Читать книгу Пахта тозалаш корхоналарида меҳнат мухофазаси асослари - Раҳматулла Усманов - Страница 6

I. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ
I.4. Ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларидан ҳимоялаш ва сақлаш воситалари

Оглавление

Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқариш жараёнларида тан жароҳатланиши олишлар қуйидаги хавфли омилларнинг иложсиз мавжуд бўлганлигидан: пахта тозалаш корхоналари технологик ускуналарини ҳаракатга келтирувчи электр токи – электрқурилмалардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаганда; технологик машиналарни ҳаракатланувчи ишчи органлари (шеткали, қозиқли, аррасимон тишли барабанлар, шнеклар, валчалар, аррали валлар ва б.қ.) ва уларни ҳаракатлантирувчи қисмлари (валлар ва бириктирувчи муфталар, тишли, занжирли, тасмали, червякли узатмалар ва уларнинг деталлари- ғилдираклар, занжирлар, тасмалар, шкивлар, ва б.қ.) пахта тозалаш корхоналарида меҳнат мухофазаси қоидалари талаблари бузилганда; 45 градусдан юқори ҳароратда қиздирилган сиртларнинг мавжудлиги; агрессив таъсир этувчи кимёвий моддалар (ишқорли ва кислотали аккумляторлар учун натрий ва калий ишқорлари ҳамда сульфат кислотанинг ишлатилиши); бехосдан юқоридан нарсаларнинг тушиши; суянчиқлар билан жиҳозланмаган нарвон ва ўтиш жойларида содир бўлиши мумкин.

Инсон саломатлиги ва ҳаёти учун доимо ёки вақти-вақти билан хавф содир бўладиган ҳудуд хавфли зона деб аталади. Пахта тозалаш заводларида хавфли зона: пахта ғарамидан 3—4 метр масофагача доимий хавфли зона мавжуд – пахта ғарами қулаб кетиши мумкин; лентали транспортер остида, ғарам бузгич стреласининг иш зонаси остида, машиналар юритмалари яқинида ҳам хавфли зона бўлади; дориланган уруғлик чигитни қопларга солиш жойида зарарли чанг чиққанлиги сабабли, хавфли зона ҳосил бўлади.

Вақти-вақти билан содир бўладиган хавфли зонага гидропресс камераси олдида тола тойини итариб чиқаргич ҳаракат қиладиган зона ва иш камераси фартугини олганда жин ёки линтер олдида содир бўладиган хавфли зоналар киради.

Хавфли зона ўз чегарасини ўзгартириши мумкин: лентали транспортер фермасининг эгилиш бурчаги ва туриш жойига кўра, пахта ғарамининг баландлигига кўра хавфли зонанинг чегаралари ўзгариши мумкин.

Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларнинг вазифалари ва турлари. Ҳимояловчи ва сақловчи воситалар одамни хавфли зонага тушиб қолишини ҳамда хавфли ва аварияли ҳолат вужудга келишини бартараф этишга мўлжалланган бўлиб, ҳар қандай ускунага хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларга:

машинанинг ҳаракатланувчан ёки тегиб кетиш хавфи бўлган қисмларини ёпувчи, юқори ва паст ҳароратдан ҳамда зарарли чанглар ва нурланишлар таъсиридан ишловчиларни жарохатланиш ва зарарланишдан ҳимояловчи тўсиқлар;

механизмларни хавфсиз ишга тушурувчи ва тўхтатувчи мосламалар (машина иш органларини зудлик билан тўхтатилишини таъминлаш учун электродвигателни электр занжирига тескари улаб айлантириш ҳамда динамик тормозлаш усуллари қўлланилади);

ускуналарнинг юқорида жойлашган қисм ва деталларига хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлайдиган қурилмалар (иш майдончалари, нарвонлар ва б.қ.);

хавфли омил пайдо бўлганлигидан огоҳлантирувчи қурилма ва асбоблар (манометрлар, огоҳлантириш воситалари ва б.қ.);

хавфни бартараф этувчи қурилма ва асбоблар (блокировкалар, сақловчи клапанлар, муфталар ва б.қ.);

тўсиқлар, газ баллонлари, ишга тушириш ручкалари ва тугмачалари, симларни белгилаш маркалари ва бошқаларидан ажратиш учун бўялиши ва бошқалар киради.

