Читать книгу Пахта тозалаш корхоналарида меҳнат мухофазаси асослари - Раҳматулла Усманов - Страница 4

I. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ
I.2. Пахта тозалаш корхоналари жараёнлари ва уларга қўйиладиган умумий хавфсизлик талаблари

Оглавление

Бозор иқтисодиёти шароитида, пахта тозалаш корхонаси соҳада тадбиркорликни амалга оширишнинг асосий мустақил хўжалик субъектидир ва фойда олиш мақсадида, пахта етиштирувчи хўжаликлардан келтирилган пахтани тайёрлов масканларида қабул қилиш, пахтани табиий хусусиятларини сақлаган ҳолда унга пахта тозалаш заводида дастлабки ишлов бериш натижасида юқори сифатли толали маҳсулотлар (тола, линт, иккиламчи тола – ўлик ва момиқ) ва пахта чигитини олиш ҳамда уларни истеъмолчиларга сотиш, шунингдек, уруғлик чигитни тайёрлаш ва уни пахтачилик хўжаликларига етказиб бериб сотиш вазифаларини бажаради. Пахта тозалаш корхонаси фақат биргина маҳсулот – пахта хом-ашёсига қайта ишлов беради ва завод яқинидаги хўжаликларнинг пахтасини қабул қилувчи ҳамда корхона ҳудидида жойлашган завод қошидаги тайёрлов маскани бўлган пахта тозалаш заводидан ва заводдан узоқроқда жойлашган бир-неча завод ташқарисидаги тайёрлов масканларидан ташкил топган бўлади. Завод қошидаги тайёрлов масканида қабул қилинган пахта хом-ашёси бевосита заводнинг пахтани узликсиз дастлабки қайта ишлаш технологик оқимига узатилади, завод ташқарисидаги масканларда қабул қилинган пахта аввал пахта тозалаш заводига ташиб келтирилади ҳамда пахтани вақтинчалик сақлаш омборлари ёки майдончаларига жойлаштирилиб ёки ғарамлангандан сўнг пахтани дастлабки қайта ишлаш узликсиз технологик оқимига узатилади.

Пахта қабул қилиш маскани пахта тозалаш заводининг таркибий қисми бўлиб, унинг ҳудудининг заводга туташмаган қисмини атрофи камида 2 м- ли мустаҳкам девор билан тўсилиб дарвоза билан таъминланган ва унинг ҳудудида 30 тоннали автомобиль тарозиси ўрнатилган пахтани қабул қилиш пости, намлиги ва ифлослиги юқори бўлган пахталарни қуритиш ва тозалаш учун пахта омбори билан таъминланган қуритиш-тозалаш бўлинмаси, пахта хом-ашёсини қабул қилиш ва сақлаш омборлари, пахта ғарами майдончалари, уруғлик чигитга ишлов бериш ва сақлаш омбори, 500 куб метрли сув ҳовузи, пахтани сифат кўрсаткичларини аниқлаш лабороторияси, маскан идораси, яшаш хоналари ва моддий техника омбори, ўт ўчириш пункти мавжуд. Маскан механизация воситалари турадиган майдонча, қуритиш-тозалаш бўлинмаси ўтхонаси, суюқ ёқилғи омбори, ҳожатхона билан таъминланган ҳамда унда канализация ва ўт ўчириш насослари, сув минораси, ёритиш прожекторлари тегишли тарзда жойлаштирилган. Тайёрлов маскани лабораторияси пахтани намлиги, ифлослиги, навини ва ундан тола чиқишини аниқлаш асбоблари ва методлари билан жиҳозланган. Тайёрлов масканлари пахтани қабул қилиш, уларни омборларга жойлаш ва майдончаларга ғарамлаш, бенуқсон сақлаш ҳамда пахталарни заводга транспорт воситаларида жўнатишда, электр энергияси билан ҳаракатлантириладиган, етарли даражада механизация воситаларига эга бўлиши назарда тутилади. Пахта қабул қилиш маскани 560 ВА-ли трансформатор орқали электр энергияси билан таъминланади.

