас ва мусаддасларда кўринади. Чунки ғазал мақтаъи олдидан халаф салаф шеърига уч ёки тўрт мисра қўшар экан, салаф шеърида иттифоқ санъати ишлатилган бўлса, халаф ҳам ўз тахаллусини иттифоқ усулига келтиришга ҳаракат қилади. Жунайдулла Ҳозиқ шеърига Содиқ Мунший мухаммасининг сўнгги банди:
Манам ғам дашти ичра зору ҳайрон, вомиқе топилмасму,
Муҳаббат захми носур ўлди, марҳаме топилмасму,
Югурдим телбалардек бир рафиқи содиқе топилмасму,
Бериб набзи азизим бир табиби ҳозиқе топилмасму,
Илоҳи, раҳм қил, бир дарди бедармона учратмасун.83
Мухаммасдаги ошиқ адабий қаҳрамон Вомиқ исми иттифоқ санъати асосида турдош от тарзида келтирилган.
Тахмисчиликда иттифоқ санъатини бунчалик маҳорат билан қўллаш жуда сийрак учрайдиган адабий ҳодисалардандир. Юқоридаги мисоллар юзасидан шундай хулосага келиш мумкинки, шоирлар ўз тахаллуслари ўрнида тахаллусларининг луғавий маъноларидан фойдаланиб, уларни турдош от тарзида қўллайдилар ва ижодкор тахаллусини топишни зукко китобхоннинг зукко ақлига ҳавола қиладилар. Келтирилган тасниф материалларидан тахаллус иттифоқининг жуда кўп ва турфа хил эканлигини тасаввур этиш қийин эмас.
Исми шарифга тегишли иттифоқ санъати намуналари. Шеъриятда, хусусан шеър ва достонларда кўпинча шоирлар адабий қаҳрамонлар исми шарифининг луғавий маъносидан фойдаланиб исми шарифга тегишли иттифоқ санъатини яратадилар. Алишер Навоий ва унинг уйғур издоши Абдулраҳим Низорий “Фарҳод ва Ширин” достонларида Чин мамлакати хоқонининг вазири аъзами Мулкоро исмини иттифоқ санъати асосида қўллашган ўринлар бор. Бунинг иттифоқ санъатига қулайлиги боисини мулоҳаза қилсак, шундай фикрни билдириш мумкин: “Мулкоро” сўзи таркибига кўра икки ўзакдан иборат бўлиб, “мулк” – мамлакат тушунчасига, “оро” қисми “безаш” маъносига моликдир. Яъни мулкоро – мамлакатни безовчи демакдир.
Вазири анинг мулкорои Чин,
Анинг ақлида зебафзои Чин.84
Ҳар иккала достонда бу вазирнинг аниқ исми айтилмайди. Балки у бунёдкорликда машҳурлиги, Чин мамлакатини бинолар билан безашда машҳурлиги учун уни эл Мулкоро деб аташади ва китобхонлар ҳам уни шу исми шариф остида биладилар.
Ҳайдар Хоразмийнинг “Гул ва Наврўз” достонида Фархор шоҳи Мушкин ва унинг қизи Гул номларининг ёнма-ён келган пайтида ҳам қуйидаги каби таркибли иттифоқ санъати яратилгандир. Бунда Мушкин қизи Гулнинг сифатлаши вазифасида келмоқдаки, “гули мушкин” – мушк ҳидли гул тарзида тасаввур этилган:
Кеча бўлгач гули мушкини ғамнок,
Қилур ҳижрон элиндин пираҳан чок.85
Муаллифи номаълум бўлган (Дурбекка нисбат берилган) “Юсуф ва Зулайхо” достонида Зулайхо ўзини жазодан қутқариш учун Юсуфга туҳмат қилишга мажбур бўлади ва эри – Миср Азизига мурожаат этади:
Соҳир эрур, рост, бу канъони қул,
Айла, азизим, они сан банди ғул.86
Байтни ўқиган китобхон иккинчи мисрадаги “азизим” сўзига дуч келганида, албатта, Азиз исмини эсга олади. Ҳолбуки матн мазмунига нисбатан асосий фикр киши қадрлилиги – азизлиги билан алоқадордир.
