Читать книгу Бадиият жозибаси - - Страница 3

I фасл. Маънавий санъатларнинг сеҳрли олами
I БОБ. Сўзнинг кўпмаънолигига асосланган бадиий санъатлар
Ийҳом санъати

Оглавление

Бадиий адабиётда маъно ва мазмун етакчи хусусият бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бу ҳолатни яхши билган ижодкорлар ўз маҳоратларини ана шу икки нуқтада кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Айниқса шеърият, хусусан, мумтоз шеърият кўпмаънолиликка ўта аҳамият берган. Бу тасодифий ҳол эмас. Ҳамма замонларда кўп маъноли сўз ижод этиш ва уни идрок этиш инсон закосининг ёқимли машғулоти бўлган. Бизга ийҳом атамаси истилоҳ сифатида араб адабиётшунослигидан кириб келган, санъат сифатида ийҳомчилик анъанаси форсий адабиётдан ўзбек адабиётига кирган ва тараққий қилганлиги сир эмас. Бу ёзма адабиётда аниқ факт. Аммо шу санъатнинг ўзи, яъни икки-уч маънони бир сўзда ифодалаш санъати ўзбек тилининг энг ўз, хос хусусиятларидан бири эканлигини қайд этишни истардик. Фольклордаги энг заковатталаб жанр аския экан, унинг айтувчиси ҳам, тингловчиси ҳам эришадиган олий даражадаги идрок ютуғи икки-уч маънода сўз ишлатишга бориб тақалади. Айтмоқчимизки, ийҳом санъати сўз ўйини сифатида фольклорда ҳамиша бўлган ва фарғоналиклар аскиясида айниқса пайровчиликда ўзини бутун ранго-ранглиги билан намойиш этади.

Ажойиби шундаки, ийҳом санъати ўзбек мумтоз адабиётида Мавлоно Умар Лутфий ижодида дастлаб гуллаган бир давр бўлган бўлса, ийҳом бу буюк шоир ижодида ўз халқона хусусиятлари билан ўзгача таждид – янги хусусиятлар касб этди. Лутфийгача ийҳомда анъанавийлик ҳукм сурди ва буни Мавлоно Лутфий ижодида ҳам кузатамиз. Лутфий фольклорга хос бўлган хусусиятлар билан ийҳомни бойитди, янгилади: биринчидан, икки сўзни бирлаштириб янги сўз ясаш ёки аксинча, бир сўзни иккига бўлиб янги сўз ясаш; иккинчидан, ўхшаш товушлардан фойдаланиб, турдош отлардан ёки бошқа сўз туркумидаги сўзлардан атоқли отлар ясаш хусусияти халқ оғзаки ижодигагина хос белги эдики, шоир Лутфий буни ўз ийҳомчилик тажрибасига янгилик сифатида киритди. Қайд этиш лозимки, бу ҳолат, яъни таждид Мавлоно Лутфийнинг нечоғлик халқ оғзаки ижодининг ҳам билағони эканлигини кўрсатади:

Улус ичинда дурур ўз бегим қиё кўзлук,

Иккинчи ўқиш:

Улус ичинда дурур ўзбегим қиё кўзлук,

Хаёли тўқтамиш андин кўнгул саройинда.20

Иккинчи ўқиш:

Хаёли Тўқтамиш андин кўнгул Саройинда.

Мазкур ҳолатда китобхон “Тўқтамиш”ни Тўхтамишхон исми сифатида тасаввур этади. Чунки китобхон иккинчи ўқишда Сарой шаҳрини ҳам “ижод” қилдики, бу Мавлоно Лутфийнинг ўзбек тили имкониятларининг нечоғлик билимдони эканлигининг ажойиб исботидир.

Лутфий юқоридаги ҳодисанинг тескариси: атоқли отдан бошқа сўз ясаш намунасини талаффузни ўзгартириш – халқ ижодига хос усулда ийҳом санъатини яратиш тажрибасини ҳам амалга оширгани диққатга сазовордир:

Ақиқ эрнинг қошида нозук эрмас,

Не яхшилик бор ул асли Яманда? (Лутфий, 224-бет).

Иккинчи хил ўқиш:

Не яхшилик бор ул асли ёмонда?

Мавлоно Лутфийнинг анъанавий ийҳомга бунчалик янги хусусиятлар юқтириб, ийҳомнинг янги-янги навларини яратиши унинг ижодкор сифатида жасорати намунасидир. Мавлоно Лутфий ўз ижодий топилдиғини – анъанага айлантиришга ҳам мойил ижодкордир. “Яманда” ва “ёмонда” сўзлари асосида ийҳом яратишда шоир қуйидаги байтида такрорлаб анъанага айлантиришга замин ҳозирлайди:

Сочтим ҳаваси лаълида чун ёш ақиқин,

Кўзумга боқиб, дедики: “Ҳоли Яман ўлди”.21

Иккинчи хил ийҳомли ўқиш:

Кўзумга боқиб, дедики: “Ҳоли ёмон ўлди”.

Ёзма адабиётда кўп маънолилик яратувчи энг нозик бадиий санъат ийҳомдир. Даҳо шоиримиз Алишер Навоий бежиз қайд этмагандирки:

Агар хосса маъни гар ийҳом эрур,

Анинг кунда юз байти ҳалвом эрур.22

“Хосса маъни” – нозик, юксак маъно деб улуғланган бу бадиий санъат мумтоз адабиётимизнинг кўп асрлик тарихида анча қадимга бориб тақалади. Бироқ Мавлоно Лутфийгача ийҳомга мўлжалланган сўзлар миқдори анча оз бўлиб, уларнинг таснифи адабиётшуносликда қилинмаганидек, бу санъатда анъанавийлик кучлироқ ҳукм сурганки, буни Аҳмад Торозийнинг “Фунун ал-балоға” китобида ийҳомга келтирилган мисоллардан ҳам аниқ тасаввур этиш мумкин:

“Мисоли дигар:

Бўлди лабинг орзусида бемор Торозий,

Сен лутф қилиб, бир они сўрдурмадинг, эй дўст.

Мисоли дигар. Саккокий айтур:

Санубароки, сенинг бор лабингда мунча ҳавас,

Ким они сўрса балодин топор жаҳонда халос.

Мисоли дигар. Амир Саййид Насимий айтур:

Дудоғинг оби ҳайвондур, мен они сўрмишам Хизре,

Ва лекин оби ҳайвони қачон идрок айлар ҳайвон”23

Шунча тизилган байтларда Торозийнинг ўз байтида ҳам ийҳом кўрсаткичи “сўрмоқ” ва “сўрамоқ” маъноларидаги “сўрмоқ” сўзи эканлиги ийҳомчиликда анъанавийликнинг нақадар кучли эканлигини яққол кўрсатади. Яна ажойиби шундаки, шу мисоллардан бири озар адабиётидан олинган ва бунда ҳам ийҳомга танланган икки маъноли сўз ўша “сўрмоқ”дир. Фақатгина сўнгги бир ийҳом намунаси Мавлоно Лутфийдан келтирилганки, бунда муаллиф анъанавийликдан ихтирочилик сари чиққандир:

“Мисоли дигар. Мавлоно Лутфий айтур:

Мунажжим қошу кўзин кўруб айтур,

Ким ушбу ой бошинда фитналар бор”. (Аҳмад Торозий, 99-бет).

Мавлоно Лутфийнинг бу мисолимиздаги таждиди шу жиҳатдан характерлики, биринчидан, ийҳом кўрсаткичи – янги; иккинчидан, маънавий ийҳом кўрсаткичлари бир сўздан иборат бўларди, Лутфий байтида “ой бошинда” сўзларининг ҳар иккиси ийҳом кўрсаткичи бўлиб, “календар ойининг дастлабки кунларида” ва “ойдай гўзал бошида” маъноларини ифодаламоқда.

Анъанавийликнинг яшовчанлигига тан бермоқ керак. Бизнинг юзаки кузатишимизча, ўттиздан ортиқ мумтоз шоирларимиз “сўрмоқ” сўзидан ийҳом кўрсаткичи сифатида минг йил давомида қайта-қайта фойдаланаверишган. Сўз қуруқ бўлмаслиги учун XIV-XX асрлар давомидаги ушбу сўз асосидаги ийҳом намуналари билан қисман танишишга жазм этамиз: қайд этиш лозимки, бир муаллиф ижодида бу ийҳомдан такрор-такрор фойдаланиш ҳоллари ҳам бор (хусусан Лутфий ва Огаҳий ижодларида).

