Читать книгу Бадиият жозибаси - - Страница 2

I фасл. Маънавий санъатларнинг сеҳрли олами

Оглавление

“Санъат” сўзи тор маънода бадиий санъатни, яъни сўзга мансуб санъатни билдиради. Бу сўз (сунъ) моҳиятида яратиш, бунёд этиш, янгидан пайдо қилиш тушунчалари яширинган бўлиб, кенг маънода ҳамма касб-ҳунарга доир намунали ютуқ маъносини ифодалайдики, адабиётга ҳам ана шу маъно-тушунча доирасида хизмат қилади. Яъни у бадиий санъат, бу дегани – бадиийликни яратувчи унсурдир. Бадиият биринчи ўринда маъно-мазмун, умуман фикрга тегишлидир. Шунинг учун санъатларнинг маънавий тури етакчи бўлиб ҳисобланади. Маънавий санъатларнинг бадиий матнга бағишлайдиган фазилатлари шунчалик кўпки, уларни жуда қисқартирганимизда қуйидаги манзарани кузатишимиз мумкин. Маънавий санъатлар:

• матнга кўп маънолилик бағишлайди;

• маъно хилма-хиллигини бағишлайди;

• ўзаро зид маъноларни ифодалайди; икки ва ундан ортиқ предметларни зидлаштиради;

• ўқувчини иккилантирадиган икки маънолиликни юзага келтиради;

• воқелик ва ундаги нарса-предметларни йириклаштиради, улканлаштиради;

• воқелик ва ундаги нарса-предметларни кичрайтиради. Ушбу ҳар иккала ҳолатда ҳам образлилик яратиш унинг бош вазифаси бўлиб ҳисобланади;

• сифатлайди;

• ўхшатади, қиёслайди, таққослайди. Мазкур икки ҳолатда ҳам образлилик вужудга келтириш асосий вазифа сифатида қаралади;

• янги фикр айтиб уни асослайди:

а) мисол билан исботлайди (тамсил);

б) ҳикмат билан, мақол билан исботлайди (ирсоли масал);

в) матал билан исботлайди (таъбир);

г) ҳадис билан исботлайди (таҳдис);

д) бирор шоир фикри билан исботлайди, далиллайди (иқтибос ёки тазмин);

е) ҳатто унга дахли бўлмаган асосни келтириб ҳам далиллаб ўқувчини қойил қолдиради (ҳусни таълил).

• сўзни ўзга, кўчма маънода қўллайди ва бунга ўқувчини ўргатади;

• гапни кўчма, бошқа маънода қўллайди ва мазмунни кескин ўзгартиради;

• бир-бирига дахлдор сўзлар тизимидан уйғунлик яратади.

Муҳими, ушбу хусусият, фазилатларнинг ҳаммаси ўқувчида билиш, уқув ва бадиий идрокни тарбиялаш, кучайтириш, бадиий матндан маънавий-эстетик мукаммал завқ-шавқ олишга йўналтирилган бўлади.

“Илми саноеъ”даги айрим бадиий санъатлар эски ёзуви билан алоқадорлиги туфайли бора-бора фақат илмий жамоатчилик учунгина ўз сирларини очадиган бадиият манбалари бўлиб, кўпчилик китобхонлар улардан бебаҳра бўлиб қолаверадилар. Аммо маънавий санъатлар сирасида бунақа хусусият йўқ: маънавий санъатларнинг ҳаммаси ҳамма замонлар учун хизмат қилаверадиган универсал бадиий унсурлардир. Улар бора-бора ривожланади; миқёси кенгаяди ва амалиёт доираси, жанрлар кўлами жиҳатидан кенгая боради; моҳиятан тобора теранлаша бориш бу санъатлар учун хос хусусиятдир.

Биз қўллаган тор маънодаги санъатлар даврлар маромида кўпайиб, кенгайиб, тармоқланиб бораверади, уларнинг ҳолатига келсак, адабиёт тараққиёти санъаткор буюклиги ва маҳсулдорлигига кўра бадиий санъатлар саноғи ҳам, миқёси ҳам, таснифи жиҳатидан ҳам кўпайиб, бойиб кетаверади. Анъанавийлик ва таждид маъносида қарайдиган бўлсак, улкан истеъдодларда ҳар бир санъат қўллашда таждид кучли бўлса, айни пайтда анъанавийлик давом этса, истеъдодлари ўртача ёки пастроқ нозимларда бадиий санъатларнинг анъанавийлик хусусияти устунлик қилади.