Китоб номлари билан боғлиқ иттифоқ санъати намуналари. Шоирлар китобхонни ҳайратга солиш учун китоб унвонлари маъносидан ҳам иттифоқ санъати яратишда фойдаланадилар. Бадиий талқинда муаллифлар шундай устакорлик қиладиларки, кишилар ва уларнинг ҳис-туйғу ёки ижтимоий муносабатларига доир талқинларда беихтиёр айрим китобларнинг номларини китобхон ёдига туширадилар. Аслида эса, матнда китоб ёки унинг унвонига тегишли ҳеч қандай фикр-мулоҳаза бўлмайди. Хоразмлик шоир Абдураззоқ Фақирий ёзади:
Келса бетаклиф маҳбубул қулублар субҳу шом,
Бўлса бу янглиғ ҳамиша чун гулистон бўлди печ.87
Ушбу байт мутолааси давомида, албатта, Алишер Навоий ва Бархурдорнинг “Маҳбубул қулуб” китоблари ва Саъдий Шерозийнинг ўлмас “Гулистон” асари китобхон эсига тушади. Айни шу хилдаги ҳодисани Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” асаридан қуйидаги байтда ҳам кўрамизки, ўқувчи бемалол Жомийнинг “Баҳористон” ҳамда Саъдийнинг “Гулистон” асарлари атамасини эсга олади, ҳолбуки фикр баҳористон ва гулистонлар устида бормоқда:
Гузаре кун дар ин баҳористон,
То бубини дар у гулистонҳо.88
(Мазмуни: Агар гулистонларни кўрмоқ истасанг бу баҳористонда бир сайр эт).
Бадииятга бой ўзбек классик адабиёти намояндалари ҳали қўлга ҳаваскорлик қаламини олмай туриб, кўплаб илми саноеъга доир рисолаларни мутолаа этишарди. Масалан, Мавлоно Лутфий жуда усталик билан Рашидиддин Ватвотнинг “Хадойиқ ус-сеҳр фи дақойиқ уш-шеър” асари номида иттифоқ санъатини қўллайдики, ушбу ҳол муаллифнинг бу хилдаги асарлардан яхши воқифлигини кўрсатиб туради.
Саводи наргиси хадойиқ ус сеҳр ул,
Ки текма санъати торожи ақлу дин бўлди.89
Биринчи мисра мазмуни: Кўзининг қораси сеҳр боғидир…
Кўряпмизки, бунда на Рашидиддин Ватвот, на унинг асари бор. Бироқ китобхон ўша байтни ўқиган заҳоти (агар билса) Ватвотнинг ўша асарини беихтиёр ёдга олади.
Шу ўринда бир андишани ўртага ташлашга тўғри келади. Айрим кишилар: “Бу байтда китобий талмеҳ қўлланилмаганми?” дея мулоҳаза билдиришлари мумкин. Бундай эмаслиги исботи шундаки, матнда китоб унвони берилмаган, муаллиф китобга ишора қилаётгани йўқ. Агар байт мазмунидан Ватвот асарига ишора аниқ бўлса эди, у ҳолда бу китобий талмеҳ ҳисобланарди.
Иттифоқ санъати амалиётида анъана ва таждид масаласига келамиз. Иттифоқ санъатидаги анъанавийликни қуйидаги йўналишларда кузатиш мумкин:
Биринчидан, шоирнинг ўз тахаллуси маъносидан фойдаланиб бошқа шоирлар сингари ўз тахаллусидан иттифоқ санъатини яратиши ижодий анъанавийлик бўлиб, таждидга яқин туради. Зокиржон Фурқат ёзади:
Шеваи нозу тағофил бирла фурқат ўтиға,
Куйдуруб, хоистарим совурдинг, эй қози қизи.90
Албатта бу байтни қуйидагидек ёзсак, агар китобхон мазмунга эътибор берса, энсаси қотар эди:
Шеваи нозу тағофул бирла Фурқат ўтиға,
Куйдириб хокистарин совурдинг, эй қози қизи.
Чунки кейинги талқин ўринсиз бўлиб, Зокиржон Фурқатда олов бор ва унда лирик қаҳрамон ўртанган бўлиб чиқади… Таассуфки, Фурқат асарларининг барча нашрларида ўша байтдаги Фурқат сўзи бош ҳарфда кўчирилган.
Иккинчидан, шоир бошқа шоир тахаллусида иттифоқ санъатини қўлласа, соф анъанавийликнинг кўриниши бўлиб ҳисобланади. Масалан, Мунис ўз асарларида ўз тахаллусида иттифоқ санъатини қўллаган. Кейинчалик бу тахаллусни Роқим ва Авазлар иттифоқ санъатида қўллаганларки, буни соф анъанавийлик десак бўлади. Мунис:
Фироқингда ёлғуз чекармен фиғон кўп,
Бўлуб Мунисим бўйла ҳолимға раҳм эт.91
Байти Мунис асарларида “Мунис” бош ҳарф билан берилиб, фикр соғломлигига зарар етган (1980 йилги нашрда ҳам, 255-бет).