Атойи: Лаълидин бағринг қонин ҳар дам Атойи сўрмаким,

Чун арумас ҳар нечаким, ювсалар қон бирла қон.24


Ҳофиз Хоразмий: Бир сўрсам эрди тор оғзинким, сучи эрур,

Жон бўлғай эрди воқифи асрор бу кеча.25


Гадоий: Сўрайин дедим лабингдинким: “Ноғу тўктунг қоним?”

Ғамзанг айтур: “Сўрса бўлмас, андин эрур чун сағир”.26


Лутфий: Сўрдум лабингдин: “Юз бало жонимға солғон санмусан?”

Секради олингда қошинг, яъни: “Ул иш қилғучи ман!”27


Навоий: Бовужудиким адам бўлдум ғамидин қайғуруб,

Ҳеч оғзининг сўроғин лаълидин топмон сўруб.28


Бобур: Лабинг бағримни қон қилди, кўзумдин қон равон қилид,

Нега ҳолим ёмон қилди, мен ондин бир сўрорим бор.29


Огаҳий: Мени бемор ўлар ҳолатға етканда ики лаълин,

Сўруб билдим аларнинг бири шаккар, бири кавсардур.30


Фурқат: Лабинг ширинлигидин нуктае пинҳон эди, сўрдум,

Табассум қилдингу бу сирни изҳор айладинг, қўйдинг.31

Ушбу анъанавий ийҳом кўрсаткичи Мавлоно Лутфийга шу даражада ёққанки, ўнга яқин байтларда бу ийҳомни такрорлашни шундай буюк шоир маъқул топган:

Шакардур ул оғиз ё писта, билмон,

Дудоғингдин эмастур айб сўрмоқ.32

Ёки:

Ақиқингни сўрайин десам, айтур:

“Ямон андишалиқни фикрина боқ!” (Лутфий, 114).

Сезиляптики, бир ғазалнинг ўзида икки маротаба мазкур ийҳомга мурожаат этилган. Шунингдек:

Хаста кўнглумға шифо эрди лабинг бир сўрмоғи,

Бир ани сўрдурмадинг, эй ирни уннобим манинг. (Лутфий, 130).

Ушбу байтдаги санъаткорона усулнинг диққатга сазовор нуқтаси шундаки, шоир олдинги намуналарда бир ғазалнинг икки байтида “сўрмоқ” сўзидан ийҳом кузатган бўлса, бу ерда – бир байтнинг ўзида икки маротаба “сўрмоқ” сўзидан ийҳом санъати ярата олган. Бу ҳодисага қизиққанлар, ушбу “сўрмоқ” сўзи билан яратилган ийҳом намуналарини Мавлоно Лутфийнинг “Сенсан севарим” тўпламининг 138, 148, 156, 161, 174, 175, 198, 224, 261, 305-бетларидан бошқа мисолларни ўқиб олишлари мумкин…

Замонавий адабий анъаналарга кўра, бир сўздан шоир ийҳом яратса-ю, ундан такрор фойдаланса балки маъқул бўлмас. Чунки юқорида келтирилган саккиз муаллиф байтларининг ва Мавлоно Лутфийнинг ўзидан келтирилган байтларнинг ҳар бири ўз оригиналлиги, ўзгача таъсирчанлиги билан ўқувчини ром этади.

Биргина “сўрмоқ” сўзининг ийҳом яратувчилик хизматидан олти аср давомида ўнлаб шоирларнинг фойдаланишлари, яъни такроран мурожаатлари ва бир шоирнинг ўнлаб маротаба такрорлаши ҳам мумтоз адабиётимизда анъананинг нечоғлик улуғвор бир услубий йўналиш эканлигини яққол кўрсатиб туради.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, шоирларнинг интуитив заколари салаф асарларидаги санъатларни, айниқса, ийҳом сўз ўйинини жуда тез пайқашади ва ўз ижодларида улардан фойдаланиш пайидан бўлишади. Чунончи, Хоразмий ўз “Муҳаббатнома”сида “рух” ва “шоҳ” сўзларидан ийҳом кўрсаткичлари сифатида фойдаланган, яъни биринчи бўлиб, ўзбек адабиётида ушбу санъатга шу сўзларни олиб кирган. Чунки форсий адабиётда бу сўзлар ийҳом кўрсаткичлари сифатида анъана тарзида мавжуд эди. Хўжандий “Латофатнома” достонини яратар экан, бу ийҳом кўрсаткичларидан яна фойдаланиб, салаф Хоразмий анъанасини давом эттииради.

“Муҳаббатнома”дан:

Сени кўрган ўзиндин ёт бўлур,

Рухунгни кўрса, минг шоҳ мот бўлур.33

“Латофатнома”дан:

Парилар шоҳисен ҳуснунг зиёда,

Рухунг кўрса бўлур шоҳлар пиёда. (Муборак мактублар, 47-бет).

Шоҳмотга доир сўзлар (рух, шоҳ, мот, пиёда) кейинги асарларда ҳам ўзбек мумтоз адабиётида худди “сўрмоқ” сингари кўп шоирлар ижодида такрорланди ва маҳорат кўрсаткичи бўлиб қолди.

Ўзбек мумтоз адабиётининг атоқли намояндалари Хоразмий. Ҳофиз Хоразмий, Атойи, Саккокий, Гадоий, Амирий сингари Мавлоно Лутфийгача яшаб ижод этган шоирлар назмида ийҳом кўрсаткичлари саноғини унчалик кўп дея олмаймиз. Бу ҳолни Е.Э.Бертельс махсус мақтаган, шоир Лутфийни Навоийгача бўлган ўзбек мумтоз адабиётининг энг йирик намояндаси, деган. Шоир Лутфий ҳатто ўз тахаллусини шу ийҳомнинг ўзбекча муқобил истилоҳи “лутф” дан “Лутфий” деб олди. Муҳими шундаки, Мавлоно Лутфийгача яшаган шоирларимиз ийҳом санъати нозикликларини яхши билиб, бу усулнинг анъанавийлигини сақлаган ҳолда, унинг ўзбек тилига жуда мослиги ва ўз сўзларимиздан ийҳом ясашнинг яхши намуналарини топа олдилар. XIV аср ўзбек шоирларидан ийҳомнинг форсий адабиёт билан алоқадор навлари шаҳар ва куй номларидан, шахмат атамаларидан ийҳом яратиш анъанасини ўзлаштириб, кўплаб соф туркий сўзларни ийҳом кўрсаткичлари сифатида қўллай бошладиларки, бу анъана янгиланиб, таждид ҳолида янги-янги туркий сўзларни ийҳом кўрсаткичи қилиб олинишига замин ҳозирлади. Сайид Аҳмад “Таашшуқнома” достонида Исфаҳон сўзидан куй ва шаҳар номлари ифодаси сифатида фойдаланиб:

Ижозат бўлса, эй султони хубон,

Ўқуйин бу ғазални дар Сифаҳон (Муборак мактублар, 136-бет).

тарзида ийҳомли байт яратган бўлса. кўплаб туркигўй шоирларимиз аёқ (оёқ ва қадаҳ маъноларида), қурбон (садоқ ва қурбон бўлиш маъноларида),эгри (тўғрининг зидди ва чанг маъноларида) сингари ўнлаб сўзларни ийҳом кўрсаткичи тарзида қўллай бошладилар ва булар кейинчалик анъанавий тарзда яшаб қолди. Бугина эмас, ана шу асл ўзбекча сўзларга кўпроқ мурожаат этиш анъанаси Мавлоно Лутфий ижодида давом этди ва бу буюк сўзшунос ижодида янги-янги туркий сўзлардан фойдаланиб ийҳомлар яратиш жуда гуллаб-яшнади.

Туркий сўзлардан яратилган ийҳомлар ва уларнинг анъана тарзидаги амалиётини қуйидаги мисоллардан кузатиш мумкин:

Арода чанг эди эгрию ҳар дам

Ани ҳам эгри деб урурлар эди. (Юсуф Амирий) (Муборак мактублар, 249-бет).