Тадқиқотимизнинг фарқли томони шундаки, тадқиқ усулимиз танланган мавзуга бўйсундирилгандир: асосий диққат эътиборимиз ҳар бир санъат амалиёти таснифи ҳамда анъанавийлик ва таждид муаммоси атрофида кечади. Ҳар бир санъатнинг пайдо бўлиши, ким томонидан киритилгани, қачондан жорий этилгани, форс олимими, араб олимими каби масалани асосан четлаб ўтамиз. Чунки мавзу икки йирик нарсани кўзда тутади. Бу икки муаммо: биринчиси – тасниф. Аслида мавзуни шу билан ҳам чеклаш мумкин эди, чунки тасниф муайян бадиий санъат амалиёти кўлами кенглиги ёки торлиги ҳақида тасаввур берадики, бу илмдаги икки нарсани: миқёслилик ва теранликни ўзида ифодалай олади. Олимнинг вазифаси ана шу икки ютуққа эришишга уринишдир. Шунинг учун тадқиқотда тасниф устунлиги мутахассисларни ҳайрон қолдирмаслиги керак. Чунки ҳар бир санъатдан албатта анъана ва албатта таждид ходисасини топишга зўрма-зўраки уринишдан фойда йўқ. Биз бақадри имкон, асосан, мумтоз адабиёт миқёсида шу муаммоларимизни ҳал қилишга уринамиз ва шу санъатларнинг яшовчанлигини, тасниф бойлигини қайд этиш учунгина аҳён-аҳёнда ҳозирги замон адабиётига ҳам мурожаат этамиз, холос.

Бунинг боиси шундаки, айримлар, бадиий санъатлар мумтоз адабиётда анъанавий эди, новаторлик замонавий адабиётда бўлган, деган қарашдан ҳам озод эмаслар. Шунинг учун биз юқоридагича иш тутамиз. Адабиётнинг, муайян асарнинг бадиий кучлилиги қайси давр адабиётига тааллуқлилиги билан эмас, балки муаллифнинг истеъдоди қудрати билан белгиланади. Оддий бир мисол: шеър бўйлаб талмеҳ санъатидан фойдаланиш масаласи кўриладиган бўлса, бирорта мумтоз шоирда Ҳалима Худойбердиеванинг “Бегим” шеъричалик юксак муваффақиятни топа олмаймиз. Ҳолбуки, умуман олганда, ҳозирги замон адабиёти бадииятда мумтоз адабиётдан кейин туради, деган умумий даъводамиз. Бунинг боиси шўролар даврида “Илми саноеъ”нинг тан олинмагани ва шоирларимиз бадиий санъатлардай маҳорат мактабидан баҳраманд бўлмаганликлари билан изоҳланади. Кейинги даврларда шарт-шароит ўзгарди, бироқ осонга ўрганган замонавий шоир ўзгармади. Унга рус тили орқали жаҳон адабиёти ютуқларини эгаллаш, ўз мумтоз адабиётини ўрганишдан ўн чандон осонроқ туюлмоқда ёки асосан амалиёт шуни тасдиқламоқда.

Бунинг иккинчи сабабини ҳам унутмаслик лозим: замондошларимиз мумтоз адабиётни ёшини яшаб бўлган адабиёт ҳисоблашади ва бугунги кун учун ҳам кераклигига шубҳа қилишади. Адабий иштаҳаларнинг ўзгаргани билан ҳам ҳисоблашиш керак, начора.

Биз маънавий санъатларнинг матнга берадиган фазилатлари ҳисобини қисқартириб бердик. Бироқ бизнинг рўйхат уларнинг хизматининг номини ифодалади-ю, фаолият моҳиятини ифодаламади. Бу иш, яъни ҳар бир санъатнинг фаолият моҳиятини ёритиш – тадқиқот давомида амалга оширилади. Биз рўйхатда, айтайлик, ишчи, олим, кимёгар, заргар ва ҳоказо, дедик холос. Энди уларнинг фаолиятлари билан тадқиқот давомида кенгроқ танишишга ҳаракат қиламиз.

Ишимизнинг яна бир хусусиятини айтиб ўтишга бурчлимиз: санъатларнинг кўплиги бадиий матн билан ишлашда уларни бафуржа кенг ва теран тадқиқ қилишимизга монеълик қилади. Шунинг учун илмий принципимиз – тасниф кенглиги, сўз озлиги учун, қисқа баён учун ҳаракатдир. Ҳар бир санъатни бадиий матн асосида кенг изоҳлаб, муфассал талқин қилишлар ҳар бир бадиий санъат монографик тадқиқ қилингандагина бўлиши мумкин.

Биз ишга мундарижа тузишда ҳар бир санъат ёки санъатлар гуруҳининг умумий моҳиятидан келиб чиқиб кичик боблар сарлавҳаларини қўйдик. Бироқ бу ички туркумлаштириш умумийлик ва бироз сунъийликдан холи эмас. Зеро бошқа тадқиқотчи ички туркумлаштиришни мутлақо бошқача қилиши ҳам мумкин эди. Боб сарлавҳаларига ажратишдан кузатган мақсадимиз ишнинг ўқимишлилигини, қисмларга бўлиб ўқилишини осонлаштиришни назарда тутади. Сарлавҳаларда ҳеч қандай илмий-назарий даъволаримиз йўқ.

Бадиият жозибаси

Подняться наверх