Роқим Мунисга бир неча шеърлар бағишлаган. Шу шеърларнинг биридан икки байт ўқиймиз:
Топар бир дамда сиҳҳат хаста кўнглум,
Менга ул чашми бемор ўлса мунис.
Кечар икки жаҳон султонлиғидин,
Ҳазин Роқим била ёр ўлса мунис.92
Матннинг биринчи байтида “мунис” сўзи тахаллус иттифоқи тарзида қатнашган. Иккинчи байтдаги “мунис”га келсак, бунда иттифоқ санъати эмас, балки ийҳом санъати қатнашган. Бу байтни қуйидагича талқин қилса ҳам бўлади:
Кечар икки жаҳон султонлиғидин,
Ҳазин Роқим била ёр ўлса Мунис.
Келтирилган икки байтдан ийҳом ва иттифоқ фарқларини аниқ сезиш мумкин. Биринчи байтнинг иккинчи мисрасини қуйидагича ёзсак, хато бўлади:
Менга ул чашми бемор ўлса Мунис.
Демак, иттифоқ санъатида шоир тахаллуси ялт этиб эсга тушади, холос. Бу ерда сўзнинг луғавий маъносигина аҳамиятга молик. Ийҳомда эса, ўша сўз икки маъноли бўлиб, мисрани иккала маънода ифодалаш мумкин. Баъзан тасодифан иттифоқ санъати билан ийҳом баробар келиб қолиши мумкин. Чунончи, Зокиржон Ҳабибий ғазалининг мақтаъида шундай ҳодиса содир бўлганки, буни қуйидагидек бемалол икки хил талқин этиш мумкин:
Қурди, Ҳабибим, деди ҳукм айлади,
Кўнглим аро эрди бу аҳком ком.93
Биринчи байтдаги “Ҳабибим” сўзида ҳам “дўстим” тушунчаси, ҳам шоир тахаллуси кўзда тутилган. Бироқ ажрим қилиш юзасидан қатъий талаб қўйилса, иттифоқ санъати бу мурофаада ғолиброқ бўлиб чиқади.
Ийҳом ва иттифоқнинг баробар келишида ажрим қилиш имкони бўлмайдиган ҳолатлар ҳам бўлади. Урду шоир ва адиби Мирзо Расвонинг “Бир хонимнинг саргузашти” романида шундай ажиб бир ўрин бор. Таржимон маҳорати ва ўзбек-урду тилларининг лексик умумийликлари бошқа тилда ҳам поэтик санъатларни тиклаш имконини берган:
“Расво: – Қулоқ солсинлар:
Севги кўйида дучор бўлдинг нечун Расвога
Энди қўймайман сени расво айламагунча.
Умров: – Дарвоқеъ, хуб айтганлар.Лекин бунда ўзларининг тахаллуслари ҳам ўзгача лутф пайдо қиладир.
Расво: – Тахаллусдан гапирмасинлар. Бир инояткорнинг инояти билан ҳозир Лакновда бир эмас, бир нечта Расво бор. Ҳойнаҳой одамлар ўзларининг туппа-тузук тахаллусларидан воз кечиб, расво бўлиб боришаётган кўринади”.94
Мазкур матндаги “расво” сўзларига аҳамият берсак, кўп ўринларда сўз ўйини иттифоқ-ийҳом тарзида баробар келиб қолганини пайқаймиз.
Бизнингча, гарчанд матнда келтирилган иттифоқ санъати туфайли мисрада сўз янги маънода эсга олинганда тасодифдай туюлса-да, аслида чинакам шоирона маҳорат, санъаткорлик натижасидир. Шунинг учун иттифоқ санъатида таждид – янгилик яратиш анъанага нисбатан устунроқ туради. Чунки ҳар бир шоир тахаллусининг маъноси ўзгача ва кўп маъноли экан, у иттифоқ санъатини қўлласа, ўзгача маънодаги, ҳали адабиётда учрамаган янгилик содир бўлади. Айтайлик, Аваз исмининг луғавий маъноси Хоразм халқидан бошқа ўзбеклар учун номаълумдир. Унинг қуйидаги шеърини ўқиган ҳар қандай китобхон ҳам Аваз тахаллуси маъносини билиб олади, ҳам иттифоқ санъати иштирокидан мамнун бўлади:
Висолинг саҳбосиға хуноби ҳижрондур аваз,
Анда май ўрниға балким таҳ-батаҳ қондур аваз.