Най туз учун истар ани аҳли ҳол,

Чун туз эмас, эгри кўрар гўшмол. (Алишер Навоий)34


Турубтурлар аёқим ўпмак учун,

Суроҳитек бори бўйнин узотиб. (Юсуф Амирий)35


Юзумга бос қадам сархушлуғунгда,

Тутай илкимга бир давлат аёғинг. (Атойи)36


Аёғин ўпсам етишгай арш тоқиға бошим,

Даст бергай давлатим, гар тутса илгим маҳвашим. (Бобур)37


Хуштурур кўнглумда зулфу қаддидин наълу алиф,

Ким бу қурбондек топилмас андоқ уқу ёға кеш. (Алишер Навоий)38

Жамъ қилдинг даврима юз навъ ғам ишқинг аро,

Ё қошингдин чекдингу жонимни қурбон айладинг. (Мунис)39

Мазкур мисолдаги “қурбон” ийҳомларининг маънолари: 1. Садоқ, ўқдон; 2. Қурбон, фидо қилинган; Навоийда кўнгул қурбон тарзида, Мунисда жон қурбон тарзида талқин қилинган. Қайд этиш лозимки, баъзи сўзларнинг ийҳом кўрсаткичи сифатидаги амалиёти айрим замонлар билан чекланади. Чунончи чанг – эгри Навоий ижодидагина учрайди, холос. Кейинги мумтоз шоирлар бунга ортиқ мурожаат этмайдилар. Негаки “чанг” сўзи асл туркий сўз “эгри” ўрнини тилда тўла эгаллаб қўяди.

Ийҳомчиликда таждид – новаторлик ийҳомга янги-янги сўзларни кўрсаткич қилиб олиш билан изоҳланади. Бундай ишни нисбатан кўп ва мароқ билан бошлаган киши Мавлоно Лутфий бўлса-да, Алишер Навоий ўз даҳосига кўра “маликул калом” устозидан ҳам ўзиб кетди. Агар ийҳом кўрсаткичларини биз Ҳофиз Хоразмий, Атойи, Саккокий ва Гадоий девонларидан озроқ топсак, Лутфий девони бу санъат намуналарига жуда бойдир. Мазкур усулни қўллаган Лутфий девонидан биз икки тамойилни кўрамиз: биринчидан, шоир ўз салафлари қўллаган ийҳом кўрсаткичларига қайта-қайта мурожаат этиб, ийҳомчилик анъанасини давом эттирди; иккинчидан, ўзи ундан олдин шоир ва адибларимиз топган ийҳом кўрсаткичларидан ташқари ўнлаб сўзларни ийҳом кўрсаткичи сифатида ўзбек адабиётига киритди, ушбу оҳорли ийҳом кўрсаткичлари икки хилдир: бир хиллари соф туркий сўз ва сўзлар асосида; иккинчи хиллари бошқа тиллардан кириб келган сўзлар асосида (хусусн мўғул, хитой, араб ва форс тилларидан) бунёд топгандир. Учинчи хиллари эса аралаш бўлиб, туркий сўзга шаклдош бошқа тилдан кириб келган сўз бошқача маънода келгани учун ийҳом санъатини қўллаш имкони пайдо бўлган. Чунончи, “Чин” сўзи хитой тилидан тилимизга кириб келганида мамлакат номини билдирган; форс тилидан бу сўз кириб келганида соч ҳалқаси ва юздаги ажин маъноларини ифодалаган; ўз тилимизда эса бу сўз “рост, ҳақиқат, воқеликка мос” маъноларида қўлланиладики, ана шу кўп маънолилик бу сўзни ийҳом кўрсаткичи сифатида ифодалаш имконини берган. ХХ асрда рус тилидан бу сўзга шаклдош сўз кириб келдики, биз уни ҳарбий даража тарзида тушунамиз…

Лутфий ижодида анъанавий ийҳомлар кўрсаткичлари “сўрмоқ”, “ўзбегим”, “Қаробоғи”, “Сарой”, “Яман”, “тонг”, “ёш”, “туш”, “завол , “кун” сингари сўзлар ва куй ҳамда шаҳар номлари билан боғлиқ айрим сўзлардир.

Лутфий ийҳомчилигининг бир жиҳатини қайд этиш лозимки, шоир анъанани давом эттириш пайтида санъаткорона янгиликлар қилади – таждид элементларини қўшиб, китобхонни ҳайратга солади. Бу мулоҳазамизни қуйидаги байтлар қиёсидан яққол тасаввур этиш имкони бор:

Саккокий:Сен ўз бегимсен улуснинг ичинда онинг учун

Қиё кўзум сенинг ўрнинг кўнгул саройинда.40

Атойи:Бу улуста хублар қўрдук, вале, эй ўз бегим,

Дилраболиқта сизингтек шўхи раъно кўрмадук.41


Лутфий:Улус ичинда дурур ўз бегим қиё кўзлук,

Хаёли тўқтамиш ондин кўнгул саройинда.42

Мазкур байтларни қиёсан ўргансак: Саккокий байтида “ўз бегим” ва “саройинда” сўзлари, Атойи байтида биргина “ўз бегим” сўз, Лутфий байтида “ўз бегим”, “Тўқтамиш”, “Саройинда”, яъни учта сўз ийҳом кўрсаткичи вазифасини бажармоқда. Равонлик, мазмун кўлами нуқтаи назаридан ёндашилганида ҳам Лутфий байти катта устунликка эгадир. Биргина байтда муаллиф иккита янгилик қилишга қодирлигини кўрсатган.

“Қаробоғ” сўзининг ийҳом кўрсаткичи қилингани анъанаси ҳам қиёсий кузатишга арзигуликдир:

Атойи:То боғлади бўйнумни ул зулфи қаробоғи,

Кўз ёшида ғарқ айлар ҳардам Араси бизни.43


Лутфий:Кўзум қаробоғинда тушуб хайли хаёлинг,

Бир лаҳза эмас холи ёшимнинг Арасиндин. (Лутфий, 188-бет).


Ёки:Эй кўзи қаро, боғи висолинг ҳавасиндин,

Най кирпукимизнинг орасинда Арасе бор. (Лутфий, 62-бет).

Инсоф билан айтиш керакки, Мавлоно Лутфий салафга нисбатан анъана доирасидан ташқари чиқиб кетмаган. Атойи байти Лутфийники билан бемалол ҳар жиҳатдан беллаша олади.

Мавлоно Лутфийнинг ийҳомчиликдаги таждидида биз янги ийҳом кўрсаткичларининг кўплигини кўрамиз, деб уқтирдик. Қуйида ийҳомли байтлардан намуналар келтирамиз. Биринчи намунанинг муҳимлиги “қин”(ғилоф ва азоб) сўзининг соф туркийлигидир:

Қилма ҳавола ҳажр ила Лутфийни ўлтурур учун,

Тез қилични элга ол, тутмагин ани қин аро. (Лутфий, 10-бет).

Иккинчи намуна ҳам ана шу хусусияти билан диққатга сазовордир. Муҳими, “оч” (очмоқ феълидан ва овқатга зорлик) сўзи икки сўз туркумига мансубдир:

Юз очғил, кўз сени тўйгунча кўрсун,

Неча бўлғай бу кўзум мунтазир, оч. (Лутфий, 31-бет).

Айниқса “лом” сўзидан ийҳом кўрсаткичи ихтиро қилиш йирик санъаткорнинг жиддий ижодий ютуғидир:

Ул алиф бўйлук санамнинг ҳалқа-ҳалқа зулфидин,

Нечаким чектим балолар демадим юзунда лом. (Лутфий, 151-бет).

Бу байтни қуйидагича тушуниш мумкин: биринчидан, Алифдай қоматли дилбар зулфидан балолар чексам ҳам, “миқ этмадим”; иккинчидан, Алиф қоматли дилбар зулфидин балолар чексам ҳам: “Зулфи ломга ўхшайди” демадим.

“Қочар” – соф туркий сўздан ийҳом яратиш ҳам Лутфийнинг мислсиз маҳорати, новаторлиги намунаси бўлиб ҳисобланади. Яна бир янгилик шундаки, Лутфий ижодидан бошлаб бир байтда ийҳом ва тажнис кўрсаткичларининг баробар қатнашуви юзага чиқдики, кейинчалик буни Бобур муваффақиятли равишда давом эттирди.