Пахта тозалаш корхоналари машина ва механизмларида пайдо бўладиган шовқин ва титраш зарарли омиллар жумласига киради. Шовқин технологик машиналар механизмларининг айланувчан деталларининг (массаларининг) мувозанатланмаганлигидан, кинематик жуфтларнинг бир-бирига урилиши ва ишқаланишидан вужудга келади. Суюқлик ва газларнинг жуда юқори ҳаракатланиш тезлигидан пайдо бўладиган шовқин аэродинамик деб аталади.

Шовқиннинг узоқ муддатли таъсири одам соғлиғига салбий таъсир этади: эшитиш қобилияти сустлашади, кўзни кўриш қобилияти хиралашади, эътибор қилиш қобилияти сустлашиб лоқайдлик ҳолати пайдо бўлади. Шовқин асаб ва юрак қон томирлари тизимига ноқулай таъсир этади. Ишлаб чиқаришда жароҳатланишлар кўпаяди. Юқори частотали кучли шовқин таъсирида ишловчида бош оғриғи, бош айланиши ва чанқоқлик вужудга келиши мумкин.

Шовқинни пайдо бўлишини бартараф этиш ва унинг тарқалиш даражасини камайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шовқинни камайтириш тадбирларига: механизмлар ва қурилмаларни кам шовқинли қилиб лойихаланиши ва тайёрланиши; технологик ускуналарни техник соз ҳолатда ушлаб туриш (қўзғалувчан қисмларни ўз вақтида мойланиши, уларни емирилмасидан алмаштирилиши); юқори шовқинли ускунани иш жойларидан ажратишни ташкил қилиш киради.

Шовқинни тарқалиш даражасини камайтиришнинг қуйидаги: тебраниш амплетудасини камайтириш, металл деталларни акустик қаршилиги катта бўлган материаллар билан алмаштириш, думаланиш подшипникларини сирпаниш подшипниклари билан алмаштириш, текис тасмали узатмани понасимон тасмали узатмалар билан алмаштириш, тўғри тишли узатмани қия тишли ва шеврон тишли узатмалар билан алмаштириш, илгариланма-қайтма ҳаракатни айланма ҳаракат билан алмаштириш, барча айланувчан деталларни динамик мувозанатлаш, демпфер материаллардан (резина, пластмасса, войлок, асбест ва бошқалар) дан фойдаланиш киради.

Пахта тозалаш корхоналарида пахтани ва толали материалларни қувурларда ҳаво билан ташигич вентиляторлари (қуввати 100 квт-гача, n=1450 айл/дақ.), асосий шовқин манбаъси ҳисобланилади ва аэродинамик шовқин ҳосил қилади: унинг шовқинини босими 105 дБа га тенг бўлиб 800—1000 метргача тарқалади. Вентиляторларда шовқин ва титрашни камайтириш учун: вентилятор ғилдирагини (паррагини) мувозанталаш; вал таянчлари ҳолатини назорат қилиб бориш, вентиляторни емирилган шарикли подшипникларда ишлатилишига йўл қўймаслик; вентилятор ғилдирагида ғадир-будирликлар бўлмаслиги, ғилдирак деталалари: парраклар, диск ва халқанинг емирилган ҳолатда ишлатилишига йўл қўймаслик. Акс ҳолда, буларнинг ҳаммаси толали массани ёпишиб тиқилишига ва вентилятор мувозанатини бузилишига олиб келади; вентиляторни 50%– дан кам фойдали иш коэффициенти билан ишлаши шовқинга сабаб бўлади, шунинг учун унинг юкланганлиги 50%– дан юқори бўлган ҳолатда ишлатиш керак.