Пахта қабул қилиш масканларида қуйидаги ишлар бажарилади: хўжаликлардан келтирилган пахтани сифат кўрсаткичлари (намлиги, нотозалиги, нави) намуна олиниб аниқланилади; тарозида тортилиб массаси аниқланилади; қабул қилинган пахта намлиги ва нотозалигига қараб ҚТЦ (қуритиш тозалаш цехи) яқинидаги (агар намлиги ва нотозалиги юқори бўлса) ёки сақланадиган омборга жойланади ёхуд майдончаларга ғарамланади; ҚТЦ -да ишланадиган пахта қуритилади ва тозаланиб қайтадан омборга жойланади ёки майдончага ғарамланади; пахта ғарамларининг ёнлари текисланиб таралади, пасти қирқилади; ғарам усти брезент билан ёпилади; ғарамда тунел қазилади; қизишганлик даражаси вақти-вақти билан пахтани ҳароратини ўлчаб аниқлаб турилади ва сарғайиб сифатсизланмаслигини олдини олиш учун пахта ғарамлари шамоллатилиб нам ҳаво сўриб турилади; заводга жўнатиш учун пахта ғарами бузилиб автотранспорт ёки трактор прицепларига ортилади. Ундан ташқари пахта тайёрлаш масканида заводдан келтирилган уруғлик чигитларни тушириш, омборга жойлаштириш, уруғлик чигитларга экишдан олдинги ишлов бериш ва хўжаликларга етказиб бериш; омборлар, машина ва механизмлар, маскан бинолари ҳамда йўлларини таъмирлаш; масканга янги ҳосил пахтасини қабул қилиш бўйича ташкилий-тайёргарлик ва бошқа ишлар бажарилади.

Хом-ашё ҳолатини кетма-кет ўзгартирилиши, ўзгартириш ҳаракатлари тўплами кетма-кетлиги ва ҳолат ўзгаришининг ривожланиш босқичларига жараён дейилади.

Хом-ашёни қайта ишлаб маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган узвий боғланган жараёнлар тўпламига ишлаб чиқариш жараёни дейилади.

Ишлаб чиқаришда бажариладиган, хом-ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ёки маҳсулотларга ишлов бериш (қайта ишлаш) ва маҳсулотларни олиш усулари ва услуб (приём) лари тўпламига технология дейилади.

Технология, фан-техника тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида, энг кам вақт ва ресурслар сарфини талаб этадиган, энг кўп самарали ва тежамли ишлаб- чиқариш жараёнларини аниқлайди.

Замонавий ишлаб-чиқаришни ривожлантиришнинг асосий йўналишларига узликсиз (оқимли) жараёнларга ўтиш, чиқиндисиз технологияларни қўлланилиши, хом-ашё, материаллар, энергия ва ёқилғидан мажмуили (комплекс) фойдаланиш, технология жараёнларини механизациялаштириш ва автоматлаштириш киради.

Маълум технологияни бевосита бажарилишини таминлайдиган ишлаб чиқаришнинг қисмига технология жараёни дейилади.

Пахта қабул қилиш масканида бажариладиган асосий жараёнлар ва уларни бажариш машина ва механизмлари ҳамда асбоб ускуналари 1-жадвалда келтирилган.


1- жадвал

Пахта қабул қилиш масканларида бажариладиган асосий жараёнлар ва уларни бажариш машина ва механизмлари ҳамда асбоб-ускуналари



Пахта тозалаш заводи ҳудудини пахта хом-ашёси, асосий ишлаб-чиқариш, тайёр пахта маҳсулотлари, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ишлаб-чиқариш ҳамда маъмурий бино зоналарига бўлиш мумкин. Бу зоналарнинг жойлашуви заводнинг нормал ишлашига халақит бермаслиги, ёнғин ва техника хавфсизлигига ҳамда санитария-гигиена талабларига зид бўлмаслиги, шунингдек, уларни жойлаштиришда шамолнинг кўпчиллик ҳоллардаги йўналиши, кун чиқиш ва кун ботиш томонлари, аҳоли яшайдиган масканларнинг қайси томонда бўлиши инобатга олинади. Пахта тозалаш заводи ва завод қошидаги пахта тайёрлаш маскани ҳудудий жиҳатдан туташ жойлашганлиги сабабли, завод ҳудудининг масканга туташмаган қисмини атрофи камида 2 м- ли мустаҳкам девор билан тўсилиб дарвоза билан таъминланган ва завод ҳудудида пахтани дастлабки қайта ишлашнинг асосий узликсиз технологик оқими жараёнлари олиб бориладиган – тайёрлов масканларидан келтирилган пахтани дастлабки қайта ишлашга тезкор узатиш учун тўплаш омборлари ва пахта ғарамлари майдончалари, заводнинг пахтани қуритиш, тозалаш, жинлаш ва толани тозалаш, чигитни линтерлаш ва линтни тозалаш, толали чиқиндиларни тозалаш, толали маҳсулотларни тойлаш бўлинмалари, техник чигит омбори, уруғлик чигитни тайёрлаш цехи ва уни сақлаш омбори ҳамда барча жараёнларни ҳаракатга келтирувчи – электр энергияси таъминоти бўлинмаси мавжуд. Асосий жараёнларга ёрдамчи ишлаб чиқариш ва хизмат курсатувчи бўлинмалар – арраларни тайёрлаш, транспорт цехлари ва механика-таъмирлаш устахонаси, маҳсулотларни сифат кўрсаткичларини аниқлаш лабораторияси, ўт ўчириш депоси ҳамда толали тойлар сақланадиган омбор ёки платформа, ёқилғи ва ёнилғи, моддий омборлар хизмат кўрсатади ва жараёнларнинг узликсиз олиб борилишини таъминлайди. Заводда маъмурий бино, ошхона, корхона ҳудудига ўтказиш пункти, механизмларни сақлаш бостирмаси, қозонхона, ҳожатхона, ювиниш хоналари ва бошқа хизмат кўрсатувчи хоналар жойлаштирилган ҳамда технологик оқим бўлинмалари ўт ўчиришнинг гидрант системаси, сув минораси, ёритиш прожекторлари билан тегишли тарзда таъминланган. Пахта тозалаш заводини электр энергияси билан таъминлаш учун унинг ҳудудида махсус 10/0,4 ва ундан юқори кВ-ли трансформатор ўрнатилган подстанция қурилган.