Қочарини кўрай десам, қочадур,

Мени куйдурди, вой, анинг қочари.44

Байтдаги тасдир санъати кўрсаткичлари: байтни бошлаган сўзнинг байт охиридаги такрори айни пайтда тажнис санъати кўрсаткичлари ҳамдир. Ийҳомга келсак, биз байт сўнггидаги “қочари” сўзининг ўзини икки маънолилигига аҳамият берамиз. Яъни: “унинг манглайи” ва “унинг қочиши” маъноларида. Шунинг учун ҳам бу ҳодисани биз байтда тажнис ва ийҳомнинг баробар иштироки деб қайд этдик.

Мавлоно Лутфий ижодидаги навбатдаги таждид ийҳом сўзларини кўпайтириш билан боғлиқдир. Лутфийгача асосан бир сўз байтда ийҳом кўрсаткичи бўлиб келар эди. Биз Лутфий ижодидан икки сўзли ва ҳатто уч сўзли ийҳом санъати қатнашган байтларга ҳам дуч келамизки, кейинчалик Навоий бу анъанани давом эттирди ва ҳатто тўрт сўзли ийҳом намуналарини яратишга муваффақ бўлди. Икки сўзли ийҳом санъати намунаси:

Кун тушта кўргали сени тушти заволға,

Ой тонгға қолди кеча боқиб ул жамолға. (Лутфий, 233-бет).

Бу байтга “Фозиллар фазилати”45 китобида биринчи марта устоз фольклорист, филология фанлари доктори Ҳоди Зариф диққатимизни тортганлари учун миннатдорчилик изҳор этамизки, бу ҳодиса, шахсан каминага Лутфий ижодидан ийҳом санъатини излашга йўлчи юлдуз бўлган. Устоздан сўнг ўнлаб адабиётшунослар бу байтга мурожаат этдилар. Шунинг учун мисраларнинг икки хил мазмунига тўхталмай, байтда “туш” ва “тонг” сўзлари икки маънони ифодалаганини қайд этиш билан чекланамиз: “туш” (уйқу ва туш пайти); “тонг” (тонг пайти ва лол қолмоқ).

Уч сўзли ийҳом намунасини юқорида келтирган эдик (ўзбегим, Тўқтамиш, Сарой).

Бир, икки, уч сўзли ва кўп сўзли ийҳом намуналарини яратиш анъанавийлик ва таждид маъносида Бобур ижодида ҳам давом этди.

Алишер Навоий бир байтда фавқлодда бир ийҳомчилик вазиятини яратишга муваффақ бўлди: тўрт сўзни икки маънода қўллаш усулини тантана қилдирди:

Бош қўяй, дедим аёғи туфроғиға, деди: “Қўй”.

Бўса истаб лаъли рангин сўрдум эрса, деди: “Ол”.46

Байтдаги тўрт ийҳом кўрсаткичи ва уларнинг маъноларига бизнинг диққатимизни профессор Анвар Ҳожиаҳмедов уч китобларида (“Шеър санъатлари ва мумтоз қофия”, “Мумтоз бадиият малоҳати” ва “Шеър санъатларини биласизми?”) жалб этганликларини алоҳида қайд этгимиз келади. “Қўй” (қўй ва қўйма), “рангин”(алвон ва ранги, юз туси), “сўрдум” (сўрдим ва сўрадим), “ол” (қизил ва бўса олишга розилик) маъноларида келмоқда.

Ийҳомга – сўзнинг икки маънолиликда қўллаш истаги, сўз ўйинига мойиллик тамойили хослиги нуқтаи назаридан мулоҳаза юритсак, Бобурнинг бу соҳадаги маҳорати Мавлоно Лутфийникига ўхшаб кетади: анъана давом эттиришда ҳам, янги ийҳом кўрсаткичларини кашф этишда ҳам, соф туркий сўзларни ийҳомга жалб этишда ҳам…

Айниқса, “ёрмоқ”, “ён”моқ сўзларининг қўш маънолилиги, “тош” сўзининг кўп маънолилиги, “ёш” сўзининг турфа маънолари бобурона байтларда ўзгача жилваланадики, тадқиқотчи муаллиф-санъаткор новаторлигидан ғоят мамнун бўлади:

Доғлар қўйди дирамлар киби кўксумни ёриб,

Не осиғким, ёрға тушмас қабул ул ёрмоғим.

Тажнис аралаш ушбу ийҳом моҳиятига келсак. “ёрмоқ” – кўксини ёришга ишора ва пул маъноларидадир. Салаф мумтоз шоирлар “чанг” мусиқий асбобини англатувчи “эгри” сўзидан ийҳом кўрсаткичи топган бўлсалар, Бобур “чанг” сўзининг ўзини ийҳом кўрсаткичига айлантирган:

Телба кўнглумким сенинг чангингдадур, ёд айлагил,

Бир навозиш бирла кўнглумни менинг шод айлагил.47

Муҳими шундаки, бу байтда “навозиш” (чалмоқ ва алқамоқ маъноларида) сўзи ҳам ийҳом кўрсаткичи бўлиб келгандир. Таносибли ушбу байтдаги “чанг” сўзи (чолғу асбоби ва қўлида, дастида, асоратида маъноларида) ийҳомли ҳолатда қўлланилган.

Айни шундай таждид ҳодисаси Бобурнинг қуйидаги байтида зоҳирдирки, бу иккиликда ҳам ийҳом кўрсаткичи иккита ва ҳар иккиси соф туркий сўз асосида бунёд этилгандир:

Қондин элга ёйди тифли ашк сирримни менинг,

Чунки мен ул ёшни ҳаргиз соҳиб асрор этмадим48

Байтдаги “қондин” сўзи “қондан” ва “қаердан” маъноларида, “ёш” – “кўз ёши” ва “навқирон, камолга етмаган киши” маъноларида келгандир. Китобхон юқорида қайд этилган байтларнинг ҳаммасини икки маъноли бўлса икки хил мисра мазмунида идрок эта олади. Бу ҳол унинг идрок қувватига ҳам боғлиқ, албатта. Чунки китобхонларнинг тахминан тўқсон фоизи байтдаги ийҳом санъатини сеза олмайди. Бунинг талай сабаблари бордирки, ўрта мактабларда мумтоз адабиёт таълимида ийҳомга унчалик аҳамият берилмайди.

Мумтоз шоирларимиз форс адабиётидаги “ширин” сўзида ийҳом қўллаш анъанасини эгаллаган, шунингдек Навоий “Туҳфат ул-афкор” қасидасида “Хусрав” сўзи билан ийҳом кашф этган эди:

Шаҳ ки ёди марг наорад з-уст вайронии мулк,

Хусрави беоқибат хусри билоду кишвар аст.49

(Мазмуни: Ўлимни эсламайдиган шоҳ мамлакатни вайрон этади,

Оқибатсиз подшо шаҳар ва ўлкалар учун зиёндир).

Зукко китобхон бу байт мутолаасида “Хусрав” сўзини тарихий Хусрав Парвез ва “подшоҳ” маъноларида тушуна олади. Характерлиси шундаки, Навоий талмеҳли ийҳом кўрсаткичига мурожаат этган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса, бу соҳада ихтирокорлик қилиб замондош тарихий шахс номдан ийҳом кўрсаткичи сифатида фойдалана олган. Чунончи, Бобур Самарқанд ҳокими Фўлодшоҳга ёзган мактубининг шеърий қисмида шу исми шарифнинг ўзагидан (Фўлод – пўлат) фойдаланиб, мисра мазмунининг икки хил бўлишига эришган ва ийҳом санъатини яратган:

Раҳм айлабон соғинмади Бобурни, бир энди

Солғай худой раҳмни Фўлод кўнглиға.50

Байтнинг иккинчи мисраси қуйидагича икки хил мазмун ифодасига эга:

Оллоҳ унинг пўлатдай кўнглига раҳм солсин,

Оллоҳ Фўлоднинг кўнглига раҳм солсин.

Ийҳом санъатининг табиатини муфассалроқ тасаввур этиш учун унинг навларини кўздан кечириш лозим. Ушбу санъат амалиётини янги, оҳорлилиги ва анъанавийлиги жиҳатидан тасниф этиш мумкин:

Биз юқоридаги кузатишларимизда бу масалага бирмунча аниқлик киритдик. Фақат шуни қайд этишимиз лозимки, анъанага асос қўйган ҳар қандай шоир аввало таждид яратган, новаторлик қилган бўлади. Ҳатто форсий адабиётда мавжуд бўлган ийҳом кўрсаткичларини биринчи бўлиб ўзбек адабиётига олиб кириб қўллаган шоирни ҳам новатор, дейишга мойилмиз. Чунки у ўзбек адабиёти учун янгилик бўлган.

