Читать книгу Бадиият жозибаси - - Страница 7

I фасл. Маънавий санъатларнинг сеҳрли олами
I БОБ. Сўзнинг кўпмаънолигига асосланган бадиий санъатлар
Талмеҳ санъати

Оглавление

Шоир ёки адиб гап, байт ва мисрада қуйидаги ҳолатларда талмеҳ санъатини қўллайди:

∙ бирор асотир қаҳрамони исми шарифи айтилган ёки у билан боғлиқ воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;

∙ бирор тарихий шахс исми шарифи ёки унга боғлиқ воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;

∙ бирор адабий қаҳрамон исми шарифи ёки унга алоқадор воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;

∙ пайғамбарлар, азиз-авлиёлар ёки диний арбоблар исми шарифи зикр этилган ёки уларга дахлдор бирор воқеага ишора қилинганда;

∙ бирор китобга ишора қилинганда;

∙ бирор шеърга ишора қилинганда;

∙ бирор байтга ишора қилинганда;

∙ бирор сўзга ишора қилинганда;

∙ бирор гапга ишора қилинганда;

∙ бирор мақолга ишора қилинганда;

∙ бирор ибора-маталга ишора қилинганда;

∙ “Қуръон”нинг бирор оятига ишора қилинганда;

∙ Муҳаммад алайҳиссаломнинг бирор ҳадисларига ишора қилинганда;

∙ воқеа ёки ҳикоя талмеҳи.

Ана шу тасниф-таърифимиз талмеҳ санъати амалиётининг нечоғлик кенг ва теран фикрлар ифодасига яроқли бадиий санъат эканлигини маълум маънода кўрсатиб туради.

“Ал мўъжам фи маоири ашъор ил Ажам” китобининг муаллифи Шамс Қайс Розий талмеҳга қуйидагидек умумийгина таъриф бериш билан чекланган эди: “Талмеҳ он аст, ки алфози андак бар маънии бисъёр далолат кунад” (Талмеҳ шуки, озгина сўзлар кўплаб маъноларни ифода этади).158 Талмеҳ санъатининг моҳиятини Атоуллоҳ Ҳусайний аниқроқ тушунтиради: “Талмеҳ каломда машҳур қисса ё машҳур нодир шеър ёки машҳур мақолга ишорат этмактин ибораттур”.159 (академик Алибек Рустамов таржимаси).

Адабиётшунос Т.Н.Зеҳний “Санъатҳои бадей дар шеъри тожики” китобида ёзадики: Бадиий адабиётда тарихий воқеаларига, асотирлар, афсонаю қиссалар ва ҳоказоларга ишорат қилинса талмеҳ санъати дейилади.160

Филология фанлари доктори, профессор Анвар Ҳожиаҳмедов “Мумтоз бадиият луғати” китобида талмеҳга шундай таъриф берган: “Талмеҳ (назар солмоқ) шеър ёки насрда машҳур тарихий воқеалар, афсоналар, адабий асарлар ёки мақолларга ишора қилмоқ санъатидир”.161

Турк олими Лутфий Байрақтутан “Адабий санъатлар” китобида талмеҳ ҳақида ўн бир саҳифа назарий фикрлар ва амалий мисоллар келтирган.162 Унинг талмеҳга берган таърифи оригиналлиги, мисолларнинг хилма-хиллиги билан алоҳида кўзга ташланса-да, негадир олим талмеҳни тасниф қилишга ботинмаган.

158

Шамси Қайси Рози, Ал мўъжам, Душанбе, “Адиб”, 1991, 301-бет.

159

Атоуллоҳ Ҳусайний, Бадойи ус-саноеъ, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 133-бет.

160

Т.Н.Зеҳний, Санъатҳои бадей дар шеъри тожики, Душанбе, НДТ, 1960, 106-бет.

161

Анвар Ҳожиаҳмедов, Мумтоз бадиият луғати, “Янги аср авлоди”, 2008, 126-бет.

162

Қаранг: Лутфий Байроқтутан, “Адабий санъатлар, Баликесир, 1998, 246-257-бетлар.”

Бадиият жозибаси

Подняться наверх