Пахта тозалаш заводида қуйидаги ишлар бажарилади: завод ташқарисидаги масканлардан келтирилган пахта хом-ашёси тарозида тортиб қабул қилиниб пахтани қайта ишлашга тезкор узатиш бўлинмаси омборига жойлаштирилади ёки майдончаларига ғарамланади; ишланадиган пахта партиясининг намлиги ва ифлослиги аниқланилиб, уруғлик ёки техник пахта турига қараб пахтани қуритиш тартиби, тозалаш ва қайта ишлаш режаси танланади; пахта заводнинг пахтани дастлабки қайта ишлаш узликсиз технологик оқимига узатилади ва пахтани қуритиш, тозалаш, тайёр маҳсулотлар (пахта толаси, пахта линти, иккиламчи тола (ўлик), пахта момиғи ва чигит) ишлаб чиқариш ҳамда уруғлик чигитни тайёрлаш бўйича асосий технологик жараёнлар (2-жадвал) бажарилади;


2-жадвал

Пахта тозалаш заводида пахта хом-ашёсини дастлабки қайта ишлаш ва уруғлик чигитни тайёрлаш бўйича бажариладиган асосий жараёнлар ва уларни бажариш машина ва механизмлари




тайёр пахта маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари намуналар олиниб аниқланилади; тайёр маҳсулотлар транспорт воситаларига ёки темир йўл вагонларига юкланиб истеъмолчиларга жўнатилади.

Заводнинг ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи бўлинмаларида: жин ва линтерларда аррали цилиндрларни алмаштириш; аррали цилиндрларни арра бўлинмасига ва тескарисига ташиш; аррали цилиндрлар арраларини ечиб олиш ва арраларни саралаш; чархланиши керак бўлганларини арра дискларини текислаш ва арра цилиндрига йиғиш, чархлаш ва силлиқлаш; янги тиш чиқарилиши керак бўлган арраларга тиш чиқариш, ён қирраларини жилвирлаш, арраларни тоблаш, арра дискларини текислаш, аррали цилиндрларни йиғиш, арраларни қумли ваннада силлиқлаш; жин ва линтер колосниклари ҳамда арралар оралиғидаги қистирмаларни таъмирлаш; колосникли панжараларни йиғиш; толали маҳсулотлар тойларини ўраш ва боғлаш материалларини тайёрлаш ва пресс бўлинмасига ташиш; пахта хом-ашёсини тайёрлов масканларидан заводга ташиш; Толали пахта маҳсулотларини автотранспорт воситалари ёки темир йўл вагонларига юклаш; ишлаб чиқаришни хом-ашё, ускуналар ва материаллар билан таъминлаш; ускуналарни, бино ва иншоатларни таъмирлаш; меҳнатни мухофаза қилиш ишларини бажарилишини таъминлаш; ишлаб-чиқаришни самарали ташкил этиш ва бошқа ишлар бажарилади.