Дарҳақиқат, бошқа халқлар адабиётидан янги вазн ёки янги услубни олиб кирган шоир новатор бўлар экан, нега энди ийҳом санъати ва унинг кўрсаткичларини бошқа адабиётдан ўзбек адабиётига олиб кирган санъаткорни новатор демаслигимиз керак?!

Янги, оҳорли ийҳомлар ҳамма замонларда яратилаверади. Чунончи, ўзбек Қаҳрамон шоири Эркин Воҳидов тарихий номлар билан яратган ийҳомлар:

Сизга, эй Гулчеҳра қизлар, Эътибор,

Айтамиз кўнгилда орзу неки бор.51

Мирза Кенжабоев ҳам Теша ва Болта исмли шоирлар номидан тузуккина ийҳом кўрсаткичлари яратган:

Термиз Тешасидан айрилди бир кез,

То ҳануз дўстларнинг далдалари бор.

Лекин бу маъвога олайтирма кўз,

Шаҳарнинг ғаройиб Болталари бор.52

Бунда шоирлар Теша Сайдалиев, Болта Ёриев, Болта Содиқовлар назарда тутилган. Айни пайтда китобхон бу шеър мутолаасида меҳнат қуролларини ҳам дарҳол тасаввур этади.

Оҳорли, янги ийҳомлар деганда янги замон ийҳомларинигина эмас, балки мумтоз адабиётда биринчи марта қўлланилган ҳар бир янги ийҳом кўрсаткичини ҳам назарда тутмоғимиз даркор. Шу маънода кейинчалик анъанага айланган ҳар бир янги ийҳом шоирнинг янгилик-таждид йўлидаги ютуғидир. Чунки мисрада бир сўзни икки маънода қўллаш ва бу маъноларнинг ҳар бири мисрадан қийинчиликсиз янги мазмун чиқариш имконини бериши ҳазилакам маҳоратталаб санъаткорлик эмас…

Анъанавий ийҳомларнинг асосий қисми тилдаги бир сўзни (у ўз ва бошқа тилдан кирган ҳам бўлиши мумкин) икки маънода қўллаш ва шу ийҳом кўрсаткичини такрор-такрор қаламга олиш билан характерланади. Юқорида ўзбек тили сўзлари асосидаги ийҳом намуналарини кўп келтирдик. Бошқа тилдан олинган сўз ҳам ийҳом кўрсаткичи бўла олади. Бу икки хил бўлади:

Биринчи хилида, икки маъноли сўз қайси тилдан олинган бўлса, ҳар иккала маъноси ҳам ўша тилдаги сўз шаклдошлигига асосланади. Айтайлик, “канор” сўзи форсий бўлиб, унинг “чекка, соҳил, чет” ва “қучоқ” маънолари форс тилида “канор” бўлади. Бу сўз анъанавий, яъни форс адабиётида собиқ қўлланилган ийҳом кўрсаткичларидандир. Мавлоно Лутфийдан:

Канорин Лутфий топмоқлик маҳол ул,

Мунингдекким Муҳити ғамда сенсен.53


Лаббалаб васлин тилаб, топмон канорин нечаким,

Кўзларим ол ёшини ҳасратта Жайхун айлади. (Лутфий, 275-бет).

“Канор” ийҳом кўрсаткичи Ҳофиз Хоразмий томонидан ҳам қўлланилган:

Ғариқи дарду бало бўлмағай эди кўнглум,

Бу баҳри ғамда кўрунса эди канор сўзи.54

Иккинчи ҳолида ийҳомнинг яратилишига бир ўзбекча ва бир бошқа тилдан олинган сўз сабабчи бўлади. Чунончи. Қуйидаги байтда “яқин” сўзи ийҳом кўрсаткичи бўлиб, туркий “яқин”нинг шаклдоши арабча “яқин”дирки, араб тилида бу сўзнинг маъноси “муқаррар, аниқ” демакдир:

Йироқға солса васлини ўларман,

Бу сўзда йўқ гумон асри яқиндир. (Ҳаёт васфи, 55-бет).

Анъанавий ийҳомларнинг мамлакат, вилоят, шаҳар ёки куй номлари билан яратиладиган хиллари ҳам бор. Бундай ийҳомлар тўрт усул билан юзага келади. Биринчидан, сўз ўйини қилганда икки маънолиликка асосланиб, сўзнинг куй ва шаҳар номини оладилар. Сайди Аҳмаднинг

Ижозат бўлса. эй султони хубон,

Ўқуйин бу ғазални дар Сифаҳон.55

байтидаги сингари. Китобхон бунда “Исфаҳон” шаҳри ва “Исфаҳон” оҳангини назарда тутади. Иккинчидан, куй номи ва унинг луғавий маъноси асосида ийҳом яратилади: “Рост”, “Наво”, “Ушшоқ” сингарики, уларнинг аввалгиси “тўғри, чин” маъносида; кейингиси “баҳра, бойлик” маъносида; учинчиси “ошиқлар” маъноларида келади.

Солди Туркистон элига Лутфийни кофир кўзинг,

Не мажоли борки қилса рост оҳанги Ироқ.56

Учинчидан, мамлакат, шаҳар номи ва унинг луғавий маъноси асосида ийҳом бунёд этилади: Ироқ – мамлакат ҳамда узоқ мвъноларида келади. Юқоридаги байт шунга мисол бўла олади.

Тўртинчидан, киши ёки мамлакат номи бироз ўзгартирилиб, бошқа маъно билдирувчи сўзга айлантирилади. Масалан, “Ёмон” – “Яман”; “Тўхтамиш – тўқтамиш” сингари…

Яна бир хил анъанавий ийҳомлар ҳам борки, бунда шахмат доналари атамалари, шахмат сатҳи-майдони тушунчалари ва уларнинг луғавий маънолари асосида ийҳом санъати яратилади. Биз юқорироқда “Муҳаббатнома” ва “Латофатнома” достонларидан бунга мисоллар келтирган эдик.

Ийҳом санъати ийҳом кўрсаткичлари миқдори жиҳатидан ҳам тасниф қилинса, бунинг бешта навини кузатиш мумкин.

Биринчи навида шоир байтда бир сўзни ийҳом кўрсаткичи қилиб олади. Масалан, мавлоно Муқимий “нори” сўзининг “анори” ва “нари” маъноларини назарда тутиб, қуйидаги ийҳомли байтни яратган:

Боғи васлидин узарга олма қилсанг илтимос,

Нозлар бирла дегайким: “Олма йўқтур, нори бор!”57

Китобхон танноз қиз сўзларини қуйидаги икки маънода тушунади:

олма йўқ, анори бор;

олма йўқ, нари бор!

Иккинчи навида шоир бир байтда икки сўзни ийҳом кўрсаткичи қилиб олади. Бу ҳам икки хил бўлади:

а) санъаткор байтнинг ҳар бир мисрасида биттадан сўзни икки маънода қўллайди:

Тун кеча ҳусни талъатидин тонгға қолди ой,

Туш бўлса кун юзига нишон заволидур.58

Байтдаги “тонг” сўзи “эрталаб, тонг” ва “лол, ҳайрат” маъноларида ийҳом ҳосил қилганидек. “туш” сўзи “туш пайти” ва “рўпара, юзма-юз” маъноларида ийҳом кўрсаткичига айлантирилган.

Айни шу ҳолатни Ҳофиз Хоразмий киши исми ва тахаллусининг луғавий маъноларига суяниб юзага чиқаришга муваффақ бўладики, бу ўзбек Ҳофизининг йирик шоирона қудрати намойишидир:

Мақомим оқибат Маҳмуд бўлғай,

Агар тесангки, Ҳофиздур Аёзим.59

Муаллиф “Маҳмуд” сўзида машҳур Султон Маҳмуд Ғазнавийни ва “юксак, мақталган” маъноларини қўллаган; “Ҳофиз”да эса, ўзини, яъни Ҳофиз тахаллусли шоирни ва “Қуръон”ни ёд билувчи маъноларида ишлатган.