Қуритиш тозалаш, тозалаш, жинлаш-линтерлаш ва тойлаш цехларини технологик ускуналарига хизмат кўрсатувчи вентиляторлар бу цехлар (бинолар) ташқарисида-очиқ майдонда ёки алоҳида хонада бўлиши, жинлаш-линтерлаш цехида тола ва линтни аррадан ажратиш учун ҳаво бино ташқарисида жойлашган вентилятордан ҳаво қувурлари орқали узатилиши керак. Тозалаш машиналари (шнекли тозалагичлардан ташқари) қобиғи ички сиртини товуш ютувчи мастика билан сайқаллаш керак.

Жин ва линтерларда асосий шовқин манбаъси аррали цилиндрдир. Арралар цилиндр айланганда колосникларга тегмаслиги керак. Арралар ва колосниклар орасидаги оралиқнинг нотўғри қўйилиши жин ва линтерларда шовқинни 50—60 дБ-га кўпайтиради. Арра цехларининг ишига алоҳида эътибор берилиши керак. Ўз вақтида ўтказилган профилактика кўриклари ва ускуналарни таъмирланиши-ишлаб чиқаришда шовқинни камайишининг асосий омилидир.

Ишлаб чиқариш биноларида шовқинни камайтириш учун, бино деворларига акустик плиталар ёпиштирилади. Иш жойларида шовқин даражаси 85 дБА дан кўп бўлган иш ҳудуди хавфли ҳисобланади ва бу жойда шахсий ҳимояловчи воситаларсиз ишлаш мумкин эмас, товуш босими 135 дБА бўлган жойларда одамнинг қисқа вақт бўлсада бўлиши қатъиян маън этилади.

Пахта тозалаш корхоналари машиналари ва технологик ускуналари механизмларини, мувозанати бузилган қисмларининг айланиши ёки илгариланма-қайтма ҳаракатланиши натижасида содир бўладиган, частотаси 16 Гц -дан кам бўлган, тебранишлар одам томонидан титраш сифатида қабул қилинади.

Титраш одам учун зарарли бўлиб унда чарчаш тезлашади, бош оғриғи, бўғинларда оғриқ пайдо бўлади, ҳаракатни мувофиқлаштириш бузилади. Титрашни узоқ давомий таъсири остида юрак-қон томирлари ва асаб тизими фаолияти ўзгариши, одамни жисмий ва руҳий кучи ортиқча сарфланишига сабаб бўлувчи титраш касаллиги пайдо бўлиши мумкин.

Пахта тозалаш заводларида титраш айланиш частотаси 960 айл/дақиқадан кам бўлганда вентиляторларда, мувозанатланмаган ҳолларда аррасимон, қозиқ-планкали ва шеткали барабанларда (уларни айланиши 960 айл/дақ.– дан кам) титраш содир булади.

Машина иш органларининг титраши уларнинг қобиғига, ишлаб чиқариш цехлари биносини қурилиш конструкцияларига узатилиши мумкин.

Пахта тозалаш заводларида 200 айл/дақ- дан тез айланаётган машиналар айланувчан органларини мувозанатлаш керак.

Вентиятордан титрашни узатилишини камайтириш учун, вентилятор рамаси остига эгилувчан элемент ўрнатилади. Агар вентиляторни айланиш частотаси 1800 айл/дақ бўлса, унда рама остига резина ёстиқ қўйилади. Айланиш тезлиги кам бўлганда вентилятор оғир асосга ўрнатилиши, бу оғир асос ўз навбатида пружинали ёки пружина-резинали амортизаторга ўрнатилади.