Ишлаб чиқариш жараёнларининг хавфсизлиги: энг илғор замонавий технологияларни танлаб қабул қилиш; жараёнларни бажариш машина ва ускуналари, ишлаб чиқариш ускуналарини ишлатиш тартиби ва ишлаб чиқариш ускуналарига хизмат кўрсатиш тартибини танлаш; ишлаб чиқариш жараёнларини олиб бориш учун бинолар, майдончаларни (ишлаб чиқариш биноларида бажарилмайдиган жараёнлар учун) танлаш, саноат санитарияси, меҳнат гигиенаси ва техника хавфсизлиги талабларини ҳисобга олиб бино ва иншоотларни комплектлаштириш ва жойлаштириш; Ускуналарни техник параметрлари ва одамларни эргономик имкониятларини ҳисобга олиб ишлаб чиқариш жараёнларини ташкиллаштириш; хом-ашё, материалар, ярим тайёр маҳсулотларни танлаш; ишлаб чиқариш ускуналарини танлаш ва уларни хавфсиз ишлатиш қоидалари ва меёрларини ҳисобга олиб жойлаштириш ҳамда иш жойларини ташкиллаштириш; жисмоний меҳнатни механизациялаштириш мақсадида, ишловчи билан ускуналар ўртасида функцияларни тақсимлаш; хом-ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш ва ташиш усулларини танлаш; ишловчиларни касблари бўйича танлаш ва ўқититиш; хавфлардан ва номақбул омиллардан ишловчиларни жамоавий ва шахсий ҳимояловчи воситаларидан фойдаланишини таъминлаш; хавфсизлик, саноат санитарияси ва меҳнат гигиенаси талабларини бажарилиши устидан доимий текширув ва назорат ўрнатиш орқали таъминланади.

Ишлаб чиқариш жараёнларида ёнғин ва портлаш хавфи бўлмаслиги, шунингдек, зарарли моддалар отқиндилари билан атроф муҳит ифлосланмаслиги ҳамда зарарли физик омиллар (шовқин, вибрация ва б.қ.) манбаи бўлмаслик чораси кўрилади.

Пахта тозалаш корхоналарида бажариладиган технология жараёнлари турли-туман бўлсада, шунинг билан бир қаторда умумий талаблар мавжуд бўлиб уларнинг амалга оширилиши хавфсизликни таъминлаш имконини беради: зарарли таъсир кўрсатувчи хом-ашё, материалар, тайёр маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш чиқиндилари билан ишчиларнинг бевосита ишлашини бартараф этиш; ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари вужудга келиши мумкин бўлган технология жараёнлари ва операцияларини, кўрсатилган омиллар вужудга келмайдиган ёхуд кам миқдорда вужудга келадиган жараёнлар ва операциялар билан алмаштириш; ишлаб-чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларини бартараф этиш мумкин бўлмаганда комплекс механизациялаштириш, автоматлаштириш ёки масофадан бошқаришни қўллаш; иш зонасига зарарли моддалар, иссиқлик ва намликни таъсирини бартараф этиш учун ишлаб чиқариш ускуналарини зич беркитиш (герметизациялаш) ва иссиқликдан ҳимоялаш; ишловчиларни турли хил табиатли зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимоялаш учун ускуналарни жамоавий ҳимоя воситалари билан жиҳозлаш; яхши бошқарувчанликка эришиш, автоматлаштиришни кенгроқ қўллаш учун мураккаб кўп босқичли жараёнларни хавфсизроқ кам- ёки бир босқичли жараёнлар билан алмаштириш; иш режимининг турғунлиги ва соддароқ ростланиши сабабли даврий жараёнлардан узликсиз жараёнларга ўтиш; ишлаб чиқариш ускуналарини сигналлаш ва ўз вақтида ўчириш йўли билан аварияларни олдини олиш; ишловчиларни ҳимоялашни таъминлайдиган, технология жараёнларини ва ускуналарни иш тартибини узликсиз назорат қилиш ва бошқариш тизимларини қўллаш; ёнғин-ва портлаш хавфи бўлган авария ҳолатларидан, зарарли моддаларнинг ЧРК (чегаравий рухсатли концентрацияси) дан ёки алоҳида технология операцияларида бошқа зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсирининг рухсатли даражадан ошиб кетганда технология жараёнларини ўз вақтида маълумот олишни таъминлайдиган қурилмалар билан жиҳозлаш; ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларини пайдо бўлишига сабабчи бўладиган ишлаб чиқариш чиқиндиларини ўз вақтида зарарсизлантириш ва чиқариб ташлаш; технология жараёнларига хизмат кўрсатишни ташкиллаштириш, жисмоний ва асаб-психологик зўриқишларни олдини олиш учун меҳнат ва дам олишни рационал тартибини қўллаш.

Шунингдек, технология жараёнларини бажарилишига қўйиладиган хавфсизлик талаблари технологик ҳужжатларда акс эттирилиши ва ишлаб чиқариш отқиндиларидаги зарарли моддалар миқдори атмосфера ҳавосидаги зарарли моддалар миқдорини меёрий даражасидан ошиб кетишига йўл қўймаслик чораси кўрилади.

Пахта тозалаш корхоналарида меҳнат мухофазаси асослари

Подняться наверх