б) бир байтда икки сўзни ёнма-ён қўллаб, ҳар иккисини икки маънода талқин қилади. Бу ёндош сўзлар кўпинча грамматик алоқада ҳам бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин.

Мавлоно Лутфийдан:

Ўлсам демангиз кўзигаким, қўрқмагай ул,

Чун ваҳми ажал мардуми беморда бўлғай.60

Байтдаги “мардуми бемор” икки маъноли бўлиб, буни “касал киши” ва “хумор кўз” маъноларида идрок этиш мумкин.

Учинчи навида шоир бир байтда учта сўзни ийҳом кўрсаткичи тарзида келтира олади. Мавлоно Лутфий қуйидаги байтда “Ҳижоз”, “Мақом”, “Ироқ” сўзларини икки маънода қўллаган: “Ҳижоз” – куй номи ва вилоят номи; “мақом” – жой, маскан ва мусиқадаги “мақом”; “Ироқ” – мамлакат номи ва “йироқ”:

Лутфий, Ҳирида қолмади шеърингга муштари,

Азми Ҳижоз қилки, мақоминг Ироқ эмиш. (Лутфий, 63-бет).

Тўртинчи навида ижодкор бир иккиликда тўртта сўзни икки маъноли қилиб қўллайди. Юқорида Алишер Навоий ижодидан келтирилган байт шу нав учун яхши мисолдир (“қўй”, “рангин”, “сўрсам”, “ол” сўзлари ийҳом кўрсаткичи бўлиб келган эди).

Бешинчи навида санъаткор бир байтда бешта сўзни ийҳом кўрсаткичи қилиб келтиради. Эркин Воҳидов ижодидан:

Қилғай эрмиш мутриби ишқ ўз мақомини Ироқ,

Шул сабаб оҳанги ушшоқ гиряю афғон эмиш.61

Байтнинг иккинчи мазмунини идрок этиш учун тиниш белгилар ва чизиқдан фойдаланамиз:

Қилғай эрмиш мутриби ишқ ўз мақомини “Ироқ”,

Шул сабаб оҳанги “Ушшоқ”, “Гиря”ю “Афғон” эмиш.

Матн мазмунига теранроқ ёндашилса, “оҳанг” сўзининг ҳам икки маъноли эканлигини билиш мумкин (куй ва бажармоқ, бошламоқ).

Ийҳом санъати матнда баъзан бошқа бадиий санъатлар билан қоришиқ ҳолда ҳам келади. Бу жиҳатдан бошқа санъатлар аралашган ийҳомларни қуйидагича тасниф этиш мумкин:

Биринчидан, истиорали ийҳомлар. Шоир ийҳом кўрсаткичи қилиб олган сўз ёки сўзларнинг бири истиора ҳолатида бўлиб, икки маънони ифодлашга хизмат қилаверади:

Мавлоно Лутфийдан:

Мунажжим қошу кўзунг кўргач айтур:

Ким, ушбу ой бошинда фитналар бор. (Лутфий, 63-бет).

Икки сўз ийҳом кўрсаткичи қилинган ушбу байтда “ой бошинда” сўзларининг биринчиси истиорадир, яъни “ой” сўзи билан “ойдек қиз” тушунчаси ифодаланган. Байтнинг иккинчи мисраси тубандагидек икки мазмун ифодасига мувофиқдир:

1. Ушбу ойнинг дастлабки кунларида фитналар содир бўлади;

2. Ушбу ойдай гўзалнинг бошида фитнали хаёллар бор.

Иккинчидан, таъбирли ийҳомлар. Шоир байтда иборани ийҳом кўрсаткичи қилиб олади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан:

Ичгуча жои ажал кўнглумда ул соқий дурур,

Тўлғуча паймонам ул соқий била боқий дурур.62

Байтдаги “тўлғуча паймонам” ибораси “қадаҳим тўлгунча” ва “куним битгунча, ажалим етгунча” маъноларини англатади.

Таъбирли ийҳомларнинг муваффақиятли намуналаридан бири замонамиз шоири Эркин Воҳидовнинг “Георгий Аъзамов хотирасига” номли шеърида учрайди:

Сен музаффар кетдинг, биз эса, аттанг,

Бизлар сени бой бериб қўйдик.

Бир қарашда “ютқазиб қўйдик” маъносидаги “бой бериб қўйдик” иборасининг иккинчи маъноси “сендан жудо бўлдик” тарзидадир.

Учинчидан, талмеҳли ийҳомлар. Ийҳом кўрсаткичига айлантирилган сўз тарихий, адабий, асотир қаҳрамонлари исми шарифи бўлади. Атойи бир ғазалида шундай ийҳом яратадики, бунда бир эмас, икки талмеҳ қатнашгандир:

Пари рухсораларнинг Хисрависен,

Сенингдек жони Ширин қанда бўлсун.63

Китобхон биринчи ийҳом кўрсаткичини тарихий шахс Хусрв Парвез ва шоҳ маъноларида тушунса, иккинчи ийҳом кўрсаткичи – Хусравнинг маъшуқаси Ширин ва унинг луғавий маъносини ундан-да тезроқ идрок этади.

Тўртинчидан, тасҳифли ийҳомлар. Буларнинг табиати шундайки, шоир ийҳом кўрсаткичининг иккинчи маъносини бирозгина фонетик ўзгариш билан юзага чиқаради. Мавлоно Саккокийдан:

Кўруб гултек юзинг рангини кўздин юз чаман бўлди,

Ақиқ эрнингни кўргали кўзум ҳоли Яман бўлди. (Ҳаёт васфи, 257-бет).

Китобхон ақиқ ва Яман таносибини идрок этмасдан бурунроқ “Яман” сўзини “ёмон” маъносида ҳам тезроқ тушунади.

Тил нуқтаи назаридан ёндошилса, ийҳомлар фонетик, морфологик ва синтактик усулларда яратилади. Ийҳомларнинг асосий қисми морфологик усулда яратилади, яъни китобхон бирор сўзни икки маънода тасаввур этишда унинг тажнислик – омонимик хусусияти жиҳатидан ёндашади. Ўқувчи биладики, сўз кўп маънолилик хусусиятига эга, шунинг учун у сўзнинг янги маъносини ўйлаганда аввало омонимлик хоссасидан келиб чиқади. Масалан, Гадоийнинг қуйидаги байти мутолаасида:

Магар топкай нишони ногаҳон лаълингнинг оллинда,

Кўзум ёш элчисин ҳар дамда юз сори равон айлар. (Ҳаёт васфи, 493-бет).

“Юз” сўзининг “чеҳра” маъносидан ташқари, омоними – миқдорни билдирувчи 100 маъноси ҳам бор. Шунинг учун китобхон иккинчи мисрани қуйидагидек икки маънода тушуниши мумкин:

1. Кўзим кўз ёши элчисини чеҳра томонга йўллайди.

2. Кўзим кўз ёшини юз (100) томонга оқизади.

Фонетик усулда шоир ийҳом кўрсаткичини белгилаганида иккинчи маънога мос келиши учун бироз товуш ўзгаришини назарда тутади. Юқорида биз бу усулда яратилган ийҳом намуналарига тўхталганмиз (Тўхтамиш-тўқтамиш, ёмон-Яман сингарилар).

Синтактик усулда шоир ийҳом кўрсаткичларини белгилаганида бир маъносида икки сўз тарзида, иккинчи маъносида икки сўзни қўшиб бир сўз ҳолатига келтиришни назарда тутади. Чунончи, қуйидаги байтдаги ийҳом кўрсаткичларини икки маъносига кўра байт ҳолатини кузатайлик:

Сен ўзбегимсан улуснинг ичинда онинг учун,

Қиё кўзум сенинг ўрнинг кўнгул саройинда. (Саккокий).64

Маъноси: Сен ўз бегимсан улуснинг ичинда онинг учун…


Ёки:Эй кўзи қаро, боғи висолинг ҳавасиндин,

Най кипригимизнинг орасинда Арасе бор.