Агар шовқин ва титрашни меъёр даражасига туширишни имкони бўлмаса, ишловчиларга шахсий ҳимоя воситалари берилиши керак. Шовқин интенсивлиги 130 дБ -дан юқори бўлганда шовқиндан ҳимояловчи ниқоблар, интенсивлик кам бўлганда шовқинга қарши наушниклар берилади. Булар 5000—7000 Гц частотали шовқинни 55 дБ-гача пасайтиради. Қулоқ тиқинлари эса шовқинни 20 дБ-гача камайтиради.

Қўл орқали ўтадиган титрашни ютадиган қўлқоп ёки перчаткалар, оёқ орқали ўтадиган титраш таъсирини камайтириш учун қалин наъматли ёки резина тагликли оёқ кийимдан фойдаланилади.

Огоҳлантириш ранглари ва хавфсизлик белгилари. Қуйидаги огоҳлантириш ранглари қабул қилинган:

қизил – «ТЎХТА», «ТАҚИҚЛАНАДИ», «ЖУДА ХАВФЛИ» маънолари учун;

сариқ – «ДИҚҚАТ», «ХАВФ ЭҲТИМОЛИ МАВЖУД» маънолари учун;

яшил – «ХАВФСИЗ», «РУХСАТ ЭТИЛГАН», «ЙЎЛ ОЧИҚ» маънолари учун;

кўк – бошқа маълумотлар учун.

Қизил рангда машиналарнинг тўхтатиш тугмачаларини, хавфли зона тўсиқларининг ички томонини, ёнғинни ўчириш қурилмалари ва воситаларини бўяш мақсадга мувофиқ бўлади.

Сариқ рангда транспорт воситалари (электр юклагич, кўтариш кранлари ва б.қ.) буялади.

Яшил ранг хавфсизликни таъминловчи воситаларни буяш учун қўлланилади (захира чиқиш эшиклари, аптечкалар ва б.қ.).

Қуйидаги хавфсизлик белгиларининг шакллари ўрнатилади:

тақиқловчи – қизил кенглик билан чизилган оқ юзли қизил айлана. Айланада рамзий равишда қора рангда тақиқланувчи объект тасвирланган;

огоҳлантирувчи – ичида қора рангда тақиқловчи объект рамзий равишда тасвирланган яшил тенг томонли учбурчак (радиация хавфини ва электр токини – қизил ранг тасвирида белгилаш учун);

кўрсатувчи – оқ стрелка ва кўрсатиш объектининг рамзий тасвири ёки оқ квадрат ичида қора рангли ёзуви бўлган кўк туртбурчак; тиббий хизмат кўрсатиш пункти ва ёнғин хавфсизлигини кўрсатиш учун белгилар – оқ квадрат ичида кўрсатиш объектини тасвири ёки қизил рангли ёзув.

Моддалар ўтказувчи қувурлар бир-биридан фарқланиши учун улар қуйидагича сон билан белгиланади ва ранг билан бўялади: сув – 1, яшил; буғ -2, қизил; ҳаво -3, кўк; ёнувчан газлар – 4, сариқ; ёнмайдиган газлар – 5, бўялмайди; кислоталар -6, тўқ сариқ; ишқорлар – 7, сиёҳ ранг; ёнувчан суюқликлар – 8, жигар ранг; ёнмайдиган суюқликлар -9, бўялмайди; бошқа моддалар – 0, кул ранг.

Улардан ташқари пахта тозалаш корхоналарини бўлинмаларида, бинолари деворларида, кириш қисмида ва айрим технологик ускуналарнинг кўринарли жойларида қисқа, маъноли, тез тушиниладиган ва ёдланадиган ҳамда эсда сақланадиган равон меҳнатни муҳофаза қилиш шиорлари ёзиб қўйилади. Корхоналарда қўлланилаётган шиорлар тўплами намуналари 3-жадвалда келтирилган.


3-жадвал

Пахта тозалаш саноати корхоналари цехлари (бўлинмалари) учун меҳнат хавфсизлиги буйича шиорлар тўплами


Пахта тозалаш корхоналарида меҳнат мухофазаси асослари

Подняться наверх