Токи пинҳон ўлғали ул кокили анбарфишон
Ҳар замон савдои зулфидин паришондур Аваз.
Эй хуш ул кунларки, базми ёр қадрин билмадим,
Эмди фурқатда анга юз нав армондур аваз.95
Мазкур уч байтни ўқиган китобхон: “Ие, аваз – эваз экан-да” деб фикри ёришади ва мақтаъда – хотима байтда шоир тахаллуси йўқлиги, балки иттифоқ санъати туфайли бу ҳол содир бўлганидан қониқиш ҳосил қилади.
Демак, иттифоқ санъатини қўллаган шоир шеърда ўз тахаллуси ёки бошқа шоир тахаллуси, адабий қаҳрамонлар ёки тарихий шахслар исми шарифи, китоблар унвонлари юзасидан иттифоқ санъати намуналарини яратади ва шу усул билан ўқувчини ҳайратга солади. Бу усул чинакам санъаткорона маҳорат кўрсаткичи бўлиб, тасодифий ҳол эмас.
Ўзбек тилининг сеҳрли кўпмаънолилиги фикрчан ўқувчини ийҳом ва иттифоқ санъатларидаги ифодаси билан лол қолдиради. Негаки бу санъатларни қўллаган шоирлар ижоди қадимдан қайнаётган халқ оғзаки ижоди булоғидан, ўз халқимиз ва қўшни халқлар адабиётидан баҳра олиб нуктапардозлик ва шеър оройиши билан назарга тушади.
Адабиётда салафларга эргашиш ва ижодий мусобақа деган жараён ҳамишаликдир. Шунинг учун адабий анъана сифатида ийҳом ва иттифоқ санъатлари амал қилмоқда: тармоқланмоқда, бойимоқда, теранлашмоқда. Ҳар иккала санъат кўрсаткичлари мумтоз ва ҳозирги замон адабиётида тобора кўпайиб бормоқда ва янгиланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Бизнинг қисқа кузатишларимиздан ҳам бу санъатлар амалиётининг нечоғлик фаоллиги ва кўптармоқлилигини, сеҳрли кўпмаънолилик имкониятларининг чексизлигини бирмунча тасаввур этиш имкони бордир.
70
Қаранг: “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 1971, № 3.
71
Фарҳанги забони тожики, 1-жилд, “СЭ” нашр., Москва, 1969, 510-бет.
72
Амирий, Девон, “Фан”, 1970, 130-бет.
73
Ҳ.Ҳ.Ниёзий, Танланган асарлар, 1-жилд, Т., 1960, 55-бет.
74
Муқимий, Асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1974, 213-бет.
75
Қаранг: Ёқубжон Исҳоқов, Сўз санъати сўзлиги, “Зарқалам” нашр., 2006, 27-бет.
76
Зиёдулла Ҳамидов, Навоий бадиий санъатлари, ЎзМУ, Т., 2001, 51-бет.
77
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 92-бет.
78
Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, “Ишқ савдоси”, “Шарқ”, 2000, 153-бет.
79
Фурқат, Танланган асарлар, Ғ.Ғ.ном. АСН, 1975, 43-бет.
80
Юнус Юсупов, Хоразм шоирлари, Т., 1967, 124-бет.
81
Ибрат. Ажзий. Сўфизода, Танланган асарлар, “Маънавият” нашр., 1999, 54-бет.
82
Мужрим Обид, Ғазаллар, ДБАН, Т., 1960, 42-бет.
83
Алишер Навоий номидаги СамДУ ўқит.-профессорларининг 1966 йилги XXIV илмий анжумани материаллари. Филология серияси. Самарқанд, 1969, 161-бет.
84
Низорий, Достонлар, ДБАН, 1970, 19-бет.
85
Лутфий, Девон, Гул ва Наврўз, ДБАН, 1965, 403-бет.
86
Ўзбек адабиёти, 1-жилд, ДБАН, 1959, 110-бет.
87
Ўзбек адабиёти, 5-жилд, 2-китоб, ДБАН, 1968, 253-бет.
88
Абдураҳмони Жоми, Баҳористон, Душанбе, 1966, 14-бет.
89
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1987, 275-бет.
90
Фурқат, Танланган асарлар, Ўша нашр., 1975, 88-бет.
91
Мунис, Танланган асарлар, ДБАН, Т., 1957, 266-бет.
92
Роқим, Танланган асарлар, ДБАН, Т., -бет.
93
Ҳабибий, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1975, 216-бет.
94
Мирзо Расво, Бир хонимнинг саргузашти, Ўша нашр., 1965, 60-бет.
95
Аваз, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1976, 68-бет.