Маъноси: Эй кўзи қорабоғи, висолинг ҳавасиндин…

Ийҳом яратишнинг ҳар уч усули халқ оғзаки ижодининг аския жанрида фаол иштирок этади. Камина “Шеър санъатлари” номли 1972 йилда (Хўжанд) чоп этилган рисоламда ийҳомдан лутф санъатини ажратиб ўрганганман. Кейинги изланишлар, мулоҳазалар ушбу икки санъатнинг битталиги ва уни ийҳом атамасида бериш маъқул, деган хулосага келтирди. Чунки биз, адабиётшунослар осон идрок этиладиган икки маъноли матнни лутфга, нисбатан ўйлатадиган, қийинроқларини ийҳомга тегишли, деган фикрда эдик. Бундоқ ўйлаб қарасак, матн икки маънолилигини идрок этиш бадиий санъатга эмас, балки идрокка, закога боғлиқ экан. Чунки Ваҳид Табризийдан бошлаб жуда кўп олимлар ийҳомни матндаги икки маъноли сўз ёки сўзлар тарзида изоҳлаб келадилар…

Ийҳом санъатининг истиқболи хусусида шуни айтиш мумкинки, шоир майли ва ифода услубига кўра ийҳом санъатига мурожаат қилиш боқийдир. Масалан, Усмон Азим “Сайланма”сидан навқирон Тошкент ва дилрабо хонандамиз исми билан боғлиқ ийҳомларга назар ташлайлик:

Баланд қўшиқларга руҳин элтгали

Овози бормикан ҳали ҳам, эй Шош!65

Ёки:

Маҳбубанинг нолаларида

Дорга осар ўзини жоним. (Усмон Азим, 279-бет).

Хуллас, ийҳом санъати ўзбек халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётида асрлар оша яшаб келмоқда ва яшайди. Йирик сўз санъаткорлари ийҳомнинг гўзал, таъсирчан намуналарини яратганлар ва яратмоқдалар. Биз қисқа сатрларда ийҳом санъатига хос бўлган анъанавийликнинг давомлилигини, ийҳомчиликка таждид, яъни новаторлик ҳам хослигини қайд этишга ҳаракат қилдик. Синчиклаб қаралганда кўпчилик замонавий шоирларимизда бу санъат намуналарига, яхши намуналарига тез-тез дуч келамиз. Масалан, “сўз” ийҳоми “сўз, калима” маъносида ва “куйиш, ёлқин” маъноларида бир неча мумтоз шоирлар томонидан ийҳом кўрсаткичи қилиб олинган. Бугун биз Рауф Парфи ижодида ҳам ана шу анъананинг давом этганига гувоҳ бўламиз:

Ишқ сўзидин куйди булбул маскани

Тил билан куйланмас она Ватаним,

Мен сени куйламак истайман фақат.

“Она Туркистон” шеъридан олинган бу парчани ўқиган кўпчилик китобхон матндан ийҳом санъатини пайқамаслиги мумкин. Мумтоз адабиётдан яхши баҳраманд бўлган закоси кучли китобхонларгина ийҳом санъатини дарҳол сезадилар. Бу мулоҳаза барча замонлар адабиёти ва ўқувчисига баббаравар дахлдордир. Ҳомер “Илиада”да бежиз қайд этмаганки: “Ҳар ким “Илиада”дан ола олганича олади”. Бу демак, маърифий саводи юксак, маънавиятли кишилар ийҳом санъатини бадиий матндан топа оладилар. Қолаверса, халқимиз азалдан сўзнинг кўпмаънолилиги шайдосидирки, аскиячилик бунинг халқ закосининг пойдорлиги, умрбоқийлиги далилидир.


Ийҳоми зулвужуҳ санъати.


Ийҳоми зулвужуҳ санъатини кўп маъноли ийҳом деб талқин қилса бўлади. Турфа маънолар ифодалашдаги уйғунлигига қарамай ийҳом ва ийҳоми зулвужуҳ санъатининг фарқлари аниқ: ийҳом санъати икки маънолиликка асосланса, ийҳоми зулвужуҳ санъати намуналари сўзларнинг уч-тўрт маъноларда мисрага мазмунан мос келиши билан ўқувчини ҳайратда қолдиради. Ушбу санъатлар орасидаги иккинчи фарқ шундаки, ийҳоми зулвужуҳда икки ёки ундан ортиқ ёндош сўзлар назарда тутилади.

Ийҳоми зулвужуҳ санъати ҳақидаги илк маълумотлардан бири Фахриддин Али Сафийнинг “Латоиф ут-тавоиф” асарида учрайди. Муаллиф Хожа Хусрав Деҳлавийнинг:

Пилтан шоҳиву бисёр аст борат бар сарир,

З-ин маранж, эй абру бор, ар гўямат: бисёр бор66

(Мазмуни: Филтан подшоҳсану уловингда юкинг жуда кўп, Эй булутдай саховатли зот, бу гапимни такрорласам ранжима).

байтини мисол тариқасида келтириб, байт сўнгидаги “бисёр бор” сўзларининг етти маънога моликлигини қайд этган.

Умрини асосан жангу жадалларда, юртма-юрт, элма-эл кезиб кечирган Заҳириддин Муҳаммад Бобурда адабиётга, сўз сеҳрига нисбатан туғма бир иштиёқ, меҳр бўлганки, яхши устозлар ёрдамида ундаги шеърхонлик одати шеърдонлик мутафаккирлиги даражасига кўтарилган. Шунинг боисидирки, Бобур шеърлари бадиий сербезаклиги, кўп маънолилиги, равонлиги, ўйноқилиги, ўта ифодалилиги билан беш асрдан бери туркий халқларни ўзига мафтун этиб келади.

Бобуршунослар шоир шеърларининг катта бир қисми унинг таржимаи ҳоли билан узвий боғлиқлигини қайд этадилар. Профессор Абдурашид Абдуғафуров ҳақли уқтирганидек: ”Бобур бадиий сўзга, шеъриятга ўзлигини, ўз руҳий оламини очиш воситаси деб қараган. Худди шунинг учун ҳам муаллиф шахсий ҳаёти лавҳалари ҳамда унинг руҳий кечинмалари билан бевосита боғлиқлик Бобур лирикасининг хос белгиси даражасига кўтарилган”.67

Илми саноеъга бағишланган рисолаларда кўп мисоллар шоир ҳаётига дахлсиз, ўта таъсирчан рубобий байтлар тарзида келтирилади. Биз Бобур ижодининг таржимаи ҳолига оид қиррасига таяниб, ийҳоми зулвужуҳ санъати намунасини танладик. Ийҳоми зулвужуҳни кўп маъноли ийҳом, анвойи маъноли, турфа фикрларга бой сўз санъати деб изоҳлаб, қарашларимизни Бобурнинг қуйидаги рубоийси мисолида асослашга ҳаракат қиламиз:

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,

Гар сўрса мен хастани гулрух моҳим.

Қайд этиш жоизки, Бобур асарларининг барча нашрларида рубоий шу тарзда ўқилган, тушунилган ва босилган. Одатда ийҳоми зулвужуҳ санъати кўпинча байт охирида кузатилади. Рубоийнинг тўртинчи мисрасини

Гул юзли ойим мени сўраб қолса

Мазмунида идрок этдик. Энди рубоийни қуйидаги ҳолатда ўқиб кўрайлик-чи, сўнгги мисра мазмуни нечук тус олар экан?

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,

Гар сўрса мен хастани Гулрух моҳим.

Диққатимизни “Гулрух” сўзига қаратиб, уни атоқли от тарзида тасаввур этдик. Шунга кўра, рубоийнинг тўртинчи мисраси қуйидагича бўлади:

Гар сўрса мен хастани Гулрух моҳим.

“Гулрух моҳим” бирикмасини “ойдай Гулрухим”, “ойсиймо Гулрухим” шаклларида идрок этиш имкони бор. Маълумки, Гулрух бегим Бобурнинг суюкли хотинларидан бири бўлиб, шоирга бир неча ўғил-қизлар инъом этган ардоқли бека эдилар.

Сезиляптики, биринчи талқинда рубоийда ҳеч қандай таржимаи ҳоллик хусусияти йўқ эди. Рубобий қаҳрамон ўз севгилисига тонг ели орқали дуои салом йўллаган эди.

Иккинчи талқинимизда эса, энди мактуб йўлловчи ва мактуб олувчи кишилар аниқ: Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ ўз жуфти ҳалоли – Гулрух бегимга тонг ели орқали дуои салом йўллади. Энди рубоийнинг учинчи талқинига назар ташлайлик:.

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,

Гар сўрса мен хастани гулрух Моҳим.

Бу нусхага кўра рубоийнинг тўртинчи мисраси қуйидагича мазмун касб этади:

Гар сўрса мен хастани гулрух Моҳим.

Моҳим бегим Бобурнинг суюкли хотини, валиаҳд Муҳаммад Ҳумоюн мирзонинг онасидир. Шу маънода Бобурнинг дуои саломи бу кишига ҳам йўлланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, иккинчи ва учинчи талқинларимиз рубоийга таржимаи ҳоллик хусусиятини юкламоқда.

Энди рубоийнинг тўртинчи хил ўқилишига эътибор берайлик:

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,

Гар сўрса мен хастани Гулрух, Моҳим.

Кўряпмизки, мазкур талқинда Бобур дуои саломи иккала хотини Гулрух бегим ва Моҳим бегимларга йўлланмоқда.

Тахминимизча, Бобур Ҳиндистонни олиш учун жанг-жадаллар олиб бораётган кунларнинг бирида Кобулдаги аҳли оиласига мактуб йўллаган ва одатича, хатга рубоий илова қилган.

Мулоҳаза қилинса, тўрттала талқиндан бирортасини рад этиб бўлмайди. Тўғри, нисбатан аниқроғини танлаш керак бўлганда биз тўртинчисида тўхтаган бўлардик. Бироқ бу тўхталиш ҳам шартлидир. Бобур кимга ёзганини унинг ўзи ва аҳли байт (хонадон аъзолари)гина аниқ биладилар, холос. Биз учун муҳими – Бобур рубоийсининг санъатпардозлиги, кўп маънолилигидир. Кузатганимиздек, ижодкор шоҳ ийҳоми зулвужуҳ санъатини шундай нозиклик ва усталик билан қўллаганки, ҳар қандай китобхон ҳам махсус тайёргарлиги ва чуқур идроки бўлмаса, қайд қилинган маъно хилма-хиллигини тўла мулоҳаза қила олмаса керак.

Ийҳоми зулвужуҳ санъатига Мавлоно Лутфий ҳам мурожаат этганлар:

Бўлди кўп фикри дақиқ ичра хаёли Лутфий,

Бу не мўю не миёндур?” дедим. Айтур: “Санга не?!”

Байтнинг иккинчи мисрасидаги “Бу не мўю не миёндур?” гапини қуйидагича талқин қилиш имкони бор:

Бу қандоқ сочу қандоқ бел бўлди-я!

Бу сочми, белми?

Бу на соч, на бел!

(Оҳ, оҳ) Бу қандоқ белу қандоқ соч-а!

Бу нечук сочу нечук бел!

Шунинг учун ҳам байтнинг биринчи мисрасида шоир: “Лутфийнинг хаёли кўп нозик фикрлар ичида қолди” дейди.

Алишер Навоийнинг қуйидаги байтида ҳам ийҳоми зулвужуҳ санъати қўлланилган:

Белу оғзидин, дедиларким, дегил афсонае,

Бошладим филҳолким: “Бир бор эди, бир йўқ эди…”68

Иккинчи мисрадаги “Бир бор эди, бир йўқ эди” деган гапни қуйидаги мазмунларда тушуниш мумкин:

Биринчидан, мазкур мисраларнинг фардлиги айтилмаса, лирик қаҳрамон “Бир бор экан, бир йўқ экан” деб афсона айта бошлаган, деб ўйлар эдик.

Иккинчидан, бири бор эди, бири йўқ эди.

Учинчидан, бир бордай эди, бир йўқдай эди.

Тўртинчидан, бир (қарасанг)бор, бир (қарасанг) йўқ.

Мумтоз адабиётда одатда маъшуқа оғзининг беҳад кичиклигини таъкидлаш мақсадида муболаға қилиб, оғзи йўқ эди, деб ҳам айтилаверади. Шу мисрадаги фикрни ҳам шундай тушунса бўлади. Демак, шоир лирик қаҳрамон севгилисининг оғзи йўғу, бели бор, демоқчи бўлган. Адабиётшунос Султонмурод Олим бу байтни шундай талқин қилади: “Бу ерда шоир ўзбек халқ эртакларининг “Бир бор эди, бир йўқ эди” деб бошланишидан усталик билан фойдаланиб, ёр бели ва оғзининг бир кўриниб бир кўринмай қоладиган даражада ингичка ва ё кичиклигини ифодалаган”.69

Хуллас, ийҳоми зулвужуҳ санъати, кузатиб ўтганимиздек, ийҳомнинг кўп маъноли намунаси бўлиб, муаллиф маҳоратига кўра кўпмаънолилик гоҳ атоқли ва турдош отларда, гоҳ иборасимон бирикмаларда ҳам ифодаланиши мумкин.

20

Лутфий, Сенсан севарим, Ғафур Ғулом номидаги АСН, Т., 1987, 20-бет.

21

Лутфий, Сенсан севарим, Ғафур Ғулом номидаги АСН, Т., 1987, 297-бет.

22

Алишер Навоий, Асарлар, 15 жилдлик, 1-жилд, Ғафур Ғулом номидаги АСН, Т., 1963, 469-бет.

23

Аҳмад Торозий, Фунун ал-балоға, “Хазина” Ўзадабийнашр, Т., 1996, 99-бет.

24

Ҳаёт васфи, Ғафур Ғулом номидаги АСН, Т., 1988, 404-бет.

25

Ҳаёт васфи, Ғафур ғулом номидаги АСН, 1988, 18-бет.

26

Ҳаёт васфи, Ғафур ғулом номидаги АСН, 1988, 529-бет.

27

Лутфий, Сенсан севарим, Ғафур Ғулом номидаги АСН, 1987, 174-бет.

28

Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 64-бет.

29

Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 25-бет.

30

Огаҳий, Асарлар, 6 жилдлик, 1-жилд, Ғафур Ғулом номидаги АСН, 1971, 185-бет.

31

Фурқат, Танланган асарлар, Ғафур Ғулом номидаги АСН, 1975, 58-бет.

32

Лутфий, Сенсан севарим, Ғафур Ғулом номидаги АСН, 1987, 114-бет.

33

Муборак мактублар, Ғафур Ғулом номидаги АСН, 1987, 20-бет.

34

Алишер Навоий, МАТ, 7-жилд, “Фан”, 1991, 201-бет.

35

Муборак мактублар, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1987, 250-бет.

36

Ҳаёт васфи, Ўша нашр., 1988, 412-бет.

37

Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 39-бет.

38

Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 207-бет.

39

Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1980, 108-бет.

40

Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 233-бет.

41

Ҳаёт васфи, 1988, 372-бет.

42

Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 20-бет.

43

Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 435-бет.

44

Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 254-бет.

45

Ҳоди Зариф, Фозиллар фазилати, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1968.

46

Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 307-бет.

47

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, “Шарқ”, 1996, 40-бет.

48

Ўша китоб, 43-бет.

49

Ўзбек адабиёти тарихи, 2-жилд, “Фан”, 1977, 190-бет.

50

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, “Шарқ”, 1996, 123-бет.

51

Эркин Воҳидов, Сайланма, Шеър дунёси, ”Шарқ”, 2001, 28-бет.

52

М.Кенжабоев, Муножот, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1986, 114-бет.

53

Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 178-бет.

54

Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 208-бет.

55

Муборак мактублар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 136-бет.

56

Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1987, 112-бет.

57

Муқимий, Асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1974, 182-бет.

58

Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ. ном. АСН, 1987, 91-бет.

59

Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 120-бет.

60

Лутфий, Сенсан севарим, Ўша нашр., 1987, 238-бет.

61

Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, Ишқ савдоси, “Шарқ”, 2000, 187-бет.

62

Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 26-бет.

63

Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1988, 409-бет.

64

Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 233-бет.

65

Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 102-бет.

66

Фахриддин Али Сафий, Латоиф ут-тавоиф, Душанбе, “Ирфон”, 1970, 31-бет.

67

Бобур, Девон, Сўзбоши, “Фан”, 1994, 5-бет.

68

А.Навоий, МАТ, 6-жилд, “Фан”, 1990, 539-бет.

69

Ўзбек адабиёти, Мажмуа, 10-синф учун, “Ўқитувчи”, 1993, 19-бет.

Бадиият жозибаси

Подняться наверх